1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўққиз васиятлари (2-қисм)

16:46 / 02.05.2018 4651 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3. «Хамр (ароқ) ичма, чунки хамр барча ёмонликларнинг калитидир».

Ароқ ичишни ўзига раво кўрган одам бошқа барча ёмонликларни ҳам тап тортмай қилаверадиган бўлади. Бу ҳақиқатни қуйидаги ривоятдан тўлиқ тушуниб олишимиз мумкин.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у (қиз) билан борди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёлнинг ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл:

«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди. Эркак:

«Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди.

Аёл унга ичирди. Эркак:

«Менга яна беринглар», деди.

Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди.

Шундай экан, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул-абад иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолса ҳам, бири иккинчисини чиқариб юборади».

Бошқа бир ривоятда:

«Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган.

Насаий ривоят қилган.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши хамрдан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар.

«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир».

Ҳа, хамр бор жойда исфлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб, ундан ҳамма болалар туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб, барча ифлосликлар ундан келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.

«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди».

У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.

«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди».

Одатда ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади, чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга ҳамиша шерик бўлгани учун уларни эътиборга олишмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар хил ҳийла-найрангларни ишга соладилар.

«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради».

Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай, хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишини, гувоҳликка ўтишини илтимос қилди. Унинг бундай иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди.

Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ундан ўзини олиб қочиши мумкин.

Чўри қизни юборганида эса аёлнинг кимлиги сир қолади. Бунинг устига, ҳар қандай одам чўриси бор аёлни обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқиши эп кўрилмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди.

Гувоҳликка ўтишини сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага тайёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли.

Хуллас, бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.

«Эркак у (қиз) билан борди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди».

Гувоҳликка ўтиб, савобли иш қиламан, деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб, унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошлашди.

Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз бекасининг амрини бажарар, тақводор эркакнинг уйдан қайта чиқиб кета олмаслиги чорасини кўрар эди.

«Охири бир гўзал аёлнинг ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди».

Гувоҳликка ўтиб, савоб касб қиламан, деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кема-кет эшиклардан ўтгач, ўзига оро бериб, кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган суратга кириб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмас эди. Унинг ёнида бир ёш қул (ғулом) турарди. Нарироқда эса бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди, маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан, бирданига асл мақсадини айтиб қўя қолди. Аёл:

«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди.

Бузуқ аёл аввал тақводор кишига уни алдагани ҳақида хабар берди.

«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ», деди. Унга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйишади. Шу билан бирга, ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу бузуқ аёл ҳам шундай қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, у кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди:

«Аммо сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди.

Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб, усталик билан гапирди.

Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини, шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо «хўп» деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади.

Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У «Идишдаги ҳамма хамрни ичасан», демади. Тақводор киши агар ҳаммасини ичса, маст бўлиб қолиб, бошқа ишларни ҳам қилиб қўйиши мумкинлигидан қўрқиб, ичишдан айниб қолиши мумкин. «Фақатгина бир қадаҳ ичасан», дейилганда эса озгинагина хамрни эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин.

Учинчи ўринга оғир ишни – ғуломни ўлдиришни қўйди.

У аёл тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ, демоқчи бўлди.

Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатиш имкони ҳам йўқ. Бировнинг уйида, хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, ҳеч кимга зарар етмайдигани – бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса ичибди-да. Кейин тавба қилса, гуноҳи ювилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб:

«Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди.

У ўзича масалани ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичади-да, қутулади. Аёл худди мана шу гапни кутиб турган эди.

«Аёл унга ичирди».

Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига кирганидан кейин унга ўз таъсирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак:

«Менга яна беринглар», деди.

Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамрдан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни ичиб-ичиб, ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди.

«Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».

Мастликда ўзи билмаган ҳолда мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб, ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди.

«Шундай экан, хамрдан узоқда бўлинглар!»

Ким унга яқинлашса, ифлосликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада кўп нарсалардан, ҳаттоки инсон учун энг азиз нарса бўлган иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.

«Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул-абад иймон билан жам бўла олмас».

Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир.

«Агар иккиси жамланиб қолса ҳам, бири иккинчисини чиқариб юборур».

Шунинг учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабида: «Хамр ичувчи хамр ичганида унинг иймони ташқарига чиқиб туради», дейилади.

Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан таъсирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Хамрга мубтало бўлган бандаларга Аллоҳ таоло инсоф берсин, уларни ифлосликлар онасининг чангалидан қутқаришида Ўзи ёрдам берсин.

Энди ижозатингиз билан яна бир ривоят ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтайлик.

«Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган.

Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.

1. Миннатчи.

Ўзи қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони Каримда ҳам, Набий алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учрашган, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса уларнинг жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло:

«Садақаларингизни миннат ва озор ила ботил қилманг», деган.

Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлигидан жоиз ҳисобланади.

2. Оқ қилинган.

Ота-онасига оқ бўлиш қанчалик оғир гуноҳ эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Оқ бўлиш туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканини очиқ кўрсатиб турибди.

3. Хамрни сурункали ичувчи.

Демак, хамрни сурункали ичиш ҳам миннатчи ва ота-онасига оқ бўлганнинг гуноҳи билан баробар экан. Шунинг учун ҳам уларга қўшилиб дўзахга кирар экан. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

5. Ота-онангга итоат қил. Гарчи улар сенинг бор мол-дунёингни сарфлашга буюрсалар ҳам, улар учун сарфла.

Ота-онага итоат қилишга катта эътибор беришимиз лозим. Модомики маъсият эмас экан, яъни Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган нарса бўлмаса, ҳаммасида ота-онага итоат қилишимиз керак.

Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган ишга амр қилсалар, узр айтилади. Мисол учун, ароқ олиб келишга буюрсалар, «фалон гуноҳ ишни қил», «ҳаромдан мол топ» ёки шунга ўхшаган нарсаларни айтсалар, «Узр, бу ҳаром, агар буни қилсам, Аллоҳга гуноҳкор бўлиб қоламан. Бу менга жоиз эмас. Сизларни ҳурмат қиламан, лекин бу тарафдан узрни қабул қиласизлар», деган маънода узр айтилади.

6. Ишбошилар билан мансаб талашма, гарчи ўша мансабга ўзингни лойиқ деб билсанг ҳам.

Ҳамма инсонлар айнан мансаб талашиш кўпгина ёмонлик ва душманликларга сабаб бўлишини яхши биладилар. Аввало, нолойиқ шахснинг мансабдор бўлишига йўл қўйилмайди. Аммо мансабдор бўлганидан кейин у билан мансаб талашилмайди.

7. Жанг пайтида душмандан қочма, гарчи ҳалок бўлсанг ҳам, шерикларинг қочиб кетса ҳам.

Ватан ҳимояси ва халқ омонлиги йўлида душманга қарши курашда сафни ташлаб қочиш катта гуноҳ ҳисобланади. Бу гуноҳдан ҳам ҳазир бўлиш лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
547. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлса, агар унинг давоми...

4772 17:00 / 06.08.2021
Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот бир жамоатни кўрдилар ва Улар нега тўпланиб давоми...

4073 12:05 / 24.11.2018
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувофиқ иш қилиш.3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн давоми...

5517 17:30 / 30.03.2018
384. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Салама ўлганида .Ғариб ғурбатда ўлди. Унга бир йиғлайки, гап бўлиб юрсин,, дедим. Унга йиғлашга тайёрланиб давоми...

3002 14:06 / 10.07.2020
Аудиолар

120083 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар