1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1430

Мустаҳкам халқа.

21:36 / 19.04.2017 4753 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Муқаддима

Одам болаларини ер юзида халифа қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Башариятнинг афзали бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин.
Ўтмишни ёд этишда кўп манфаатлар, ҳикматлар бор. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўз каломи бўлмиш Қуръони каримда ўтган халқларнинг, шахсларнинг ибратли қиссаларига катта ўрин берганлиги ҳам албатта, бежиз эмас. Росулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига қадимги умматлар ҳаётидан мисоллар келтириб берганликлари айни ҳикмат асосида бўлган. Ислом уммати ҳам энг дастлабки кунларидан ҳозирги онларигача ушбу масалага катта эҳтимом берган ва натижада тарихда мисли кўрилмаган асарлар дунёга келган.

Биз ҳам ана шу умматнинг кичик бир вакили ўлароқ, халқимиз учун яқин тарихимиздан бир ихчам гулдаста тақдим этишни ният қилган эдик. Бу борада XX асрда яшаб ўтган уламоларимиз, аҳли Қуръонларимиздан баъзилари ҳақида қисқача бўлса-да, маълумот беришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Биз унда диёримиздаги илм аҳлидан баъзиларинигина эслаб ўтмоқчимиз. Шу билан бирга, улар ҳақларидаги барча маълумотни келтирамиз, деган даъводан ҳам йироқмиз. Фақат қодир бўлганимиз, аниқлай олганларимизни кечаги кунимиздан бир намуна сифатида зикр қилмоқчимиз, холос. Токи ўзимиз ва келажак авлод учун ёдгорлик бўлса, халқимиз ўзлигини таниса, ҳозирги ва келажак авлодлар ўз ҳаётий йўлларини танлашда уларнинг ҳаётидан ибрат олсалар. Чунки улар етук, солиҳ, инсоний фазилатларни ўзида мужассамлаштирган кишилар бўлганки, уларга эргашган киши албатта саодат топади, иншааллоҳ! Улар ҳақидаги суҳбат қалбга таскин, руҳга қувват, яхши амалларга илҳом бахш этади. Зеро, уларнинг ҳаётлари Аллоҳ таолонинг: «Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир», оятининг маъносига дохилдир. Шунинг учун ҳам фуқаҳоларнинг саййиди Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ:
«Уламолар ва уларнинг эзгуликлари ҳақидаги ҳикоялар мен учун кўп фиқҳдан суюклироқдир. Чунки у умматнинг одобидир», - деганлар.
Буюк табаъа тобеъинлардан Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: «Солиҳлар зикр қилинган пайтда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади», - деганлар.
Абулқосим Жунайд ибн Муҳаммад ибн Жунайд ал Бағдодий айтадилар: «Ҳикоялар Аллоҳ таолонинг лашкарларидан биридир. Аллоҳ таоло у билан муридларнинг қалбларини қувватлайди».
Абул Абос ал Ариф шундай ҳикоя қилади: «Мен устозим Абу Али ас Садафийнинг ҳузурида ҳадис ўқир эдим. Бир куни ҳадис ўқиб туриб, китобни ёпди ва солиҳларнинг ҳикояларидан сўйлай кетди. Кўнглимдан «Шайх қандай қилиб Росулуллоҳнинг ҳадисларини тўхтатиб, ҳикоялар айтишни жоиз деб билар экан», деган хаёл ўтди. Хотирим ҳали ниҳоясига етмасданоқ устоз менга кўз қири билан кескин қараб: «Эй Аҳмад! Ҳикоялар Аллоҳнинг қўшинларидан биридир. Аллоҳ у билан ориф бандаларининг қалбларини мустаҳкамлайди», - деди. Ҳайбатдан баданимда тер томмаган тук қолмади. Менинг бу ҳолимни кўрган Шайх: «Эй Аҳмад, бунинг Қуръондаги далили қайси?» дея сўради. Мен: «Шайх яхшироқ билади», - дедим. Шунда у киши Аллоҳ таолонинг: «Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз сенга пайғамабарларнинг хабарларидан қалбингни ҳар бир барқарор этадиганларини қисса қилиб берурмиз», оятини ўқиди».
Таниқли боҳис, олим Вильфед Кантул Смис шундай дейди:
«Башариятнинг доимий хатти-ҳаракатларини ёзиб бориш Аллоҳ таолонинг ер юзидаги ҳақиқий ҳукм эгаси эканлигининг исботи учундир. Шунинг учун ҳам ҳар бир амал, ҳар бир туйғу ва онг хоҳ шахсий бўлсин, хоҳ жамоий бўлсин, катта аҳамиятга моликдир. Зеро, бугун кечанинг натижаси, эрта эса бугунга боғлиқдир».

***

Қолаверса, бу маълумотларни эълон этишдан яна бир мақсад, агар ким диёримизда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳақида бирор маълумот топса, қуйидаги манзилга изҳор қилса яхши бўлар эди. Маълумотлар ёзма равишда ҳам, аудио ёки видео шаклларида ҳам бўлиши мумкин. Шоядки, тарихий меросимиздан биргалашиб фойдалансак. ( admin@islom.uz)
Ушбу ожизона амалимизни Аллоҳ таолонинг ўзи мақбул этсин. Бу йўлда қўяётган қадамларимизни собит ва муборак айласин. Омин!

