1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозни енгил ва яхшилаб ўқиш

05:00 / 09.01.2017 4309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир одам:
«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот:
«Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар
».

Бешовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: Демак, имом одамларга малол келадиган даражада намозни чўзиб юбормаслиги керак. Имом намозни чўзиб юборгани учун жамоатга боришни тарк қилган кишини эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан эмас, имомдан қаттиқ аччиқлари чиққани шунга далолат қилади.

Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларга ҳам аҳамият бериши керак. Намозни енгил ўқиш керак. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

Ушбу маъноларни имомликка ўтувчи ҳар бир киши доимо ёдида тутмоғи лозим.

Киши ёлғиз ўзи намоз ўқиганида уни хоҳлаганича чўзиши мумкин. Шунингдек, маълум кишиларга имомлик қилса, улар намознинг узун бўлишига рози эканликларини билса, шунда намозни чўзиб ўқиш жоиз.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Албатта, мен намозда туриб уни чўзишни ирода қиламан. Бирдан бувакнинг йиғисини эшитиб қолиб, унинг онасига машаққат солишни ёқтирмай, намозимни енгиллатаман», деганлар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда имом намозни енгил ўқиши зарур эканлиги ҳақида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, намоз ўқиётган оналарнинг болалари йиғлаб қолиб, уларнинг намозига путур етиши, болалари қийналишидир. Бунда Исломнинг оналар ва болалар ҳаққини нақадар улуғлаши кўриниб турибди.

Умуман олганда, намозни пухта ва енгил ўқиш муҳим эканлиги маълум. Бу ҳақда биз ўрганган ҳадислардан бошқа ҳадислар ҳам кўп. Улардан битта мисол келтирайлик:

«Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозни ўқиб бўлиб, сўнгра ўз қавми, Бани Саламага бориб имомлик қилар эди. Бир кеча уларга хуфтонга имомликка ўтиб Бақара сурасини ўқиди. ҳазм ибн Убай ибн Каъб намоздан чиқиб кетди. Буни Муоз розияллоҳу анҳуга айтганларида, уни мунофиқ, деб атади. 

Бу хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот Муозга «Сен фитначимисан!» деб уч марта айтдилар ва унга «Вас-самааи ват-ториқи», «Ваш-шамси», «Ваз-зуҳа» ёки «Саббиҳисма Роббика» ва «ҳал атака»ни ўқишни буюрдилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар сизларга намоз ўқиб берурлар. Агар тўғри ўқисалар сизнинг фойдангизга. Агар хато қилсалар сизнинг фойдангизга, уларнинг зарарига», дедилар
».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда гап имомлар ҳақида бормоқда. Имомлик улкан омонат экани олдин ҳам айтиб ўтилган эди. Имомлар ўша омонатга хиёнат қилмасликлари керак. Мусулмонларнинг энг нозик ибодатлари бўлмиш намозни мукаммал ва сифатли қилиб ўқиб беришлари керак. Аммо шу билан бирга, қавмнинг кўнгли доимо тўқ бўлиши керак. Имом намозни тўғри ўқиса ҳам, хато ўқиса ҳам уларга савоб бўлади ва намозлари қабул бўлади. Хато қилган имомнинг гуноҳи ўзига.


Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам изн олмасдан туриб, бошқа бировнинг уйи ичига назар солиши ҳалол эмас. Агар назар солса, худди киргандек бўлади. Бир қавмга имом бўлиб, ўзи учун хос дуо қилиши ҳам ҳалол эмас. Агар (шундоқ) қилса, уларга хиёнат қилган бўлади. ҳожати қистаб турган – намозга турмайди», дедилар
».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида мўмин-мусулмон одам қилиши керак бўлмаган учта нарсани баён этиб бермоқдалар. 

Шулардан биттаси биз ўрганаётган фаслга тегишли. Иккитаси эса, бошқа масалада бўлса ҳам кундалик ҳаётимизда ўта муҳим. Энди ўша учала масалани кўриб чиқайлик:

1. Бировнинг уйига изнсиз назар солиш.

