1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Муҳаммад алайҳис салом қалбларининг яратилишда мукаммаллиги

15:44 / 19.04.2017 2399 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари бутун қалблар ичида 

1.    Энг яхшиси.

2.    Энг кенглиси.

3.    Энг қувватлиси. 

4.    Энг тақводорроғи.

5.    Энг мусаффоси. 

6.    Энг мулойими. 

7.    Энг меҳр-шавқатлиси эди.


Шунингдек, Ул зотнинг қалблари иймон ва қуръон нурлари билан тўлиб тошган уйғоқ ҳамда ҳушёр эди. Дарҳақиқат, қалбларнинг энг яхшиси Пайғамбар алайҳис саломнинг муборак қалблари эди. 

Имом Аҳмад ва бошқаларнинг муснадида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солди. Бандаларининг қалблари орасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларини энг яхши ҳолатда топиб ул зотни танлаб олди ва пайғамбарлик рисолати ила юборди. Кейин яна бандаларининг қалбларига назар солди. Улар орасида Пайғамбар алайҳис салом саҳобаларининг қалбларини энг яхши ҳолатда топди. Кейин уларни Расулуллоҳ динини ҳимоя қилиб курашадиган вазирлари (ёрдамчилари) қилиб қўйди. Мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, албатта ўша нарса Аллоҳ таоло наздида ҳам яхшидир. Улар нимани ёмон деб билсалар, албатта ўша нарса Аллоҳ таоло наздида ҳам ёмондир”. 

Пайғамбар алайҳис саломнинг муборак қалблари энг покиза ва энг мусаффо қалб эди. Дарҳақиқат, ул зотнинг шарафли кўкслари ёшлик чоғларида ёрилиб, ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланган. Бу ҳақда Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалар билан ўйнаётган чоғларида, Жаброил алайҳис салом ул зотнинг олдиларига келиб, ушлайди. Ерга ётқизиб кўксиларини ёради. Кейин юракларини олиб ундан бир лахта қонни чиқаради ва: “Бу сендаги шайтоннинг насибаси”, деб айтади, сўнг уни замзам суви билан олтин тоғорада ювади. Сўнг жойига қайтариб қўяди. Бу ҳолатни кўриб турган болалар шошганча ул зотнинг эмизувчи оналари олдига боришиб: “Муҳаммад қатл этилди”, деб айтишади. Дарҳол улар Пайғамбар алайҳис салом томон югурадилар, кейин ул зотни ранглари ўзгарган ҳолатда топадилар”. Анас розияллоҳу анҳу гапларини давом этиб шундай дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўксиларидаги тикилган изларни кўрган эдим”. 

Пайғамбар алайҳис саломнинг кўкслари 4 марта ёрилган:

1.    Пайғамбар алайҳис салом ёшлик чоғларида, Ҳалима онамизнинг ҳузурларида бўлганларида содир бўлади. 

2.    Пайғамбар алайҳис салом ўн ёшлик чоғларида содир бўлади. Бундаги ҳикмат шуки, ўн ёш таклиф ёши – балоғат ёшига яқин эди. Шу эътибордан У зот одатда кишилар содир етадиган қабиҳ, гуноҳ ишлардан йироқ бўлишлари учун қалблари ёрилиб мусаффо қилинган. 

3.     Пайғамбар бўлиш даври – Жаброил алайҳис салом ул зотга ваҳий олиб келганларида. Бу сафар кўкс ёрилишидаги ҳикмат муҳаққиқ олимлар таъкидлаганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада иззат-икром қилиш, қўллаб- қувватлаш ва асосийси У зотни нозил бўлажак ваҳийни энг мусаффо ҳолатда бақувват, мустаҳкам қалб ила қабул қилишларига тайёрлашдир.  

4.    Исро кечаси содир бўлган. Бу ҳақда икки саҳиҳ китобларда зикр қилингандир. Бундаги ҳикмат ҳам пешво уламолар таъкидлашларича, ул зот  соллаллоҳу алайҳи ва салламни ортиқ даражада ҳурмат қилиш, эъзозлаш, қўллаб-қувватлаш ва асосан Пайғамбар алайҳис саломни Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш, суҳбатлашиш ҳамда Жамол ва Жалол Зотнинг нурлари, асрорлари, тажаллийсини кўришга шай туришлари учун тайёрлашдир.      

Ҳофиз Қастолоний айтади: “Сўнг яна шуни билишимиз лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўксларининг ёрилиши, қалбларини чиқарилиши ва ундан бошқа шу каби содир бўлган барча ғайритабиий ишларнинг ҳақиқатини буриб юбормасдан шундайлигича қўйиб имон келтиришимиз вожиб бўлади. Чунки бундай ишларни қилиш барча нарсага қодир бўлган улуғ Зот Аллоҳ таолога нисбатан муҳол эмасдир. 

