1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Нафс офатлари (24-тавсия)

05:00 / 28.02.2017 7470 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафс офатлари (24-тавсия)

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Уч кишига Аллоҳ қиёмат куни гапирмайди, назар солмайди ва покламайди. Уларга аламли азоб бор», дедилар». «(Унда) булар ноумид бўлиб, зиёнда экан-да! Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким?» дедим. «(Улар – кибрланиб) изорини  судраб юрувчи, берганини миннат қилувчи, савдо молини ёл­ғон қасам билан ўтказувчилар», дедилар».

Бешовларидан фақат имом Бухорий ривоят қилмаган.

 

Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар учун энг қўрққаним – қоринларингиз ва фаржларингиз борасидаги тойдирувчи шаҳватлар, залолатга элтувчи фитналардир», дедилар».

Розийн ривоят қилган.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм қилишдан қўрқинглар! Чунки зулм – қиёмат кунининг зулматларидандир. Зиқналикдан қўрқинглар! Чунки зиқналик сизлардан олдингиларни ҳам ҳалок қилган, бир-бирининг қонини тўкишгача, ўзларига ҳаром бўлган нарсаларни ҳалол санашгача олиб борган», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

 

Изоҳ: Зулмкор одам қиёмат куни унинг йўлини ёритадиган солиҳ амаллардан маҳрум бўлиб, зулмат гирдобида қолиб кетади. Чунки Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг 8-оятида: «У Кунда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борур», деган.

 

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким сумъа қилса, Аллоҳ уни эшиттириб қўяди. Ким риё қилса, Аллоҳ уни кўрсатиб қўяди», дедилар».

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган.

 

Изоҳ: Риё – бирор амални одамлар кўрсин деб қилишдир. Сумъа – бирор амални одамлар эшитсин деб қилишдир. Шариат истилоҳида бундай амаллар кичик ширк ҳисобланади.

Ким бирор амални одамлар эшитсин деб қилса, Аллоҳ унинг нияти холис эмаслигини одамларга эшиттириб, шарманда қилади. Ким бирор амални одамлар кўрсин деб қилса, Аллоҳ унинг нияти холис эмаслигини одамларга кўрсатиб, айбларини очиб қўяди.

 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Уч тоифага Аллоҳ қиёмат куни гапирмайди, назар солмайди ва покламайди. Уларга аламли азоб бор. Улар – кибрланиб, изорини судраб юрувчилар, берганини миннат қилувчилар, савдода молини ёл­ғон қасам билан ўтказувчилардир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳаромдан ризқ ейишидан, шаҳватни ҳаром йўл билан қондиришидан ҳамда залолатга кетказувчи фитналардан энг кўп қўрққан эканлар.

3. Зулм қилишдан сақланиш керак, чунки зулм қиёмат кунининг зулматларидандир.

4. Зиқналикдан сақланиш керак, чунки зиқналик олдинги умматларни ҳалок қилган, бир-бирининг қонини тўкишгача, ўзлари учун ҳаром бўлган нарсаларни ҳалол санашгача олиб борган.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига давоми...

3011 14:00 / 03.03.2021
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

5754 15:10 / 06.02.2019
АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШдавоми Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат унга жой давоми...

5087 18:12 / 08.08.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Менга шундай бир амални айтингки, уни қилсам, давоми...

7055 16:11 / 15.04.2017