1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намоз уйқудан яхши (Орзуга айб йўқ)

05:00 / 09.01.2017 5791 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Кимдир қўшнисининг қиз чиқаришини тамоша қилиб "мен қизимга бундан яхши сеп қиламан. Ундай қиламан, мундай қиламан" деб орзу қилса, кимдир бошқа бир кишининг тўйга ясаниб чиққан хотинига ҳавас қилади. Яна кимлардир бу ҳаваскорнинг ўзининг кўчага безаниб чиққан жуфти ҳалолига ҳавас кўзи билан боқади. Айниқса, хотинининг туғилган кунида унга совға қилган француз атирини сепиб кўчага чиққанда борми, орзу-ҳавас қиладиганлар хотин жониворнинг атрофида пашшадек қалашиб кетади. Бурқираб тараётган атир ҳиди димоғига етган эркак борки у аёлга бир қиё боқиб қўяди. "Нима, қарашга биров пул сўрармиди? Текин тамошаку". Иштаҳаси карнайлар қарашнинг ўзи билан кифояланмай, бу ширин ҳид таратаётган аёлнинг қўлидан бир пиёла чой ичгиси келади. Ўтакетган хира суллоҳлар суқ назарнинг ўзига тўймай муаттар аёл билан ёлғиз қолишни истаб қолади...

Бугун икки мавзуда баҳс юритамиз. Шунга кўра суҳбатимизга икки сарлавҳа танладик. Бири "Намоз уйқудан яхши", иккинчиси "Орзуга айб йўқ". Маълумки, ушбу икки чақирувнинг ўз жарчилари ва ўз тингловчилари бор.
"Ассолату хойрум минан навм" нидоси ҳар куни тонг отгач муаззин томонидан икки марта айтилса, орзу-ҳавасга бўлган гоҳ сасли, гоҳ сассиз "Орзуга айб йўқ" нидоси ҳар куни шому саҳар, эркагу аёл, ёшу қари, соғу носоғлом, бойу камбағал, ҳокиму маҳкумлар томонидан тинмай, такрор ва такрор айтилади. Шу боисми ёки қадимдан давом этиб келаётган дунё ва охират рақобатида дунёнинг қўли баланд келгани учунми орзу-ҳавас қурбонларининг сафи янада кенгайиб бормоқда. Орзу-ҳаваслар зўрлик қилиб "жоиз-ножоиз, ҳалол-ҳаром, айб-уят" деган тушунчалар жамият ичида бегонасираб қолган. Улар яккаланиб, шу қадар танг аҳволга тушганки, Ғарбдан эмиграция қилинганидек, Шарқдан ҳам безиллаб, боши оққан томонга ҳижрат қилмоқда. Ҳижрат учун жой топмаганлар одамлар орасида хор яшагандан кўра қомус китоблари қатламида қисилиб ётишни афзал кўрган. "Фалончидан орқада қоламанми?!" бўрони "ҳалол-ҳаром" биносига қаттиқ зарба берган. Орзу қилинмаган нарсанинг ўзи қолмаяпти. Кимдир қўшнисининг қиз чиқаришини тамоша қилиб "мен қизимга бундан яхши сеп қиламан. Ундай қиламан, мундай қиламан" деб орзу қилса, кимдир бошқа бир кишининг тўйга ясаниб чиққан хотинига ҳавас қилади. Яна кимлардир бу ҳаваскорнинг ўзининг кўчага безаниб чиққан жуфти ҳалолига ҳавас кўзи билан боқади. Айниқса, хотинининг туғилган кунида унга совға қилган француз атирини сепиб кўчага чиққанда борми, орзу-ҳавас қиладиганлар хотин жониворнинг атрофида пашшадек қалашиб кетади. Бурқираб тараётган атир ҳиди димоғига етган эркак борки у аёлга бир қиё боқиб қўяди. "Нима, қарашга биров пул сўрармиди? Текин тамошаку". Иштаҳаси карнайлар қарашнинг ўзи билан кифояланмай, бу ширин ҳид таратаётган аёлнинг қўлидан бир пиёла чой ичгиси келади. Ўтакетган хира суллоҳлар суқ назарнинг ўзига тўймай муаттар аёл билан ёлғиз қолишни истаб қолади.
"Орзуга айб йўқ" деб айримлар ошнасининг онаси вафоти муносабати билан ўтказган дабдабали маросимни кўриб, "мен бундан ўтказиб юбораман" деб орзу қилади. Инкор қилишга шошилманг. Одамлар орасига киринг. Орзу-ҳавасларга қулоқ тутинг. Басма-басликка беллашув, ким ўзди пойгасини кўриб рақобат кирмаган соҳа қолмаганига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Шунинг учун бу икки мавзуни айри ҳолда эмас, бирлаштириб ёритишни маъқул кўрдик. Суҳбатни "Намоз уйқудан яхши" мавзусидан бошласак.
Бундан роппа-роса 14 аср муқаддам илк бор Билол ибн Рабоҳнинг баланд овози билан янграган, тонг намозидаги "Ассолату хойрум минан навм" нидоси бугунги кунда ер юзининг ҳар бир минтақасида баралла янграмоқда. Ўтмишда Исломга биринчилардан бўлиб қарши чиққан, Ислом овозини бўғишга, нурини ўчиришга, Ислом расулини вужуддан йўқотишга уринган қурайш мушрикларининг маскани Маккада ҳамда ташдан мўмин ва дўст кўринган, ичидан мусулмонларга нисбатан адоватни беркитган мунофиқлар ва яҳудлар жамланган қадимий Ясриб - Мадинада янграмоқда.
Тарихдан маълумки, мусулмонлар Хандақ жангига қадар доим душман ҳужумларига дуч келишган. Уларга ичкари ва ташқаридан ҳамиша хавф-хатар таҳдид солиб келган. Хандақдан сўнг мусулмонларга қарши ҳужумлар барҳам топади. Бу икки муқаддас диёр - Макка ва Мадина мусулмонлар пойтахтига айланади.
Унинг мезаналаридан таралган азон нидоси заминни арра билан аралагандек тенг иккига ажратиб, йиллар давомида ҳукм сурган Форс ва Рум империяларида баралла янграйди.
Поёнига етган асрда барча воситаларни ишга солиб, катта куч билан Исломга қарши курашган Москвада ва қизил уй фармонларига "лаббай" деб жавоб бермаганларни бадарға қилинган Сибирда, шунингдек, ўзини ўзи маҳв этган шўролар жумҳуриятларининг ҳаммасида таралмоқда.
Бу муборак нидо уммон ортини забт этди. Англия, Франция ва Оврупа давлатларининг пойтахт, шаҳар ва қишлоқларига етиб борди.
Чуқур маънога эга бу нидо бизнинг диёрларда салкам ўн уч асрдан буён янграйди. Орада азон ўрнига 70 йил келгинди, бемаъни, қулликка ундовчи истило ва истибдод гимни тонг саҳардан қулоқни батангга келтириб турди. Лекин зўрлик билан келган бу товуш ҳеч кимнинг зўрисиз, ўз-ўзидан йўқолиб кетди. Ҳатто ўз инига сиғмай қолди. "Кимга тўй, кимга аза" деганларидек, кимдир қувончдан кўз ёшлади, кимдир қайғудан. "Барча виждон аҳлининг қиблагоҳи Москва", деб қизил уйни қибла тутганлар кутилмаган бу тасодифдан ҳанг-манг бўлиб, оғизни очганча қолавердилар.
Хуллас, бу нидо кириб бормаган минтақа ва бу чақириқни эшитмаган қулоқ қолмади. Бандалар "ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ" деб тинимсиз равишда яхшиликка чақирилмоқдалар.
Хўш, "Ассолату хойрум минан навм" "намоз уйқудан яхши" деган чақирув қандай чақирув? Намознинг уйқудан афзаллиги нимада? Бу саволларга жавобдан олдин, суҳбатимиздан ўрин олган "орзуга айб йўқ" мавзусига навбат берсак. Кейин, яна азон мавзусига қайтамиз, инша Аллоҳ.
"Орзуга айб йўқ" дейилган ўзбеклар мақоли қанчалар тўғри, қанчалар нотўғрилигини билмадиму, лекин бу мақолга нотўғри амал қилувчилар ҳамма миллат орасида топилишини аниқ биламан. Чунки шайтон ўқдонидаги зарҳал кўринган заҳарли ўқлардан бири орзу-ҳавасга узоқ берилишдир.

