1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Набийларнинг мўъжизалари

22:51 / 02.12.2016 4121 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар.

  Истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг изни ила Набийларга уларнинг Набийлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш мўъжизадир.
Кофирлар, одатда, Набийларни инкор қилиш билан бирга ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида доимо турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча Пайғамбарларга худди шундай таклифлар қилганлар. Аллоҳ Ўз Пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун Пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.
Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.
Моддапарастлик авж олиб, ҳар бир нарса моддий асосга эга, деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.
Ўтган Пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалари ҳам амалдан қолган. Чунки, уларнинг Набийликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.
Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки, У зотнинг Набийликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун, У зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза–Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.
У зоти бобарокат ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат тургунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам, қачон мушрик ва кофирлар у кишидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.
Бошқа Пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма Пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан, катта шов-шув қилинмасди.
Ўзини билган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Расулуллоҳ  алайҳиссалом Исро ва Меърож қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини турлича тутди ва ҳар хил гап айтди.
Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:
«У зот шу гапларни айтдими?»–деб сўрадилар.
«Ҳа»,–дедилар.
У киши:
«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман»,–деди.
Улар:
«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!»–дейишди.
Абу Бакр:
«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман»,–деди.
Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари У зотнинг Набийликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатиш талаб қилган пайтда ҳам уларга Қуръони Карим мўъжиза сифатида рўкач қилинар эди.
Бунга «Анкабут» сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин: «Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-, 51-оятлар).
Кофирлар хаёлига нима келса, гапираверади. Улар Муҳаммадга Роббидан оят-мўъжизалар тушса эди, дедилар. Ҳа,
«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар».
Эй, Пайғамбар!
«Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин».
Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда туширади. Кимга керак бўлса, ўшанга туширади. Қанча керак бўлса, шунча туширади. Набий эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида, уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.
Нима учун улар мўъжиза тушишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қАршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий боқий мўъжиза–Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!
«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»
Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!
«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир».
Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш учун кишида иймон бўлиши керак.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мўъжизалари.
Аввал таъкидлаб ўтилганидек, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг Пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди.
Шундоқ бўлса ҳам, мазкур мўъжизалар у зотнинг ҳаётларида кўп марталаб содир бўлганини ҳамма таъкидлайди. Бу ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Қуйида ана ўша мўъжизаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.
У зотнинг панжалари орасидан сув чиқиши.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Завроода саҳобалари билан турганларида у зотга бир идиш келтирилди. Шунда у зот қўлларини идишга солдилар. Бас, у зотнинг панжалари орасидан сув чиқа бошлади. Қавм таҳорат қилди. Қатода айтди:
«Мен Анасга, «нечта эдинглар?» – дедим.
«Уч юзта ёки уч юзта атрофида», – деди».
Икки шайх ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана энди навбатдаги мавзу ndash қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади. .Ва тўрт калима ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади,. Кимга давоми...

3779 14:00 / 31.05.2021
Қиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони Каримнинг Каҳф ва Анбиё сураларида оятлар келган. Аллоҳ таоло Каҳф сурасида .Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида давоми...

2296 19:00 / 14.03.2023
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

8428 21:12 / 22.07.2017
Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўрарлар .Роббимиз, давоми...

5960 19:14 / 21.02.2018
Аудиолар

118755 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40714 14:35 / 11.08.2021