Яна Қостолоний Суютий раҳматуллоҳи алайҳининг гапларини келтирадилар, у киши айтади: “Ҳозирги замонимизда айрим нодон кишиларнинг шаққус содр (кўкс ёрилиш) воқеасини инкор қилишлари ва бу нарсани маънавий ишга буриб юборишлари, унинг устига бу воқеани айтадиганларни ҳақиқатларни бузиб гапиришга мажбурлашлари очиқ-ойдин илмсизлик, нодонликдандир. Албатта уларнинг бундай иш тутишлари Аллоҳ таоло уларга тавфиқ бермай, ёрдамсиз қолдиргани ва уларнинг фалсафа илмига чуқур шўнғиганлари қолаверса, сийрат-суннат илмининг нозик қирраларидан узоқ бўлганлари натижасида келиб чиққан қўпол хатодир”. 

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сергак, хушёр қалб ато қилган эди. Шу сабабли Пайғамбар алайҳис саломнинг  диққат-эътиборлари доимо Аллоҳ таолога қаратилган эди. Ўзларини ҳам  қалбларини ҳам ғафлат уйқуси босган эмас. Шунинг учун ҳам уйқуда кўрган тушлари ваҳий турларидан бири саналарди. Шунингдек, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, У кишининг уйқулари таҳоратларини бузмасди. Саҳиҳи Бухорий ва бошқа китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунни бедор ўтказишлари ҳақидаги ҳадиси шарифда Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Бир  куни мен: “Ё Расулуллоҳ, витр намозини ўқишингиздан олдин ухлайсизми? деб сўрадим”. Расулуллоҳ: “Эй Оиша, икки кўзим ухлайди. Қалбим уйғоқ туради”, дедилар”. 

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши: “Пайғамбар алайҳис салом ухлаётган ҳолатларида фаришталар келарди”, дедилар. Имом Термизийнинг Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларнинг олдимизга келдилар-да: “Мен тушимда худди Жаброил алайҳис салом бошим олдида, Микоил алайҳис салом эса оёғим олдида турганларини кўрдим. Уларнинг бири: 

-    У ухлаяпти, - деди. Бошқаси эса: 

-    Кўзи ухлаяпти, қалби уйғоқ, - деди. Кейин улар: 

-    Бу соҳибингизни мисол қилса бўлади, - деб айтишди. Шунда бирлари:

-    Қани, унинг мисолини қилингларчи, - деди. Улар: 

-    Унинг мисоли, худди ҳовли қуриб, унда зиёфат қилган кейин (бу зиёфатга) даъватчини юборган кишига ўхшайди. Бас, ким даъватчининг таклифига ижобат қилса, ҳовлига кириб, зиёфатдан ейди. Ким даъватчига ижобат қилмаса, ҳовлига кира олмайди, зиёфатдан ҳам қуруқ қолади, - деб мисол келтиришди. Шунда улар:

-    Энди бу мисолни Муҳаммад тушунмоғи учун изоҳланглар, - деб айтишди. Уларнинг бирлари яна: 

-    У ухлаяпти, деди. Бошқаси эса:

-    Кўзи ухлаяпти, қалби уйғоқдир, - деб жавоб берди. 

Кейин улар (келтирган мисолларини) қуйидагича изоҳладилар: “Мазкур ҳовли жаннат, даъватчи эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Бас, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолога итоат қилибди. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолога осийлик қилибди”. 

Сунани Доримийда қуйидаги ҳадис келтирилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Кўзинг ухласин. Қулоғинг эшитсин. Қалбинг эса англасин”, дейилди. Расулуллоҳ айтадилар: “Икки кўзим ухлади. Икки қулоғим эшитди. Ва қалбим англади”. Кейин менга: “Саййид ҳовли қуриб, унда зиёфат уюштирди. Ва (зиёфатга) даъватчини юборди. Бас, ким даъватчига ижобат қилса, ҳовлига кириб  зиёфатдан ейди ва ундан Саййид рози бўлади. Бас, ким даъватчига ижобат қилмаса, ҳовлига кирмайди, зиёфатдан ҳам қуруқ қолади ҳамда унга Саййиднинг ғазаби келади”, деб айтилди. Пайғамбар алайҳис салом: “Аллоҳ таоло саййиддир. Муҳаммад даъватчидир. Ҳовли исломдир. Зиёфат эса жаннатдир”, деб изоҳлаб бердилар”.


“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари бутун қалблар ичида 1. Энг яхшиси.2. Энг кенглиси.3. Энг қувватлиси. 4. Энг тақводорроғи.5. Энг давоми...

2399 15:44 / 19.04.2017
Усмон ибн Саъид Аррозий айтади ишончли дўстларимдан эшитганманки улар айтардилар Қачонки Бишр алМарисий вафот этганди унинг жанозасига аҳли илмлардан бирорта давоми...

4037 15:48 / 19.04.2017
Тилга эътибор, элга эътиборrdquoдеб бежиз айтмаган бобокалонимиз А.Навоий. Узоқ мозийдан бошланган тилга эътибор айни пайтларда ҳам ўз обрўсини йўқотмаган. Ҳар бир давоми...

6728 15:15 / 19.04.2017
Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй,Хобгоҳида дунё ётар mdash бир парирўй.Қара, унинг қучоғида мудраб борар,Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй. Эй Сен, айтгил, давоми...

4542 15:54 / 19.04.2017
Аудиолар

119937 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41637 14:35 / 11.08.2021