"Орзуга айб йўқ"

Инсон қайси ёшдан орзу қила бошлайди? Балки орзуламоқ унга йўргакдан теккандир? Қўл-оёғини типирчилатиб, маҳкам боғланган йўргакбоғдан қутилишга бўлган ҳаракат чақалоқ орзусининг рўёбга чиқариш йўлидаги илк уринишдир? Ёки бу сал кейинроқ марҳаладан бошланганмикин? Оёғига катталар пойабзалини илиб, деворни ушлаганча эҳтиёткорлик билан аста юраётган бола келгусида чопқилаб кетишни, акаларидек томдан-томга сакраб юришни орзу қилар?
Булар бизга қоронғи, лекин аниғи, мактабга қадам қўйган дастлабки кунларимизданоқ "катта бўлсанг ким бўласан?" деган саволга дуч келганмиз. Ҳойнаҳой, орзу-ҳавас уруғи бизларга ўша даврдан экилган бўлса керак.
Синфдаги ўғил болаларнинг аксари бундай саволга "косманавт бўламан, учувчи бўламан" деб жавоб беришган эди. Инженер, дўхтир бўлишни орзу қилинган. Қизлар ҳам қайсидир артистга ўхшаш, қайсидир раққосадек бўлиш орзусида эдилар. Яна кимдир ичида беркинган яширин орзусини ошкор айтишга ҳеч тортинмай "каттакон бўламан, бошлиқ бўламан"деган эди. "Қуш уясида кўрганини қилади" деганларидек, бу гўдак ҳам хўжайинлик мазасини татигандирда.
Деярли ҳамманинг орзуси шу хилда эди. Лекин ҳеч ким Абу Бакрдек художўй, Умардек одил, Усмондек ҳаёли, Алидек ботир, Хадижадек фаросатли, донишманд, Фотимадек иболи, сабрли, Оишадек билимдон, Абдуллоҳ ибн Муборак- дек камбағалпарвар, қўли очиқ, саховатли, Абу Ҳанифадек фақиҳ, Бухорий ва Термизийдек муҳаддис, Салоҳиддиндек жасур, халоскор инсон бўлишни орзу қилмаган экан. Билмаганлари учунми ё бошқа сабабга кўрами, ҳар нечук бу каби олий орзу-истаклар уларни четлаб ўтган.
Ҳижрий 773-йилда таваллуд топган Аҳмад исмли бола замзам сувини ичаётганда, асли Туркманистондан бўлган олим, имом Заҳабий каби олим бўлиш истагида дуо қилиб ичар экан. Бола беш ёшида мактабга берилади. Тўққиз ёшида Қуръони кариймни ёд олади. Сал каттайгач илм талабида сафарга чиқиб, етук олимлардан таълим олади. Орзусига етган йигит "ундан каттароғини тиласам бўлар экан" деган эди. Ажабланадиган жойи, Аҳмаднинг онаси у эмизиклик чоғидаёқ оламдан кўз юмади. Ҳаял ўтмай отаси ҳам вафот этади. Ота-онадан жуда эрта айрилган етим бола қариндошлар ёрдамида ўқиб, ўрганиб катта олим бўлиб етишади. Кўп илмий асарлар таълиф этади. Жумладан имом Бухорий Саҳиҳларига шарҳ ёзиб "فتح البارى" деб номлайди ва бу китоби билан шуҳрат қозонади.
Мактаб даврида космонавт бўлишни орзу қилган йигитларнинг бирортаси космонавт бўлолмади. Лоақал оддий учувчи ҳам бўлолмади. Ўн бешга яқин ўғил болалар ичидан атиги икки-учтаси енгил машина минишга муваффақ бўлди. Қолганлар эса бири ишчи, бири сувчи, яна бири косиб- ҳунарманд бўлиб етишди. Ичкаридан иш тополмаганлар ўзини ташқарига урган. "СССР пойтахтини харитадан кўрсат", дейилган ўқитувчининг амрига жавобан Вашингтонни кўрсатган ўқувчи бугунги кунда Москванинг қоқ белида қўли гул штукатурчи(сувоқчи) бўлиб рўзғор тебратяпти. Ичкарида ҳам, ташқарида ҳам омади келмаганлар ўғрилик, талон-тарож йўлига ўтган. Ёшликдаги орзу-истаклари амалга ошмай раққоса бўлолмаганлар қариндош-уруғ, қўни - қўшнининг тўйида раққосадан ўтказиб ўйинга тушиб хумордан чиқяптилар. Раққоса тор саҳнада ёлғиз ўзи айланса, улар катта тўйхонада ола кўз барно йигитлар билан гир айланиб рақсга тушишади.
Орзумандлар орасида "қани энди бирон-бир иш топилса-ю" деганлар ҳам талайгина. Хуллас "орзуга айб йўқ" деганларидек фазога учолмаган орзуманд йигитлар ёшликдаги орзу-армонлари хом хаёл эканини, ўзлари эса унмайдиган нарсага умид боғлаган лақма, хомтама эканликларини англаб етиб, бугунги кунда "конкрет" нарсаларни орзу қилишга ўтдилар.
Йигит орзу қилади: "Қани энди икки хонали шинам уйим, узоқни яқин қиладиган шахсий машинам бўлса...Чет элники бўлиши шарт эмас, ўзимизники ҳам бўлаверади. Яхшироқ иш топсам, қўлим пул кўрса, тезроққина уйланиб олсам... Шинам уй, енгил машина, кўнгилдагидек хотин - шуда саодат, шуда бахт. Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?!", деб ўйлайди йигит.
Йигитнинг иқболи кулиб, орзуси рўёбга чиқади. Икки хонали шинам уй, оппоқ машина, соҳибжамол хотин, рўзғорга етгули маош. Худди йигит орзу қилганидек, ҳеч кам-кўстсиз. Бахтнинг кулиб боққанини қарангки, йигит "тўйимга фалончи артистни олиб келсам, тўйни элникидан кам қилмасам" деган орзуда яшарди. Қарз ҳавола қилиб бўлсада, ўша баҳоси баланд хонандаларга етарли маблағни топди. Оғзидан чиққан катта пулни ўша заҳоти санаб берадиган судхўр ҳам тезда топила қолди. "Умрда бир марта бўладиган тўй", "ҳақиқатда тўйдек" ўтди. Одамларнинг дабдабали тўйини тамоша қилиб сўлаги оққан йигитнинг тўйи ҳам кўпларнинг сўлагини оқизиб юборди. Дастурхонни чумоли қадам босолмайдиган даражада зич тузашди. Дастурхон устида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Пешнопдан қилинган сомса, манти, норин, юпқа, чучвара, суюқ-қуюқ, кабоб, хилма-хил пишириқлар, ранго-ранг ичимликлар, турли-туман мевалар, писта-бодом ва бундан бошқа ажабтовур мағизлар, номи ҳам, шаклию таъми ҳам бизга номаълум, диёрларимизда топилмас ғалати-ғалати егуликлар, қўйингки дунёдаги ҳамма хил таомлар, салатлар, ширинликлар, қанд-қурслар бир коса билан иши ҳал бўладиган митти қоринни нишонга олиб эшикдан автомат ўқидек ёғилиб турди. Лиммо-лим ликоплар бўшашига дарҳол аввалгидек қилиб янгилаб кетишади. Қайноқ чой истасангиз ўша заҳоти муҳайё қилишади. Муздек газли сув истасангиз у ҳам тайёр. Иссиқ билан совуқни галма галдан ўтказаётган томоққа ҳамда дошқозондан иссиқ-иссиқ келаётган овқатларга амаллаб жой топиб бераётган ошқозонга қойил қолмай илож йўқ. Қизиғи шундаки, ичкаридан пайдар-пай чиқаётган қовун-тарвуз пўчоқларини қўшниникидаги охурларга бўшатиб турилди. Аввалида емишни талашиб-тортишиб еган жониворлар кейинги келган емларга назар ҳам ташлаб қўймади. Тўйхонадагилар "боқ отингни арпа билан, боқар қази-қарта билан" деб ҳангомалашиб олдиларига қўйилган нарсани қайтаришмади.
Тўйдан деярли ҳамма мамнун бўлиб қайтди. Тўйни гапирмаган одам қолмади. "Фалон кило гурунч дамлатибди, қойил" деган олқишлар тўй эгасининг чарчоғини чиқариб юборди. Кимлардир бу тўйдан андаза олиб, кейинги тўйларни худди шундек ўтказишни дилига тугди. Кимлардир бундан ҳам ўтказиб юборишни орзу қилди. Камбағалгина йигитнинг бу даражада дабдабали тўйидан ғашланган айрим пулдорлар "қазисан-қартасан, асли наслиннга тортасан, тўй қандоқ бўлишини бизникида кўрасан" деб билинтирмай ғивир-шивир қилиб қўйишди. Риё, хўжакўрсин, исроф, мақтанчоқлик ва бу каби бемаъни рақобатдан Аллоҳнинг ғазаби келишига ҳеч ким парво қилмади. Теварак-атрофдаги саноқсиз очлар ҳақида ҳеч ким қайғурмади. Неъмат берган Худо, қайта тортиб олиб қўйишидан ҳеч ким чўчимади. Насиҳат қилиши лозим бўлган ота мастликдан оёқда зўрға турарди.
Донғи кетган хонандалар алламаҳалгача томоғлари қирилиб ашула айтиб чиқишди. Ҳеч ташвиши йўқ кишидек оғзини карнайдек очиб қаҳ-қаҳ отаётган мастлар кулгисидан илҳомланган масхарабозлар одам боласига ярашмас бачкана қилиқлар билан ҳаммани ичагини узишди. Муаззин бомдод намозига азон айтишга тараддуд кўра бошлаганида тўйхонадагилар аллақачон тарқаб бўлишган эди. Муаззин "Ассолату хойрум минан навм" деган чақириққа етганда, тонггача сакраган тўйчилар маст уйқуга кетиб бўлишган. Энди уларни нафақат муаззиннинг пас овози, балки замбаракнинг ўқи ҳам уйғотолмасди. Бомдод намозига масжидга кетаётган маҳалладаги беш-олти нафар мўйсафид бадрафхонага улгурмай кўчани булғаган ёшлар ишидан бош чайқаб, кийимлари бенамоз бўлиб қолишидан эҳтиётланиб масжид томон юришади.
Орзуси ушалган йигит шукр ўрнига шикоят қилишга ўтади. Ҳаётидан қониқмай бир оз нолиб олади. "Орзуга айб йўқ" деб янги орзу саҳифасини очади. "Қани энди боғ-роғли кенг ҳовли жойинг бўлса. Тузукроқ машина минсанг. Ўриснинг машинаси ҳам машина бўлдими? Мендан кичиклар иномарка миниб юрибди. Хотин деганиям боласи кўпайса болалари билан увсираб ўзига қарамас экан. Қани энди... Бировнинг қўлида ишлайвериш жонга тегди. Хўжайин - наҳанг, қурсоғи тешик, қитмир. Маош оз, уй тор. Бундай ҳаётнинг кимга кераги бор?! Қани энди ўзинг мустақил иш қилсанг, ўз корхонанг, ўз дўконинг бўлса... Қўл остингда беш-олтита ишчинг, ойдек секретаринг бўлса..."деб орзуга берилади.
Тавба! Кечаги йигит шуми?! Ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Яқинда "яхшироқ иш топсам, қўлим пул кўрса, тезроққина уйланиб олсам. Икки хонали уй, енгил машина, кўнгилдагидек хотин - шуда саодат, шуда бахт. Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?!" деган йигит шуми, деб иккиланасан.
Қадимгилар "иқбол кулиб боқса, ердан кесак олиб тоққа отсанг тошни синдирар, иқбол кетса, ошнинг тоши тишни синдирар" деб айтганидек, орзуманд йигитнинг иқболи кулиб, орзулари вақт ўтиши билан рўёбга чиқаверди.
Дарвоқе, йигит қуруқ орзуга берилиб "олма пиш оғзимга туш" деб бекор ётгани йўқ. Орзу йўлида тиним билмай, кунни тунга, тунни кунга улаб саъй-ҳаракат қилди. Тонг саҳарда масжидга шошиб кетаётган намозхонлардан олдин уйқудан туриб иш бошлайди. Маҳалладагилар хуфтонни ўқиб уйқуга кетганда у мижжа қоқмай ишлайди, ўйлайди, телефонлар билан боғланади. "Ҳайя алас солаҳ" "Намозга келинглар" дейилганда камазга юк уради. "Ҳайя аълал фалаҳ" "Нажотга келинглар" дейилганда ҳисоб-китоб қилади. Хуллас, орзу йўлида ўзини ўққа уради, чўққа уради. Икки асосий, қимматбаҳо неъматни йўқотиш эвазига ҳар бир ўйлаган моддий орзу-истаклари рўёбга чиқаверади. Биринчиси, вақтнинг ўтиши, яъниким умр ўтиши. Иккинчиси, орзу йўлида ибодатларни тарк этиш, охиратни обод қилишни унутиб, поёнсиз дунё рақобатига шўнғиш. "Сен синдирмасанг сени синдиришади" деган ғоя остида кўр-кўрона, тинимсиз меҳнат қилиш.
Ёшликдаги орзуларга ҳам йигирма йил ўтибди. Ўшанда йигирмада эди. Мана энди қирқни уриб қўйди. Очиғини айтганда йигит мағрур улғайди. Сартарошни ҳисобга олмаганда бирон бир кишининг олдида бош эгмади. Сартарошни "бошингизни эгиб туринг" деган гапи жуда оғир ботарди-ю, лекин ноилож бош эгишга мажбур бўларди. Қизиқ, йигирма йил олдинги қалин қора сочлар сийраклашиб қолибди. Илгари сочини қисқартирганда бўйнидан боғланган пешбандга мой суртилгандек ялтираб қоп-қора сочлар тушарди. Мана энди соч-соқолга ҳам оқ оралабди.
Орадан йигирма йил ўтгандан кейин ўйлаган орзу-истакларининг барчаси амалга ошди. Шаҳарнинг уч-тўрт жойида боғ-роғли кенг ҳовли жой. Хилма-хил фонтан, катта ҳовузлар. Ҳар ҳовлида алоҳида уй бека, ҳар бир уй бекасига алоҳида машина. Машинаям орзу дафтарига битилганидек - ўзникимас, четники. "Туғилмаган бузоққа қозиқ" деганларидек ҳали лойи қорилмаган болага яхши жойлардан ер сотиб олиб уста солиб қўйган. Уй лойиҳаси эсни олади. Аввалгилару ҳозиргиларда йўқ тўла-тўкис шароит, ақлни лол қолдирадиган ҳашамату маҳобат.
Корхона ва дўконда ишлар қизғин. Ўзи ишхонага бормасада, ишлар соат милидек бир текис айланмоқда. Илгари ойда бир томадиган маблағ ҳозир соатига оқиб келмоқда. Йигит "Алҳамду лиллаҳ, Аллоҳга шукр" дейишни билмагани учунми ёки бошқа сабабга кўрами "алҳамдулиллоҳ" ўрнига икки қўлини белига қўйиб "Офарин! Тасанно!"деб чўзилиб қўяди. Унинг учун "Ўзига шукр"дан кўра "Офарин! Тасанно!" дейиш ором бағишларди. "Каллани ишлатиш керак, каллани!" дегандек нуқул иягини чўзиб, бошини юқорига кўтариб қўяди. Ким уни шундек сўзлар билан мақтаса ва бундан бошқа ардоқли иборалар билан кўкка кўтарса ичи яйрайди. Бундай кишиларни "содиқ дўстлар" деб атаб, улардан ҳеч нарсани аямайди. Мақташни билмаганларни "ичи қора, кўролмаслар" деб атарди. Унинг данғиллама уйи, баҳайбат машинасини кўриб, унинг кетидан ҳавас билан чопаётганларга мийиғида кулиб "туя ҳаммомни орзу қилибди-да" деб кулиб қўяди. "Менга етаман дейсанми?! Туянинг думи ерга текканда етасан, хи, хи, хи...” деб яйраб кулиб олади.
Толеи баланд бу инсон шу зайлда тотли ҳаёт кечиради. "Ҳар йигитга бир омад” деганларидек, бу йигитга бир эмас, минг омад чопиб келади. Омад кетидан омад... Иш олға босиб ўнгидан келаверади. Қирқ ёшга тўлганда деярли барча орзуларига эришиб бўлди.
Қирқ ёш камолот ёшидир. Инсон ақли бу ёшда энг сўнгги поғонасига чиқиб бўлади. Бу ёшда инсон ҳаётнинг аччиқ-чучугини, паст-баландини кўриб бўлади. Пайғамбарларга ҳам صلى الله عليهم و سلم шу ёшдан рисолат вазифаси юклатилган.
Аллоҳ таоло камолот ёшини Қуръонда алоҳида зикр қилади. Бу ёшга етган мўмин Аллоҳдан нималар сўрашлигини ва унга қандай тилак-истаклар лойиқлигини таълим беради. (У (яъни инсон) куч-қувватга тўлиб, қирчиллама қирқ ёшга етганда, (шундай дуо қилиб) деди:"Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилмоғимга ҳамда Ўзинг рози бўладиган солиҳ амалларни бажаришимга муваффақ айла. Зурриётимни ислоҳ қилгин. (Барча журму исёнларимга) тавба қилдим, албатта мен мусулмонлардандирман") Аҳқоф сураси 15-оят.