Абдулмалик қори ака

Абдулмалик қори ака ўтган асрда яшаб, ўзларининг қисқагина ҳаётлари давомида Қуръони каримни ёд олиб, унинг нури билан дилларни мунаввар этган, илму амали, ахлоқу одоби билан каттаю кичик - барчага бирдек манзур бўлган, Қуръон ва илм йўлида эл юртга катта хизмат қилган динимиз намояндаларидан эдилар.
У киши оқ юзли, келишган, хушсурат ва хушовоз инсон бўлиб, овозлари жарангли, тинглаганки кишини ўзига ром этадиган ёқимли эди. Абдулмалик қори ака ажойиб истеъдодлар соҳиби эдилар. У кишининг зеҳнлари, хотиралари шу қадар кучли эдики, эшитган нарсаларини дарҳол ёдлаб олар ва ёдлаганларини деярли унутмас эдилар. Абдулмалик қори ака шеърлар ёзишни ҳам машқ қилиб турар эди. У киши ниҳоятда зийрак, сўзамол, ҳозиржавоб, кенг феълли инсон эдилар. Абдулмалик қори аканинг суҳбатидан баҳра топган киши беихтиёр яна у киши томон талпиниб қоларди. Шунингдек, у зот илму тақвоси, сабру ҳилми, гўзал ахлоқи билан барчага намуна эдилар.
Абдулмалик қори ака 1937 йил 5 майда (1310) Андижон вилояти Ҳаққулобод шаҳрида таваллуд топганлар. Ўша дамларда оталари Абдурраҳим НКВД (Ички Ишлар Халқ Комиссарияти)да ишларди ва иш жойидан Ҳаққулободга ишга жўнатилган эди.
Абдурраҳим ака (1895-1988 йй.) асли Андижон вилоятининг Ойим қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Абдурраззоқ уста аҳли илм бўлиш билан бирга, жуда ҳам машҳур дурадгор бўлган. У ўз қишлоғи Ойимда ҳам кўплаб катта иншоатлар, масжидлар қурилишида бош бўлган. Жумладан, қишлоқдан ўтган катта сой устидаги Қорағулом кўприги қурилиши ҳам илк бор Абдурраззоқ уста бошчилигида амалга оширилган. Шунинг учун ҳам уни Назарбоши уста деб номлашарди. Айтишларича, у Самарқанддаги Улуғбек мадрасасини қайта таъмирлаш мақсадида тузилган катта усталар гуруҳида ҳам қатнашган экан. Абдурраззоқ уста айни вақтда оиласининг динпарвар устози ҳам эди. Аёли Оққизга илм-маърифатдан унинг ўзи таълим берган экан.
Абдурраззоқ ўғли Абдурраҳим мазкур оиланинг саводли, ишбилармон, уддабурон вакили бўлганлиги учун уни қишлоқда Мулла Абдурраҳим ҳам деб аташарди. Унинг ўзи илм йўлида фаолият олиб бормаган бўлса-да, илм-маърифат аҳлига муҳаббатли, хайрихоҳ, шу билан бирга, аччиғи тез, сиёсатли инсон эди. Мулла Абдурраҳим бир нечта давлат муассасаларида ишлаган ва айрим сабабларга кўра икки-уч бор қамалган.
Биринчи бор у киши 1920 йили совет ҳукумати томонидан «босмачилар»га ёрдам берганликда айбланиб, қамоққа олинади. Қамоқхонада унинг Умар Валад деган дўсти ишларди. У ораларидаги маълум шартга кўра дўстини қамоқхонадан қочириб юборишга муваффақ бўлади. 1929 йили биринчи турмуш ўртоғи Ойимхон отин вабо касалига чалинади ва оламдан ўтади. Шундан сўнг бир ўғил, тўрт қиз ота тарбиясида қолади.
Абдурраҳим ака 1935-36 йилларда Ҳаққулобод милиция органида раҳбарият лавозимида ишлаётган кезлари иш юзасидан Избоскан туманига боради. У ерда ўн олти ёшли Шукринисо исмли қизни кўриб, ёқтириб қолади ва унга уйланади. Қизнинг отасининг исми Маҳмуд, онасининг исми Биби Ҳавво бўлган. Шукринисохон ниҳоятда сабрли, итоатли, ҳилмли ва ибодатли аёл бўлган.
Келаси йили Аллоҳ таоло уларга бир ўғил фарзанд ато қилади. Чақалоқнинг кўзлари кўкимтир эди. Шифокорлар бу ҳолат туғма эканлигини ва уни даволаб бўлмаслигини айтишади. Бунга онанинг ҳомиладорлик даврида қизамиқ билан қаттиқ оғриганлиги сабаб бўлган экан. Аввалига боланинг чап кўзи ғира-шира бўлса-да, бироз кўргандек бўлади, аммо вақт ўтиши билан у бутунлай кўр бўлиб қолади. 1938 йили Абдурраҳим оиласи билан яна Ойим қишлоғига қайтади.
Абдулмалик саккиз ойлик пайтида онаси Шукринисохон туш кўради. Тушида бир нуроний киши (уни фаришта деб билади) келиб, қўлидаги бир ҳовуч тиллани унга узатар экан: «Буни олиб, болани менга бер, мен уни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетаман», дейди. Она қаттиқ қўрқиб, ўйғониб кетади ва бехосдан ёнидаги бола ётган бешикни қучоқлаб олади. Сўнг кўрган тушини эрига айтиб беради. Абдурраҳим уни тинчлантиришга ҳаракат қилади. Шукринисохон она Ойимга келганида қишлоқнинг илмли ва фазилатли аёли Ойимхон отинга тушида кўрганларини айтиб беради. Ойимхон отин: «Бунда бир ҳикмат бор, ҳали Худо хоҳласа бу бола хосиятли одам бўлади», дея, тушга яхши таъбир айтиб, онага далда беради.
Болага кўпроқ унинг ўгай опаси Миносхон (Сарминозхон) қарар, қўлида кўтариб, ювиб-тараб, парвариш қилар эди.
Аллоҳ таоло Ўз илоҳий ҳикмати билан бандага бирор эшикни ёпса, ўрнига бошқа бир неча эшикларни очиб қўяди. У зот Абдулмаликка ҳам унинг кўз нурини олиш эвазига бир қанча неъматларни ато этган эди. Абдулмалик ниҳоятда истеъдодли, зийрак, эшитган ҳамма нарсасини ёдлаб олиш қобилиятига эга инсон бўлиб вояга ета бошлайди. Боладаги истеъдодни сезган отанинг кўнглига ўғлини Ҳофизи Қуръон қилиш иштиёқи тушади ва 5 ёшли Абдулмаликни ҳамқишлоғи Абдулаҳад қорига Қуръон таълими учун олиб бориб: «Буни сизгина тарбия қила оласиз», дея устозга бўлган ишончини изҳор қилади. Чунки устоз ҳам ёшлигидан кўзи ожиз эди…
Бола устозга кўниккунича опаси уни устоз хонадонига олиб бориб, олиб келиб туради. Кейинроқ у ўша жойда қолиб ўқийдиган бўлади.
Абдулмаликни ўқитиш аввалига қийин кечади, аммо бироз бардавомликдан сўнг юришиб кетади. Бу орада устоз Абдулаҳад қори ака Жалолободга яшаш учун кўчадиган бўлиб қолади ва шогирди Абдулмаликни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади. Абдулаҳад қори ака ниҳоятда қаттиққўл устозлардан эди. Кўзи ожиз бўлса-да, вақти вақти билан шогирдларига ҳассаси билан дўқ-пўписа қилиб турарди.
Устоз Абдулмаликка Қуръони каримни оятма-оят таълим берарди. Аввал бериладиган дарсни уч марта ўқиб берар, орадан ўн дақиқалар чамаси ўтказиб, яна икки-уч марта ўқиб эшиттирар, шогирд эса олган сабоғини эсда олиб қолиб, 300-400 маротаба мустақил такрорлар, сўнг устозга топширарди. Шу билан бирга, оятлар тўпланиб, бир рубъ (бир поранинг тўртдан бири) бўлганда уларни жамлаб ўқиб берар, иккинчи рубъга етгач, иккисини қўшиб, ярим пора қилиб, кейинги ярим пора ҳам тугагач эса бир порани тўлиқ ўқиб топширар эди. Янги порани бошлашдан аввал ёд олиб бўлган барча сураларни бир қотор такрорлаб, мустаҳкамлаб олиб, сўнг навбатдаги порага ўтарди. Шу боис у Қуръондан қанча ёд олган бўлса, ҳаммасига доимо тайёр эди.
Асрор ака шундай ҳикоя қилади: «Кейинроқ устоз Абдулмаликка бир қўй олиб бериб, унинг парваришини ҳам ўзига юклади. Ёш шогирд кўзлари ожиз бўлса-да, яйловдан ўт ўриб келиб, қўйни боқарди. Қизиғи шундаки, агар бола ўриб келган ўтдан икки-уч донаси олинса ҳам, ушлаб кўриб, унинг камайиб қолганини дарҳол сезарди. Қўй етилганда устоз уни сотиб, пулини Абдулмаликнинг ўзига сарфларди».
Шу зайлда олиб борилган таълим натижасида Абдулмалик тўққиз ёки ўн ёшида Қуръони каримни тўла ёд олишга мушарраф бўлади. Мулла Абдурраҳим ўғлининг қори бўлганлиги муносабати билан катта бир издиҳом қилиб, элга ош беради ва устозини ҳам иззат-икром қилиб, розилигини олади. Унинг иккинчи бор қамалишига айнан шу ҳаракати, яъни ўз фарзандига диний таълим берганлиги сабаб бўлган. Юқори идораларга баъзи номаълум шахслар томонидан бу ҳақда маълумотлар етказиб турилган. Издиҳомнинг эртасига Абдурраҳимни уйидан олиб чиқиб кетишади ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилиб, беш йил озодликдан маҳрум этилади. У жазо муддатини уч йилда ўтаб, 1949-1950 йилларда уйга қайтади.
Абдулмалик ниҳоятда зийрак, пухта қори бўлиб етишган эди. У Ойимга қайтиб келганида қишлоқдаги илмли аёллардан бири Бахринисо отинга Қуръонни тўлиқ ўқиб беради. Бахринисо отин боланинг ҳеч қандай хатосиз, тутилмай ўқишини кўриб, уни эҳтиёт қилиш, кўз тегиб қолишидан асраш мақсадида: «Болам, ҳеч бўлмаса бир-икки адашиб қўй», - дер, ёш қори эса: «Нега адашар эканман», - дея, яна ўқишда давом этарди. Кўпни кўрган отин холанинг кўнгли ниманидир сезгандек, боланинг ота-оналарига: «Бу бола Қуръонни ҳеч ҳам адашмай ўқиди, уни қирқ ёшида ниҳоятда эҳтиёт қилинглар. Қадимгилар болалигидан Ҳофизи Қуръон бўлган бола ҳақида шундай дейишарди», - деб тайинлаган экан.
Кейинроқ Абдулмалик Баҳринисо отин қизи Назрхон отинга ҳам Қуръони каримни ўқиб беради. Назрхон отин ниҳоятда фазилатли, тақводор, илмли, адиба ва шоиртаъб аёл эди. Абдулмалик бу аёлдан озми-кўпми шеърият илмини ҳам ўрганади ва у билан мушоиралар ҳам қилиб туради.
Абдулмалик янги қори бўлган, чамаси 12-13 ёшлик даври… Рамазон ойида устознинг Жалолободдаги уйида таровеҳ намозида устозига Қуръонни ҳеч ҳам адашмасдан ўқиб берарди. Бир куни устоз икки-уч марта хато луқма беради. Ёш ва мағрур Абдулмалик қаттиқ хафа бўлади, бироз аччиқланади ҳам: «Устознинг мақсади нима ўзи?..» Эртасига ифторда устозникига кирмай, қўшни Абдурраҳимжон аканикига кириб олади. Устоз Абдулмаликнинг келмаганини билгач, сабабини дарҳол пайқайди ва: «Аразлабди-да! У Абдурраҳимникида бўлади, чақириб чиқинглар», - дейди. Абдулмалик бироз тушкун кайфиятда кириб келади. Устоз унга: «Ҳа, болам, аразладингми?», - дейди. У: «Тўғри ўқисам ҳам луқма берасизми?» - деганда, устоз вазминлик билан: «Болам, сен эндигина ўсиб келаётган новдасан. Кўз тегиб, нобуд бўлмагин, деб сени эҳтиётлаш мақсадида шундай қилдим», - дея кўзи намланади. Ёш қори дарҳол бекорга аразлаганини англайди ва «Дод!» деб йиғлаб, устознинг оёғига йиқилиб, узр сўрайди.
Шундан сўнг Абдулмалик қори ўз уйида ҳар йили Рамазоннинг биринчи кунидан бошлаб, уч кунлик хатм қилар, ундан ташқари, қадрдонларининг уйларида ҳам хатм қилиб берарди.
