1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозни бузувчилар ва ундаги макруҳлар

05:00 / 04.01.2017 14416 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозни қуйидаги нарсалар бузади:


Мутлақ калом, қасддан берилган салом ва унга алик олиш, ингираш ва унга ўхшаш овозли нарсалар, охират ишидан бошқа сабабла овозли йиғи, узрсиз тамоқ қириш, акса урганга соғли тилаш, каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш, имомидан бошқага луқма бериш, мусҳафга қараб қироат қилиш, нажасга сажда қилиш, одамлардан сўраладиган нарса сўраб дуо қилиш, емоқ, ичмоқ ва кўп амал қилиш. Икки қўлга муҳтож бўладиган ёки намозхон кўп ҳисоблайдиган ёхуд назар солувчи буни қилаётган одам намоз ўқимайди деб гумон қиладиган иш кўп амалдир.

Намозда қуйидагилар макруҳдир;

Хушуъни таркига сабаб бўладиган ҳар бир ҳайъат, қўлини белига қўйиш, сажда қилиш учун бир мартадан ортиқ ташларни текислаш, пешонасига теккан тупроқни артиш, салласининг пешига сажда қилиш, билакларини ерга тираш, сочини турмакаш, кийимни осилтириш ва шимариш, имомга хос макон қилиш, масжидда туриб маҳробга сажда қилиш бундан мустасно, олдиндаги сафда жой бўла туриб кейингисига туриш.

Намозхоннинг кийими, саждагоҳида ва орқа ҳамда остдан бошқа тарафларида ҳайвон сурати бўлиши макруҳдир. Сурат жуда кичик бўлса ёки боши ўчирилган бўлса майли.

Жанда кийимда ва бошяланг (хорликни изҳор қилишдан бошқа ҳолда) намоз ўқиш ёки ўқиладиган нарсани санаш ҳам макруҳдир.

Масжиднинг эшигини қулфлаш, унинг томида жинсий яқинлик ва қазои ҳожат қилиш макруҳдир. Ичида намоҳхонаси бор уйда бу нарсалар макруҳ эмас. Шунингдек масжидни зийнатлаш, намоз ўқимаётган одамнинг орқасига сажда қилиш, ундаги илон ва чаённи ўлдириш ҳам макруҳ эмас.

Кичик масжидда намозхоннинг олидан ўтиш ила гуноҳкор бўлинади. Аммо ундан бошқа жойда саждагоҳига назар солиб ўқиётган намозхоннинг кўзи етадиган жойдан ўтган гуноҳкор бўлади.

Агар намозхон дўкон устида ўқиётган бўлса ва олдидан ўтаётган одамнинг аъзоси аъзоларига тенглашса ўтувчи гуноҳкор бўлади.

Буларнинг ҳаммаси намозхоннинг икки қошидан бирининг тўғрисига санчиб қўйилган сутраси ёки бир аршин миқдоридаги ва бармоқ йўғонлигидаги ёғочи бўлмасадир.

Имомнинг сутраси кифоя қилади. Уни ўтиш эҳтимоли ва йўл бўлмаганда тарк қилиш жоиздир. Агар сутра бўлмаганда ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтганда тасбиҳ ва ишора билан қайтарилади.


Юқорида зикр қилинган матнларда ҳар биримиз учун ўта муҳим бўлган масалалар эслаб ўтилди. Буларнинг ичида қайси нарсалар намозни бузиши бор. Имомнинг намози қачон ва муқтадийнинг намози қачон бузилиши бор. худди шу каби намоза макруҳ саналган нарсалар ҳам мавжуд. Сутра масаласи ҳам бор. Келинг, ўша нарсаларни бирма бир, ҳужжат далили билан яхшилаб ўрганиб чиқайлик.

Намозда уни адо қилиш учун шариатда кўрсатилган кайфиятга хилоф нарса содир бўлса, у бузилади ёки бошқача қилиб айтганда ботил бўлади. Бу вақтда намозни қайта ўқишга тўғри келади. Қуйида ҳанафий мазҳаби уламолари намозни бузади деган нарсаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз;


Намозни қуйидаги нарсалар бузади:


1. Мутлақ калом.

Намозда қасданми, унитибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади.

Бу ҳукмнинг далили;

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Токи, «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти тушганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳий қилиндик». Бешовлари ривоят қилишган.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиб турганларида салом берар эдик, У зот бизларга жавоб қайтарар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтганимиздан сўнг салом берсак, жавоб қайтармадилар. Шунда биз:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак жавоб қайтарар эдингиз?» дедик. У зот:

«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар келтирган ривоятда:

«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дедилар».