Дунёга султонлик қилган Сулаймон пайғамбар ҳам Аллоҳдан айни шу тилакларни сўраган эканлар.(Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилмоғимга ҳамда Ўзинг рози бўладиган солиҳ амалларни бажаришимга муваффақ айла. Фазлу марҳаматингла мени солиҳ бандаларинг қаторига киритгин) Намл сураси 19-оят.

Кўп қийинчиликларни бошдан кечириб қамоқдан қасрга кўчган Юсуф алайҳис салом ҳам Аллоҳдан мусулмонча ўлим ва солиҳ бандалар билан бирга бўлишни орзу қилиб сўраган эканлар. (Мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳ бандалар билан бирга қилгин) Юсуф сураси 101- оят.

Аввалгилар 40 ёшга етишгач уйқуни камайтириб, охиратга астойдил тайёргарлик кўришар экан. Тўғрида, сафар олдидан сафар тайёргарлигини кучайтириш керак-да. Бу ҳақдаги сўзларни кейинга қолдириб орзу мавзусининг тўхтаган жойига қайтамиз.
Орзу-ҳавасли дунё экан. Умридан қанча қолганидан бехабар элликка қараб чопаётган киши "орзуга айб йўқ" деб орзу-ҳавасларнинг янги саҳифасини очади. Бу гал ардоқли орзуга берила бошлайди. Жуда юқори чўққиларга кўз олайтиради. Нима, бунинг нимаси ёмон? Орзуга айб йўқ-ку ахир.
Чек билмас орзу бу ҳадда тўхтамайди. Тахтга етишган гадо яна бошқа нарсаларни орзу қила бошлайди. Ҳамма орзуси ушалган Фиръавн орзу қиладиган нарсанинг ўзи қолмагач: (Мен сизларнинг энг олий парвардигорингизман)” деган эди. Ундан илгарироқ Намруд: (Мен ҳам ўлдираман ва тирилтираман) деган худолик даъвоси билан чиққан эди. Лекин ўзини илоҳликка номзод кўрсатган бу икки жабборни ўлим енгиб, ҳамма бандалар қатори уларни ҳам ўз домига тортади. Тахтга михланган жойларидан суғуриб олиб ерга улоқтиради. Хос навкарлару, эшик олдидаги соқчи-қўриқчилар оғизларини очганча ҳанг-манг бўлиб қолаверадилар.
Бу турфа оламда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин экан. Кечагина "қанийди, бир канистр бензин бўлсайди" деб орзу қилаётган инсон эртаси ўзининг хос бензоколонкаси бўлишини истайди. Омад баланд келаверса Қувайт нефть қувурларига, кейинроқ бутун дунё нефть салтанатига эга бўлишни кўнгли тусайди. Нима? Бунинг қаери ёмон? "Орзуга айб йўқ" дейдиларку.
Ақли расо соғларнинг ҳаммаси ҳам шундай ўйлайди деб айтолмаймиз, лекин бугун бир бурда нонга зор бўла туриб, эртаси ҳукмронликни орзу қилганларни инкор қилолмаймиз.
Маъмун 20 минг турк қулларни қўшинга олиб келади. Бугун қул бўлиб келган оддий аскар вақт ўтиши билан қўмондонлик рутбасига кўтарилади. Кейинчалик ўзини султондек тутади.
Бу узоқ тарих ҳодисаси. Янги тарихда бундан баттари бўлмадими?! Намруд ва Фиръавндек яккаҳокимлик нашъасини татимаган оддий фуқаролар, ҳа, оддий фуқаролар, қора қозонни зўр-базўр қайнатадиган йўқсиллар "дунёда ҳеч қандай яратгувчи йўқ, биз ўзимиз яратгувчимиз" демадими?! Тўққиз ой она қорнида қисилиб ётган чақалоқ ерга тушибоқ осмонга хўжайинликни даъво қилмадими?! "Қўлимизда еру осмон даврон бизники" дейишга журъат қилган ҳам ўша орзу- ҳавас майидан маст бўлган нодон инсонку. "Еру осмон қўлингда бўлса, бирида қуёшни, иккинчисида ерни тутиб вақтни тўхтатиб қолмайсанми?! Ахир кун билан тун алмашавериб юзингга ажин тўқияптику! Вақт она қорнидан чиққанингдан бери тинимсиз айланиб сени қабр қаъри томон етаклаяптику?!" дейдиган мард ўғлон топилмайди. Вазнини келтириб "пуч орзуга алданган ғўр ўзинг, нодон ўзинг!" дейдиган забон топилмайди. Буюк Холиқ жалла жалолуҳуга нисбатан беадабона сўздан тавба қилишга чақирувчи холис инсон топилмайди.
Ушбулар тани соғлар оламидаги орзу ҳавасларга айрим мисоллар эди. Бемористонга борсангиз у ерда бошқача ўй, бошқача орзу. Унда эшитасиз: "Дўхтир, ростини айтинг, мендан ҳеч нимани яширманг, мен оёққа тураманми? Майлига, қўлтиқ таёқда бўлса ҳам юриб кетишим мумкинми? Мен шу каравотдан қутуламанми?"
Яна бири орзу қилади: "Дўхтир, бу нафас қисишидан мен ҳам қутилиб кетишимга кўзингиз етадими? Мен ҳам одамлардек бемалол нафас оламанми? Ёки умр бўйи ит қувган кишидек гоҳ ҳансираб, гоҳ бўғилиб ётавераманми?"
Бемористондан чиқиб панжара ортига қулоқ тутсангиз у ерда ўзга ўй, ўзга ҳолат, ўзга орзу...
Маҳбус ва беморнинг орзуси рўёбга чиқса, улар ҳам ўша онда ҳур ва соғлардек тубсиз орзу-ҳавас уммонига ғарқ бўладилар. Хуллас, "ер қуёш атрофида айланади" дейилганидек, ер қобиғининг сиртқи қатламида ўрмалаб юрган ерликлар ҳам дунё орзу ҳаваслари атрофида айланаверадилар. Ер шу пайтгача айланиб қуёшга етолмаганидек, ерликлар ҳам орзу ҳаваслари атрофида айланавериб-айланавериб унинг маррасига ета олмайдилар. Лекин ҳар нарсанинг чегараси бўлганидек, бу югур-югур, чопа-чопларнинг ҳам чеки, ниҳояси бор. Ана шу ниҳоя ҳақида буюк яратгувчи Аллоҳ таоло шундай дейди:
(Мол-дунё кўпайтириш сизларни (Аллоҳга ибодат қилишдан) тўсиб қўйди. То қабристонни зиёрат қилгунингизча (мол кўпайтириш билан овора бўлдингиз). Йўқ! Сизлар яқинда (бу қилмишингизнинг ёмон оқибатини) билурсизлар... )
Расулуллоҳ c.а.в буни қуйидагича ифодалаганлар:
“Агар одам фарзандига бир водий тўла тилло берилса, иккинчисини истайди, иккинчиси берилса учинчисини истайди. Одам боласининг қорнини фақат тупроққина тўлдиради. Ким тавба қилса Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади”. Бухорий ривояти
Қуръондаги "қабристонни зиёрат қилиш" оятини уламолар турлича шарҳлашган. Шу шарҳлардан бирида дейилади: "Ер устида абадий қолинмаганидек, ер остида - қабрда ҳам абадий қолинмайди. Шунинг учун ўлимни "зиёрат" деб аталмоқда". Онанинг қорни инсон учун бир бекат, ер ости ва усти ҳам ўткинчи бекат. Чинакам манзил охиратдадир.
Демак, инсон ер сиртидан узилиб остига қўйилмагунга қадар саробдек дунё орзулари кетидан чопаверар экан. Илло, Аллоҳ ибрат кўзларини очиб қўйган кимсаларгина бундан омон қолишади. Шу ўринда инсонни ўз домига тортувчи қуюндек орзу-ҳавас ҳақидаги сўзга вақтинча нуқта қўйиб, мавзуимиз бошига "Ассолату хойрум минан навм"га қайтамиз.
Туну кун одамлар кўз ўнгида иккита катта мўъжиза содир бўлади. Улар ўз кўзлари билан ёп-ёруғ куннинг ўта моҳирлик ва усталик билан аста-секин қоп-қора тунга айланишини, зимистон туннинг эса ҳушни оладиган маҳорат билан нурафшон кунга айланишининг гувоҳи бўлишади. Бу инсон боласи эплолмайдиган чинакам мўъжизадир.
Оламга иссиқлик ва нур таратаётган қуёш ботиши ҳамоно осмонда само фонуси - ой чарақлайди. У қуёшдек бир шаклда турмайди. Гоҳ ингичка ҳилол бўлиб, гоҳ тўлишган ой бўлиб етти иқлимга ёғду сочади. Бандаларига раҳмли Яратгувчи улар қоронғи тунда кенг осмонга боқиб қўрқмасинлар деб бепоён осмонни юлдузлар билан безайди. Кун ёришиб, иш-амал, жиддий ҳаёт бошланишига безаклар кўздан ғойиб бўлади. Ерни ободонлаштириш вазифаси зиммасига юкланган инсон кундалик юмушларидан толиб келгач, осмон қайтадан унинг учун безатилади.
(Биз энг яқин осмонни чироқлар билан безадик...) Мулк 5-оят
(Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашувида ақл эгалари учун оят – аломатлар бордир)
Расулуллоҳ с.а.в кўпинча тонг отган маҳалда Оли Имрон сўрасидаги охирги 190-оятдан 194-оятгача ўқир эканлар. Ва "Бу оятларни ўқиб, маъносида тааммул қилмаганларнинг ҳолига вой"дердилар.
Кўпларга оддий ҳолга айланган тун тугаб, тонг отишига ер юзининг ҳамма қиррасида тонгги ибодатга чақирувчи азон нидолари янграй бошлайди:
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар...

Аллоҳ Улуғ, Аллоҳ Буюк, Аллоҳ Бузрук, Аллоҳ Юксак.

Аллоҳдан бошқа ибодат қилинишга лойиқ чин маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман.

Муҳаммад с.а.в Аллоҳнинг росули эканига гувоҳлик бераман

Намозга келинглар!

Нажотга - саодатга келинглар!

Намоз уйқудан яхшидир! Намоз уйқудан афзалдир!

Аллоҳ Улуғ, Аллоҳ Буюк.

Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ чин маъбуд йўқдир!

Тонгги ибодатга чақирувчи бу муборак нидодан сўнг бомдод намози ўқилади. Бомдод намози - икки ракаат суннат, икки ракаат фарздан иборатдир.
Ана шу намознинг икки ракаат суннати ҳақида севимли пайғамбаримиз с.а.в шундай марҳамат қиладилар:
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар, Росули Акрам с.а.в марҳамат қилиб дедилар: "Тонгдаги икки ракаат намоз, (яъни бомдоднинг икки ракаат суннати) дунё ва дунёдаги нарсалардан яхшироқдир" .Муслим ривояти
Субҳаналлоҳ!
Бомдод намозининг икки ракаат суннати одамлар орзу қилган сўлим боғ-роғ, қават-қават уй-жой, учқир отлар, замонавий машиналар, бойлик ва мансабдан кўра яхшими?!
Ахир улар орзу қилган хаёлий бойликка эришиш учун озмунча гуноҳга ботадиларми?! Амал, лавозим йўлида озмунча одамни тепкилаб ўтмадиларми?! Мансаб курсисини сақлаш учун дин, эътиқод, иймондан воз кечмадиларми?! Биздан бир поғона олдинги авлод мансабга миниш учун компартияга аъзо бўлиши керак эди. Компартияга аъзо бўлиш учун эса диндан, эътиқоддан воз кечиш керак. Дин билан дунё тарозу палласига қўйилганда кимлар учундир дунё палласи оғир келиб диндан воз кечилмадими?! Оқибатда диндан ҳам, дунёдан ҳам маҳрум қолинмадими... اللهم لا تمكر بنا

