1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (5)

05:00 / 11.03.2017 5280 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи фасл

Исломнинг ҳаётидаги таназзул

Икки аср ўртасини ажратиб турган чегара:

Адиблардан бири шундай деган эди: “Икки нарса борки уларнинг аниқ вақти йўқ. Шахснинг ҳаётидаги уйқу ва миллатнинг ҳаётидаги таназзул. Шунинг учун бу иккисини фақатгина улар ғолиб келиб, эгасига эгалик қилганидан кейингина билади”. Ҳақиқатда бу кўплаб миллатларнинг ҳаётида бор бўлган масаладир. Бироқ мусулмонларнинг ҳаётидаги бошланган таназзул ва пасайиш бошқа миллатларникидан кўра ёрқинроқ экани кузатилади. Биз агар камолотга етиш билан завол топишнинг ўртасини ажратиб тургувчи чегарага бармоғимизни қўймоқчи бўлсак, хулафои рошидинлар билан араб подшоҳлиги ёки мусулмонларнинг подшоҳлигининг ўртасини ажратиб турадиган ўша тарихий чизиққа қўйишимиз аниқ эди.

Исломдаги уйғониш сабабларига бир назар:

Исломга – ва билвосита оламга- йўлбошчилик қилиш иймон, эътиқод, амал, ахлоқ, тарбия, тартиб, нафс поклиги, ҳаёт тарзининг юксаклиги, комиллик ва мўтадиллик жиҳатидан ҳар бирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак мўжизалари бўлган шахсларнинг қўлларида турган эди. Уларни  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шакллантирган ва Исломнинг қолибига солиб қўйган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг жисмлари, кўнгил истаклари, ҳаракатлари, рағбатлари ва ҳою ҳаваслари ҳеч хам ўзлариника ўхшамайдиган бўлиб қолганди. Бордию бирор бир шахс диққат қилиб боқадиган бўлса уларнинг сийратлари ва ахлоқлари орасида Исломнинг руҳияти ҳамда исломий ҳаётга терс келадиган ҳеч бир камчиликни кўрмаган бўлар эди. Фаразан Ислом башар тимсолида намоён бўлганида уларнинг бирорталари сингари каби бўлишдан ошиғига ўтмаган бўларди. Улар биз айтиб ўтганимиздек, дин ва дунёнинг ҳамда у иккисининг ўртасини жамлашнинг мукаммал тимсоллари ва етук намуналари эдилар. Шу сабабли улар одамлар билан намоз ўқийдиган имомлар, уларнинг муаммоларини ечиб берадиган, уларнинг ўрталарида адолат ва илм билан ҳукм чиқарадиган   қозилар, мусулмонларнинг моллари ва хазиналари учун ишончли кимсалар бўлган, мамлакатнинг ишларини назорат қиладиган ва Аллоҳнинг ҳадларини қоим қиладиган шахслар эдилар. Уларнинг бирлари бир пайтнинг ўзида тақводор зоҳид ва мужоҳид қаҳрамон, тушунчаси ўткир қози, мужтаҳид фақиҳ, тадбиркор амир, уста сиёсатчи эди. Битта шахсда ҳам дин ва ҳам сиёсат ўз ифодасини топар эди. У ҳам бўлса халифа ва мўминларнинг амири бўлиб унинг атрофида-агар таъбир жоиз бўлса,- ана шу мактаб­ Пайғамбар мактабининг ёки масжидун набийнинг битирувчилари бор эдилар. Улар бир тану бир жон, битта тарбияни олган одамлар бўлиб халифа уларнинг фикрлари билан ўртоқлашар ва улардан фойдаланар эди. Зеро муҳим саналган ҳеч бир ишни уларнинг иштирокисиз ҳал қилмас эди. Ҳатто улардаги руҳият маданиятга, ҳукуматдаги тузимга, одамларнинг ҳаёти, жамияти ва ахлоқларига сингиб кетган, маданиятга бўлган рағбат ва майллари аксига олиб бу борадаги ўз хусусиятларини намоён қилиб бўлганди. Шунинг учун руҳ билан модданинг ўртасида адоват, дин билан  сиёсатнинг ўртасида кураш, дин билан дунёнинг ўртасида тафовут,  принсиплар билан манфаатлар ўртасида тортишув,   ғаразлар билан ахлоқлар орасида сиғишмовчилик, табақалар орасида ўзаро қирғинбаротлар ва шаҳватлар йўлида мусобақалашишлар йўқ эди.

Исломда раҳбарликнинг шартлари:

Ҳақиқатда Исломий раҳбарлик жуда ҳам нозик ва кенгқамровли  сифатларни талаб қилади. Биз уларни иккита калима- жиҳод ва ижтиҳодга жам қилишимиз мумкин. Бу иккаласи енгил ва оддий сўзлар. Аммо улар кўплаб маъноларга бой сермазмун калималардир.

