1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (16-дарс)

05:00 / 09.01.2017 3712 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

26‑Матн:

Ташаҳҳуд ҳолатида икки қўлларини икки сонларига қўярдилар ва: “Аттаҳийяту лиллааҳи вас солаваату ват тоййибаат, ассалааму ъалайка айюҳан набийю ва роҳматуллооҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму ъалайнаа ва ъалаа ъибаадиллааҳис соолиҳийнАшҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳуу ва росуулуҳ”, дердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалга қаъдадаги ташаҳҳудда ушбу миқдордан зиёда қилмас эдилар.

 26‑Матннинг далиллари:

۱-عَن عبد الله هُوَ ابْن مَسْعُود رَضِيَ اللَّهُ عَنْه ، قَالَ : كُنَّا  مَعَ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الصَّلَاة قُلْنَا : السَّلَام عَلَى الله من عباده ، السَّلَام عَلَى فلَان وَفُلَان  ، فَقَالَ النَّبِي  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : " لَا تَقولُوا : السَّلَام عَلَى الله فَإِن الله هُوَ السَّلَام ، وَلَكِن قُولُوا : التَّحِيَّات لله والصلوات والطيبات ، السَّلَام عَلَيْك أَيهَا النَّبِي وَرَحْمَة الله وَبَرَكَاته ، السَّلَام علينا وَعَلَى عباد الله الصَّالِحين ، فَإِنَّكُم إِذا قُلْتُمْ ذَلِك أصَاب كُلَّ عبدٍ صالحٍ فِي السَّمَاء ، أَو بَين السَّمَاء وَالْأَرْض ، أشهد أَن لَا إِلَه إِلَّا الله وَأشْهد أَن مُحَمَّدًا عَبده وَرَسُوله. لفظ البُخَارِيّ وَهُوَ مُتَّفق عَلَيْهِ

1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Намозда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Биз: “Ассалааму алаллооҳи мин ибаадиҳии, ассалааму алаа фулаанин ва фулаан”, дердик. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ассалааму алаллооҳи”, деманглар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи Саломдир. Лекин: “Аттаҳийяту лиллааҳи вас солаваату ват тоййибаат, ассалааму ъалайка айюҳан набийю ва роҳматуллооҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму ъалайнаа ва ъалаа ъибаадиллааҳис соолиҳийн”, денглар. Агар сизлар шуни айтсанглар осмондаги ёки осмон ва ер орасидаги барча бандага етиб боради: Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳуу ва росуулуҳ», дедилар. Имом Бухорий ривояти. 1/115.

Баззор айтади: “Ташаҳҳуд борасида менинг наздимдаги энг саҳиҳ ҳадис Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисидир. Ундан йигирма нечта ҳам йўл орқали ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ташаҳҳуд борасида ривоят қилинган бундан кўра собитроқ, санадлари бундан кўра саҳиҳроқ, рижоллари бундан кўра машҳурроқ ва санад ҳамда йўллари кўплигидан бундан кўра зоҳирроқ ривоятни билмаймиз”.

Муслим айтади: “Одамлар (яъни аҳли илмлар) Ибн Масъуднинг “Ташаҳҳуд”ига ижмоъ қилишган. Чунки унинг асҳоблари бир‑бирларига хилоф қилишмаган. Ундан бошқаларнинг ривоятида бир‑бирларига хилоф қилишлар мавжуд”.

Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий айтади: “Ташаҳҳуд борасида энг саҳиҳ ривоят Ибн Масъуднинг ҳадисидир”.

Табароний “Кабир”да Абдуллоҳ ибн Бурайда ибн Хосиб йўлидан ривоят қилади. У отасининг шундай деганини ривоят қилган: “Ташаҳҳуд борасида Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳадисидан кўра яхшироғини эшитмадим”.

Демак Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган “Ташаҳҳуд” бошқа ривоятлардан кўра устундир. Чунки унинг ровийлари ривоятлари орасида ҳатто бир дона ҳарфда ҳам ихтилоф қилишмаган, балки барчалари уни бир хил сифатда нақл қилишган.

۲-عَنْ عَائِشَةَ - رضي الله عنها - : أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم كَانَ لاَ يَزِيدُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ عَلَى التَّشَهُّدِ

2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ракатда “Ташаҳҳуд”га қўшимча қўшмас эдилар”. Абу Яъло бу ҳадисни Абу Ҳувайрис ривояти билан келтирган. Абу Ҳувайрис Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган. Зоҳири шуки, бу Холид ибн Ҳувайрис бўлиб, у сиқадир. Ҳадиснинг бошқа рижоллари “Саҳиҳ”нинг рижолларидир. Эълоус Сунан, 3/105.