1953 ёки 1954 йили Абдурраҳим ака ўғли Абдулмалик қорини олиб, қариндошлардан бирининг вафоти сабабли фотиҳа ўқиш учун Тошкентга келади. Улар Жумъа намозини ўқиш мақсадида Хастимом масжидига киришади. Намоз вақти киришига оз вақт қолганда масжидга муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг ўғиллари Зиёуддин қори ака ҳам кириб келадилар. Зиёуддин қори ака маъруза қилади ва Жумъа хутбасини ўқиб бўлгач, намозга имомликка ўтади. Намоздан ўқиб бўлингандан сўнг одатдагидек, бир қори тиловат қилади. Шу пайт биринчи сафнинг чеккасида, девор олдида кўзи ожиз ўғлини ёнига олиб ўтирган Абдурраҳим ака ўрнидан туради ва имомга юзланиб: «Бизнинг бир қори ўғлимиз бор, рухсат берсангиз, у ҳам тиловат қилиб берса, ҳаққига дуо қиларсизлар», - дейди. Ижозатдан сўнг Абдулмалик қори Ар-Роҳман сурасидан ўқиб беради. Ажойиб тиловатдан одамлар қаттиқ таъсирланадилар. Зиёуддин қори ака Абдулмалик қорининг кўзлари ожиз эканлигини кўриб, шу ҳолида мана шундай етук қори бўлганини ибрат қилиб кўрсатиб, нутқ сўзлайди. Бу нутқ бутун жамоатни ларзага келтиради. Абдулмалик қори масжид четида бўлганлиги сабабли Қуръонни микрофонсиз ўқиган эди. Одатда икки-уч оят тиловатдан сўнг тарқалиб кетадиган жамоат кўпчилик яхши эшита олмаганини айтиб, яна микрофонда тиловат қилиб беришини илтимос қилишади. Қори яна ўқий бошлайди. Масжид намозхонларнинг йиғисига тўлади, ҳеч ким ўрнидан қимирламасдан, Қуръон тиловатини тинглайди. Одамларнинг талабларига кўра қори учинчи бор ҳам ўқиб беради. Сўнг яна илтимос қилишади, лекин Зиёуддин қори ака унамайдилар. Жамоат Қуръон лаззатига тўймай, тарқалади…
Абдулмаликнинг қироати хусусан, Эшон Бобохон ҳазратларига жуда ҳам манзур бўлган эди. Шу боис у зот мулла Абдурраҳимдан қорининг таровеҳда хатмга ўтиб беришини сўраб, шахсан ўзлари илтимос қиладилар. Рамазон ойининг бошланишига саноқли кунлар қолган эди. Улар таклифни мамнуният билан қабул қиладилар ва Муфтий ҳазратларининг азиз меҳмони бўлдилар.
Рамазоннинг биринчи кечаси таклиф қилинган устоз қорилар хатмни бошлаб берадилар. Учинчи тасбеҳ (тўрт ракат)да навбат бизнинг қаҳрамонимизга берилади. Қори ака келган жойдан давом эттириб, ўқий бошлайдилар. Уларнинг қироатлари бутун жамоатни тўлқинлантириб юборади. Намоздан сўнг салом беришлари билан Эшон Бобохон ҳазратлари: «Қолганини ҳам шу бола ўқисин», - деб марҳамат қилдилар ва Абдулмалик қорининг ўқишини булбулнинг сайрашига қиёслаб, унга «Булбул қори» деган «унвон» берадилар. Бошқалар ҳам уни шундай номлашлари лозимлигини айтадилар. Шу шу бу ном қорига лақаб бўлиб қолади. Хатмнинг иккинчи куни бошқа қориларга жавоб берилади.
Шундан сўнг Абдулмаликнинг тарбияси билан Муфтий ҳазратлари - Зиёуддин қори ака ҳам шуғуллана бошлайдилар. У киши Абдулмалик қорининг Тошкентда юриб араб, форс ва рус тилларини ўрганишини таъминлаб берадилар.
Абдулмаликнинг зеҳни ниҳоятда ўткир бўлиб, олган маълумотларини тез ўзлаштирар ва ўрганганларини мутлақо унутмас эди. Унинг тил ўрганишида радио - транзисторнинг ҳам роли катта бўлган. У радио орқали бериб бориладиган араб ва рус тилидаги эшиттиришларни, хусусан, дунё хабарларини мунтазам кузатиб борарди. Шунингдек, спорт янгиликларига, айниқса футбол чемпионатлари хабарларига жуда ҳам қизиқарди. Машҳур футболчиларни яхши танир, уларнинг қачон, қандай ўйинлар қилганини ёддан биларди. Унинг радио орқали бериладиган футбол хабарларини эшитаётганини кўрган ўртоқлари: «Ҳа, Қори, футбол кўряпсизми?», - деб ҳазиллашиб ҳам қўйишарди.
У вақтларда овоз ёзиш ва эшитиш ускуналари асосан радио ва пластинкали магнитофонлар ҳисобланарди. Абдулмалик қори тинимсиз ўз устида ишлар, бор имкониятлардан унумли фойдаланар эдилар. У киши радио ва пластинка ёрдамида қироатларини ҳам мукаммаллаштириб борар эдилар.
Абдулмалик қори ака Зиёуддин қори аканинг тавсияси билан Тошкентдан ташқари Сурхондарё, Душанбе ва Фрунзе (Бишкек) шаҳарларида ҳам Рамазон ойидаги таровеҳ намозларида хатм қилиб берар эдилар. У киши бир йили Самарқанддаги Имом Бухорий масжидида ҳам хатмга ўтган.
Абдурраҳим ака колхозлаштириш муносабати билан бошланган қатағон даврида Ойим қишлоғидан қочиб бориб, Тожикистонда қўним топган Душанбелик Исоқжон бойдан ўз қизини Абдулмалик қорига беришини сўрайди. Қизнинг исми Маҳфузахон бўлиб, ўнг қўлида нуқсон бор эди (бир касаллик сабаб бўлиб, билагидан пастки қисми кесиб ташланган эди). 1960 йили аввал Душанбеда, кейин Ойимда тўй қилиб, келинни қишлоққа олиб келишади.
Маҳфузахон ниҳоятда ибодатли, итоатли, гўзал фазилатларга эга аёл эди. У ўз жуфти ҳалолининг атрофида парвона бўлиб хизмат қилар, яна дўппи тикиб, рўзғорга кўмаклашар эди. Уларнинг оиласида бир қиз, уч ўғил дунёга келади.
1968 йили Мисрдаги Ал-азҳар университети раҳбари Шайҳ-ул Азҳар бошчилигида келган меҳмонлар ичида дунёга машҳур Миср қориларининг Шайҳи Маҳмуд Халил Хусорий Тошкентга ташриф буюрганида Зиёуддин қори ака Абдулмалик қори акани Пойтахтга чақиртиради. У киши меҳмонлар билан бир неча кун бирга бўлиб, Камолон масжидидаги йиғилишда Қуръон ўқиб берадилар. Халил Хусорий Абдулмалик қори аканинг қироатидан таъсирланиб, тебраниб ўтириб тинглайди ва тиловат тугагач: «Аҳсанта» – «Яхши, зўр ўқидинг», деб унга таҳсин айтади. Меҳмонлар ўз юртларига қайтиш учун Тошкент аэропортига келишганда уларни кузатишга келган мезбонларнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Улар билан хайрлашиб, самолётга чиқиб кетаётган Шайҳ Халил Хусорийнинг кўзи мезбонлар орасида турган кўзи ожиз Абдулмалик қори акага тушади ва орқага қайтиб келиб, уни қучоқлаб, бир зум бағрига босиб туради. Сўнг кўзлари ёшга тўлган ҳолда хайрлашади.
Абдулмалик қори ака 1970 йил январь ойида маҳалладошлари Нуриддинов Ҳабибуллоҳ аканинг ташаббуси билан Қуръони каримни тўлиқ ўқиб, магнит тасмасига ёздиради. Қори ака ҳар куни шогирди Нуруллоҳ қори ҳамроҳлигида Ҳабибуллоҳ аканикига чиқар, бир-бир ярим порани ўқиб, тасмага ёздирар, шогирд унинг қироатини мусҳафга қараб, кузатиб турар, Ҳабибуллоҳ ака эса уларнинг хизматида бўлар эди. Шундай қилиб, 5 январда бошланган хатм шу ойнинг охирида ниҳоясига етади. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, ушбу хатм ўзбек қорилари тарихида Қуръони каримнинг тўлиқ тиловатининг тасмага ёзилган илк намунаси бўлган.
1974 йилнинг 20-26 август кунлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорийнинг таваллудига қамарий ҳисобда 1200 йил тўлиши муносабати билан Самарқанд шаҳрида «Имом Бухорий ва ҳозирги замон» мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилади. Унда юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, қорилари билан бир қаторда дунёнинг йигирма етти давлатидан ташриф буюрган энг машҳур уламолар ва диний арбоблар ҳам иштирок этадилар. Анжуманда бошқа қорилар қатори, Абдулмалик қори ака ҳам тиловат қилиб берадилар.
У киши форс-тожик ва рус тилларини ниҳоятда яхши билар, уларда ўз тилида сўзлашгандек сўзлашардилар. Шунингдек, Абдулмалик қори ака араб тилини ҳам пухта ўрганган, араб тилидаги эшиттиришларни ва китобларни қийналмай таржима қилар эдилар. У киши устозлари Абдулаҳад қори акадан Қуръондан ташқари, фиқҳий масалалардан ҳам таълим олган бўлиб, ҳатто устозлари Абдулмалик қори акага ўзи ўргатган илм асосида фиқҳий саволларга жавоб беришга ҳам ижозат берган эди. Шунга кўра, Абдулаҳад қори ака Абдулмалик қори акага араб тилидан ҳам дарс берган бўлиши керак, деган тахмин ҳам бор. (Дўст ва шогирдларининг сўзларига кўра...)
Абдулмалик қори ака бир қанча шогирдлар ҳам тарбиялаганлар, уларнинг айримлари ҳофизи Қуръон бўлганлар. У кишининг Қирғизистон, Тожикистон томонларда ҳам шогирдлари бор эди. Таълим беришни кўпинча саҳар чоғида ташкил этар эдилар. Абдулмалик қори ака Қуръон ўқитишда, айниқса тажвид қоидаларига амал қилишда ниҳоятда талабчан эдилар. Айрим шогирдларнинг айтишларича, улар «Бисмиллаҳ» лафзининг ўзини ўрганиш учун ўн беш кун устоз ҳузурига қатнаган эканлар.
Душанбелик Саид Нуъмон, Абдуррауф, андижонлик Абдуррауф ва Нуруллоҳ қорилар унинг кўзга кўринган шогирдларидан бўлганлар. Шунингдек, у кишидан Тошкент ва Андижон шаҳарларидаги айрим ўз даврининг мансабдор шахслари ҳам таълим олишган.
Абдулмалик қори ака бир сафар Тошкентга келганларида қоринлари атрофида қаттиқ оғриқ туради ва Ойимга қайтадилар. Бу воқеа 1975 йилнинг 26 февралида рўй берган эди. Тун ярмида оғриқ кучайгач, тез ёрдам чақиришади. Шифокорлар беморни аввал Жалақудуққа, кейин Оламишиқ шифохонасига олиб боришади. Унинг кўричак касаллиги билан оғриганлиги аниқлангач, зудлик билан жарроҳлик столига ётқизишади. Аммо, операция оғир кечади. Яра ўрнининг битиши ҳам қийин бўлади. Беморнинг қонида қанд миқдори кўпайиб кетганлиги дард устига чипқон бўлади. Шу ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлиб, Абдулмалик қори аканинг соғлиқлари кундан-кунга оғирлашиб боради. У киши гоҳ ўзларига келар, гоҳ ҳушларини йўқотардилар. Андижондан чақиртирилган шифокорлар беморни ўзлари билан шаҳарга олиб кетишади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Қори ака ўша шифохонада вафот этадилар.
Абдулмалик қори ака 38 ёшда 1975 йил 9 март (1395 йил 25 сафар), якшанба куни кеч соат 10 ларда охират диёрига сафар қиладилар. Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олган бўлсин, қабрларини нурли, даражотларини баланд қилсин! Бу дунёдаги иззатларига сабаб қилган Қуръонни охиратда шафоатчи этсин! Омин!