Жиҳод:

Жиҳод ҳақида гапирадиган бўлсак у энг буюк мақсадга эришмоқлик учун бор куч ва меҳнатни ишга солмоқдир. Мусулмон учун энг буюк орзу Аллоҳга итоат қилиш, Унинг розилигини топиш, Унинг ҳукмига итоат этиш ва амрларига таслим бўлишдир. Бунинг учун ўша ишлар билан рақобатда бўлган ҳар қандай ақида, тарбия, ахлоқ, ғаразлар ва ҳою ҳавасга, Аллоҳнинг ҳукми ва Унга ибодат қилиш борасида кураш олиб борадиган нафслар ва дунёдаги ҳар қандай олиҳаларга қарши машаққатли ва узоқ жиҳод қилиш керак бўлади. Мусулмон одам ана шу нарсага эришадиган экан Аллоҳнинг ҳукми ва амрларини ўз атрофидаги оламда ҳамда ўз ватандошларида ижро этмоғи керак бўлади. Бу Аллоҳ таоло тарафидан келган мажбурияти ҳамда Аллоҳнинг халқига бўлган шафқатидир. Чунки якка ҳолдаги итоат ўша нарсасиз қийин ва баъзан мумкин бўлмай қолади. Бу нарсани Қуръон “фитна” деб номлайди. Маълумки бутун олам ўзидаги жамодот, наботот, ҳайвонот ва инсонлар билан бирга Аллоҳнинг хоҳишига, Унинг яратишдаги аҳкомларига ҳамда табиий қонунларига қарши бора олмайди.

Ахир хоҳласаю хоҳламаса, осмонлару ердаги барча жонзотлар Аллоҳга бўйсуниб турибди-ку?! Ҳамда Унга қайтариладилар-ку?!!

Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди.

Бундан аниқ бўладики мусулмоннинг жиҳоди шубҳасиз бу Унинг анбиёлар келтирган шариатини ижро этиши, Унинг Сўзини юксалтириш ва аҳкомларини бажариши учун бўлади. Зеро ҳукм фақат Аллоҳнинг қўлидадир ва амр фақат Уникидир. Ушбу жиҳод қиёмат кунига қадар доимий тарзда давом этаверади. Унинг саноқсиз турлари ва шакллари бордир. Шулардан бири қитол яъни жанг қилишдир. Жиҳоднинг турлари ичида энг улуғи ана шу бўлса ҳам ажаб эмас. Унинг ғояси дунёда бир-бирига тенг ва бир-бири билан рақобатда бўлган, нафслар ва интилишларни тортқилашадиган иккита куч қолмаслигидир. Фитна бўлмаслиги ва дин Аллоҳга бўлиши учун улар билан жанг қилинг”.

Ушбу жиҳоднинг талабларига кўра инсон ўзи унинг учун кураш олиб бораётган Исломни, унга қарши курашаётган куфр ва жоҳилликни яхши билган бўлиши керак. Исломдан яхши хабардор, куфр ва жоҳилликдан ҳам жуда аниқ билимга эга бўлмоғи керак. Зеро ташқи кўринишлар уни алдаб қўймаслиги, рангларга мафтун бўлмаслиги учун ҳам бундай илм керакдир. Умар ибнул Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деган эдилар: “Исломни Ислом даврида туғилиб ўсган ва жоҳилиятдан хабари бўлмаган кимсаларгина қарич- қарич қилиб парчалайдилар”. Ҳар бир мусулмон куфр ва жоҳилият ҳақида, унинг аломатлари ва шакллари, турлари ҳақида аниқ билимга эга бўлиши шарт эмас. Аммо Исломга етакчилик қиладиган, куфр ва жоҳилиятга қарши курашда мусулмон лашкарларига бошчилик қиладиган кишиларнинг куфр ва жоҳилият ҳақидаги билимлари оддий ва ўртаҳол мусулмонларникидан кўра юқори бўлмоғи лозим.

Шунингдек, уларнинг тайёргарликлари мукаммал ва кучлари тўкис бўлиши, темирга темирдек балки унданда бақувватроқ бўлишлари, шамолга қарши бўрон бўлиб берадиган, куфр ва куфр аҳлини кучлари етадиган ва қўллари етадиган барча нарса билан қарши оладиган бўлишлари, ўша даврда инсоният кашф этган ва илм эришган барча нарсани- қурол-яроғлар, жиҳозлар ва ҳарбий истеъдодлар каби янгиликларни ишга солишлари керак. Бу борада ожизлик қилмасликлари ёки камчиликка йўл қўймасликлари керак: “Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз”.

Ижтиҳод:   

Ижтиҳодга келадиган бўлсак, биз у ҳақда гапирганда мусулмонларга раҳбарлик қиладиган киши мусулмонларнинг ҳаётларида, оламда, ўзлари бошқариб турган халқларда учраб турадиган воқеъа-ҳодисалар, тасодифан пайдо бўлиб янгиланиб турадиган, аввалгиларнинг фиқҳларида, бизгача етиб келган мазҳаб ва фатво китобларида ечими зикр қилинмаган масалалар борасида тўғри ҳукм чиқаришга иқтидори бор бўлиши, ана шу муаммоларни ҳал қилиб ғамда қолган умматга йўл кўрсата оладиган даражада Исломнинг руҳидан хабардор, шариат асрорларини тушунадиган, қонунчилик асосларини биладиган бўлиши, -ёлғиз ўзи ёки кўпчилик бўлиб- истинботга кучи етадиган бўлиши кераклигини назарда тутмоқдамиз.

Шунингдек унда ушбу борлиқда Аллоҳ таоло яратиб қўйган табиий ресурслардан, ер усти ва ер остида ётган бойликлар, маъданлар ва қувватдан фойдалана оладиган,  уларни ботил йўлдагилар ўз ҳою ҳаваслари учун ишлатишлари ва ер юзида такаббурлик қилиш учун восита қилиб олишлари, Шайтон ўз мақсадларини амалга ошириб ерда бузғунчилик қилишга ишлатиб қўйиши ўрнига Исломнинг манфаати йўлига бўйинсундирадиган даражадаги заковат, фаоллик, жидду жаҳд ва илми ҳам бўлиши лозим.