2. Қасддан берилган салом ва унга алик олиш.

Қасддан салом бериш намозни бузишига далил.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиб турганларида салом берар эдик, У зот бизларга жавоб қайтарар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтганимиздан сўнг салом берсак, жавоб қайтармадилар. Шунда биз:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак жавоб қайтарар эдингиз?» дедик. У зот:

«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар келтирган ривоятда: «Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дедилар».

Ноқасддан бировга салом бериш намозни бузмайди. Чунки салом хитобни ўз ичига олган зикрдир. Бас, у қасддан бўлганда одамларга хитоблиги эътиборга олинади ва намоз бузилади. Ноқасддан бўлган ҳолатда эса зикрлиги эътиборга олинади ва намоз бузилмайди. Саломнинг зикрлиги ташаҳҳудда ўқилишидир.

Аммо алик олганда қасддан бўлса ҳам, ноқасддан бўлса ҳам намоз бузилади. Чунки аликнинг лафзи намознинг зикрида йўқ.


3. Ингираш ва унга ўхшаш овозли нарсалар.

Оҳ уриш ва уҳ уришга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди.

4. Охират ишидан бошқа сабабла овозли йиғи.

Агар охират учун номоз ичида овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Бунинг далили қуйидагича.

Мутаррифдан у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мусибат туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади.


5. Узрсиз тамоқ қириш.

Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш тамоқ қирган кишининг намози бузилмайди. Аммо узрсиз икки ҳарф миқдорида овоз чиқариб тамоқ қириш намозни бузади.


6. Акса урганга соғлик тилаш.

Намозхон акса урган кишига «ярҳамукаллоҳ» деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга соғлик тилаш намозни бузиши ҳақида ҳадис ҳам келган.


7. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.

Намозхон мисол учун ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «алҳамдулиллаҳ» деса, намози бузилади.


8. Имомидан бошқага луқма бериш.

Намозхон ўз имомидан бошқа қироатда адашиб қолган одамга луқма берса, намози бузилади. Чунки имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради.

Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади.

Имомга луқма бериш жоизлигига далил.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир намозда қироат қилаётиб илтибосга тушиб қолдилар. Ўқиб бўлганларидан кейин Убай ибн Каъабга:

«Биз билан намоз ўқидингми?» деб сўрадилар.

«Ҳа», деди.

«Нима сени ман қилди?» дедилар.

Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Ҳиббоннинг лафзида:

«Сени менга луқма беришдан нима ман қилди?» дедилар» дейилган.


9. Мусҳафга қараб қироат қилиш.

Имом Абу Ҳанифа р-ҳ.нинг наздларида мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки бу иш кўп амалга қўшилади.

Абу Юсуф ва Муҳаммад р-ҳ.моларнинг наздида мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилмайди. Чунки намоз ҳам, қироат ҳам ибодатдир. Аммо бу иш аҳли китобнинг иши бўлгани учун макруҳ бўлади.

Мактубга назар солиб ундаги маънони англаса, намози бузилмайди.


10. Нажасга сажда қилиш.

Чунки сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади.

Аммо нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса, намоз бузилади.


11. Одамлардан сўраладиган нарса сўраб дуо қилиш.

Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин «Аллоҳим! Менга минг динор бергин! Аллоҳим! Менга фалончини хизматчи қилиб бергин!» каби дуоларни қилса намози бузилади. Ташаҳуддан кейин мазкурларга ўхшаш дуо қилган одам ўша нирса ила намоздан чиқади ва намози бузилмайди.


12. Емоқ ва ичмоқ.

Чунки бу икки иш кўп амалга киради. Бунда қасддан еб ичдими ёки унитибми фарқи йўқ. Тиши орасига кириб қолган таомни еса, намози бузилмайди.


13. Кўп амал қилиш.

Икки қўлга муҳтож бўладиган ёки намозхон кўп ҳисоблайдиган ёхуд назар солувчи буни қилаётган одам намоз ўқимайди деб гумон қиладиган иш кўп амалдир.

Намознинг амалларидан бўлмаган ва намозни тузатиш учун бўлмаган ҳар бир кўп амал намозни бузади. Одатда икки қўл билан қилинадиган салла ўраш, кўйлак кийиш, иштон кийиш, камон отиш каби амални бир қўл билан қилинса ҳам намоз бузилади.