«Бир одам изн олмасдан туриб, бошқа бировнинг уйи ичига назар солиши ҳалол эмас. Агар назар солса, худди киргандек бўлади».

Бу иш ҳаромдир. Унинг ҳукмини ҳадисда ҳалол эмас, деб баён қилинмоқда. Бу масала изн сўраш бобида ўрганилади, иншааллоҳ. 

ҳадисда бировнинг уйига изнсиз назар солиш худди бировнинг уйига изнсиз киришга тенглаштирилмоқда. Чунки бу икки ишдан келиб чиқадиган оқибат яхши бўлмайди. Бунда бировнинг шахсий-оилавий сирларини унинг изнисиз билиб олиш, авратларига назар солиш, ноқулай ҳолатлар устидан чиқиб қолиш ва бошқа ҳолатлар юзага келади. 

Баъзида изнсиз киргандан кўра, изнсиз назар солиш зарарлироқ бўлади. Чунки кирганда уй эгаси хабар топиб, дарҳол ўзини ўнглаб олиши мумкин. Ташқаридан назар солиб турганда эса, бехабар қолиб сирлари, биров кўрмасин ёки билмасин, деган нарсалари очилиб қолиши мумкин. 

Шунинг учун ҳам бу иш шариатда ҳаром қилинган.

2. Имомнинг қавмга дуо қилмай, ўзига дуо қилиши. 

«Бир қавмга имом бўлиб, ўзи учун хос дуо қилиши ҳам ҳалол эмас. Агар (шундоқ) қилса, уларга хиёнат қилган бўлади».

Бир қавмга имомлик қилиб, намозга ўтган одам намозда ёлғиз ўзига дуо қилиши хиёнатдир. Чунки қавм унга ишониб шу омонатни топширган. Унга ишониб ўзининг Роббиси билан бўладиган муножотини у айтишига рози. Ана ўша ишончни оқлаш учун имом қавмнинг ҳаққига дуо қилиши керак. Дуо энг қабул бўладиган чоғда қавмнинг тилакларини ифода этадиган дуони қилиши керак. Мусулмонларнинг жамоаси, унга ишониб бу масъулиятни топширса-ю, у уларга билдирмай фақат ўзи учун дуо қилса, мутлақо тўғри келмайди. 

Имом одам умумий дуо қилиши керак. Баъзи бир ривоятларда: «Қачон дуо қилсангиз умумий қилинг, ана ўша ижобатга яқинроқдир», дейилган.

3. Ҳожати қистаб турган одам намоз бошламаслиги. 

«Ҳожати қистаб турган – намозга турмайди».

Чунки намозининг хушуъ ва хузуъига путур етади. Ундоқ одам олдин ҳожатини чиқариб, хотиржам бўлиб, таҳоратни янги қилиб, сўнг намоз ўқиши керак. Бу масалани олдин ҳам батафсил ўрганганмиз.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир йигит айтади .Менинг онам ёшлигимда барчага таом тайёрлар эдилар, аммо чой эса фақат намозхонлар учун эди. Онам .Ким намозини ўқиса, бир пиёла чой бераман, лекин давоми...

2198 15:00 / 06.12.2021
Мусулмонлар ичида обрўэътибор жамоат намозига қатнашишига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хона салот уйда намоз ўқувчи лақабини олиб, давоми...

4956 05:00 / 04.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб намоз ўқий давоми...

3189 05:00 / 09.01.2017
Намозга алоқадор бўлган совғалар жойнамоз, тасбеҳ, рўмол, мушк анбар, соат, ёпинчиқ ва шунга ўхшаш анжомлар. Аёллардан бири айтади .Ёшлигимда онам менга жойнамоз давоми...

4561 09:00 / 24.04.2023
Аудиолар

120124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41790 14:35 / 11.08.2021