Етакчиликнинг лаёқатли одамлар қўлидан лаёқатсиз одамлар қўлига ўтиши:

Аммо таассуфлар бўлсинким башариятнинг бахтига қарши ушбу ўта оғир вазифа унга лаёқати йўқ, тайёр бўлмаган ва етилмаган, олдингилар ва ўзлари билан замондош бўлган кўплар ҳамда ота-боболари сингари  диний ва ахлоқий тарбияни олмаган кимсаларнинг қўлларига ўтиб кетди. Уларни мусулмон умматини бошқаришга тайёр қиладиган, унга раҳбарлик қилишга қодир қиладиган Ислом таълимотлари уларда йўқ эди. Уларнинг бошлари ҳам нафслари ҳам ўша эски тарбиянинг қолдиқларидан тозаланмаган эди. Уларда Ислом йўлида жиҳод қилишга етадиган даражада куч, диний ва дунёвий масалаларда ижтиҳод қилишга керак бўлган миқдорда қувват йўқ эдики улар мусулмонларга халифалик қилиш либосини кийишга ярасалар. Бу ҳукм одил халифа Умар ибн АбдулАзиздан бошқа Бани Умайя ва Бани Аббос халифаликларига ҳам тааллуқлидир.

Исломий ҳаётдаги бузиб кўрсатишлар:

Шундай қилиб ўша вақтдан бошлаб Исломнинг деворида ҳозирга қадар тузатилмаган ёриқлар пайдо бўлди ва Исломнинг ҳаётида бузиб кўрсатишлар содир бўлди.

Динни сиёсатдан ажратиш:

Амалда дин билан сиёсатнинг ўртаси ажратиб қўйилди. Чунки улар ўзларидан бошқа уламолар ва дин аҳлидан беҳожат бўладиган даражада илм ва дин эгалари эмасдилар. Шунинг учун ҳам улар раҳбарлик ва сиёсатни қаттиқ ушлаб олдилар. –Агар истасалар ва манфаатлар тақозо қилса,- фақиҳлар ва дин ходимларидан мутахассис маслаҳатчи сифатида маслаҳат сўрадилар. Улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаландилар ва истаган вақтларида улардан воз кечдилар. Қачон хоҳласалар уларни қисиб чиқардилар. Шундай қилиб сиёсат диннинг назоратидан озод бўлди ва мустабид кисролик ёки императорликка, золим подшоҳликка айланиб қолди. Сиёсат  тўрт томони қибла бўлган қутурган туя сингари бўлиб қолди. Диндорлар ва уламолар халифаликка қарши чиқувчи кучлар билан бетарафлар орасида қолиб ўз иши билан машғул бўлиб қолдилар ва ислоҳ этишдан умид узганча атрофда бўладиган воқеа- ҳодисалардан кўзни юмиб туравердилар. Уламолар ва диндорлар кўриб турган ишлардан таъсирланиб қўлидан ҳеч нарса келмасдан чуқур нафас олиб хўрсиниб турган танқидчи билан диний ёки шахсий манфаат ва қилган ҳар бир мақсади йўлида ҳукумат билан ҳамкорлик қилгувчининг орасида ҳам қолиб кетдилар. Ана ўшанда дин билан сиёсат айро тушди ва хулофои рошидинлар давридан олдин қандай бўлган бўлса, ўша ҳолига қайтди: дин қўли боғлиқ ва қаноти кесик бўлиб қолган бўлса, сиёсат қўли бўш, тасарруфи эркин, сўзи ўтадиган, буйруқ ва тақиқ эгасига айланиб қолди. Ўша пайтдан бошлаб уламолар ва диндорлар алоҳида бир табақа, дунё арбоблари эса бошқа бир алоҳида табақа бўлиб қолдилар. Уларнинг ўртасида катта бир фарқ, баъзида адоват ва рақобат пайдо бўлиб қолди.

Ҳукумат арбобларидаги жоҳилона ҳарактерлар:

Ҳукумат арбоблари ҳатто халифалар ҳам дин ва ахлоқнинг етук тимсоллари эмас эдилар. Аксинча, улардан кўпларининг томирларида жоҳилиятнинг илдизи ва хусусиятлари бор эди. Шунинг учун ҳам улардаги маънавият ва шахсият омманинг ҳаётига ва жамиятга сингиб кетди. Улар одамларнинг ахлоқ-одоблари, одатлари ва майлларида ўрнак бўлиб, дин ва ахлоқнинг назорати зойил бўлди. Ҳисба- назорат кўтарилди. Амри маъруф ва наҳйи мункар ишлари у таянадиган куч ва уни ҳимоя қиладиган ҳукумат бўлмагани боис ўз кучини йўқотди. Бундай ишлар билан ўзларида куч-қудрат ҳам жазо ҳам мавжуд бўлмаган ихтиёрий шахслар шуғулланар эдилар, холос.  Ва ҳолаинки, уларнинг хилофига ундайдиган омиллар мўл-кўл ва кучли эди. Шундай қилиб жоҳилият Ислом ўлкаларида бош кўтариб қолди. Одамлар дабдаба ва роҳатга, кўнгилхушлик ва ўйин-кулгуга берилиб кетдилар. Лаззатлар ва шаҳватлар ичига шўнғиб жуда ҳам ахлоқсиз бўлиб кетдилар. “Ал-Ағоний” китоби ҳамда Жоҳизнинг “Ал-Ҳаяваан” китобига бир назар солсангиз ўша пайтда лаҳвга қанчалик рағбат бўлганлигини, ўйин-кулги ва лаззатларга интилишганини, ҳаёти дунёга ва удаги қулайликларга очкўзликларини билиб олсангиз бўлади. Ана шу ҳаёт тарзи ва ана шу тубан ахлоқ билан, ўйин-кулгуга шунчалик берилган бўла туриб ҳеч бир уммат Исломнинг вазифасини адо этишга, дунёда анбиёларнинг ўринбосарлари мақомида бўлишга, одамларга Аллоҳни ва охиратни эслатишга ҳамда тақво ва диёнатга даъват этишга, ўз ахлоқлари билан одамларга ўрнак бўлишга қодир бўлмайди. Йўқ, ҳатто  узоқ вақт ҳуррият ва ҳаётнинг завқини сура олмайди ҳам: “Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳ тутган йўл ҳам шудир. Аллоҳнинг йўлига ҳеч бадал топа олмассан”.