Ривоят қилинишича, Ҳаммод роҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг қўлидан ушлаб “Ташаҳҳуд”ни ўргатган ва шундай деган: “Иброҳим Наҳаий қўлимдан ушлаб менга таълим берган. Алқама Иброҳимнинг қўлидан ушлаб унга таълим берган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Алқаманинг қўлидан ушлаб унга “Ташаҳҳуд”ни таълим бериб: “Аттаҳийяту лиллааҳи вас солаваату ват тоййибаат, ассалааму ъалайка айюҳан набийю ва роҳматуллооҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму ъалайнаа ва ъалаа ъибаадиллааҳис соолиҳийнАшҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳуу ва росуулуҳ”, ни айт”, деган”.

Қўлидан ушлаб ривоят қилиш бошқа ривоятдан кўра кучлироқ бўлади. Чунки бунда зиёда таъкидлаш мавжуд. Ҳадис имомлари “Ташаҳҳуд” борасида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ривоятидан кўра яхшироқ ривоят нақл қилинмаганини айтишган. Чунки бунда “вов” атф ҳарфи бўлиб, у санонинг кўпайишини лозим қилади. Қоидага кўра “вов”дан олдинги жумла ўзидан кейинги жумладан бошқа эканлигини билдиради.

27‑Матн:

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  чимчалоқ ва унинг ёнидаги бармоқларини букиб, ўрта бармоқ билан бошбармоқни ҳалқа қилардилар ва кўрсатгич бармоқни “нафий”да (яъни, “ла илааҳа” калимасида) кўтариб, “исбот”да (яъни, “иллаллоҳ” калимасида) тушуриб ишора қилардилар. Шаҳодат калимасини айтиш пайтида кўрсатгич бармоқни кўтариш нафий учун,  тушуриш эса исбот учун бўлар эди.

27‑Матннинг далиллари:

۱-عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ قُلْتُ لأَنْظُرَنَّ إِلَى صَلاَةِ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- كَيْفَ يُصَلِّى...

...ثُمَّ جَلَسَ فَافْتَرَشَ رِجْلَهُ الْيُسْرَى وَوَضَعَ يَدَهُ الْيُسْرَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى وَحَدَّ مِرْفَقَهُ الأَيْمَنَ عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى وَقَبَضَ ثِنْتَيْنِ وَحَلَّقَ حَلْقَةً وَرَأَيْتُهُ يَقُولُ هَكَذَا. وَحَلَّقَ بِشْرٌ الإِبْهَامَ وَالْوُسْطَى وَأَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ.

1. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўрай деб Мадинага бордим”, деб ривоят қилган ҳадисда қуйидагиларни ҳам айтди: “Сўнг ўтириб, чап оёқларини тўшар, чап  қўлларини чап сонларига қўяр, ўнг тирсакларини ўнг сонларига қўяр ва икки (чимчалоқ ва номсиз) бармоқни йиғиб, (ўрта ва бош бармоқни) халқа қилардилар”. Мусаддад айтади: “(Ровийлардан) Бишр ибн Муфаззал бош бармоқ билан ўрта бармоқни халқа қилиб: “(Шайхим Осим ибн Кулайбниниг) шундай қилаётганини кўрдим”, деди ва кўрсатгич бармоқ билан ишора қилди”.  Абу Довуд ривояти. 1/361.

“Ташаҳҳуд”да бармоқ ишораси ҳолати борасида турли хил кўринишлар ривоят қилинган. Бу ихтилофлар ҳолатларнинг ҳар‑хил бўлганига, бу хусусда кенгчилик мавжуд эканига ҳамл қилинади.

1‑ кўриниш: Икки бармоқ чимчалоқ ва номсизни йиғиб, ўрта ва бош бармоқни халқа қилади. Бу кўриниш ҳозир келтирганимиз Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўрадир.

2‑ кўриниш: Бармоқларини эллик уч қилиб  тугиш, чимчалоқ, номсиз ва ўрта бармоқларни йиғиш билан бўлади. Кўрсатгич бармоқни ўз ҳолида қўйилади. Бош бармоқ ҳам унга тегиб туради.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозда ўтирсалар, ўнг қўлларини ўнг сонлари устига қўярдилар. (Бармоқларини) эллик уч қилиб  тугиб, саббоба (яъни кўрсаткич бармоқ) билан ишора қилар эдилар”. Муслим ривояти.