Мухтасар муаллифи бу ердан бошқа жойларда, шунингдек бошқа уламоларимиз намозни бузувчи деб айтган бошқа амаллар ҳам бор.


14. Қибладан юз ўгириш.

Бу узрсиз кўксини қибладан бурилиши ила содир бўлади. Аммо таҳорат қилиб келиш учун бурилса, бўлади.


15. Авратни қасддан очиш.

Агар шамол ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли аврат очилса, уч тасбиҳ айтгунча вақтда ёпиб олса бўлади. Ундан кўп аврати очиқ ҳолда қолса, намози бузилади.


16. Катта ёки кичик бетаҳоратлик ориз бўлиб қолса, намоз бузилади.

17. Баданда, кийимда ва маконда афв қилиб бўлмайдиган даражада кўп нажосат пайдо бўлса, намоз ботил бўлади.

18. Намозхон ўзи эшитадиган даражада кулса, намози бузилади, таҳорати кетмайди. Агар ёнидагилар ҳам эшитадиган даражада кулса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилади. Овоз чиқармай табассум қилса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди.

19. Охирги қаъдага ўтиришидан олдин таяммум ила намоз ўқиётган одам сувни кўриб уни ишлатишга қодир бўлмоғи.

20. Икки махсига тортилган масҳнинг муддати чиқиши.

21. Махсини ечиш.

22. Якка ўзи намоз ўқиётган уммий одамнинг бир оят ўрганиб олиши. Ўша оятни ўқиб намозни адо этиши лозим бўлиб қолгани учун.

23. Имо билан намоз ўқиётган одамнинг рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши.

24. Ялонғоч намоз ўқиётган одамга авратини ёпадиган кийим топилиб қолиши.

25. Яранинг устидаги боғич тушиб кетиши.

26. Хушидан кетиш.

27. Жинни бўлиш.

28. Назар солиш ила жунублик етиши.

29. Аёл кишининг намозда эр киши билан баробар туриб қолиши.

30. Муқтадийнинг имомидан олдинга ўтиб кетиши ва бошқалар.


Намозда қуйидагилар макруҳдир;

Ҳанафий уламолар барча далилларни чуқур ўрганиб чиқиб намозда макруҳ ҳисобланадиган нарсаларни айтиб ўтганлар. Ўшалардан баъзиларини эслаб ўтамиз;

1. Хушуъни таркига сабаб бўладиган ҳар бир ҳайъат.

«Хушуъ» аъзоларнинг сукунатда ва қалбнинг Аллоҳ билан бўлишидир.

«Хушуъ» қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир. Мўминлар намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида қалбларини, вужудларини, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир.

Аллоҳ таоло «Мўминун» сурасида: Улар намозларида хушуъ қилувчилардир», деган (2-оят).

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоз икки (ракъат) икки (ракъат)дир. Ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлингнинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб «Ё Робб!» дейсан. Ким шундоқ қилмаса намози чаладир», дедилар». «Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.


2. Қўлини белига қўйиш,

Абу Ҳурайра р-у.дан қилинган ривоятда Р-м.нинг намозда қўлни белга қўйишни наҳий қилганлари айтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлни белга тираб намоз ўқишдан қайтардилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Қўлни белга тираб туриш мутакаббирлик аломатидир. Намоз эса, банда ўзини энг хор тутиши лозим бўлган мақомдир. Ўз Роббиси ҳузурида гуноҳлари кечирилиши ва сўровлари берилишини хоҳлаган банда қўлини белига қўйиб керилишнинг ўрнига, тавозуъ ила, ўзини хокисор олиб туриши лозим.


3. Сажда қилиш учун тошларни бир мартадан ортиқ текислаш.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз намозда турса, тошларни тўғриламасин. Чунки, раҳмат унга юзма-юз турган бўлади», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.


4. Пешонасига теккан тупроқни артиш.

Албатта, намоз ичида артиш макруҳ. Аммо намозни ўқиб бўлгандан кейин риёкорликдан четлаш учун пешонага теккан тупроқни дарҳол артиб ташлаш лозим бўлади.


5. Салласининг пешига сажда қилиш.

Шунингдек, намозхон ўз устидаги кийимнинг бирор қисмига сажда қилиш ҳам макруҳдир.


6. Билакларини ерга тираш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

Шайтоннинг ақибидан ва йиртқичнинг ястанишидан наҳий қилар эдилар. Намозни салом бериш билан тамом қилар эдилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

«Шайтоннинг ақиби»дан наҳий қилар эдилар. Яъни, «ит ўтиришдан» қайтарар эдилар.