Абдулмалик қори аканинг жанозаларига келганларнинг ададини аниқлаш қийин эди. Турли жойлардан олиму фузалолар, устозу қорилар, мухлис инсонлар келишган, уларнинг кўз ёшлари гўё қонга айланган эди. Андижон шаҳридаги «Девонабой» марказий масжидининг имом-хатиби, Ҳофизи Қуръон, олим Ҳабибуллоҳ ҳожи дада йиғилган жамоатга тасалли бериб, маъруза қиладилар ва жаноза намозини ўқиб берадилар.
Абдулмалик қори аканинг ўлимлари у кишининг яқинлари, дўстлари, мухлислари ва барча илм ва Қуръон аҳли учун ниҳоятда оғир мусибат бўлди. Айниқса, у кишининг дўст-қадрдонлари ўзларини йўқотаёздилар. Бир нечта шоирлар ва шогирдлар томонидан унга атаб марсиялар битилди. Воизлар мавъизалар айтдилар, қорилар хатми Қуръонлар қилиб, марҳум руҳига бағишладилар.
Биз қуйида мазкур марсиялардан бирини - Тошкентда истиқомат қилиб, вафот этган марҳум Салоҳиддин қори аканинг марсиясини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Унда шоир марҳум Абдулмалик қори аканинг фазллари ва айни вазият ниҳоятда ажойиб сўзлар билан ифода этилган. Марсия матни чет эл сафарида бўлиб, жанозада қатнаша олмаганлиги учун бир неча кундан сўнг фотиҳа ўқиш мақсадида марҳум хонадонига ташриф буюрган Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг овозларидан ёзиб олинган.