Улар Исломни  бузиб кўрсатдилар:

Ана шу кимсалар ўзлари қилган ва қилмаган барча ишларда фақатгина ўзлари ва ўзлари олиб бораётган сиёсатнинг намояндалари эдилар. Жуда ҳам кам ҳолатларни ҳисобга олмаганда улар Исломнинг ҳам унинг шариат билан боғлиқ сиёсатини ҳам, ҳарбий қонунларини ҳам, унинг маданий низоминию ахлоқ- одобга доир таълимотларини ҳам намояндалари эмас эдилар. Шунинг учун ҳам Ислом дини мусулмон эмасларнинг қалбларидаги таъсирини ҳам ўз кучини ҳам йўқотиб унга бўлган ишончларини кучсиз қилиб қўйди. Оврўполик тарихчининг ибораси билан айтганда- Ислом таназзулга юз тута бошлаган эди. Чунки башарият янги диннинг намояндалари бўлганларнинг сўзлари рост эканига шубҳага борадиган бўлиб қолишган эди.

Фойдали бўлган амалий фанларга эътиборсизлик:

Ҳақиқатда мутафаккир уламолар экспериментал табиий фанлар ва фойдали амалий фанларга юнонлардан қабул қилиб олганлари- илоҳий фалсафа ҳамда метафизикага берганчалик эътибор бермадилар. У фанлар эса юнонлар ўз тилларида таржима қилган маҳаллий мажусийликларидан бошқа нарса эмас бўлиб, улар унга фаннинг либосини кийгаздилар. Уларнинг барчаси гумонлар, тахминлар ва маъноси ҳам ҳақиқати ҳам мавжуд бўлмаган лафзий тилсимлар эди, холос. Аллоҳ ушбу баҳс ва изланишдан, Аллоҳнинг зоти ва сифатлари, у билан алоқадор бўлган нарсалар ҳақидаги масалаларда кимёвий таҳлилга ўхшатиб таҳлил қилиш ва жузларга ажратишдан мусулмонларга Ўзи нозил қилган ҳидоят ва фурқондан иборат бўлган баёнотлар билан кифоялик ато этган ва уларни беҳожат қилиб қўйган ҳамда уларни Раббиларидан бўлган нур устига қилиб қўйган эди. Бироқ мусулмонлар ана шу буюк неъматга ношукурлик қилдилар. Узоқ асрлар давомида ана шу фанлар ва изланишларида жидду жаҳд кўрсатишда давом этдилар. Улар ўз заковатларини манфаат бермайдиган ва ҳеч бир самараси бўлмаган, дунёда ҳам охиратда ҳам кераги бўлмаган фалсафий ва каломий баҳсларга ишлатиб зоеъ қилдилар. Ўшалар билан бўлиб табиатдаги кучларни бўйин сундириб Исломнинг манфаати учун ишлатишга, Исломнинг моддий ва маънавий ҳукмронлигини бутун оламга тарқатишга имкон берадиган илмлар ва тажрибалардан тўсилиб қолдилар.

Шунингдек улар руҳ, шарқ фалсафаси ва ваҳдатул вужуд масалаларига оид илмий баҳслар билан машғул бўлиб қолиб у соҳада ўз вақтлари, меҳнатлари ва заковатларининг каттагина қисмини сарфлаб юбордилар.

Табиий ва экспериментал фанлар борасида мусулмонлар қўлга киритган ютуқлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, агарчи у ютуқлар ўтган асрлардагидан кўра юксакроқ, илм ва тажриба борасида сермаҳсулроқ бўлган бўлсада, бироқ улар мусулмонларнинг бошқа илмий доиралардаги кенгқамровли ютуқларига номутаносиб эди. Тарих давомида бошқа мавзуларда намоён бўлганчалик иқтидор эгалари ва даҳолари намоён бўлмаган узоқ муддатларига тўғри келмас эди.

Табиат, коинот ва илмий экспериментларга оид мусулмонлар қолдирган китоблардан агарчи оврўполиклар ўзларининг уйғонишларида фойдаланишган ва у китобларнинг қадр- қийматларини эътироф этишган бўлишсада бироқ улар фақатгина ўн етти- ўн саккизинчи асрларда оврўполиклар яратган ана шу улкан ва бой кутубхона олдида жуда ҳам оз эди. Биз Андалус уламолари ва шарқ ҳакимларининг асарлари билан ҳар қанча фахрлансакда улар илм, ҳикмат, тажриба ва синовлар борасида ғарбнинг улкан ютуқлари қаршисида ҳеч нарса бўлмай қолади. На қанчалик ва на қандайликда. На ихтирода ва на ташаббусда. На илмий тадқиқотда ва на техник мустаҳкамликда. Сиз агар мусулмон шарқининг маънавий жиҳатга бўлган эътибори ва у жиҳатнинг илмий ва тажрибий жиҳатларга мансублигини қанчалик эканини билмоқчи бўлсангиз унда, мисол учун, шайх Ибн Арабийнинг “Ал- Футуҳот ал- Маккия” китоби билан табиат ва ҳикматга доир энг буюк китобнинг ўртасини солиштириб кўрсангиз фаннинг юксаклиги, мавзуга эътибор ва унинг йўлидаги жидду- жаҳдлар ўртасида катта фарқ борлигини кўрасиз. Ана шу нарса орқали сиз шарқнинг ундан қанчалар завқланганини билиб оласиз.