«Йиртқичнинг ястаниши»дан наҳий қилар эдилар».

Бу саждада бўлиб, ҳам кафтини, ҳам чиғаноғини ерга қўйиб, билагига суяниб туриш. Буни ҳам олдин ўрганганмиз.


7. Сочини турмаклаш.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ тик туриб намоз ўқиётган Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ ечиб юборди. Бас, Ҳасан унга ғазаб ила назар қилди. У бўлса:

«Намозингни ўқи. Ғазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бу шайтоннинг тўқимидир», деганларини эшитганман», деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида, унинг барча аъзолари, бутун вужуди ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар эркак киши сочини қайтариб турмаклаб олса, ўша ҳолатга футур етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади.


8. Кийимни осилтириш ва шимариш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда кийимни осилтиришдан ва одам оғизини тўсишида наҳий қилдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳолатлар кўпроқ Арабистон шароити ва у ердаги халқларнинг одатларидан келиб чиққан. Маълумки, уларда эркаклар ҳам узун кийим киядилар. Нафақат узун кийим киядилар, балки кийимини узун қилиш ила фахрланар эдилар.

Шунингдек, арабларда салласининг бир тарафи ила оғзини беркитиб юриш одати ҳам бор эди.

Ислом дини кибру ҳавога боғлиқ ҳамма нарсаларни манъ қилганидек, кийимни фахр, кибру ҳаво билан судраб юришни ҳам манъ қилди. Намоздан ташқарида манъ бўлган нарса, намозда манъ бўлиши турган гап. Шунингдек, киши намозда оғзини бирор мато билан тўсиб олиши ҳам макруҳдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етти аъзо ила сажда қилишга амр қилиндим; «Пешона ила, деб қўллари билан бурунларига ишора қилдилар-икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учлари ила ва кийим ва сочни йиғиштирмаслигимизга», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.


9. Имомга хос макон қилиш.

Мисол учун имомнинг ёлғиз ўзи учун махсус баланд жой қилиб қўйиш макруҳдир. Бу аҳли китобларнинг иши.

Абу Довуд ривоят қилади:

«Аммор Ибн Ясир Мадоинда одамларга имомилк қилди. У баланд жойда эди. Одамлар ундан пастда эдилар. Ҳузайфа р-у. унинг олдига бориб қўлидан тутди. Аммор унга эргашди. Ҳузайфа уни пастга туширди. Аммор намозидан фориғ бўлганида Ҳузайфа унга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қачон киши бир қавмга имом бўлса, уларнинг маконидан баланд турмасин» деганларини эшитмовдингми?» деди.

«Шунинг учун қўлимдан тутганингда сенга эргашдим-да», деди Аммор».


10. Масжидда туриб маҳробга сажда қилиш бундан мустасно.

Бунда аҳли китобга ўхшаш йўқ.


11. Олдиндаги сафда жой бўла туриб кейингисига туриш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакра р-у.га у киши ёлғиз ўзлари такбир айтиб кейин сафга қўшилганларида «Аллоҳ ҳирсингни зиёда қилсин. Энди буни қайтармагин», деганлар.


12. Намозхоннинг кийими, саждагоҳида ва орқа ҳамда остидан бошқа тарафларида ҳайвон сурати бўлиши макруҳдир.

Бу ҳолатларда намознинг макруҳ бўлиши суратга чўқинадиганларнинг ибодатига ўхшаб қолишидандир. Шунинг учун ҳам сурат хорланадиган жойда, намозхоннинг оёқ остида ва ўтирадиган жойида бўлса, макруҳ эмас. Намозхоннинг орқасидаги сурат ҳам зарарсиз.

Жумлада «ҳайвон сурати» дейилишидан жонсиз нарсаларнинг сурати бўлса ҳам зарар қилмаслиги чиқади.

Сурат жуда кичик бўлса ёки боши ўчирилган бўлса майли.

Узоқдан қараган одам нималигини ажрат олмайдиган даражада жуда кичкина бўлган суратлар бўлса, намозга зарар қилмайди. Шунингдек, жонли нарсанинг суратида боши бўлмаса ҳам, зарари йўқ. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда сувратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан тортиб олдилар ва ранглари ўзгариб:

«Эй, Оиша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар, Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар. Бас, биз уни бўлиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».

Мазкур пардадаги сувратлар жонли нарсаларнинг сувратлар эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг суврати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша суврат пардада бўлса ҳам жоиз эмас.