Эски ва янги тарих жуда кўп шармандагарчиликларга шоҳиддир. Тарих бир нодон зўравоннинг тахт орзусида мингларнинг ёстиғини қурутганига шоҳид. Тахт учун ота ўғилни, ўғил отани ўлдирганига, мансаб, лавозимни сақлаб қолиш учун қанча-қанча бегуноҳларнинг боши кетганига гувоҳ. Натижа - улар ҳам боқий қолмади, булар ҳам. Қотил ҳаял ўтмай мақтул ёнидан жой олади.
Тарихдан сабоқ олайлик. Марраси кўринмас дунё рақобати йўлида беллашганлар намозни ташлаб, диндан воз кечиб нимага эришишди?!
Дунёга устун бўлишдими?! Йиғганларини ҳаммасини еб, ортганини ўзлари билан бирга қабрга опичлаб кетишдими?! Мансаб уларга вафо қилдими?! Салтанат уларни сақлаб қолдими?!
Жавоб: Йўқ, албатта! Чунки ер ва ер аҳлига боқийлик битилмаган. Уларнинг тақдири маҳрумлик, мосуволик. Жони чиққан шоҳу гадо учун кафандан ўзгаси ортиқча. Ер урфи шу, одат шу.
(Сизлардаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар боқийдир) Наҳл 96-оят.
Одам сафиййуллоҳ, Иброҳим халилуллоҳ, Мусо калимуллоҳ, Исо руҳуллоҳ ва саноғи Аллоҳнинг ўзигагина маълум пайғамбарлар - Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Айюб, Довуд, Сулаймон ва уларнинг энг сўнггиси Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳим ва саллам олиб келган таълимот ана шундай - холис ибодат, тасбеҳ, такбир, таҳмид, таҳлил ва Аллоҳ учун қилинган яхши амаллар дунё ва ундаги барча нарсалардан яхшидир. Икки ракаат намоз ер ости, ер усти бойликларидан, уй-жой, боғ-роғ, мансаб-мартаба, салтанатдан кўра яхшидир. Олтин, нефть, қоғоз пулу, танга пуллардан афзалдир.
Нега?
Чунки буларнинг ҳаммаси заволга маҳкум, йўқликка юз тутади. Амали солиҳ эса йўқ бўлиб, ўчиб кетмайди.
(Сизлардаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар боқийдир) Наҳл 96-оят.

Сулаймон ибн Довуд алайҳимас саломга чексиз мулк берилди. Сулаймон етишган мулкка ҳали-ҳануз ҳеч ким етмаган, минбаъд етолмас. Чунки кимнингдир ризқини кенг, кимникинидир танг, кимнидир азиз, кимнидир хор қилувчи Аллоҳ Сулаймонга шундай хусусият берди. Сулаймон навкарларидан бири ҳайрат ичи: "Сулаймонга жуда катта мулк берилганда",-дейди. Навкар сўзини эшитган Сулаймон уни чақириб: "Бир бора тасбеҳ, яъни "субҳаналлоҳ" демоқ Сулаймон мулкидан яхшидир",- дейдилар.
Бундан руҳланган Фузулий деган эди:

Даҳраро гар бир синиқ девор кўрсанг ўйла, бил,
Ул Сулаймон мулкидирким,чарх вайрон айламиш.

Эй Фузулий, меҳрина алданма чархнинг гардиши,
Кўкка етурмиш, вале хокила яксон айламиш.

Бу дунёнинг шаъни шу - бир кун кулги, бир кун йиғи. Бир гал бор, бир гал йўқ. Бир кун соғ, бир кун хаста, бемор. Бир сафар кўтарса, иккинчисида ер билан яксон қилади. Чархпалакнинг челагига ўхшаш - аввал бўш бўлади, сўнгра энгашиб сув олади, кейин юқорига интилади, роса чўққига етган пайтда яна бўш қолади.

Эй Фузулий, даҳр ҳолин шоҳи гулдан қил қиёс
Ким, веруб аввал тажаммул, сўнгра урён айламиш.

Эй Фузулий, дунёнинг ҳолини гулдан қиёс қилавер. Аввал гулни зийнатлади. Турли ранг, хилма-хил ҳид берди. Қоматини кўтариб, ҳаммани мафтун қиладиган жамол берди. Ҳатто унинг бағрига бол беркитди, сўнгра урён айлади, яъни яланғоч қилиб қўйди.
Биринчи кун одамлар қўйнида эркаланган гул эртаси сўлиб, қовжираб ахлат қўйнида ётади. Шоир бу дунёни шу гулга қиёс қилавер, дейди.
Чиройли гул ҳам, чиройли гулни кўтарган чиройлилар ҳам, у иккисига мафтун бўлган йигитлар ҳам, шунингдек, дунё ва дунёга муҳаббат қўйганлар ҳам охир-оқибат қовжираган гул каби урён бўлишади, охир-оқибат ер билан яксон бўлишади, кафанга ўралиб лаҳадга киришади.
Мажнун эси оғмай яна бир оз яшаганда эди, игна тешигидан ипни ўтказишга қийналаётган қари Лайли афти ангорига боқиб, ишқ кўйида беҳуда ўтказган кунларига ҳижолат чеккан бўлур эди.

Санингла даъвойи ҳусн этдиги чун мулки ҳусн ичра,
Фалак таъзир эдуб Лайлини расвойи жаҳон этмиш.

Бу дунёнинг қайси бир жойига муҳаббат қўйгингиз келса, майли, муҳаббат қўйинг. Ҳеч монеъ йўқ. Мансабига, маркабига, молига, балки дору дунёнинг тожидан патагигача муҳаббат қўйинг. Лекин шуни унутмангки, буларнинг ҳаммаси кун келиб тупроққа қоришиб, оёғингиз остидаги қадрсиз хокдек хор бўлур. Ахир ҳазрати инсонки тупроққа қоришиб хокка айланса, инсондан қуйи бўлган дунё матосининг хокка қоришиб йўқ бўлиб кетиши турган гап. Шоир айтганидек:
Тупроқ устидаги ҳамма нарса тупроқдир
Аллоҳ таоло дейди: (Ер жуда қаттиқ тебраниб даҳшатли зилзила бўлган пайтда ва ер (ўз бағридаги бойлик, хазина ва инсон жасадларидан иборат юкларини юзага) чиқариб ташлаганда, (бу ҳолатни ўз кўзи билан кўриб ҳайратланган) инсон:"нима бўляпти ўзи?" деб турган пайтда ,ана ўша Кунда Парвардигорингиз ерга ваҳий қилгани боис у (тилга кириб) ўз хабарларини гапириб беради)
Ер ўз устида содир қилинган барча жиноятлар - зулм, зўравонлик, қийноқ, зино, фоҳишабозлик, қиморбозлик, ўғрилик, йўлтўсарлик, судхўрлик ва ер ўзи гувоҳи бўлган ҳамма маъсиятларни ким қаерда қилганини бирма-бир айтиб беради.
Одамлар қайта тирилган кунда ер ўз бағридаги хазиналарни чиқариб ташлайди. Росулуллоҳ с.а.в буни қўйидагича тасвирлайдилар:
"Ер ўз бағридаги олтин-кумуш каби қимматбаҳо бойликларни чиқариб ташлайди. Қабрдан қайта тирилган қотил оёғи остида тупроқдек қалашиб кетган бойликни кўриб:"шу арзимаган пул учун одам ўлдирдимми?" - дейди. Қариндошлари билан юз кўрмас бўлиб кетган киши: "шу арзимаган мол учун қавм-қариндошларим билан уришиб, юз кўрмас бўлганмидим",-дейди. Ўғри эса: " шулар учун қўлим кесилганмиди?"-дейди. Ҳеч ким у бойликдан олмайди".
Арзимас сариқ чақа учун намозни ташлаган киши тарк қилган намози учун афсус надомат чекади.
"Тонг намозининг икки ракаат (суннати) дунё ва дунёдаги нарсалардан яхшидир".
Дунёдаги энг охирги пайғамбар ва дунёдаги энг ақлли инсон с.а.в дунё ҳақидаги энг тўғри ва энг ақлли ва энг қисқа доно сўзни марҳамат қилиб дедилар:

Аллоҳу Акбар!
Эй ақлли инсонлар!
Фаровон, бахтли, осуда ҳаёт истаганлар!
Мангу саодат излаган донолар!