Салоҳиддин қори ака марсияси

Дариғо, булбули гўё учибдур бу гулистондан,
Эссиз, дурдонаи марғуб заминга тушди маржондан.
Саховат аҳли маҳрум бўлдилар (бу) яхши меҳмондан,
Жудо бўлмиш халойиқ хушсадо қориййи хушхондан,
Демишлар, алфироқу алфироқ, бағри эзилгондан.

Нидои «иржиъи» бирлан чақирмиш хожаси қулни,
Ажал сайёди сайд этди чамандан яхши булбулни.
Севиб қўйнига олди боғбон гулшанда бу гулни,
Туширди қалбимизга бу каби ҳижрони мушкулни,
Эди дилларга равнақ бахш этувчи чин ғазалхондан.

Тиловатга чиқорган эрди тилнинг комини қайраб,
Жило бергай эди дилларга у тўти каби сайраб.
Ҳама эл истимоъ айлар эди атрофида яйраб,
Илоҳий, руҳи покин яхшилар ёнида қил, ё Раб,
Муаттар айласин қабрини Тангрим ровҳу райхондан.

Бузилди режаи матлаб чиқиб жадвал ҳисобидан,
Мақосид акси мавжуд ўлди даврон инқилобидан.
Қабули ҳусн ила топширди жон чекмай азобидан,
Сезолмай қолди ғайрилар анинг берган жавобидан,
Нечукким, ваъдаи Ҳақ аҳли Қуръон аҳли иймондан.

Ажаб маҳбуб эдинг, эл ичра кўп эрди харидоринг,
Касадлик кўрмади ҳаргиз азиз умрингда бозоринг.
Шариат услубидан ҳеч тажовуз этмади коринг,
Дилинг сандуқин очдинг, баҳра берди элга ийсоринг

Дилингда нақш ўлиб мусҳаф, тилингда эрди зикруллоҳ,
Ҳамон қабрингда мунисдир муқаддас бу Каломуллоҳ.
«Вала таҳзан, вала ховфан» эрур бу ваъдаи Аллоҳ,
Гувоҳинг оятуллоҳ бўлса, келгай номанг ўнг ёндан.

Басорат лаззатидан дунёда сен бенасиб эрдинг,
Фазилат боисидан кўп улуғларга қариб эрдинг.
Хусусан барча аҳбобингнинг қалбида ҳабиб эрдинг,
Мужаввид ҳам муфарриҳ, эл аро машҳур адиб эрдинг,
Ҳамиша яхши олқишлар етарди ҳар мусулмондан.

Ўқирдинг Ҳақ Каломини ажойиб хуш фасоҳатла,
Таъаннийю, тадаббур, жумла-жумла, оят-оятла.
Хусусан эҳтимоминг ҳарфу махражга риоятла,
Ажамдан то араб манзури хос ўлдинг тиловатла,
Чиқиб «аҳсанта-аҳсанта» садоси сенга ҳар ёндан.

Сенга мотам тўнин кийди тамоми аҳли Фарғона,
Мукаллаф бўлди руҳинг даргоҳи олийга меҳмона.
Малаклар пешвоз айлаб сени еткурди осмона,
Кўтарса рутбанг аълога эрурсан анда шодона,
Шафоат этгуси Қуръон агар изн ўлса Яздондан.

Тамоми ёру дўстинг хулқи хуш бирла яқин тортдинг,
Аларнинг меҳрига то борҳо меҳрингни ўрнатдинг.
Ҳамиша яхши афъолинг билан суҳбатга ўргатдинг,
Умуман бу жаҳонга сен келиб-кетмоқни ўхшатдинг,
Ҳама афсусда қолди, айрилиб сендек қадрдондан.

Отанг бирлан онанг сенсиз қоронғу бўлди рўзғори,
Етим қолди зуну фарзандларинг, кимларни даркори.
Табассум бирла турган суҳбатинг кетмас аё Қори,
Лабинг очсанг такаллумга эди шуҳду-шакар жори,
Тилингда вирд ила машқинг ҳамиша эрди Қуръондан.