Аммо кесилган, йиртилган ҳолда болиш ёки шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсаларда бўлса жоиз.


13-14. Жанда кийимда ва бошяланг (хорликни изҳор қилишдан бошқа ҳолда) намоз ўқиш.

Жанда кийим деганда, хароб аҳволдаги кийим кўзда тутилган. Баъзилар буни иш кийими, уй кийими бўлиши ҳам мумкин деганлар.

Бош яланглик виқорсизлик ҳиобланганидан бу ҳолда намоз ўқиш макруҳ ҳисобланган. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар ва аҳли солиҳ уламолар ва ўтган барча улуғлардан ҳеч ким бош яланг намоз ўқиганларини ҳеч ким кўрган эмас.

Ҳаж ва умрага ўхшаш банданинг Аллоҳ олдида хорлигини изҳор қилувчи мақомларда бош яланглик хушуъ ва синиқлик аломати бўлади.


15. Ўқиладиган нарсани санаш ҳам макруҳдир.

Бу санаш намоз ичидаги санашдир. Намоз ичида сура ва оятларни ҳамда тасбеҳларни бармоқлари ёки тасбеҳ билан санаш мумкин эмас. Тилида айтиб санаш мутлақо жоиз эмас. аммо қалбида ёки бармоқларини турган жойида қаттиқроқ сиқиб санаса бўлади.


16. Масжиднинг эшигини қулфлаш.

Намоздан бошқа вақтларда масжидга қулуф солиш намозни ман қилишга ўхшаб қолгани сабабли макруҳ ҳисобланган.

Али қори р-ҳ. «Ниқоя»да бизнинг замонимизда масжидлардаги матоларни сақлаш учун қулфланса, ҳечқиси йўқ, деган.


17. Масжиднинг томида жинсий яқинлик ва қазои ҳожат қилиш макруҳдир.

Чунки масжиднинг томи ҳам масжиддан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам масжиднинг устидаги одам унинг ичидаги имомга иқтидо қилса, жоиз бўлади. Масжид ичида эътикоф ўтирган одам унинг устига чиқса, эътикофи бузилмайди.

Ичида намозхонаси бор уйда бу нарсалар макруҳ эмас.

Чунки мазкур хона тўлақонли масжид ҳукмига эга бўлмайди.

Шунингдек, масжидни зийнатлаш, намоз ўқимаётган одамнинг орқасига қараб намоз ўқиш, ундаги илон ва чаённи ўлдириш ҳам макруҳ эмас.

Масжидни зийнатлаш макруҳ эмас деган уламолар ҳазрати Усмон р-у.нинг Р-м.нинг масжидларини зийнатлаганларини далил қилиб келтирадилар ва қарши тарафларнинг масжидни зийнатлаш макруҳлигига келтирган далилларини риё ва хўжакўрсинга бўлса эканлигини айтадилар.

Намоз ўқимаётган одамнинг орқасига қараб намоз ўқиш макруҳ эмаслигига Ибн Умар р-у.нинг Нофеъ р-у.нинг орқаларига қараб намоз ўқишлари далилдир.

Масжиддаги илон ва чаённи ўлдириш ҳам макруҳ эмаслигига қуйидаги ҳадис далилдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки қорани; заҳарли илон ва чаённи намозда ҳам ўлдиринглар», дедилар».

«Сунан» эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

Мухтасарнинг муаллифидан бошқа уламоларимиз жумладан қуйидаги нарсаларни ҳам макруҳ дейдилар;


18. Намознинг вожиб амалларидан бирортасини қасддан тарк қилиш макруҳи таҳримийдир.

19. Рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш.

20. Намознинг суннатларидан бирортасини қасддан тарк қилиш.

21. Иккинчи ракъат қироатини биринчи ракъат қироатидан узун қилиш.

22. Фарз намозда бир сурани бир ракъатда такрор ўқиш.

23. Қуръондаги тартибга хилоф тартибда қироат қилиш.

24. Рукуъ ва саждада қироат қилиш.

25. Қўли билан кийим, бадан ва соқолни оз миқдорда ушлаб ҳаракат қилиш.

26. Панжаларини бир бирининг орасига киритиш.

27. Кўзини юмиб олиш.

28. Беҳожат аланглаш.

29. Кўзини осмонга қаратиш.

30. Бир оёғини кўтариб туриш.

31. Ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш.

32. Туфлаш.

33. Эснаш.

34. Саломга ишора билан алик олиш.