Дунё ташвишларидан ва дунё орзу ҳавасларидан бир оз муддатга четга чиқиб Росули Акрамнинг с.а.в муборак ҳадисларини таммул қилиб кўринг. Теварак атрофга ибрат назари билан боқиб ибратланинг. Тонг саҳарда эрта туриб таҳорат олинг. Остона хатлаб кўчага чиқинг. Пиёда масжидга- Аллоҳнинг уйига қадам босиб келинг. “Бисмиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ, аллоҳум мағфирлий вафтаҳлий абваба роҳматик” деб ўнг оёқни қўйиб хонақоҳга киринг. Қалбингиз билан қиблага юзланиб икки ракаат намоз ўқинг. Ўқиётган оят, дуо, тасбеҳ, таҳмид, такбир, таҳлил маъноларини англашга урининг. Фикрингизни бир жойга жамланг. Кимнинг ҳузурида турганингизни эсга олинг. Ҳамиша Аллоҳга муҳтож, фақир, мискинлигингизни ҳис қилиб, буюк Яратгувчи қаршисида икки ракаат намоз ўқинг. Ана ўшанда топган маънавий лаззатингиздан келиб чиқиб, икки ракаат намоз дунё ва дунёдаги нарсалардан яхши эканлигини биласиз. Охиратга борилганда эса ҳар икки тоифа; намозни канда қилмаганлар ҳам, намозга турмаганлар ҳам бу ҳақиқатни аниқ биладилар. Ўшанда ҳар икки тоифа афсус-надомат чекади. Намоз ўқиганлару ўқимаганлар. Намоз ўқимаганлар намозхонларга берилаётган ажр-мукофотларни кўрганда кўзлари чиқиб афсус чекса, намозхонлар Парвардигорларининг саховатидан, атиги икки ракаат учун тўкиб ташланган инъомларидан суюниб,"яна ҳам кўпроқ хушуъ ва хузуъ билан ўқисак бўлар экан" деб афсусланишади.
Холиқо бизларни шулар жумласидан, намозхон, художўй бандаларингдан қилгин.
Мўмин беш маҳал намозни ўз вақтида жамоат билан ўқишга маъмур. Намоз - имтиҳон, ихтибордир.Чин мўмин билан мунофиқни ажратиб берадиган белги. Беш маҳал намоз ичида бомдод алоҳида хусусиятларга эга. Қўйида бомдод намозининг айрим хусусиятларини санаб ўтамиз.
Биринчи хусусият: Бомдод намозини жамоат билан ўқиган кишига берилажак ажрнинг улуғлиги. Бу ҳақида бир неча ҳадислар келган.
Бомдод ҳақидаги биринчи ҳадис: "Хуфтон намозини жамоат билан ўқиган киши гўё туннинг ярмигача ибодат қилибди, бомдод намозини жамоат билан ўқиган киши гўё туннинг ҳаммасини ибодатда;намозда ўтказибди".
Хуфтон билан бомдодни жамоат билан ўқиб, бу икки намоз ўртасида ухлаган киши кечаси билан ибодат қилганлик ажрга ноил бўлади.
Ҳадис маъносига диққат қилинг,"хуфтонни жамоат билан ўқиса","бомдодни жамоат билан ўқиса" дейилмоқда. Уйда ўқиганлар бундан мустасно.
Қиёмул лайл - кечаси таҳажжуд намозини ўқиш сарваримиз с.а.в ва у кишига эргашган солиҳ кишилар суннатидир. Таҳажжуд кечанинг бирон бир қисмида, кечанинг аввалида ё ўртасида ёки кечанинг охирги учинчи қисмида ўқилади. Пайғамбаримиз ҳаётлари давомида гоҳ кечанинг аввалида, гоҳ ўртасида, гоҳ кечанинг охирги учинчи қисмида таҳажжуд ўқиганлар. Ҳаётларининг сўнги дамларида кечанинг охирги учинчи қисмида ўқиганлар. Бомдод ва хуфтонни жамоат билан ўқиганларга кечанинг ҳаммасида қиёмул лайл савоби ёзилади.
Мўмин бақадриҳол кечаси туриб намоз ўқиши керак. Кечанинг ҳаммасини ибодатда ўтказиш матлуб эмас. Илло рамазон ойининг охирги ўн кунлиги умуман ва хусусан лайлатул қадр кечаси кутиладиган охирги тоқ кунлари кечанинг ҳаммасини ибодат билан ўтказилади.
Айримлар йил бўйи намоз ўқимай, ўқиса ҳам уйидан чиқмай ўқиб, лайлатул қадрни топишга ҳаракат қилишади. Бу умуман олганда яхши, бироқ шуни унутмаслик керакки, лайлатул қадр кечаси беш маҳал намоз ўқийдиганларга Аллоҳ таолонинг ҳадяси. Яратгувчининг ҳамиша ўзига бўйин- синувчи намозхон бандаларига туҳфаси. "Йил бўйи намоз ўқидиларинг, мана бу кечани ибодат - намоз, тиловатул қуръон, зикр, истиғфор, дуо ва бошқа амали солиҳлар билан ўтказинглар. Мен бу кечага минг ойнинг ажрини бергум” деганидир.
Бомдоднинг ажри ҳақидаги иккинчи ҳадис: "Тонгги ва тунги салқинда намоз ўқиган киши жаннатга киргусидир".
Яъни,"бомдод ва хуфтонни доим ўқиб юрган киши жаннатга биринчидан бўлиб киради", дейди уламолар.
Қишда бу икки маҳал жуда совуқ бўлади. Ёзда эса оромбахш салқин бўлади. Совуқ кунлари юмшоқ ва иссиқ ўринни тарк этиб, таҳорат олмоқ учун, таҳоратдан кейин икки ракат намоз ўқиб масжидга чиқмоқ учун иймон керак. Ёз кунлари эрталабки салқинда уйқудан воз кечиш учун ҳам иймон керак. Иймон нидосига жавоб бериб бу икки оғир ҳисобланган вақтда намозга қойим бўла олганлар жаннатга киради.
"Қоронғи кечаларда масжидларга қадам босиб келувчи- ларни Қиёмат кунидаги тўлиқ нур билан башорат беринг".
Яъни бомдод билан хуфтонни масжидда жамоат билан ўқиш учун қадам босганларга "қоронғида Аллоҳ учун масжидга қадам босиб келганингиз учун Қиёматда тўлиқ нурга эга бўласиз", деб хушхабар беринг.
Қиёмат кунида инсонлар маҳшар қоронғилигидан чиқиб Сирот - жаҳаннам устига ўрнатилган кўприк ёнига келишади. Шу пайтгача мўминларга ҳамроҳ бўлиб келаётган мунофиқлар Сирот олдида мусулмонлардан ортда қолиб, бутунлай ажраб кетишади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз r га Сирот олдида бўладиган воқеаларни хабар бериб дейди:
(У Кунда мўмин ва мўминаларнинг (Сирот устида) олд ва ўнг томонларидан нурлари барқ уриб кетаётганларини кўрасиз. (Малоикалар мўмин ва мўминаларни суюнтириб): Сизларни остиларидан анҳорлар оқиб тургувчи жаннатлар билан қутлаб хушхабар берамиз. Сизлар у ерда мангу қоласиз. Бу - ҳақиқий ғалабадир, дейдилар) Ҳадид 12-оят.
Мусулмонларни илдам-жилдам Сиротдан ўтаётганларини кузатиб турган мунофиқлар мўминларга ялиниб : "انظرونا" дейишади. Бундан икки маъно англанади. Биринчиси: "Бизни кутиб туринглар, биз ҳам сизлар билан бирга ўтиб олайлик". Иккинчиси:"Бизга бир қараб қўйинглар, нурларингдан фойда- ланайлик".
Қиёмат кунининг Хўжаси бу кўринишни қўйидагича тасвирлайди:
(У Кунда мунофиқ кишилар ва мунофиқ хотинлар иймон келтирганларга:"Бизга қараб туринглар, биз ҳам нурларингиздан фойдаланайлик", дейдилар)
Бу ялинишга (ارجعوا وراءكم فالتمسوا نورا] деб жавоб берилади, яъни (Ортингизга қайтиб нур излайверинглар) дейилур. Бунинг маъносини айрим муфассирлар қуйидагича тушинтиришади. "Ортингларга қайтиб, яъни дунёга қайтиб бориб, нурни ўша ердан изланглар. Биз нурни иймон, ислом, солиҳ амаллардан олганмиз, сизлар ҳам ортга қайтиб биз олган жойдан нур олаверинглар" демакдир.
Энди ортга қайтиб бўладими?! Орқага йўл йўқ. Олдинда эса Сирот. Сирот жаҳаннам устига ўрнатилган кўприкдир. Ҳоким Саҳиҳида келтирган саҳиҳ ҳадисда келади:
"Қиёмат кунида Аллоҳ одамларни жамлайди... Уларга қилган амаллари миқдорича нур берилади. Кимгадир олд томонидан тоғ каби нур, кимгадир ундан ҳам каттароғи берилади. Кимгадир ўнг томонидан бир дона хурмо дарахти миқдорича нур берилса, кимгадир бундан озроқ. Сиротдан охирги ўтгувчига оёғининг бош бармоғи миқдорича нур берилади. У гоҳ ўчиб, гоҳ ёниб туради. Ёнган пайтида қадам босиб олдинга юради, ўчганда тўхтайди. Шу тарзда барчалари Сиротдан ўтиб олишади. Сирот эса қиличдек ўткир ва сирпанчиқ. Уларга:"Нурларингга кўра юринглар!, дейилур".Кимдир юлдуз учишидек тез ўтиб кетади, кимдир шамолдек визиллаб ўтади, кимдир..."
Мунофиқ кишигина бомдод ва хуфтонни жамоат билан ўқий олмайди. Бухорий Саҳиҳида келган ҳадисда "Мунофиқлар учун энг оғир намоз бомдоддир"дейилган.
Росулуллоҳ с.а.в марҳамат қилиб дедилар:"Қоронғи кечаларда масжидларга қадам босиб келувчиларни Қиёмат кунидаги тўлиқ нур билан башорат беринг".
Аллоҳ берган имкониятдан оқилона фойдаланайлик. Беш маҳал намозларни, хусусан бомдод ва хуфтонни масжидда ўқишга шошайлик. Афсус-надомат фойда бермайдиган кунда, бир томондан жаҳаннам алангаси, бир томондан надомат, ўкинч ўтидан ловвиллаб ёнишдан олдин Аллоҳга қул - банда эканимизни эслайлик.
Тўртинчи ҳадис: "Агар одамлар намозга эрта боришнинг (фазилати ва савобини) билишганда эди,(ҳар нарсани ташлаб) унга шошган бўлур эдилар. Хуфтон ва бомдод(нинг фазли ва савобини) билишганда эди, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келишар эди". Муттафақун алайҳ.
Яъни касалманд бўлса ҳам судралиб келишга ҳаракат қилган бўлар эди.
Соғ одамнинг жамоатни тарк этиб намозга чиқмаслиги гуноҳ бўлиш билан бирга соғлик неъматига ношукрлик ҳамдир.
Бешинчи ҳадис:
"Қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқиган бирон кимса жаҳаннамга кирмайди".Муслим ривояти.
Яъни, бомдод ва аср намози. Бу ҳадисни мулло Али қори қўйидагича изоҳлайдилар: "жаҳаннамга кирмайди"дан мурод ё асло азобланмайди ёки баъзи бир гуноҳлари учун жаҳаннамга кирсада, лекин унда абадий қолиб кетмайди. Мирқот 2319
Иккинчи хусусияти: Бомдод намози ўқиладиган вақт малоикалар ҳозир бўлиб жамланадиган وقت مشهود муборак вақтдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дейдилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салломнинг "Жамоат намози сизларнинг ёлғиз ўқиган намозингиздан йигирма беш баробар ортиқдир. Кечки ва кундузги малоикалар бомдод намозига ҳозир бўлишади", деганларини эшитдим .Сўнгра Абу Ҳурайра:"Истасаларинг (малоикалар бомдод намозига ҳозир бўлурлар) оятини ўқинглар",- деди.
Учинчи хусусият: Аллоҳ таоло бу вақтда бандалари ҳақида сўрайди.
"Кечки ва кундузги малоикалар бомдод ва аср намозида сизларга тушиб алмашадилар. Сўнгра сизлар орангизда тунаган малоикалар осмонга кўтариладилар. Улардан Парвардигор сўрайди, (ҳолбуки Аллоҳ бандаларини улардан кўра яхши билади):"Бандаларимни қай ҳолда ташлаб келдиларинг?"Малоикалар жавоб беришади"Уларни ташлаб келаётганимизда ҳам намоз ўқиётган эдилар, уларга келганимизда ҳам намоз ўқиётган эдилар". Муттафақун алайҳ.