Ҳаётинг икки тўрт, уч ўн баҳорни сабзазор этмиш,
Хирад мисраъ ичинда фавти тарих ёдгор этмиш.
Чаман япроғи ....... булбул гузор этмиш,
Кечиб ўз ошиёнидан сафарни ихтиёр этмиш,
Тилаб оқ йўл Салоҳий «фи амониллоҳ» деди жондан.

Аллоҳ таоло ўтган барча уламоларимизни, устозу қориларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни Ўз раҳматига олсин. Омин!

Муҳаммад Мубин қори ака

Муҳаммад Мубин қори «Мубинхон қори ака» деган ном билан танилганлар. Ўз даврида Қуръон илмини мукаммал эгаллаган бўлиб, у киши «Булбул қори» лақабини олганлар.

Насаби
Оталари - Муҳаммад Амин домла бўлиб, у киши ««Аминжон махдум домла» деган ном билан машҳур бўлган. Аминжон махдум Андижон шаҳрининг Избоскан туманида яшаб ўтган Ҳабибуллоҳ қорининг ўғли. Онаси - Зулайхо хонимни «Ачахон ойим» деб ҳам аташган. У Андижоннинг энг пешқадамларидан Абдуссамеъ халфа домланинг қизи бўлган.

Таваллуди

Муҳаммад Мубин қори ака 1914 йил 11 январь куни (1332 йил 14 сафар) Андижон шаҳри, Чуқур Масжид маҳалласида илмли ва тақводор оилада таваллуд топганлар.
Аминжон махдум домланинг 6 нафар фарзанди бўлиб, Муҳаммад Мубин уларнинг тўнғичи эди.

Бўлажак Қуръон ходими

Муҳаммад Мубин қорининг гўдаклик чоғларида Аминжон махдум домла оиласи билан Тўқмоққа кўчиб ўтади. У ерда яшаб юрган кезлари Орс қишлоғидаги катта Жомеъ масжидда бир муддат имом хатиблик вазифасини ўтайди. Масжиднинг болохонали дарсхоналари бўлиб, домланинг ўзлари бу жойда шаръий илмлардан дарс ҳам берадилар. Қуръон таълимини эса Тўқмоқлик Набижон қори ака олиб борадилар.
Аминжон махдум домла бўлажак Қуръон ходими Муҳаммад Мубин қорини икки ёшидан бошлаб «кўзи ўрганиб, қулоғи пишиб турсин» деган мақсадда дарсхонага ўзи билан олиб борар эди. Дастлабки илмни отасидан олган Муҳаммад Мубин қори Набижон қори ака қўлида Қуръон ёдлашга киришади. «Хамиртуруш»и Қуръон илми билан қорилган ёш толиб Каломуллоҳни 9 ёшида таровеҳ намозида хатм қилиб беради. Яна икки йиллик такрор билан Қуръон ҳифзини такомиллаштириш натижасида у катта жамоатларда ҳам хатмга ўта бошлайди. Ҳатто баъзи катта жамоатлар ўзларининг «жажжи имом»ини бўйларига тенглаш мақсадида оёғи остига сандал қўйиб беришар эди.
Боланинг бу даражага етишида одатдагидек, отанинг меҳнати ва ҳиммати катта асос бўлган, десак хато қилмаган бўламиз. Аминжон махдум домланинг фарзандининг илк қадамларини Қуръон ва илм даргоҳида босишини таъминлаши ҳамда: «Ўғлим ҳофизи Қуръон бўлгунича бирор кун бирор жойда ётиб қолмаганман, доимо у билан бирга ётиб, бирга турганман» , – деган гаплари сўзимизнинг яққол далилидир.
Муҳаммад Мубин қори ака 12 14 ёшлар орасида бош оғриғи касали билан қаттиқ бетоб бўладилар. У кишининг бурунларидан кетаётган қонни кўрган Ачахон ойим бир куни оналарча жонкуярлик билан Аминжон махдум домлага: «Болани ўқитавериб, ўқитавериб, охири касал қилдингиз!» – деб юборади. Қуръонга бўлган эътиқоди жунбушга келган Аминжон махдум домла шиддат билан: «Қуръон ўқиган касал бўлмайди, бўлмайди, бўлмайди!» – дея ўз қатъиятини изҳор қилади. Сўнг Аллоҳ таоло шифо бериб, Муҳаммад Мубин қори ака соғайиб кетадилар ва баркамол инсон бўлиб етишадилар.

