1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (10)

05:00 / 11.03.2017 2850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи фасл
Оврўпо ўз жонига қасд қилмоқда
Кашфиётлар ва ихтиролар асри:

Тарихда ўтган асрларнинг бошқа асрлардан ажралиб турадиган томонлари маълум бўладиган бўлса, биз ҳозирги асрни кашфиётлар ва ихтиролар асри деб, радио ва электр токи асри деб аташимиз мумкин бўлади. Оврўполикларнинг бу борадаги хизматларию тараққий топганлари, кашфиёт ва ихтиро эгаларининг маҳоратлари, тан олмасликнинг иложиси мавжуд бўлмаган яратувчиликлари аниқ бўлиб қолади.

 

Шундай бўлсада Оврўпода пайдо бўлган кашфиётлар ва ишлаб ­ чиқаришларни мақташда қанчалик чуқур кетилмасин,  уларга қанчалик мағрур бўлмайлик, кашфиётчилар ва ихтирочиларни қанчалик мақтамайлик шу нарсани унутмаслигимиз керак бўладики ана шу ишлаб ­ чиқариш ва кашфиётларнинг ўзлари ғоя эмас ва биззот кўзда тутилмаганлар ҳам. Аксинча улар бошқа бир ғоя йўлидаги воситалар бўлиб ўшаларга қараб яхши ва ёмон, фойдали ва зарарли деган баҳони берамиз. Бунда ғоянинг миқёси, яхши ёки ёмон эканлигига қаралади. Яратилишига сабаб бўлган ғояга қанчалар мувофиқ келишига, ундан вужудга келадиган натижаларга, одамларнинг ҳаётида, жамиятларида, ахлоқлари ва сиёсатларида тутадиган ролларига қараб муваффақиятли ёки муваффақиятсиз деган ҳукмни берамиз.

Саноатлар ва кашфиётлардан мақсад, Исломнинг уларга муносабати:

Ғоя ҳақида гапирадиган бўлсак менимча у билимсизлик ва ожизлик сабабидан ҳаёт йўлида учрайдиган қийинчиликлар ва тўсиқларни енгиш, табиатнинг ушбу борлиқда омонат қўйилган кучларидан, яхшиликларидан, унда тарқалиб кетган бойликларидан фойдаланиш, ер юзида такаббурлик ва бузғунчилик қилмаган ҳолда тўғри мақсадлар йўлида ишлатишдир.
Авваллари инсон пиёда сафар қилар эди. Кейинроқ ўзига ҳайвон бўйинсундириб қўйилгани ҳақида илҳом бўлди ва тез ҳамда чопқир отларни минадиган бўлди. Кейин эса тезлик ва ихтиролар бобида аста ­ секинлик билан юксалиб бораверди. Ниҳоят аравадан поездга, ундан машинага, ундан самолётгача етиб келди. Шунингдек елканли кемалардан бошлаб пороходларга етиб келди. Агар ана шуларнинг барчаси бир жойдан бошқа бир манзилга жиддий фойдаси бор тўғри ғараз билан сафар қилсин, авваллари ўзи қийналиб кўтарадиган юкларни ортиб юрсин, вақт ва кучдан унумли фойдаланиб яхшиликка ишлатсин учун тўғри мақсадларга хизмат қиладиган бўлса, бунинг ёмон ери йўқ. Ҳатто бу ўта яхши ишдир.   Бошқа табиий кучларни, инсон қонуний фойдаланадиган ва фойдали тўғри мақсадлар учун ишлатадиган янги кашфиётларни ана шунга таққослайсиз. Албатта, Исломнинг бу ишларга муносабати аниқ ва равшан. Зотан у инсонни Аллоҳнинг ердаги халифаси эканлигини, оламни ўзининг ёки бошқанинг тасарруфи билан тўғри мақсадлари учун бўйинсундириб қўйганлигининг хабарини бериб қўйгандир: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот», «Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга бўйсундирган ва анҳорларни сизга бўйсундирган зотдир. У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди. Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир», «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».  Ўқувчи Аллоҳнинг сўзидаги «уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик», «ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик» жумлари ҳақида бир мулоҳаза юритсин. Яна: «У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам . Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганида чиройли-жамол бор. Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларгача кўтариб борадир. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир». Дарҳақиқат Аллоҳ ушбу оятда қийналмасдан ўз мақсадига эришсин учун инсонга имкон яратиб берганини миннат қилган. Буни Ўзининг бандага меҳрибон ва раҳмли эканига далил ­ хужжат қилиб келтирган. Яна шундай деган:  «У зот барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилди. Токи сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингиз неъматини эслаб: «Бизга буни бўйсундирган зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, Биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз».  Киши машина ёки самолётга минар экан «Бизга буни бўйсундирган зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик», демоғи қандай ҳам муносиб ишдир. Зеро  жони ва ҳаракати йўқ бўлган темир парчасини у қандай қилиб ўзига бўйинсундира олсин?! Аллоҳ унга бўйинсундиради ва Унинг амри билан қаёққа бўлса ҳам кетаверади. У Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб боргувчи эканлигини, ўзига берилган улкан куч ­ қувват ҳақида ҳисобга тортилишини унутмаслиги керак. Чунки ана шу қудрат ва имкониятни суйиистемол қиладиган бўлса бунинг жазосини олажак. Шунингдек ўзини Аллоҳнинг итоаткор бандаси, Унинг ҳукмига бўйинсунувчи эканлигини, ўлим, ҳаёт бериш ва қайта тирилтиришлик ўзининг қўлидан келмас эканлигини унутиб қўймасин. Чунки инсон агар ўзини бадавлат кўрса, туғёнга кетади.
Аллоҳ таоло: «Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб, ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик - унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир». Демак темирда одамларга манфаат бор ва унинг энг катта манфаати шуки уни Аллоҳнинг ва Унинг расулларининг нусрати йўлида ишлатилади. Шунинг учун темирдан аввал элчилар юборгани ва китоблар нозил қилганини зикр қилган. Шунинг учун ҳам мусулмон одам Аллоҳ яратган ва борлиқда жойлаб қўйган ҳар қандай кучдан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, Унинг динини тарқатиш ва уни барча динлардан ғолиб қилиш, Унинг Сўзини олий қилиш учун, Аллоҳ унга ижозат берган йўлларда, қонуний савдо ­ сотиқ, ҳалол касб қилиш, яхшиликка бўладиган сафар ва рухсат берилган манфаатлар йўлида фойдаланади.
Бадгумонлигингиз ўзингиз биландир:
 Инсонлар тарафидан кашф этилган ана шу жонсиз нарсаларнинг ҳеч бир гуноҳи йўқдир. Чунки улар инсоннинг иродасига, ақлияти ва ахлоқига бўйинсунувчидир. Бас улар ўз зотида яхши ҳам ёмон ҳам эмасдир. Аммо инсон уни ишлатишлик билан яхши ёки ёмон қилиб қўяди. Кўпинча улар ўз зотида яхши бўлсада инсон уни ёмонликка ишлатишлик билан, ичиқоралиги ва тарбиясизлиги сабаб уни ёмонга айлантириб қўяди. Бинобарин ана шу асбоблар ва кашф қилинган нарсаларда ҳеч нарса йўқ. Ҳамма гап улардан фойдаланадиганларда, улар ишлатиладиган мақсадларда. ­Оврўпода ана шу асбоблардан, бомбардимончи ва шаҳар­у қишлоқларни, манзилу маконларни вайрон қиладиган самолётлардан, йўловчи ташувчи ва савдо ­ сотиқ кемаларини сувга чўктириб юборадиган сув ости кемаларидан, ёлғон ­ яшиқларни гапирадиган, ахлоқсизлик ва фаҳшларни тарқатадиган радиолардан шумланадиган, улардан нолийдиган ва маломат қиладиган кимсаларга қарата­  «Бадгумонлигингиз ўзингиз биландир», дейилса тўғри бўлар эди. Чунки табиий фанлар моддий қувватни инсонга бўйсундириб беради. Ундан қандай ва қаерда фойдаланишни ўргатишлик уни иши эмас. Масалан гугурт сизга олов беради. Сиз унинг ёрдамида бир уйни одамларига қўшиб ёқиб юборишингиз ё таом пиширишингиз ёхуд совуқда исинишингиз мумкин. Инсонга бу кучларни қандай ва қаерда ишлатишни ўргатадиган нарса бу диндир. Дин ана шу кучлардан қандай қилиб тўғри фойдаланишни, қандай қилиб Аллоҳнинг бу неъматига шукр келтиришни ўргатади. Аллоҳ унга бериб қўйган куч ­ қудратини зулм, жиноят, маъсият ва тажовуз йўлида ишлатишдан инсонни қайтариб туради. Мусо алайҳиссалом: «Эй Роббим, менга берган неъматнинг ҳаққи-ҳурмати ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деган бўлсалар Сулаймон алайҳиссалом: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деган эдилар.
Ғоялар билан воситалар ўртасини аралаштириб юбориш:

Оврўполиклар ўзларини диндан мосуво қилдилар. Ахлоқ деган монеълик қилгувчи ёки дин деган тийиб тургувчи ҳам, илоҳий илмдан иборат уларни тўғриликка бошлагувчи ҳам уларда қолмади. Яратилишдан мақсад нималигини, ибтидоларию интиҳолари нима бўлишини ёддан чиқардилар ва: «Шу дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, тириламиз ва биз қайта тирилгувчи эмасмиз», дедилар. Ана шу ақидаларининг табиатидан келиб чиқиб инсон учун лаззат, роҳат, моддий манфаат, ер юзида такаббурлик қилиш, ерда ­хожаси ҳам вориси ҳам бўлмаган мамлакат сингари ­ ҳукмронлик қилиш, ер аҳолисига қаҳр қилиш, ердаги бойликлар ва хазиналарни фақат ўзиники қилиб олишдан бошқа мақсад ҳам ғоя ҳам йўқ дея эътиқод қилдилар. Натижада ана шу қувват ва илмни лаззатга эришиш, одамлар устидан эгалик қилиш, рақибларни мағлуб этиш учун ишлатдилар. Ўз мақсадларига эришиб бошқаларни ожиз қилиб қўядиган асбобларни яратишда мусобақа бошлаб юбордилар. Воситалар ғоялар билан аралашиб кетгунига қадар ана шу ҳолатда турдилар ва охири воситаларни ғоялар деб эътиқод қиладиган бўлдилар. Ихтиролар ва кашфиётларни бошқа мақсад учун бўлмаган биззот ғоя сифатида қабул қилдилар.   Худди ёш болаларнинг ўйинчоқ ва қўғирчоқлар билан ўйнаб қолганларига ўхшаб улар ҳам ўша нарсаларга муккасидан кетдилар ва машғул бўлиб қолдилар. Роҳатни айни маданият ана шу  деган эътиқодга бордилар. Кейин эса илгарилашда давом этдилар ва ниҳоят тез бой бўлишни айни маданият дея эътиқод қилишга тушдилар. Профессор С.Э.М.Жоуд шундай деган эди:
«Disraeli шундай дейди: «Ҳозирги даврда жамият маданият­ бу роҳатдир деган эътиқоддалар. Аммо бизнинг эътиқодимизча маданият тез бой бўлишдан иборатдир. Зотан тезда бой бўлишлик  замонавий ўсмирнинг илоҳидир. У ўшани деб тинчини, роҳатини ва саломатлигини қурбон қилади, бошқаларга меҳр аралашмаган меҳрибонлик кўрсатади».»
Оврўпода куч билан ахлоқ ўртасидаги тенгсизлик:
Оврўполиклар куч, ахлоқ, илм билан дин ўртасидаги мувозанатлар тенглигини ­ ҳаёти дунёнинг зоҳири сабаб ­ аллақачонлар йўқотиб бўлган эдилар. Зотан куч ва илм Оврўподаги янги  уйғонишдан сўнг дин билан ахлоқнинг ҳисобига тобора илдамлаб борар эди. Аввалги иккаласи кундан­ кун юксалиб  тараққий топиб борар, кейинги иккаласи эса кундан ­ кунга пастлашиб инқирозга юз тутиб бораётган эди. Ниҳоят уларнинг ўртасидаги нисбат узоқлашиб бир палласи ­ куч ва илм турган томони ерга қапишиб кетган ва иккинчи палласи ­ ахлоқ ва дин турган томони енгил келиб жуда кўтарилиб кетган тарозуга ўхшайдиган бир авлод пайдо бўлди. Ана шу авлоднинг саноат борасидаги мўжизалари, коинот билан боғлиқ кашфиётлари, моддани ва табиий кучларни ўзининг мақсадлари ва манфаатлари йўлида ишлата оладиган бўлганига қараган одамга улар ҳаммадан устунга ўхшаб кўринганида баногоҳ ўз ахлоқи ва аъмоли билан, очкўзлиги ва тамагирлиги билан, енгилтаклиги ва ақлсизлиги билан, золимлиги ва бағритошлиги билан йиртқичлар ва ҳайвонлардан фарқ қилмайдиган бўлиб чиқади.  Ҳаётнинг барча воситаларини қўлга киритган бўлиб турганида баногоҳ қандай яшашни билмайдиган бўлиб чиқади! Ғоялар ортидан ғояларга, ҳаётнинг қулайликларига эришган бир пайтда баногоҳ у инсон ҳаётининг бирламчи принсиплари ва бадиҳиётларини, маданият ва ахлоқни билмайдиган бўлиб чиқса! Ана шунда   уни ҳали ердаги ишларни пухта қилиб бажармаган, оёғи остидаги нарсани тўғрилаб қўймаган ҳолда осмонга кўтарилиб жавзони тутмоқчи бўлаётганини кўрасиз.    Ваҳоланки табиий фанлар қудратли кучни унинг ихтиёрига бериб қўйган. У бўлса ўша кучни ишлатишни эплай олмайди. У худди хазиналарнинг калитлари қўлида бўлган, ишларнинг ихтиёрига эгалик қиладиган ёш бола ё аҳмоқ ёки мажнунга ўхшайди. Шунинг учун ҳам у бебаҳо гавҳарлар ва қимматбаҳо тошлар билан ўйнаб ўтириш ва инсонларнинг қонларини тўкиш, жонларига зарар беришдан бошқасини билмайди.
Олиҳаларнинг қудрати ва болаларнинг ақли:
Инглиз профессори С.Э.М.Жоуд шундай деган эди:  «Албатта, табиий фанлар бизга олиҳаларга муносиб бўлган қудратни бериб қўйган. Биз эса улардан ёш болалар ва ҳайвонларга ўхшаб фойдаланмоқдамиз».
Бошқа бир ўринда шундай дейди:
«Бизлар ўзимизнинг кишини ҳайратга солиб қўядиган илмий ютуқларимиз билан кишини хижолатга солиб қўядиган ижтимоий жиҳатдан ёш болага ўхшашлигимизнинг ўртасидаги ана шу тафовутни ҳар қадамда учратамиз. Биз ўз уйимизда туриб қитъалар ва денгизлар ортидагилар билан суҳбатлаша оламиз, телеграф орқали расмлар юбора оламиз, уйларимизга радио ўрната оламиз, Лондондаги катта соат ­ Биг Бэннинг жарангини Цейлондан туриб эшита оламиз. Ернинг ва денгизнинг устида ҳам остида ҳам юра оламиз. Ёш ­ ёш болалар телефонда гаплашиб юришади. Ёзув машинкаларидан овоз чиқмайдиган бўлди. Ҳеч қандай оғриқсиз тишга пломба қўямиз. Электр токи туфайли экинлар униб ­ ўсади. Кўчалар асфальтланган. Рентген нурлари орқали жисмимизнинг ичида нима борлигини кўрамиз. Сувратлар (мултфильмларда) гапиради ва қўшиқлар айтади. Радио орқали жиноятчилар ва қотилларни излаб топилади. Сув ости кемалари шимолий қутбгача бораётган бўлса, самолётлар жанубий қутбгача учиб бормоқда. ана шунча ишларни қилиб қўйган бўлсак ҳам катта шаҳримизнинг ичида камбағалларнинг ҳам болалари тинч ва саломатлик билан ўйнаб ­ куладиган ўйин майдончалар ажратиб беришга қурбимиз етмайди. Бунинг оқибатида биз ҳар йили боалардан 2000 нафарининг умрига зомин бўламиз ва 90 000 нафарининг мажруҳ бўлишига сабаб бўламиз. Мен цивилизациямизнинг ажойиб томонлари ҳақида мақтаб: айрим ҳайдовчилар Пендин қумликлари устида уч ё тўрт мийл келадиган масофани   бир соатда босиб ўтгани,  қисқагина муддат ичида Москвадан Нью Йоркка қадар учадиган самолётлар яратилганини гапирганим учун мени қаттиқ танқид қилган ҳиндистонлик бир файласуф менга шундай деган эди: «Ҳа! Сизларнинг қушга ўхшаб ҳавода учишга қурбингиз етади. Балиққа ўхшаб сувда суза оласизлар. Лекин ҳозирга қадар ерда қандай юриш кераклигини билмайсизлар!»».
Улар ўзларига фойда берадиган илмларни эмас зарар берадиган илмларни ўрганмоқдалар:
Агар уларни ишлатадиган кишилар яхшиликни танийдиган, яхшилик қилиш қўлидан келадиган бўлишганида инсон зотига яхшилик келтириши мумкин бўлган­ ана шу ихтиролару янги кашфиётларнинг зарари фойдасидан кўра кўпроқ бўлиб қолди ва сеҳргарлар хусусида Қуръонда айтилган гапга ўхшаб қолди: «Ва  ўзларига зарар келтирадиган, ўзларига фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар» . Сиз уларнинг ўзларидан бўла туриб ана шу ихтироларни танқид қилаётган ва ҳақиқатни очиқ айтаётган бир гувоҳ ­ юқорида зикри ўтган Жоудга қулоқ солиб кўринг а:  
«Бир жойдан иккинчи жойга жуда ҳам тез фурсатда етиб боришга қодир бўлдик. Бироқ биз сафар қилиб бораётган маконларнинг ҳаммаси ҳам сафар қилишимиз учун арзимайди. Саёҳат қилгувчилар учун заминнинг масофаси қисқарди, одамлар жипслашиб кетганидан бир ­ бирларининг остонасига қадар чиқиб кетдилар. Бироқ бунинг оқибати шу бўлдики ўртадаги алоқалар кескинлашиб аввалгидан кўра ёмон тусга кирди. Ён ­ атрофдагилар билан танишиш имконини берадиган қулайликлар қайтанга дунёни урушга тўлдириб юборди. Инсоният радиони ихтироъ қилди ва унинг ёрдамида яқинимиздаги қўшни давлатлар ва биродар халқлар билан суҳбатлашдик. Аммо оқибатда ҳар бир халқ ўзининг сиёсий тузуми ҳамманинг тузумидан афзал эканлигига ишонтириш ҳаракатида табиий ресурсларни ўзига яқин бўлган халқларга озор бериш, уларга қарши иш қилиш учун ишлатадиган бўлди».
«Самода учиб юрган самолётга бир қаранг. Сиз унинг ихтирочилари ўз амаллари, саноатлари ва тартиб ­ қоидаларида ҳаммадан зўр бўлган, илк марта унда парвоз қилганлар ўзларининг олийҳиммат, қатъиятли ва жасур эканликлари билан довюрак қаҳрамонлар бўлганликларига ҳеч бир шубҳа йўқ, деб ўйлайсиз. Бироқ ҳозирги кунда самолётларнинг нима учун ишлатилаётгани­ю, келажакда қандай мақсадларда ишлатилишини бир ўйлаб кўринг. Бомбалар ёғдирмоқда, инсонларнинг жисмларини тилка ­ пора қилмоқда, тирикларни янчиб ўлганларни ёқиб юбормоқда. Улкан босқинчиликлар қилмоқда. Ана шу ёмонликдан нажот берадиган кишилари йўқ бўлган кучсизларни пора ­ пора қилиб юбормоқда. Бу эса ё аҳмоқларнинг мақсади ёки шайтонларнинг».
«Бизларнинг тилло конларини нималарга ишлатганимиз ҳақида эртага тарихчилар нималар дейишлари мумкин? Олтинни радио орқали топишга эришганимизни ёзади. Банк эгаларининг олтиннинг оғирлигини ўлчаш ва санашдаги маҳорат ва лаёқатлари ўз ифодасини топган сувратларни чоп этади. Уни бир пойтахтдан иккинчи бир пойахтга олиб ўтишда тортишиш кучига қандай туриб берганимизни ёзади. Ўзларининг саноат билан боғлиқ ютуқларида моҳир ва жасур бўлган ҳайвонсифат одамлар олтинга эгалик қилиш ва тўғри тақисмлашда халқаро ҳамкорлик қилишга ожиз эдилар, маъданларни мумкин қадар тезроқ беркитишдан бошқа мақсадлари бўлмаган, улар  Африканинг жанубидан олтин ва қимматбаҳо тошларни қазиб олар ва Лондон, Нью Йорк ҳамда Париж сингари давлатларнинг банкларига яширар эдилар деб ёзади».
Ана шу баҳс ­ илм ва саноат билан инсоний ахлоқлар, ўз вазифасини адо этишда янги маданиятнинг муваффақиятсизлиги ўртасидаги тафовут ­ ҳақида фалсафа ва табиий фанларни яхши ўзлаштирган яна бир мутафаккир ­ Alexis Carrel  ўзининг «Инсон ­ ўша номаълум нарса» (Man the Unknown) номли китобида ўта аниқлик ва юқори услуб билан сўз юритади:
«Замонавий маданият маҳорат, заковат ва журъат эгалари бўлган инсонларни етиштириб чиқара оладиганга ўхшамайди. Киши деярли ҳар бир ўлкадаги ишларни бошқараётган, мамлакатга раҳбарликни эгаллаб турган табақаларда  мафкуравий ва ахлоқий тубанлашишни кўради.
Биз ҳозирги маданиятнинг инсоният ундан умид қилган катта ­ катта орзуларини рўёбга чиқармаганини, ақлу заковат эгалари бўлган, ўзи қоқилиб тушадиган хатарли йўлда маданият билан юрадиган довюрак кишиларни вужудга келтиришда муваффақиятсизликдан бошқасига эришмаганини, бизлар тизгинидан қўйиб юборадиган ўша муассасалар илгарилаб кетганларидек тезлик билан илгарилай олмаган шахслар ва инсониятни кўришимиз мумкин. Албатта, бу сиёсатчиларнинг мафкуравий ва ахлоқий камчиликлари, замона халқларини хатарга мубтало қилиб қўядиган нодонликларидан бошқа нарса эмасдир».
«Инсониятга хос бўлган табиий фанлар ва саноат илм вужудга келтирган муҳит инсонга муносиб эмасдир. Негаки у аввалдан ўйланиб пухта режа асосига барпо қилинмаган омонатдир. Унда инсоннинг шахсияти билан унинг чиқишиб кетиши назарда тутилмаган. Бизнинг ақлу заковатимиз ва кашфиётларимизнинг натижаси бўлмиш ана шу муҳит на қоматимизга ва на шаклу шамоилимизга тўғри келади. Бизлар бахтиёр эмасмиз. Бизнинг ахлоқимиз тубанлашиб кетмоқда. Саноат билан цивилизациси равнақ топган ва авжига етган халқлар аввалгидан кўра кучсизроқ. Ўзи сезмаган ҳолда тезлик билан ёввойилик сари юриб кетмоқда. Ана шу халқларнинг теварагида табиий фанлар бунёд қилган гуркираган муҳитдан уни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ. Ҳақиқатни  айтадиган бўлсак бизнинг ана шу цивилизациямиз ­ ўзидан олдин ўтган цивилизациялар сингари­ яшаш учун ­ ҳали ҳам ноаниқ бўлиб келаётган сабаблар туфайли ­  баъзи бир шартларни фарз қилиб қўйганки улар ҳаётни муҳолга айлантириб қўяди. Бизнинг ҳаёт ҳақидаги, инсон қандай яшаши кераклиги ҳақидаги илмимиз моддийликлар ҳақидаги илмимиздан жуда ҳам орқада қолиб кетган ва ана шу орқада қолишлик бизнинг жиноятимиздир».
«Асбоблар билан кашфиётларнинг сони ортиб бораётгани наф бермайди. Табиий фанлар, фалакиёт ва кимё фанлари орқали эришиладиган кашфиётларга катта аҳамият қаратишмизда ҳам ҳеч бир фойда йўқдир. Агар заифларимиз фойдаланишларига ва бизларнинг манфаатимиз учун йўналтиришга имкон берилмайдиган бўлса роҳат ва буюкликнинг, гўзаллик ва ташқи кўринишнинг ҳамда цивилизациямизнинг дабдабаси кундан кунга ортиб бораётганида қандай яхшилик бўлсин? Буюк халқларнинг аслзодалари четда қолиб оддий халқлар риоя қилиши керак бўладиган ҳаёт учун хос бўлган йўл аҳкомларида ҳеч бир яхшилик йўқдир. Бизлар тезюрар пороходлар, қимматбаҳо автомобиллар, арзон радиолар ва узоқ ­ узоқдан хира кўриниб турган шарпани кўришимиз учун телескоплар ясашга аҳамият бергандан кўра кўпроқ ўзимизга аҳамият қаратсак тўғри бўлар эди».
«Бирор бир самолёт бизларни Хитой ёки Оврўпога бор йўғи бир неча соат ичида олиб бориб қўяётган бир пайтда биз қўлга киритган ҳақиқий тараққиёт қанчалар салмоқли? Инсон ўзига фойдаси тегмайдиган кўпгина нарсалардан жуда кўпини ишлатиб юбориши учун ишлаб чиқаришни тўхтовсиз равишда ошириб бориш биз учун керакми? Бу ўринда механика, табиат ва кимё фанлари бизга ақлу заковат, ахлоқий тартиб қоида, саломатлик, миллий мувозанат, тинчлик ва хотиржамлик ато қилишдан ожиз эканлигида бир оз шак ­ шубҳа бор эмасми?».
Оврўпо ўз жонига суиқасд қилиб бўлди:
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ғарбликлар яхшилик қилиш ва эзгуликка бўлган рағбатларини йўқотган, соғлом принсиплар ва асосларни зое қилган, қалблари тўғри йўлдан оғишган, табиатлари бузилиб кетган вақтда илм ­ фан ва кашфиётлар уларнинг зарарларини зиёда қилди, холос. Бу худди ширин озуқанинг ошқозони касал ва ўлат теккан одамнинг касалини ва фасодини қайталаганига ўхшайди. Ҳатто ана шу асбоблар ва кашф қилинган нарсалар уларга  бошқаларни ҳалок қилишда тезлик ва кучни, ўз жонига суиқасд қилишда ёрдамни зиёда қилишдан бошқа нарса эмасдир. Жаноб Энтони Иден ­ Британиянинг собиқ Бош вазири 1938 ­ йилдаги нутқларидан бирида ана шу нарса ҳақда гапирган эди:
«Ушбу асрнинг охирларига келиб ер аҳолиси варварлик ва ёввойилик даврига қайтишга, тоғларга чиқиб кетиб ғорларда ҳаёт кечиришга яқин турибди. Шу нарса кишининг кулгисини қистадики ўзига хавф солиб турган ҳалокатли асбобдан ўзини сақлаш учун давлатлар миллионлаб маблағни сарф қиладилар. Уларнинг устидан назорат қилиш учун эса ҳеч қандай сарф ­ харажат қилинмаётир.  Мен баъзи пайтларда таажжубга тушаман ва: «Ўзга бир сайёралик ана шу янги оламга ташриф буюриб қолгудек бўлса нимани кўрар экан?» деб қоламан. Нимани кўрар эди: ўз биримизни ҳалок қилиш учун қурол ­ яроқ тайёрлаётганимизни, ўшалар ҳақида маълумотлар алмашаётганимизни ва ана шу дўзахи асбоблардан қандай фойдаланишни бир ­ бирларимизга таълим бераётганимизни ­да!».
Атом бомбаси ва унинг даҳшатлари:
Эҳтимол жаноб Энтони Иден ана шу сўзларни гапираётганида цивилизациялашган дунё, энг аввал тинчлик элчиси, ҳазора ва янги оламнинг даъвогари бўлган Америка уруш асносида барбод қилиш ва қириб юбориш борасида кашф этилган барча ихтиролару асбоблардан ошиб тушадиган, қўрқинч ва даҳшатлиликда  инсоннинг заковати ва хаёлига келмайдиган қуролни ишлатишини хаёлига ҳам келтирмагандир. Бу қурол атом бомбаси бўлиб, Америка уни илк бор Нью Мексика саҳроларида, иккинчи бор эса Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида яшаётган одамлар устида синаб кўрди. Хиросима шаҳрининг мэри 1949 йилнинг 20 августида қилган билдиришига кўра 1945 йилнинг олтинчи августида ҳалок бўлган японларнинг сони 220 000 билан 240 000 нафар орасида бўлган.
Жаноб Стюарт Гилдер инглиз тилида чиқадиган Ҳиндистон газетасининг 1945 йил 16 сентябрида чоп этилган мақоласида шундай дейди:
Профессор Plesh шундай дейди:  
«Атом бомбаси портлаган минтақадан юз мийл узоқда бўлган одамларнинг ҳам ундан таъсирланмаганликларига ишониб бўлмайди. Шунинг учун уларни яхшилаб тиббий кўрикдан ўткариш керак бўлади. Бир кун келиб одамлар Япониядан минглаб мийл узоқда яшайдиган инсонларда ҳам атом бомбасидан заҳарланганлик аломатларини газеталарда ўқиб қолсалар ҳам ажаб эмас».
Бермингхем университетининг ўқитувчиси ва атом бомбасини ишлаб ­ чиқариш ҳайъатининг аъзоси М. Й. Оливнет шундай дейди:
«Бирор инсоннинг Британия ёки бошқа бир давлатнинг атом бомбаси сирларини сақлашга қурби етади деган эътиқодда бўлиш хурофий ишлардан бўлур эди. Атом бомбасини яратишнинг асослари ҳар бир давлат учун аниқ бўлиб қолган.  Британия ва Америка аввалгиларнинг тажрибаларидан фойдаланишди ва ниҳоят атом бомбасини яратишга эришди. Бироқ у фақатгина маълум бир вақтга қадар ҳарбий сир сифатида сақланиши мумкин. Чунки  саноатлашган ҳар қандай мамлакат беш йил ичида атом бомбасини тайёрлашга қурби етади. Бордию бор куч ­ ғайратини ўша қуролни яратишга сафарбар қиладиган бўлса, икки йил ичида атом бомбаси эгасига айланиши мумкин бўлади».
Юқорида исми ўтган профессор яна шундай дейди:
«Мен шу нарсага аминманки, қисқа фурсат ичида жаҳон майдонида портлаш кучи борасида илк атом бомбасидан ўн минглаб тонна оғир келадиган бомбалар пайдо бўлади. Унинг ортидан қудрати миллион тонналиклари пайдо бўлади. Улардан ҳимояланиш учун на эҳтиёткорликнинг ва на ҳимояланишнинг фойдаси бўлмайди. Бор йўғи олти дона ана шунақа бомба Англияни таг ­ туги билан қўпориб ташлашга кучи етади. Россиялик олимлар жуда қисқа вақт ичида бомбаларни тайёрлашга эришадилар».
Америка қудрат ва даҳшатлиликда атом бомбасидан ҳам кучлироқ келадиган бошқа бир бомба ­ водород бомбасини ихтиро қилдилар. 1954 йилнинг 26 сентябрида уни иккинчи марта Тинч океанида тажрибадан ўтказдилар.
Мудофаа вазирининг секретари Жаноб Чарлз Э. Вильсоннинг зикр қилишича натижалар шу қадар даҳшатли бўлганки одамнинг ишонгиси келмайди.
Америкадаги атом қуввати қўмитасининг бошлиғи Льюс Страуснинг айтишича бир дона водород бомбаси улкан Нью Йорк шаҳрини йўққа чиқариб юборишга қодирдир.
            Табиий  фанлар бўйича машҳур олим, Нью Делҳидаги хавфсизлик ташкилотининг бошлиғи шундай деган:
Ҳар бирининг вазни юз тонна келадиган тўрт дона  водород бомбаси ер юзидаги бутун инсониятни қириб юборишга кучи етади. Сўнги вақтларда тарқалган хабарларга кўра Россия водород бомбасидан кўра даҳшатлироқ ва аламлироқ бўлган азот бомбасини яратган.
Нопок юртнинг набототи фақат қийинчилик билан чиқади:
Юқорида батафсил айтиб ўтганимиздек Оврўпо маданиятининг пойдеворига дарз кетиб бўлган, деворлари тебраниб қолган, кундан ­ кунга ва юксалиб боргани сайин унинг оғишиши ва парокандалиги ошиб борар, данаги бузилган учун ҳам дарахти яхши бўлмаганидан сўнг ҳосил бермаётган эди: «Пок юртнинг набототи Роббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир».
Саййид Абул Аъло Мавдудий ўзининг урду тилидаги «Танқиҳот» китобидаги бўлимларидан бирида ана шу нарсани қисқагина қилиб шарҳлаб шундай деган эди:
«Ғарб цивилизацияси илоҳий ҳикмат туфайли тиниқ ва чучук сувли булоғи мавжуд бўлмаган бир халқлар ичида пайдо бўлгандир. Улар ичида дин раҳнамолари бор эди. Бироқ ҳикмат, илм ва илоҳий шариат эгалари эмасдилар. Уларда агар инсон зотига ўхшаб тафаккур ва амал йўлларидан тўғри йўл бўйлаб юришга ҳаракат қилмоқчи бўлсалар ҳаргиз қўлларидан келмайдиган даражада бир оз дин бор эди, холос. Ўша озгина дин ҳам илму ҳикматнинг юксалиши йўлига тўғаноқ бўлишдан бошқа ишни билмас эди. Шундоқ ҳам бўлди. Бунинг оқибатида эса тараққиётни истайдиганлар динни орқаларига улоқтириб юборишди, ўз кўзлари билан кўриш, синаш, қиёслаш ва пухта ўрганишдан бошқа далил ­ хужжатлари бўлмаган бир йўлни танлаб олдилар. Ўзи тўғрилик ва нурга муҳтож бўлиб турган ана шу далил­ хужжатларга ишондилар. Тафаккур, назар, таҳқиқ, кашфиёт, бинокорлик ва тартиб ­ қоидалар йўлида ўшаларга тақлид қилдилар. Лекин уларнинг ҳар қайси жиҳат ва ҳар қайси соҳада қўйган илк қадамлари хато бўлган, илм ва тажриба майдонидаги ютуқлари, тафаккур ва назар йўлидаги уринишлари носоғлом бўлган ғоялар сарига буриб юборилди. Улар аввал бошидаёқ динсизлик ва дунёвийлик нуқтасидан ҳаракат қилдилар. Борлиққа унинг ҳеч бир илоҳи йўқ деб, уфқлар ва жонзодларга уларда биз кўриб билиб турганимиздан бошқа ҳеч қандай моҳият йўқ деб, ана шу бизга кўриниб турган парданинг ортида бирор нарса мавжуд эмас деб қарадилар. Улар фитратнинг қонунларини тажриба ва қиёс ёрдамида англаб етган бўлсалар ҳам унинг холиқини англаб етмадилар.  Улар мавжудотни ўзларига мусаххар қилинган ҳолда учратдилар ва уларни ўзларининг ғаразлари йўлида ишлатдилар. Шундай бўлсада улар ўша мавжудотнинг эгалари ва тадбир қилгувчилари эмас эканликларини, уларнинг ҳақиқий хожасининг халифалари эканликларини билмас эдилар. Шунинг учун ҳам ўзларини улар ҳақида масъул деб билмадилар. Шунинг учун ҳам улар ўз зиммаларида ҳеч қандай ваъда ва мажбурият бор деб билмадилар. Маданиятлари ва тартиб ­ қоидаларининг пойдеворига етган халал етди ва Аллоҳга бандачилик қилиш ўрнига нафсга бандачилик қилишга ўтиб кетдилар. Ўз ҳавои нафсларини илоҳ қилиб олдилар ва ана шу илоҳга бандалик қилишга берилиб кетдилар. Уларнинг ана шу бандачиликлари уларни тафаккур ва амал майдонларининг барчасида ўзи мафтункор ва ажоиб аммо оқибати ҳалокат бўлган бир  йўл бўйлаб олиб кетди.
Табиий фанларни ўзгартириб инсоният учун ҳалокат қуролига айлантирган, ахлоқни шаҳватлар, риё, ахлоқсизлик ва тўлиқ эркинлик қолибига солиб қўйган, ҳаётнинг бошқарувини ўзим бўлайлик, бахиллик, ўзининг турдошларига зулм қилишлик шайтонининг ихтиёрига бериб қўйган, жамиятнинг қон томирлари ичига нафсга қуллик қилиш, манманлик, роҳат ­ фароғат ва лаззатга берилиш заҳарларини юборган, сиёсатни ирқчилик ва миллатчилик билан, ранг ва насллар орасидаги фарқлар, куч ­ қудрат илоҳига ибодат қилиш билан булғаган ва алал оқибат инсоният учун буюк лаънат қилган нарса ана шудир.
Хулоса шуки ўзининг иккинчи уйғониш палласида Оврўпонинг тупроғига ташланган нопок данакдан бир неча аср ўтмай туриб улкан нопок дарахт униб чиқди. Унинг мевалари ширин бироқ заҳарлик, гуллари чиройли бироқ тиканлик, шохлари яшил бироқ ўзидан кишига сезилмайдиган заҳарли газ чиқариб турар эди, унинг заҳри инсониятнинг қонини заҳарлаётган эди.
Ана шу дарахтни эккан ғарбликлар ундан нафратланишар ва нолишар эди. Чунки у ўз ҳаётларининг барча тарафларида муаммо ва чигалликларни келтириб чиқараётган, ҳали уларни ҳал қилмасдан туриб янгилари пайдо бўлаётган эди. Улар ўша дарахтнинг бирор шоҳини кесиб ташлар эканлар тикани аввалгидан ҳам кўпроқ бўлган янги шоҳлар униб чиқар эди. Зотан улар ўз ҳасталикларини муолажа қилиш ва ўзларини ислоҳ этишда дардни дард билан муолажа қиладиган, тиканни тикан билан олишга уринадиган одамга ўхшар эдилар. Улар капитализмга қарши курашган эдилар социализм келиб чиқди. Улар демократияни таг ­ томири билан суғуриб ташламоқчи эдилар диктаторлик пайдо бўлди. Жамиятдаги муаммоларни ҳал қилмоқчи бўлганларида аёлларни эркакка айлантириш ҳаракати (феминизм)  ва туғишнинг олдини олиш ҳаракати келиб чиқди. Улар ахлоқий бузуқликларни бутунлай йўқ қилиш учун қонунлар яратмоқчи бўлган эдилар итоатсизлик ва жиноят ҳаракати бошланиб кетди. Ёмонликнинг ортидан ёмонлик, бузуқликнинг ортидан аввалгисидан ҳам каттароқ бузуқлик келиб чиқаверди. Ана шу дарахт уларга ёмонлик ва мусибатлар мевасини бераверди. Ҳатто ғарбликлар ҳаёти бутун аъзои бадани оғриётган ва табиблар даволашдан ожиз қолаётган ярадор жисмга  айланиб қолди. Ғарбликлар оғриқдан нотинч, қалблари изтиробда, жонлари ҳаёт сувига чанқоқ эдилар. Лекин обиҳаётнинг қаерда эканлигини билмас эдилар. Оврўполик кўпгина кишилар ҳамма мусибат ана шу дарахтнинг шоҳларида деб ўйлайдилар ва ўша шохларни дарахтдан кесиб олиш учун бор кучлари ва вақтларини зое қиладилар. Улар бузуқлик манбаси дарахтнинг ўзида эканини, киши бузилган томирдан соғлом шох униб чиқишини кутиб ўтириши аҳмоқлик эканини билмас эдилар. Уларнинг ичларида бор бўлган камчилик ақл эгалари аслида маданиятларининг ўзи бузуқ эканлигини англаб етдилар. Аммо асрлар давомида ана шу дарахтнинг соясида вояга етганликлари учун ­гўштлари ва суяклари ўша дарахтнинг меваларидан унгани сабабли­  ана шу асосдан бошқа соғлом ва фойдали шохлар ва япроқларни чиқаришга қодир бўлган яна бир асос борлигин англаб етишга ақли қосирлик қилдилар. Иккала тоифанинг оқибати ҳам баробардир. Улар ўз касалликларини даволайдиган, ғам ­ ғуссаларидан қутқарадиган бирор нарсани излайдилар­у, уни ҳам унинг қаердалигини ҳам билмайдилар».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу китоб quotБухорий бўстонидаquot номли асар муқаддимаси. У ўнта фаслдан иборат. Ҳар фасл бирбирига боғлиқ алоҳида мавзуларда баҳс юритади.Миллат фахри барпо этган давоми...

2843 05:00 / 11.03.2017
биринчи мақола Ҳар бир даврнинг зиёлиси учун ўзга юртлар тарихи, маданияти, илму фани ва адабиёти билан қизиққан. Мисол учун, Шарқ ренесанси олимлари антик давр давоми...

2359 14:00 / 09.06.2023
БОСИЛМАГАН АСАРГА МУҚАДДИМАМен православ христиан дини руҳида чўқинтирилганман ва тарбия топганман. Болалигимдан бошлаб, кейин эса бутун ўсмирлигим ва ёшлигим давоми...

3888 05:00 / 07.03.2017
Оврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва жўғрофий давоми...

4780 05:00 / 11.03.2017
Аудиолар

118756 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40715 14:35 / 11.08.2021