Бидъатлар ва залолатлар:

Исломдаги соф тавҳидни ширк, жаҳолат ва залолатнинг пардалари тўсиб бораёзган эди. Диний тузумга мусулмонларнинг ҳаётларидан каттагина ўринни эгаллаб бўлган бидъатлар аралашиб кетган ва у бидъатлар мусулмонларни тўғри дин ва дунёдан тўсиб қолган эди. Мусулмонларнинг ер юзидаги бошқа халқлардан фарқли тарафлари ва устинликлари шубҳасиз- бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган ана шу дин туфайлидир. Ушбу диннинг афзаллиги ва мўжизавийлиги унинг тўғрилиги ва эҳтиётланишидадир. Чунки у Аллоҳнинг ваҳийси, шариати, ожиз қолдиргувчи ижоди ва ҳикматли шаръи экани билан фарқланиб туради: У ўта ҳикматли ва ўта мақталган зотнинг туширганидир.

Шунинг учун унга одамларнинг ақллари таъсир қилса, одамларнинг амаллари ва ҳавойи нафслари дахл қилса,  вакиллари тарафидан ўзгартирилган динлардан ва одамларнинг қўллари билан тўқилган тузумлардан унинг афзал тарафи фақатгина ўша сақланиб қолинган ваҳий ва маъсум илм бор бўлган миқдорича бўлиб қолади. Дунё ва охиратдаги саодатга кафил бўла ўлмайди. Ақлларни таслим қилишга ва одамларни ўзига жалб этишга лойиқ бўлмайди.

Диннинг мусулмонларга танбеҳи ва чақириғи:

Ана шу узоқ вақт давомида Ислом дини таҳриф- ўзгартиришлар ва табдиллардан ҳимояланган ҳолда мусулмонларни ўзининг йўлидан оғишиб кетаётганларидан шикоят қилганча ўзига чорлаб минори олий ва ёруғи нурафшон ҳолда келганлиги ҳаёлдан асло кўтарилмаслиги лозим: “У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлайди ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқаради. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилади.”

Китоб ва Суннат ўз ўқувчиларининг дилларини ширк ва бидъатларга қарши инқилобга, жаҳолат ва залолатга қарши инқилобга, жоҳилият ахлоқи ва ананаларига қарши инқилобга, дабдабага берилганларнинг дабдабаси ва подшоларнинг истибдодига қарши инқилобга ундаб келди. У иккаласининг таъсири билан Ислом тарихининг барча даврларида ва Ислом оламининг барча томонларида ушбу умматнинг ичидан анбиёлар йўлидан юрадиган, унинг дин ишларини янгилаб турадиган, улардаги жиҳод руҳини уйғотадиган, улар учун ижтиҳод эшигини очиб берадиган, хулафои рошидинларнинг услубларига мувофиқ исломий ҳукумат барпо этиш учун ҳаракат қиладиган шахслар чиқиб турдилар. Уларнинг баъзилари бу йўлда шаҳид кетган бўлсалар яна баъзилари хулафои рошидинларни ёдга солиб юборадиган қисқагина бир даврни кўрсатиб бера олдилар.

“Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар.”

Ва улар: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида бардавом бўлурлар. То Аллоҳнинг амри келгунча уларга хилоф қилганлар ва уларни хорлаганлар зарар етказа олмаслар”, ҳадиси  шарифининг тасдиғидирлар.

Бинобарин Исломда жиҳод ва янгилаш тарихи ҳеч бир муддатда тўхтамади, ислоҳнинг машъалалари уларни шамоллар ўчирмаган ҳолда олдинма- кейин узилмасдан келди. (Бу мавзуда “Исломдаги мутафаккирлар ва даъватчилар” китобидан ўқинг).

Олтинчи асрда Ислом оламига берилган инъом:

Ҳижрий олтинчи асрда Аллоҳ таоло –салжуқийлар давридан ва турли хил подшолик ва амирликларга бўлиниб кетганидан сўнг кучсизлик ва кексариш аломатлари кўриниб қолган- Ислом оламига улуғ раҳбарларни инъом қилди. Улар туфайли Исломнинг шарафи ва азизлигини сақлаб қолди. Улар сабабли қулаб бораётган Ислом оламига ҳаётни қайтариб берди. – Энг биринчи мақсадлари масиҳийлар учун муқаддас ҳисобланган маконларга эгалик қилиш бўлган- салбчиларнинг юришлари бошланди. Улар Ислом ва барча мусулмонларни кўзда тутишган бўлиб араб жазирасига, Исломнинг бешигига ва Шомга яқин давлатларга таҳдид солишган эди. Оврўполик салбчилар амалда Қудсни, Шомнинг шаҳар ва қалъаларини эгаллаб бўлиб, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадиналарига кўз олайтираётган эдилар. Ислом ва мусулмонлар учун диндан қайтиш фитнасидан кейинги энг катта хатар бўлиб турган эдилар. Ана ўша вақтда Аллоҳ Исломга Имодуддин Отабек Зангий(541 ҳ. вафоти)ни ато этди. У салбчиларга қарши қаттиқ курашди. Кўплаб уришларда уларни мағлуб этиб Раҳо шаҳрини қўлга киритди. Ундан сўнг Отабек Зангийнинг катта ўғли одил шоҳ Нуриддин Маҳмуд Занги(вафоти 569 ҳ.) ўрнига ўтириб салбчиларни Шомдан чиқариб юборишга ва Қудсни мусулмонларга қайтариб беришга қаттиқ киришди. Ва у –унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин- ўз мақсадини амалга оширишдан олдин вафот этди. Унинг бу иши Нуриддин Маҳмуд Зангининг яқин кишиларидан бўлган Мисрнинг подшоси султон Салоҳиддин Юсуф ибн Айюбга қолди. У кишини Аллоҳ ана шу буюк мақсад учун тайёрлаган, унда тадбиркорлик, қатъийлик, ихлос, холислик, жиҳод ва унинг йўлида жонфидолик, Исломнинг ғалабаси учун олий ҳимматлик, куфр ва зулм аҳлига қарши курашга ҳарислик, чиройли етакчилик қилиш, тартибнинг кучлилиги,  салоҳият, диёнат, юксак футувват, олийжаноб инсонийлик, макоримул ахлоқ каби хислатлардан дунёдаги камдан- кам кимсаларгагина бериладиган хислатларни мужассам қилган эди. Ана шулари билан у Исломнинг бир мўжизаси эди. Ҳали Исломнинг даври интиҳосига етмагани, ўзининг ҳаётийлиги ва самарадорлигини йўқотмаганининг далили эди у. Узоқ муддатдан бери илк бор лашкарлари суқилиб кирган, подшолари ва улуғ йўлбошчилари Ислом оламига ҳужум қилиш учун ташланган Оврўпога қарши жанг қилиш учун Фурот дарёсидан тортиб Нилга қадар Ислом олами бирлашди. Бу жиҳод учун Салоҳиддиннинг байроғи остида авваллари жам бўлмаган кўпмиллатли мусулмонлар бирлашдилар. Узоқ вақтдан кейин жиҳод шуъласи аланга олди ва Исломий ғайрат-шижоат уйғонди. Салоҳиддин бу жиҳод учун ўша пайтларда Ислом олами қўлга киритган илм, ихтиро ва ҳарбий синоатнинг барча- барчасини ишга солди. Ўзига берилган заковат, сабр, тафаккурни ишга солди. 583 ҳижрий йили Ҳиттийнда салбчиларни қақшатқич мағлубиятга учратди. Уларнинг куч- қувватларини синдирди. Ва ўша йилнинг ўзида Қудсни қўлга киритиб ўша жангда Фаластинни эгаллади. Салбчилар фақат “Сур”нинг ичида чекланиб қолдилар. Оврўпо бор бойликларини тўплаб тиш- тирноғига қадар қуролланди ва Бош қўмондон инглиз қироли Richardнинг бошчилиги остида улкан қўшин тўплади. Гоҳ  у томон гоҳ бу томон ғалаба қилиб турган салбчилар билан мусулмонларнинг ўртасидаги бу уруш 588 ҳижрий(2- сентабр 1192 милодий йил)да сулҳ тузилгунига ва салбчиларнинг қўшинларидан катта қисми Фаластиндан чиқиб Ричард ўз мамлакатига қайтиб кетгунига қадар давом этди. Ана ўшандан бир йил ўтиб Салоҳиддин вафот этди.

Ана шу жойда биз инглиз тарихчиси Stanley Lave peopleнинг Салоҳиддин ҳақида ёзган китобида ушбу сулҳ тўғрисида айтган гапларини нақл қилсак мақсадга мувофиқ бўлар эди:

“Беш йил давом этган Муқаддас уриш ниҳоясига етди. Мусулмонлар милодий 1187 йилнинг июл ойида Ҳиттийн урушида ғалаба қозонишларидан олдин Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги ердан бир қийротига ҳам эга эмас эдилар. Аммо милодий 1192 йилнинг сентабрида Рамлада сулҳ тузилгач улар Сурдан то ҳали ҳам масиҳийларнинг қўллари остида турган Ёфага қадар чўзилган бир оз ерларни ҳисобга олмаганда бутун бир мамлакатни қўлга киритиб бўлган эдилар. Ушбу сулҳ битими  Салоҳиддин хижолат тортиб афсус қилмаса ҳам бўладиган ишлардан эди. Салбчилар эгаллаган ерларнинг каттагина қисми оврўполикларнинг тасарруфида эди. Йўқотилган моллар ва жонларга нисбатан олинганда натижа жуда ҳам арзимас эди. Шунинг учун Папа салб юришига тарғиб қилганида бутун оврўполиклар Муқаддас заминга қараб ўрмаладилар. Император Фридрих, инглиз, француз ва Сицилия қироллари, Австриялик герцог  Леопольд, граф Флеминглар юзлаб зодагонлар ва машҳурларни, масиҳий халқларнинг амирларини, масиҳий Қудс ҳукуматининг шоҳини, Фаластиндаги насроний  ҳукуматларининг қиролларини, тамплиерларнинг рицарларини, госпитальерлар табақаси ва уларнинг ботирларини ишга солди. Ана ўшаларнинг ҳаммалари Қудсни эгаллаш, маркази Қудс бўлган ва инқирозга юз тутган насроний ҳукуматини гуллатиб яшнатиш учун  учун ўз имкониятларидаги барча нарсани ишга солдилар. Аммо ана шу барча уринишларнинг оқибати нима бўлди? Император Фридрих бу вақт ичида вафот этди. Инглиз ва француз қироллари ўз юртларига қайтиб кетдилар. Уларнинг зодагонлар ва амирлардан иборат кўпгина маслакдошлари Ийлия ерларида дафн этилди. Қудс эса олдингидек Салоҳиддиннинг тасарруфида қолди. Насронийларнинг улуши фақатгина соҳил бўйидаги кичик Акка ҳокимлиги бўлиб қолди, холос.

Насронийлар олами мусулмонларга қарши бир тану бир жон бўлиб қарши турган бўлсаларда Салоҳиддинни ўз ўрнидан қимирлата олмадилар. Салоҳиддиннинг қўшини узоқ вақт давом этган жангу жадал ва улкан машаққатлардан хориб бўлган эди. Узоқ йиллар жуда қудратли душманга қарши туриб, курашиб ўзини ҳимоя қилиб келаётган эди. Бироқ  ҳеч бир аскарнинг бирор марта шикоят қилгани ёки ғинг дегани эшитилмади. Салоҳиддин ҳар сафар жиҳодга чақирганида ва ҳар сафар жанг қилишга тарғиб қилганида улар бирор кун кеч қолмадилар ва молу жонларини қизғонмадилар. Дажланинг узоқ водийларидан бирида Салоҳиддинга тобе бўлган амирлардан бирортаси ушбу охирига етай демайдиган урушдан шикоят қилган бўлишлари эҳтимол. Лекин улар ҳам қачон талаб қилинганида султонга ёрдам бериш учун ўз қўшинларини юбориб туришди. Мувсил қўшинлари охирги Арсуф жангида бутун шижоати ва жасорати билан уриш қилган эди. Султон Миср, Ироқ, шунингдек Шомнинг шимоли ва марказидаги қўшинларидан мадад етиб келишига ишончи комил эди. Туркманлар, араблар ва мисрликлар султонга вафодор хизматкорлар ва мусулмонлар эдилар. Қачон султон уларни чақирса худди қулларга ўхшаб етиб келар эдилар. Султон Салоҳиддин ана шу турли миллатларнинг ўртасини ажоиб тарзда аралаштирган, уларнинг турли хил миллат ва элат вакиллари экани, ораларидаги ички келишмовчиликлар ва қабилалараро рақобатларга қарамасдан уларни бирлаштирган, натижада улар битта жасадга ўхшаб қолган  эдилар. Султон ушбу миллатларни бирлаштиришда бир оз қийинчиликларни бошдан кечирди. Айрим муносабатларда ихтилоф аломатлари намоён бўлиб қолган эди. Зеро, бир гал Ёфада қўшин итоатсизлик ҳам қилишган эди. Бироқ ана шуларнинг барчасига қарамасдан ана шу турли миллатлардан ташкил топган уммат милодий 1192 йилнинг кузига қадар султоннинг итоатида бўлишди. Салоҳиддин жиҳодга чақирган милодий 1187 йилга қадар Аллоҳнинг йўлида жанг қилишда давом этди. Ана шу узоқ вақт мобайнида бирор бир вилоятнинг исён кўтаргани ё қўл остидаги бирор бир давлат ёки бирор бир бошлиқнинг ғалаён қилгани тарихда қайд этилмаган. Уларнинг қатъият ва самимиятларига таяниб қилинган катта умидлар ўта содиқ кимсалар ва мустаҳкам қалқонларга ҳам боғлиқ эди. Биз  унинг Ироқдаги яқинларидан бири унга қарши қўзғолон қилгани, аммо султон Салоҳиддин уни афв этиб юборгани ва бу одамнинг тинчиб кетганини яқинда билдик, холос. Ана шулар орқали бизга султоннинг ўз давлати ва фуқаролари ичидаги ғароиб нуфузга эга бўлганлиги маълум бўлади. Беш йил давом этган уруш ниҳоясига етди. Унинг меҳнат ва машаққатлари тугади. Султон эса Курдистон тоғларидан то Навба саҳроларига қадар ягона подшо бўлиб қолаверди. Курдларнинг подшоси, арманларнинг подшоси, Қуния султони ва Константинополь подшоси ана шу ҳудудлар ортида Салоҳиддинга яқин бўлиш ва унга ёрдам беришга интилишар эдилар. Ўша  одамлардан ҳеч бирининг ўз зиммасида миннати бўлишини  истамаган    Салоҳиддин буни қабул қилмади. Улар Салоҳиддинга мадад бериш учун ҳеч хам келмаганлар. Улар фақат уни табриклаш учун ташриф буюрар эдилар, холос.

Салоҳиддин ушбу уришнинг қаҳрамони ва ушбу доиранинг маркази эди. Унинг одил биродари жангу жадал саҳнасида пайдо бўлган иккинчи шахс эди. Ҳеч қайси раҳбар ва ҳеч қайси бошлиқ уни қўлга олишганини биз билмаймиз. Унинг ҳузурида ҳарбий мажлис бўлиб унда уриш билан боғлиқ ишларни маслаҳатлашар эди.   Мажлиснинг  хато фикри худди Сур ва Акка олдида бўлгани каби султоннинг тўғри фикридан устин келиши кам бўлган. Бироқ ана шу мажлис аъзоларидан ҳеч кимни бошқалардан кўра ўзига яқин олмаган. Ака- укалар, ўғиллар, биродарларнинг ўғиллари, эски маслакдошлар, янги ҳокимлар, оқиллар, заковатли қозийлар, вафодор ва ғайратли суянчиқлар, воизлар ва уламоларнинг барча- барчалари жиҳод қилишга ҳамфикр эдилар. Унинг байроғи остида елкама- елка туриб жанг қилдилар. Ўзларидаги бор куч- қудрат, кифоялик ва самимият билан унга хизмат қилдилар. Салоҳиддин ҳамманинг саййиди ва амири эканлигини ҳамма билар эди. Битта қалб ва битта ирода ҳар хил муносабатлар, қийин дақиқалар ва қақшатқич уришлар вақтида уларни бошқариб турар эди. У Салоҳиддиннинг кучли қалби ва метин иродаси эди”.