35. Фарзнинг кейинги икки ракъатида сура ёки оят қироат қилиш.

36. Ёниб турган оловга қараб намоз ўқиш.

28. Кийимни киймай елкасига ташлаб олиб ўқиш ва бошқалар.

Энди намозда сутра масаласига оид матнларни ўрганамиз.

Кичик масжидда намозхоннинг олдидан ўтиш ила гуноҳкор бўлинади.

Бу ҳукмга қуйидаги ҳадиси шариф далилдир.

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирқ…гача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар.

Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой, ёхуд йил, дедими билмай қолдим», деди». Бешовлари ривоят қилишган.

Аммо ундан бошқа жойда саждагоҳига назар солиб ўқиётган намозхоннинг кўзи етадиган жойдан ўтган гуноҳкор бўлади.

Бу ҳолатда кўзи етадиган жой сажда қиладиган ери бўлади. Буни кўпчилик уламолар таъкидлаганлар.

Агар намозхон дўкон устида ўқиётган бўлса ва олдидан ўтаётган одамнинг аъзоси аъзоларига тенглашса ўтувчи гуноҳкор бўлади.

Бундаги дўкондан мурод қадимда савдогарлар растада ўзлари ўтириб атрофига савдо молини қўйиб қўядиган сўри – краватлардир. Уларнинг баландлиги ҳар хил бўлган. Агар дўкон соҳиби унинг устида намоз ўқиётган бўлса-ю, унинг олдидан ўтувчининг бўйи дўкондан паст бўлса, намоз дуруст бўлади. Бўлмаса, дуруст эмас.

Буларнинг ҳаммаси намозхоннинг икки қошидан бирининг тўғрисига санчиб қўйилган сутраси ёки бир аршин миқдоридаги ва бармоқ йўғонлигидаги ёғочи бўлмасадир.

«Сутра», деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади.

«Сутра»ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар.

Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, бир чизиқ чизиб қўйса ҳам бўлади. Мақсад намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб кўнглини бузмасин, хусусан, Шайтон васваса қилмасин.


Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермай намозни ўқийверсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир шохга ёки устунга, ёхуд дарахтга томон намоз ўқиётганларини кўрсам, албатта, ўша нарсани ўнг ёки чап қошлари тўғрисига олиб ўқиётганларини кўрдим. У нарсага тўппа-тўғри турмас эдилар». Иккаласини Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Имомнинг сутраси кифоя қилади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб бериларди ва У зот ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Учовлари ривоят қилишган.

Саҳобалардан бирлари «Ҳарба» ёки «Анза» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйилар эди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар эди. Имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланар эди.

Уни ўтиш эҳтимоли ва йўл бўлмаганда тарк қилиш жоиздир.

Намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса, намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади.

Имом Абу Довуд Фазл ибн Аббос р-у.дан қелтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сайҳонликда турганимизда ҳузуримизга келдилар. Аббос у зот билан бирга эди. Бас, у зот саҳрода намоз ўқидилар. Олдиларида сутра йўқ эди».

Агар сутра бўлмаганда ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтганда тасбиҳ ва ишора билан қайтарилади.

Абу Довуд, Молик ва Дора Қутнийнинг ривоятида:

«Намозни ҳеч нарса кесмайди. Қудратингиз етгунча қайтаринг. Бас, у шайтондан бошқа нарса эмасдир», дейилган.

Яъни, намоз ўқиётганингизда олдингиздан ўтувчининг қудратингиз етгунча қайтаринг, у шайтондан бошқа нарса эмасдир, деганлари. Ўша қайтариш намозхоннинг «субҳаналлоҳ!» деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4дарс.56Матн Сўнг ўнг қўллари билан чап қўллари устига, иккисини киндик остига қўярдилар.56Матннинг далиллар۱ .1. Ибн Аббос розияллоҳу давоми...

3619 05:00 / 09.01.2017
Хотиржамлик Аллоҳни зикр қилиш билан пайдо бўлади. Аллоҳ таоло .Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур, Раъд сураси, 28оят, деб марҳамат давоми...

1252 09:00 / 04.12.2021
Имомлик шартлари ҳақида келган барча далил ва ҳужжатларни ўрганиб ва уларни керакли қоидаларга солиб чиққан уламоларимиз имомлик тўғри бўлиши учун қуйидаги давоми...

11585 05:00 / 09.01.2017
3дарс.3Матн Кейин такбир айтар эдилар.3Матннинг далиллар۱ . ,1. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3683 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

120055 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41726 14:35 / 11.08.2021