914 05.07.2018

Бугун «Ҳилол» марказий савдо мажмуаси яна тонг саҳардан одамга лиқ тўлди. Бир неча минг кишилик оломон сабр билан дўконнинг очилишини кутиб турди. Чилланинг иссиғи айни забтига олган бу кунда шунча одамни дўконга нима бошлаб келди? Албатта, Аллоҳнинг Каломига бўлган муҳаббат бошлаб келди. Кеча кечқурундан, ярим тундан юзлаб юртдошларимиз дўкон атрофига тўплана бошлашди. Чунки бугун нашриётимизда Мусҳафи шарифнинг навбатдаги ўн минг нусхаси чоп қилиниб, савдога чиқарилади. Бу сафар ёзнинг жазирамасини ҳисобга олиб, пешайвонлар тутилди, салқин ичимликлар олиб келинди. Бирпасда жонли навбат ташкил қилиниб, ҳаммага тартиб рақами ёзилган чипта тарқатиб чиқилди. Овоз кучайтиргичда нечанчи рақамнинг навбати келгани айтиб турилди. Харидорларимиз ажойиб исломий одоб намунасини кўрсатиб, сабр билан навбат кутишяпти. Навбати келганлар бирин-кетин дўконга кириб, мусҳафи шарифдан бир дона сотиб олиб, уни бир ўпиб, кўзига суриб, бағрига босганча хурсанд бўлиб чиқиб кетишяпти. Қуёш тиккага келиб, ҳарчанд қиздирмасин, Қуръонга ташна қалблар ҳароратидан устун бўла олмаяпти. Навбат кутиб турганларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Қариялар, кекса онахонлар, нуроний отахонлар, қиз-жувонлар, бола кўтарган келинлар, навқирон йигитлар, ёш-ёш йигит-қизчалар, болалар, хуллас, ёшу қари баравар сабр қилиб, Қуръон олишга навбат кутишяпти. Айтиш лозимки, мусҳафи шариф нашриётимизнинг Тошкентдаги ва вилоятлардаги барча дўконларига етказиб берилди. Демак, бугун юртимизда яна мусҳафи шариф байрами бўлиб ўтмоқда.

Шу кунларга етказган Роббимизга ҳамдлар бўлсинки, халқимиз ҳамон Қуръонга ташна экан, қалби Қуръонга ошно экан, Қуръонга эҳтироми ҳамон юксак экан. Кўрсатганига шукр. Бугунги кунни иймон байрами, Қуръон байрами десак арзийди. Энди Роббимиздан ўтинчимиз шуки, Ўзининг Каломига муҳаббатимизни, эҳтиромимизни бардавом қилсин, халқимизни шу мусҳафни ўқийдиган, ёд оладиган ва унга амал қиладиган халқлардан қилсин. Бу улуғ неъматларнинг шукрини адо этишни барчамизга насиб қилсин.

Азиз юртдошларимизга маълум қилиб, эслатиб ўтамизки, мусҳафи шарифнинг ушбу нашри 50000 нусхада чоп этилади. Бугунгача 20000 нусха чоп этиб, халқимизга тақдим қилинди. Иншааллоҳ, ҳар икки-уч ойда яна 30000 нусха мусҳафи шариф хонадонингизга кириб боради.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун Қуръони Каримга эҳтиром кўрсатган, гўзал одоб ва сабр намунасини кўрсатган барча азизларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Муҳтарам юртдошларимиздан илтимос қилар эдикки, мусҳафи шарифни уйга олиб боргач, бугун оила даврасида ўтириб, уни тиловат қилгандан сўнг аввало унинг чоп қилиниши йўлида хулуси ният билан ҳаракат қилган устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳақлари, у кишининг ота-оналари ва устозларининг ҳақларига дуо қилсалар. Шунингдек, бугун динимизнинг ривожи йўлида улкан хизматлар қилаётган юртбошимиз ҳамда бошқа раҳбарларимизнинг ҳақларига, қолаверса, мусҳафнинг бевосита чоп қилинишида хизматингизда қоим бўлиб турган нашриётимиз ҳамда босмахонамиз ходимларининг ҳақларига қиладиган холис дуоларингиздан ҳам умидвормиз, азизлар.

Аллоҳ таоло барча хайрли ишларимизни бардавом қилиб, Ўзи мададкор бўлсин!