3‑ кўриниш: Барча бармоқларни йиғиб, кўрсатгич бармоқ билан ишора қилинади.

Бизга Молик хабар беради, бизга Муслим ибн Абу Марям хабар беради. У Алий ибн Абдурраҳмон Муовийдан ривоят қилади: “Менин намозда майда тошларни ўйнаётган ҳолатимни Абдуллоҳ ибн Умар кўрди. (Намозимни) тугатгач мени бундан қайтарди ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажарганларидек бажаргин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (ташаҳҳудга) ўтирсалар ўнг кафтларини ўнг сонларига қўярдилар ва барча бармоқларини йиғиб бош бармоқнинг ёнидаги билан ишора қилардилар. Чап кафтларини чап сонларига қўярдилар”, деди”. Муҳаммад ибн Ҳасан “Муватто”да ривоят қилган. 106‑саҳифа. Рижоллари Муслим рижолларидан сиқадир. Муслим санад ва матнда шу каби ривоятни чиқарган. 2/216.

4‑ кўриниш:   Бунда кўрсатгич билан ишора қилиб, бош бармоқ ўрта бармоқ устига қўйилади.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (ташаҳҳудга) ўтирсалар дуо қилар эдилар. Ўнг қўлларини ўнг сонларига қўярдилар. Чап қўлларини чап сонларига қўярдилар ва кўрсатгич бармоқлари билан ишора қилардилар. Бош бармоқларини ўрта бармоқларига қўярдилар. Чап кафтларини тиззаларига қўярдилар”. Имом Муслим ривояти. 1/216.

5‑ кўриниш: Бунда қўл бармоқларини йиғмаган ҳолда сонга қўйиб, кўрсатгич бармоқ билан ишора қилинади.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан қилган бошқа ривоятда қўлни қўйиш ва ишора қилишнинг ўзи айтилган. Лекин бармоқларни йиғиш зикр қилинмаган. Унинг лафзи қуйидагича: “Чап қўлларини чап тиззаларига қўярдилар, ўнг қўлларини ўнг сонларига қўярдилар ва (кўрсатгич) бармоқлари билан ишора қилардилар”. 1/216.

Шунингдек Абу Довуд ва Термизийлар ҳам  Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда бармоқларни йиғиб олиш айтилмаган. Мутлақни муқайядга ҳамл қилиш бобига кўра, мутлақ келган ривоятларни бармоқларни йиғиш ривоятига ҳамл қилиш мумкин. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан бир ҳолатни, баъзан эса бошқа ҳолатни қилганлар, дейилса бунда ривоятларнинг бирини иккинчисига ҳамл қилиш эҳтиёжи қолмайди ва ҳар ким ўз устозидан нимани ўрганган бўлса ўшани қилиши афзал бўлади. Бунда бир‑бирини маломат қилиш ва мутаассиблик тўғри бўлмайди. Валлоҳу Аълам..

Бармоқлар қиблага юзланган бўлиши лозим. Бунинг учун уларни тиззанинг қирғоғига қўйиш керак бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада қилинган ривоятларнинг кўпроғи шуни тақозо қилади. Айрим ривоятларда эса 4‑5‑кўринишларда кўриб ўтганимиздек, кафтни тизза устига қўйиш айтилган. Дарҳақиқат буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган. Шунга кўра бу ривоятларнинг ҳаммасига амал қилиш мумкин, лекин аксар ривоятлар бир маънога далолат қилса ўша маъно кучлироқ ҳисобланади. Аҳли илмлар учун бу маълумдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шарҳ .Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса .Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга давоми...

8577 05:00 / 04.01.2017
...Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимиздаги маънолар Аллоҳ таоло томонидан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз томонидан бўлиб келаётган эди. давоми...

4068 05:00 / 04.01.2017
Икки азондан мурод азон ва иқомадир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас,, дедилар,. давоми...

3457 05:00 / 04.01.2017
Ҳайъатга жаноб Фаҳддан қуйидаги савол тақдим этилди.Баъзи одамлар Аллоҳга жамоат бўлиб дуо қиладилар. Мажлислардан бирида буни кўриб, ҳайратландим ва ўша кишидан давоми...

8973 21:33 / 08.11.2017
Аудиолар

118792 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40743 14:35 / 11.08.2021