Оилавий ҳаёти

Муҳаммад Мубин қори ака 18 ёшда уйланадилар. Келин Моҳрўяхон Холиқберди домланинг қизи эди. У тақволи, иффатли, билимдон, хушхулқ инсон бўлган. У Қуръон ходимининг хизмати учун яралган, шу вазифа учун тарбиялангандек эди, гўё. Келинг, бунинг сирини оилага «аҳли байт»дек хизмат қилган – Муҳаммад Мубин қори аканинг яқин шогирдларидан бири, андижонлик марҳум Одилхон эшон акадан эшитайлик:
«Холиқберди (Абдулхолиқ ҳам деб аташган) махдум исмли Андижон шаҳри марказида жойлашган машҳур Жомеъ мадрасасининг бош мударриси, улуғ аллома бўлган. Илми, ибодати, тақвоси ва фазли улуғлигидан у кишини «Ҳазрат домла» деб аташар эди. Ёшлари тўқсонга борганда аёллари қариб қолиб, у кишига парво қилолмай қолган экан. Мухлислари домлага яна бир аёлга уйланишларини маслаҳат беришади. Шундан сўнг Холиқберди махдум домла бор давлатини фарзандларига тақсимлаб бериб, ўзлари яшаётган ҳовлида уйланадилар. Ёши чамаси 35 ёшлардаги Қатортераклик келин - Саидахон чиройли бир жувон бўлиб, хўжазода экан. Улар уч йилга яқин бирга яшаб, қиз фарзанд кўрадилар. Бу аёл Ҳазрат домланинг иззатини ниҳоятда жойига қўйиб, парвона бўлиб хизмат қилган, дуосини олган экан. Саидахон баъзи кундошлик сабабли етадиган азиятларга ҳам сабр қилиб яшаган экан. Ҳазрат домла вафотларидан олдин Саидахон ойимга: «Қизим Моҳрўяхон вояга етса, уни Ҳофизи Қуръонга узатасиз», – деб васият қиладилар. Бу қизга отасидан жуда кўп давлат мерос бўлиб қолади. Кейинчалик, Моҳрўяхон улғайганида онаси суриштириб, ахтариб, Мубин қори акамни топиб, ўзи харидор бўлиб, қизларини у кишига узатадилар. Улар келин куёвга битта аравада сарпо қилиб келадилар. Қори акамнинг аёллари жуда одобли, билимли, ҳаёли аёл эди. У аёлни ҳамма ҳурмат қилиб, «Катта ая» деб чақирар эди».
Муҳаммад Мубин қори ака билан Моҳрўяхон ойим жуда чиройли турмуш қурдилар. Аллоҳ таоло уларга салоҳиятли фарзандларни берди:
Убайдуллоҳ, Пирзодахон ва Оязимхонлар гўдаклик чоғларида вафот этганлар.
Шаҳзодахон, Шарифахон, Муҳаммадий қори, Раҳматуллоҳ қори, Шоҳидахон, Моҳзодахонларнинг барчалари Ислом ва Қуръон йўлида ўзларига хос хизмат қилганлар. Ҳозирда икки ўғиллари вафот этган. Аллоҳ раҳмат қилсин!
Муҳаммад Мубин қори ака ёшлари улғайиб қолган ота онасининг хизматини адо этиш, оилани ҳалол ризқ билан таъминлаш мақсадида махсидўзлик, тери ошлаш каби юмушлар билан шуғулланганлар. Терини бўёқлаб, айвон, сўри каби очиқ жойларда қуритишар, унинг тайёр бўлишига бир неча кун кетар экан. Агар шу муддат орасида шамол туриб ёки бир сабаб билан терига зарар етса, иш кейинги якшанбага қолиб кетар экан. Бир сафар мана шу ҳол кетма кет рўй берибди. Натижада бир неча «якшанба» бой берилибди. Тирикчиликнинг асосий манбаи бўлиб турган сабабнинг узилиб қолганидан, неча кунлик меҳнатининг қайта қайта зое бўлганидан хафа бўлган қори ака бир кун шундай лутф билан хитоб қилган экан: «Ҳаҳ сен дунё! Мендан шунчалар қочяпсан а?! Сен ҳали мени излайсан, мен сендан шундай қочаманки, мени қувиб ета олмассан. Мен сендан юзимни шундай ўгираманки, сен менга ҳали умримнинг охиригача зор бўласан!»
У пайтда бу касб жиноят ҳисобланиб, шу сабабдан Қори ака анчагина моддий зиён ҳам кўрганлар. Бир тарафдан илмий ҳаракатга, иккинчи томондан иқтисодий ишларга бўлган тўсиқлар у кишининг ўз фолиятларини ўзгартиришларига сабаб бўлган.
1955 1956 йиллар Орс қишлоғидаги Аминжон махдум домланинг шогирдларидан баъзи мухлислар Мубин қори акани ўзларининг Балиқчи қишлоғидаги деҳқончилик ерларига олиб кетишни таклиф қилишади. Шундан сўнг Муҳаммад Мубин қори ака умрларининг 13 14 йилини ўша чўлларда қовун тарвуз экиш, ўз фарзандлари ва бир қанча яқин кишиларининг болаларига Қуръондан таълим бериш билан ўтказадилар.
Баъзан у киши: «Бу қовун тарвузларни сотиб олаётган кишилар уларнинг қадрини билишмайди. Агар билишганида ҳар қандай қийматга сотиб олишар эди. Чунки бу қовун-тарвузлар уруғи ерга тушганидан бошлаб шу пайтгача Қуръон эшитиб пишган», – дея лутф қилиб қўяр эканлар. Зеро, у кишининг қўллари меҳнатда бўлса ҳам, ўзлари Қуръон ўқиш ва ўқитиш билан банд бўлар эканлар.

Янги босқич – Қуръоний жасорат

Мубин қори ака уйланиб, фарзандли бўлганларидан сўнг ҳам Қуръони Карим соҳасида изланиш, бу соҳани тараққий эттириш, шу йўлда хизмат қилишда ҳимматлари ортса ортдики, пасаймади.
1945 1947 (1364 1365) йиллар атрофида Аминжон махдум домла «Девонабой» масжидида имом хатиб бўлиб хизмат қиларди. Тахминан шу йиллар орасида бир издиҳом бўлади. Мажлисга Шаҳрихонлик машҳур Қуръон устози Абдуқаҳҳор махдум домла раҳбарлик қиларди. Қуръон базми бошланади. Муҳаммад Мубин қорининг ҳам тиловат қилиб беришини таклиф қилишади. Шунда Абдуқаҳҳор махдум домла: «Унинг қироати ярамайди, батажвид эмас», – дея у кишига ўқитмай, навбатни бошқа қорига ўтказиб юборади. (Чунки Муҳаммад Мубин қори ака Набижон қори акада Қуръонни «форсий лаҳжа» да ёдлаган эди.) Аминжон махдум домлага бу гап оғир ботади.
Абдуқаҳҳор махдум домланинг бир қарашда салбий кўринган бу тадбири тез фурсатда ўзининг ижобий натижасини кўрсатади, гўё ер бағрига санчилган найза дарахтга айланиб, мева туга бошлайди:
Аминжон махдум домла йиғиндан сўнг ўғлига ўша кундан бошлаб Имом Жазарийнинг «Муқаддима» сини мингта саноққа етказиб ёдлашини буюради. Вазифа тез кунда бажарилгач, махдум домла Ҳофизи Қуръон ўғлини олиб, Шаҳобиддин қори ака нинг ҳузурига олиб боради. «Муҳаммад Мубин қори Имом Жазарийнинг «Муқаддима»сини ёд олди. Унинг амалий татбиғини сиздан олса», – дея, илтимос қилади. Зеро, Махдум домланинг қироат, тажвид илмларига бўлган муҳаббатлари, завқлари ҳам беқиёс эди. Фақат имкониятнинг торлиги бу ишнинг шу маҳалгача сурилишига олиб келган бўлса керак. Бу Қуръон шайдоси Шаҳобиддин қори акага Қуръондан баъзи сураларни топширгач, устоз шогирднинг лаёқатини тасдиқлаб, Қуръони Каримнинг ҳаммасига мутлақ «ижозат» – ўқиш, ўқитишга рухсат беради. Зеҳнининг ўткирлиги, Қуръонга бўлган муҳаббати ва истеъдоди Муҳаммад Мубин қори аканинг устозлари ва барчанинг муҳаббати ҳамда эътиборини қозонишларига, оз фурсатда етук даражага эришишларига сабаб бўлади.
«Янги» Муҳаммад Мубин қори ака устозларидан ижозат олиб, оталарининг ҳузурида Қуръони Каримни хатмга ўтиб беради. Шунда оталари хурсанд бўлиб: «Қуръонни ўқиш мана бундоқ бўлибди», – деган эканлар ва шундан сўнг Шаҳобиддин қори акага бош оёқ сарпо билан 200 сўм пул ҳадя қилган эканлар (у пайтдаги мазкур маблағ 5 6 та катта қўйнинг пули экан).
Шаҳобиддин қори ака ва Муҳаммад Мубин қори акаларнинг қироатларини эшитган ҳар қандай киши уларнинг устоз шогирд бўлганларини дарҳол фаҳмлайди.