Тўртинчи хусусият: Бомдод намозини ўқиганлар Аллоҳнинг зиммасида, яъни ҳифзу ҳимоятида бўладилар.
"Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳ зиммасидадир". Яъни дунё ва охиратда омонда бўлур.
Бешинчи хусусият: Бомдоддан кейин ҳайъатини ўзгартирмай, ўз ўрнида ўтириб ўн марта ихлос калимасини айтган кишига бериладиган ажр-мукофот жуда буюкдир.
Мен билан биргаликда бу ажрларни сананг.

Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Росулуллоҳ с.а.в дедилар: "Кимки бомдод намозидан кейин тиз чўкиб ўтириб, (дунёвий гапларни) гапирмасдан олдин, ўн маротаба Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, ла шарика лаҳ. Лаҳул мулк, валаҳул ҳамд, юҳйи ва юмит ва ҳува ала кулли шайъин қодир" деса унинг учун:

1) Ўнта ҳасанот (яхшилик) битилади.
2) Ўнта саййиот (ёмонлик) маҳв этилади.
3) Даражаси ўн баробар юқори кўтарилади.
4) Ўша куни барча ёмонликдан қўрғонда бўлади.
5) Шайтондан қўриқланади.
6) Шу куни ҳеч бир гуноҳ у одамга етиб (ҳалокатга солмайди) илло ширкгина ҳалок қилади."

Бошқа ривоятларда бомдод билан бирга шом (фарзидан) кейин дейилган.
Мулло Али Қори Мирқотда Тийбийдан нақл қилиб дейдилар: "Бу ҳадисда жуда ажойиб ташбиҳ бор. Тавҳид калимасини қўрғонга ўхшатиляпти. Бомдод ва шом намозларидан кейин дунёвий сўз гапирмай туриб, юқоридаги муборак калималарни (маъноларини англаб) айтган киши шу қўрғонга киради. Бу қўрғон ичида енгил саҳву хатоларга тушиб қолиши унинг охиратини куйдирмайди. Илло тавҳид қўрғонидан чиқишгина уни ҳалокатга етаклайди". Яъни намоз ўқиб туриб, ла илаҳа иллаллоҳ деб туриб ширкона эътиқодда бўлса, унинг намози унга фойда бермайди.

Олтинчи хислат: Бомдод намозни жамоат билан ўқигандан кейин ўз ўрнида ўтириб қуёш чиққунга қадар Аллоҳни зикр қилиб, қуёш камон ўқи миқдорича кўтарилгандан кейин икки ракаат намоз ўқиган кишига ҳаж ва умранинг тўлиқ савоби берилади. Имом Нававий الأذكار номли китобларида дейдилар:"Кундузги зикр вақтларининг энг шарафлиси бомдод намозидан кейиндир".
Термизий ва бошқа муҳаддислар Анас ибн Моликдан ривоят қилишади:
"Кимки бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунга қадар ўтириб Аллоҳни зикр қилса, сўнгра икки ракаат намоз ўқиса, унга комил ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ бўлади".

Еттинчи хислат: Бомдод намозининг суннати дунё ва ундаги ўткинчи матолардан яхшидир.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар, Росули Акрам с.а.в марҳамат қилиб дедилар: "Тонгдаги икки ракаат намоз ,(яъни бомдоднинг икки ракаат суннати) дунё ва дунёдаги нарсалардан яхшироқдир". Муслим ривояти.

Саккизинчи хислат: Бомдодни тарк этиш; ўқимаслик азоб-уқубати оғир гуноҳдир.
Росулуллоҳrга жаҳаннамда азобланаётган кишилар кўрсатилди. Шулардан бири фарз намозига ухлаб қолган, яъни бомдодга турмаган кишидир. Росулуллоҳ с.а.в дейдилар:
"Бу кеча икки киши (малак) ёнимга келиб мени уйғотишди ва менга "юргил" дедилар. Мен улар билан бирга кетдим. Бир жойга борсак, бир киши чалқанча ётибди. Унинг тепасида бошқа бир киши (малак) туриб қўлидаги тош билан унинг бошига уриб майиб қилмоқда.(Зарба билан урилган) тош сапчиб нарига бориб тушарди. Киши тошни олиб келгунча майиб бўлган бош ўрнига келиб, тузалиб қолади. Шу тариқа тик турган киши чалқанча ётган кишининг бошини қайта-қайта мажақлаб азоб берар эди. Мен (ҳайрат ичи): "Субҳаналлоҳ! Булар ким?!",-деб сўрадим. У икки малак: "Юринг, кетдик",-дейишди.Кейинроқ буни изоҳлаб:"Боя сиз кўрган боши мажақланаётган киши авваллари Қуръон тиловат қилиб юриб, кейин ташлаб қўйган ҳамда фарз намозини ўқимай ухлаган кишидир",- дедилар.
Ибн Арабий дейди:"Уйқу ўрни бошда бўлгани учун жазо ҳам ўша жойга берилмоқда. Бу ҳадис Саҳиҳ Бухорийнинг "Таъбир китоби"да келган.
Икки малак Росулуллоҳ с.а.в ни олиб жаҳаннам ва жаннатни кўрсатади. Росулулоҳ r жаҳаннамда (Барзах) азобланаётган бир неча кишини кўрадилар. Кўрган-билганларининг ҳаммасини саҳобаларга сўзлаб берадилар. Ҳадисга ва унинг шарҳига мурожаат қилсангиз, кишини сергаклантирадиган, ғафлат уйқусидан уйғотиб ҳушёр қиладиган анча маълумотларни оласиз. Қўйида Росулулоҳ r хабар берган кишилар ҳақида қисқа тўхтаймиз.
Биринчисини билиб ўтдик.
Иккинчиси, оғзининг бир томони, бурни ва кўзининг бир томонига чангак (панжали илмоқ) солиб юз териси шилинаётган киши. Унинг сабабини сўраганларида "у одам уйидан чиқиб ёлғон гапирар, унинг биргина ёлғони уфққа тараларди", деб жавоб беришади.
Учинчиси, фоҳиша аёллар ва зинокор эркаклар. Улар оғзи тор, орти кенг, тандир янглиғ бино ичида азобланадилар. Остиларидан ўт-аланга кучайтирилганда қий-чув, дод-вой солиб бақирадилар.
Тўртинчиси, қон каби дарёда сузаётган киши. У қонга ўхшаш қип-қизил дарёда қийналиб сузади. Сузиб-сузиб қирғоққа етганда, дарё лабида туриб олдига кўпгина тошларни йиғиб олган киши унинг оғзига тош тиқарди. Катта тошни ютган киши яна ўша дарёга шўнғиб кетарди. Сузишдан толиқиб қирғоққа келганда, қирғоқдаги киши(малак) яна унинг оғзига тош тиқади. Тошни ютган киши яна суза бошлайди. Росулуллоҳ с.а.в"бу ким?"деб сўрайдилар. "Судхўр - рибо егувчи", деб жавоб беришади.
Бешинчиси, ярми ниҳоят гўзал, ҳусну жамолда тенгсиз, қолган ярми эса ўта хунук бадбашара, қўрқинчли кишилар. Улар яхши амаллар билан ёмон амалларни аралаштириб юборган кишилардир. Намоз ҳам ўқишади, бошқа "ишни"ҳам қилаверишади.
Азиз ўқувчи!
Саҳиҳ Бухорийнинг Таъбир китобида келган ушбу ҳадисни топиб, албатта-албатта ўқинг. Бадриддин Айнининг عمدة القاري ва Ибн Ҳажарнинг فتح الباري номли китобларига мурожаат қилинг. Ушбу ҳадисни шарҳи билан аҳли-аёл, оға-ини, қавм-қариндошлар даврасида ўқиб тааммул қилинглар. Ўйлаймизки, фарзандларингизга касб-ҳунар ўргатиш баробарида улар ичидан бирини Аллоҳнинг китобини ўқиб тушунадиган, Росулуллоҳ с.а.в ҳадисларини англайдиган илмли қилгандирсиз.

Тўққизинчи хусусият: Бомдод суннати сафарда тарк этилмайди. Мусофир сафар давомида тўрт ракаатли намозларни икки ракаатга қисқартириб ўқийди. Суннатларни ўқиш, ўқимаслик ўз ихтиёрида, аммо бомдоднинг икки ракаатини албатта ўқиши лозим.Чунки Росулуллоҳ r сафарда ҳам бу суннатни тарк этмаганлар.
Икки шаҳарда ўз уйи бўлган киши ўша шаҳарларда мусофир ҳисобланмайди. Намозни тўлиқ ўқийди. Аммо у шаҳардан бу шаҳарга сафар қилганида, сафар асносида намозларни қаср ўқийди. Уйига етгач тўлиқ ўқий бошлайди. У уйда оиласи бўлиши шарт эмас. Макка ва Мадинага келганда, икки ҳарам ичида суннатлар билан бирга нафл ибодатларни кўпайтиргани афзал.
Бомдод намозининг ёки бошқа намознинг суннатини энди бошлаганида фарзга такбир айтилса, суннатни кейинга қолдириб фарзга қўшилади. Фарздан кейин ёки қуёш чиққандан кейин бомдод суннатининг қазосини ўқиса бўлаверади. Ким суннатни уйда ўқиса, масжидга кирганда икки ракаат "таҳийятул масжид" ўқийди.

Сўнги сўз орзу ҳавас ҳақида

Ислом Аллоҳ таоло томонидан келган ҳақ диндир. У инсон фитратига, яъни унинг табиатида бор хислатларга қарши чиқмайди. Аксинча, фитрат талабларига "лаббай" деб жавоб беради. Маълумки, орзу ҳавасга берилиш инсондаги табиий, туғма хислатдир. Инсонни сув билан нондан манъ қилиб бўлмаганидек, келажакка бўлган интилиш, шавқ-завқ, орзу-истак, севги-муҳаббат каби маънавий туйғулардан ҳам тўсиб бўлмайди. Фитрат йўлида тўғаноқлик катта хатарларни келтириб чиқаради. Шунингдек, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, истак ва майлларини ўзи истаганча тасарруф қилишга йўл қўйиш ҳам айни шундай ёмон натижаларни беради. Шунинг учун Ислом фитрат талабларига жавоб бериш билан бирга уни жиловлаб, тартибга солади. Жинсга бўлган майлни фақат ҳалол йўл билан – никоҳ орқали қондиришга буюриб,зинодан қайтаради. Мол-мулкка бўлган табиий рағбатини инобатга олиб, хусусий мулкдорликка катта йўл очади. Бироқ чинакам молик Яратгувчининг Ўзи деган эътиқодни олға суриб, мол-мулк нисобига етганда камбағал, муҳтожлар ҳақини адо этишга буюради. Ўғрилик, талон-тарож, пора, рибо, метридан, литридан ва тарозудан камайтириш каби йўллар орқали пул топишни қаттиқ тақиқлайди.
Ҳар қандай фойдали яхши нарса ўз чегарасидан ўтиб кетса фойда ўрнига зиён келтириши ҳаммага маълум. Масалан овқат ейиш зарурат, лекин миқдоридан ортиқ ейиш офатдир. Уйқу керак. Мия ва бошқа аъзолар дам олиб кучга киради. Эрта-ю кеч ётавериш эса кони зарар. Чегарасидан ортиқ уйқудан пар ёстиқ биқинга ботади. Фарзандларни эркалатиш матлуб. Лекин талтайтириш манъ этилади. Тантиқ ўсган бола аввал ўзига, сўнгра ота-онасига ва жамиятга зарар етказади.
Худди шундек, инсон табиатидан ажралмас орзу-ҳавасни тартибга солинмаса, киши бошига бахт эмас, бало келтириши аниқ.

Орзу-ҳавасга берилишнинг ёмон оқибатлари

1-Қалбни қорайтиради. Кўзни кўр қилади. Орзу-ҳавас йўлида ҳамма нарсадан воз кечадиган, бемеҳр, фақат ўзини ўйлайдиган худбин, эгоист қилиб қўяди.
2-Ўткинчи дунёга ҳирсни ошириб,охиратни унуткизади.

Маъруф Кархий ва бир неча аҳли илм намоз ўқимоқчи бўладилар. Бир кишига сиз имом бўлинг дейилади. У хижолат ичра "Майли, ҳозир имомликка ўтаману, лекин кейинги намозга мендан бошқа киши ўтсин",- дейди. Шунда Маъруф Кархий: "Сиз бу намоздан кейин яшайман деб орзу қиляпсизми? Орзу ҳавасга берилиш дуруст эмас",- дейди. Ибн Аби Дунёнинг قصر الأمل китобидан олинди. Бу китобни ўқиш тавсия қилинади.
Салаф солиҳлар орзу уммонига тушиб қолишдан чўчир ва доим эҳтиёт чораларини кўриб юрардилар. Чунки Росулуллоҳ r хабар бериб дегандилар: "Одам фарзанди қариган сари унда икки нарса ёшариб бораверади - дунёга муҳаббат ва орзу ҳавасга берилиш".Бухорий ривояти.
Охиратга яқин қолганда қўлдан кетаётган дунёга муҳаббат қўйишдан Ўзи асрасин.

3-Орзу йўлида ҳар қандай жиноят ва маъсиятлардан тап тормайдиган юзсиз мужрим қилиб қўяди.

Орзу ҳавасга қаттиқ берилиш ҳар бир ёшдаги кишилардан хунук ҳисобланади. Лекин бу феъл кекса кишидан содир бўлса, мусибат бундан ҳам ачинарли ва қайғули бўлади. Кекса киши тор жинси шим, тушунарсиз ёзув ва беҳаё сурат ёпиштирилган тор футболкани кийиб юриши қанчалик айб-уят, ор ҳисобланса, кексайганда охират тадорукини кўриш ўрнига дунёга муҳаббат қўйиб, қандайдир режаларни тузиши ундан ҳам уятли, катта ордир.
Шу ерда сизларни Саҳиҳ Бухорийнинг "كتاب التمنى" "Таманний китоби"га мурожаат қилишга чақираман."فتح البارى" ва "عمدة القارى" китобларига ҳамда Ибн Аби Дунёнинг "قصر العمل" китобларига ва яна Саҳиҳ Бухорийнинг "كتاب الرقائق" ларига мурожаат қилишингизни сўрайман. Улардан нималарни орзу қилиш ва нималарни орзу қилмаслик ҳақида тўлиқ маълумот оласиз.
Маълумот ва ибрат учун шуни ҳам эслатмоқчиманки, биринчи бўлиб Исломда орзу қилган киши Варақа ибн Навфалдир. У Росулуллоҳ r нинг пайғамбарликларини билганда, илк айтган гапи:"Кошкийди мен сиз даъватингизни бошлаган пайтда ёш, навқирон йигит бўлсам. Албатта-албатта сизга ёрдамлашган бўлардим..." деган орзу бўлган экан. Варақа оламдан ўтгандан кейин Росулуллоҳ r уни тушларида оппоқ кийимда юрганини кўрганлар. "Агар у аҳли жаннатдан бўлмаганда оқ кийим киймасди" деб марҳамат қилдилар. Аҳли таъбир дейди: "Ўлган кишини қандай ҳолатда кўрилса, барзахда ҳам айни шундай бўлур".Оқ кийим яхшилик аломати экан. و الله أعلم
Росулуллоҳ r ҳам орзу қилганлар ва нималарни орзу қилиш керак, нималарни орзу қилмасликни таълим берганлар. Саҳиҳнинг "Таманний китоби"нинг биринчи ҳадисига қаранг.
Саҳобалар ҳам орзу қилишган. Жумладан Умар ибн Хаттоб Абу Убайда ибн Жарроҳдек омонатдор кишиларнинг кўпайишини орзу қилганлар.
Билол ибн Рабоҳ вафот қилаётганларида:
"غداً نلقى الأحبة محمداً و صحبه" "Эртага Муҳаммад с.а.в ва у кишининг саҳобаларига йўлиқурмиз " деб орзу қилган эканлар.
Ўлим талвасасида тилдан қолиб ётган киши ҳам орзу қилади. Бири "Илоҳо, учрашувингга муштоқман. Кетарда иймонимдан айирма. Амалларимни қабул эт" деб дуо қилса, бошқа бири бир оз муддатга орқага қайтиб амали солиҳ – яхши амаллар қилишни орзу қилар экан. Бу ҳақида Аллоҳ таоло хабар бериб дейди:

(Қачон улардан бирига ўлим келганда: "Роббим, мени (ҳаёти дунёга) қайтаринглар. Шояд, мен ҳам қолган умримда яхши амал қилсам, дейди. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Ҳақиқатда, бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то тириладиган кунларигача Барзах бордир]
Бу сўнги орзуга "كلا" "асло йўқ" деган қатъий ва кескин рад жавоб берилади. Жавобни ким беряпти? Аллоҳ! У "йўқ"деса ким ўртага туша олади?!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шарҳ .Витр, сўзи луғатда .тоқ, маъносини англатади. Ушбу фаслда ўша намознинг ҳукми, фазли, ракатлари сони ва унга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз боради.Али давоми...

12973 05:00 / 09.01.2017
Намоздаги қироатда юз берадиган хатолар .заллатул қорий, дейилади. Заллатул қорий деганда қасддан қилинмаган хато ва тойилишлар, адашишлар назарда тутилади. Бу давоми...

3514 14:00 / 03.02.2023
Оталардан бири айтади .Мен бир кун фарзандимга намоз ўргатувчи савол услубини қўллаб кўришга қарор қилдим. Мен унга ҳар доим қўпол муомала қилар эдим. .Масжидга давоми...

2144 09:00 / 10.03.2023
Уйда бўлмаганингизда фарзандларингизни намозини қандай қилиб текширасизОталардан бири айтади .Ишим туфайли ҳафтада беш кун уйда бўлмайман. Афсуски, давоми...

3543 09:00 / 24.02.2023
Аудиолар

120314 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41952 14:35 / 11.08.2021