Салоҳиддиндан сўнг Ислом оламидаги бошқарувнинг қашшоқлашуви:

Салоҳиддин ўз вазифасини чўққи даражада адо этиб бўлганидан кейин вафот этди.  Ислом жамияти ва марказига таҳдид солиб турган аниқ ва яқин хатар бартараф бўлди. Салбчиларнинг оқими улар фойдали сабоқларни олган, ҳар икки тарафнинг ожиз ва кучли тарафларини ўрганган ҳолда ортга қайтиб кетди. Улар милодий ўн тўққизинчи асрда бўлиб ўтган янги салбчилар уришига ҳозирлик кўриш учун қайтиб кетдилар. Мусулмонлар эса аввалги юриш- туришларига- бўлиниш ва ўзаро курашга, ўзаро жангу- жадал ва ғафлатларига қайтдилар. Салоҳиддиндан кейин Ислом дунёсига Ислом учун мухлис, унинг манфаатини ўз ҳавои нафсидан устин қўядиган, жиҳодга қизиқадиган, Аллоҳнинг куч- қуввати ила қалбларни бирлаштира олган Салоҳиддинга ўхшаб  ўз атрофида қалбларни бирлаштирадиган суюкли, ўзидаги буюк маҳорати билан бутун Оврўпони мағлуб қиладиган, Исломнинг мулки ва шарафини ҳимоя қиладиган етакчи насиб қилмади.  Бутун Ислом дунёси таназзулга юз тутиб кунлар ўтиши билан бу таназзул чуқурлашиб борди.

Таназзулда ўтган асрлар хулосалари:

Исломнинг хужайраси таназзул даврларида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади. Подшолар ва фотиҳлар ичидан ўзларининг сийратлари ва ахлоқлари билан, динлари ва тақволари билан саҳобалар ва салафи солиҳларга ўхшаб кетадиган шахслар пайдо бўлиб турди. Ислом дунёсида ўз исмлари билан тарихга зийнат бўладиган кишилар чиқиб турди.

Мусулмонлар- ўзларининг илк сийратлари ва намунали йўлларидан оғишган бўлишларига қарамасдан-  ўзлари билан замондош бўлган жоҳил умматлардан кўра Анбиёларнинг йўлига энг яқин ва Аллоҳга энг итоаткор эдилар. Уларнинг борликлари ва давлатлари жоҳилиятнинг кенг тарқалиши ва гуллаб яшнашига энг улкан тўсиқ эди. Нуқсонларига қарамай улар дунёдаги энг катта куч бўлиб бошқа давлатлар ундан ҳайиқиб турар, у билан ҳисоблашадиган эдилар.

Исломнинг ўз куч- қудратини йўқотиши:

Ушбу куч- қудрат бошқалар буни сезмаган ҳолда заифлашиб бораверди. Ҳатто ўн еттинчи асрда татарлар –энг сўнги исломий мамлакат бўлган - хоразмшоҳлар ҳукуматини парчалаб ташлаб мусулмонларнинг куч- қудрати сингани ва Бағдод уларнинг қўлларига тушганида ана шу хавфли шарпа йўқолди ва экинзор даладаги қўриқчи қулаб тушди. Оқибатда қушлар ва ҳайвонлар экинзор далага ўзларини урдилар, одамлар мусулмонлар ва уларнинг юртларига қарши ўзларида журъат топдилар.

Мўғул- татарлар мусулмонларнинг меросларига эга чиқиб, ҳукумат ишини улардан олиб қўйдилар. Ана шунинг ўзи инсоният учун бахтсизлик ва умидсизлик сифатида етарли эди. Дунёнинг бошқаруви дини, илми, маданияти ва маънавияти йўқ бўлган жоҳилу ваҳший уммат қўлига ўтиши дунёнинг хароб бўлишига кифоя эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охирги пайтларда коммунистик тузум халқимиз бошига келтирган мусибатлар ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Шубҳасиз, бу мусибатлар ичида миллатимизни ўз динидан жудо давоми...

2780 05:00 / 07.03.2017
УЧИНЧИ БОБ ЎЗИМГА НАЗАРРивоятга ўч менинг халқим,Ўтмишида куч менинг халқимЎз ҳолидан тамом қонибди,Тарқатишга одат қилибдиМен ҳақимда турли ривоят,Рости анда давоми...

6904 05:00 / 07.03.2017
Ушбу китоб Ибн Жавзий қаламига мансуб АлМавзуъотrdquo асарининг Шамсуддин Заҳабий томонидан ёзилган қисқача баёнидир. Китобнинг тўлиқ номи Талхийсу китаб Ал давоми...

3978 05:00 / 11.03.2017
Мўминлик нимадир, мусулмонлик не,Ўйлаб кўрмадик ҳеч, кўнгилчоғ бўлдик.Шараф не унутдик, қаҳрамонлик не,Кимларнинг қўлида ўйинчоқ бўлдик.Келинг, рост бўлайлик, бу давоми...

1676 17:00 / 29.03.2022
Аудиолар

118727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40694 14:35 / 11.08.2021