Қуръоний ҳаёт

Инкор қилиб бўлмас ҳақиқат шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад Мубин қори акага Қуръони Карим хизматида улкан баракот ато этган. Муҳаммад Мубин қори ака Андижонда катта Қуръон мактабига асос солганлар. У қиши халқ орасида «Мубинхон қори ака» номи билан танилганлар. Мубинхон қори аканинг шогирдлари нафақат Ўзбекистон, балки Қирғизистон, Тожикистон, борингки, Ўрта Осиё бўйлаб кўпайиб борган. Андижон шаҳри эса «Қорилар шаҳри» деб тан олинган. Ҳозирги кундаги Ўзбекистон қориларининг кўпчилиги ўша зотнинг маънан авлодлари ҳисобланадилар.
Қуръон таълимида Мубинхон қори аканинг маҳоратлари беқиёс эди. Шогирдларни доимо Қуръонга муҳаббатли, ғайратли қилиб тарбиялар эдилар. У киши билан бироз ҳамсуҳбат бўлган одамда Қуръонга муҳаббат ўйғониб қолар эди. Мубинхон қори аканинг дарс бериш услублари ҳам айни суннатга мувофиқ бўлиб, у қуйидагича эди:
Устоз вазифа қилиб берилажак сабоқдан бир оятни тартил билан ўқийди. Шогирд уни қайтаради ва устоз унинг хатосини тўғрилаб туради. У бехато ўқигач, иккинчи оятга ўтилади. Шу тариқа белгиланган сабоқ охирига етказилади. Сўнг устоз сабоқни бошидан охиригача дона дона қилиб яхлит ўқиб беради, шогирд эса бор диққати билан тинглаб, мусҳафдан кузатиб туради. Сабоқ ҳар кимнинг ўзига яраша белгиланади: ярим, бир ёки икки саҳифа бўлиши мумкин. Эртаси куни тайёрланган дарс устозга топширилади.
Мубинхон қори ака шогирдларга Қуръони Карим лафзлари билан бирга, унинг тажвид аҳкомларини, талаффуз кайфиятларини, тиловатдаги услуб, оҳанг, овоз ишлатиш маҳоратларини ҳам алоҳида эҳтимом билан ўргатар эдилар. Бу ўринда дарсни аввало ўзлари ўқиб кўрсатар эдилар. Шогирдларга дарсни татбиқ этишида керак бўлса, қўл билан уларнинг оғизларини ҳаракатлантириб адо эткизар эдилар.
У зот Қуръони Карим тиловатида тартил ва тажвидга алоҳида урғу берар эдилар. Бу борада ўзлари биринчи намуна бўлиб, Қуронни жумлама жумла, ҳарфма ҳарф талаффуз қилар, овоз ва оҳангни ҳам шунга мувофиқ гўзал суратда ишлатар эдилар. У кишининг тиловатлари ортиқча такаллуфсиз, табиий ва енгил эди. Қироатларини эшитган киши бу тиловат бўғиздан эмас, қалб тубидан чиқаётган садо эканлигини беихтиёр ҳис этар эди. Мубинхон қори ака шериклари Раҳматуллоҳ қори ака билан хонадонларда Рамазон хатмларини уч кунда қилишар, тиловатни тинглаб ўтирган биродарлари саҳарлик вақти кирганини ҳам сезмай қолишар эди. Келинг, бунга бир жонли мисолни Окифхон ҳожи акадан эшитайлик:
«Бир куни Мубинхон қори акам билан бир йиғинга бордик. Қори акам ажойиб маҳорат билан таъсирли тиловат қилиб бердилар. Оятларни тинглаб ўтирган жамоатнинг кўзларидан беихтиёр ёш оқар эди. Ўтирганлардан бир кишининг йиғиси гўё ичига сиғмаётгандек эди. Қироат тамом бўлиши билан ҳалиги инсон ўзини тута олмай, ҳўнграганча ташқарига чиқиб кетди. Кейин мен у одам билан кўришиб: «Қори ака «дод» дегизиб юбордилар а?», – дедим. Шунда у киши: «Нимасини айтасиз, Аллоҳ таоло темирни Довуд алйҳиссаломнинг қўлида хамирдек юмшоқ қилиб қўйган. Қуръони Каримга Мубинхон қорининг тилини ҳам ўшандай мусаххар қилиб берган», – деди».
Мубинхон қори ака кечаю кундуз Қуръон хизматида шай эдилар. Қуръони Карим нурини уни ўқиб, ўқитиб, унга амал қилиш билан таратар эдилар. Мубинхон қори аканинг охирги дамларида куёвлари (сингилларининг эри) Аҳмадуллоҳ махдум акага айтган гаплари сўзимизни тасдиқлайди:
«Бир юз ўн учта мукаммал Ҳофизи Қуръон етиштирдим, беш, ўн, йигирма пора ёдлаган, Қуръонни рўйхат ўқиб ўткизган, савод чиқарганларнинг эса саноғини билмайман».
Энди бу буюк хизматлар бутун сиёсатини Исломга, Қуръонга душманлик асосига қурган собиқ иттифоқнинг айни гупирган даврида бўлганини эсласак, уларнинг замирида нақадар улкан жасорат, буюк матонат ва оғир машаққат ётганлигини ҳис қиламиз. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Батаҳқиқ, Зикр (Қуръон)ни биз нозил қилдик ва албатта, албатта уни биз ўзимиз сақлагувчидирмиз», – деган оятининг тасдиғи ва татбиғидан ўзга нарса эмас эди. Қолаверса, бу – Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўла бошлаганидан то шу кунгача уни йўқ қилишга, унга зарар етказишга уринганлардан бирортаси ўз мақсадига эриша олмаганлиги ва бундан кейин ҳам ҳаргиз эриша олмаслиги, бу иш оворагарчилик ва гуноҳ орттиришдан ўзга нарса бўлмаслигининг яна бир ҳаётий исботи эди. Инсон фарзанди учун эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ўз ваъдасининг ижросидаги восита, сабаб қилиб олишининг ўзи шараф ва икром эканлиги жиҳатидан кифоя қилади. «Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.»
Мубинхон қори аканинг бу фазлга дохил бўлиб қолишлари у зотнинг Аллоҳнинг Каломига бўлган муҳаббатлари, амалдаги ихлослари, тақво ва одоблари самараси бўлган бўлса, ажаб эмас.
Мубинхон қори ака 1948 1951 (1367 1369) йиллар орасида илмий фаолиятларини давом эттириш мақсадида оталарининг кўрсатмалари билан Бухородаги Мир Араб мадрасасига борадилар. У ерда шаръий илмларини ўстириш билан бирга, талабаларга Қуръондан дарс бериш билан ҳам шуғулланадилар.
Қори ака Бухорога кетишлари олдидан оталари Аминжон махдум домла ҳазратлари дуо қилиб, шундай дейди: «Ўғлим, сен табаррук масканлардан бирига кетмоқдасан. Модомики Бухорода бўлар экансан, Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий алайҳироҳманинг қабрларига бориб, Қуръон хатм қилиб, бағишлаб тур. Аҳли фазл кишилардан «Нақшбандий алайҳироҳманинг қабрларига туннинг маълум бир пайтида осмондан нур инади, Аллоҳ таоло уни кўришни баъзи бандаларигагина насиб қилади», деган гап бор. Ажаб эмаски, Аллоҳ таоло сени ўшалар жумласидан қилса».
Мубинхон қори ака шундай дейдилар: «Мен падари бузрукворим насиҳатларига мувофиқ ҳар пайшанбадан Жумъага ўтар кечаси Баҳоуддин Нақшбандий алайҳироҳманинг қабрларига бориб, Қуръон хатм қилиб бағишлашни одат қилиб олдим. Аллоҳ таоло каминага ҳам отам айтган илтифотни бир неча бор насиб этди».
Қори ака Бухородан қайтиб келгач, Девонабой масжиди орқасидаги хонадонда истиқомат қилувчи Қосим Эшон почча да мутолаани давом эттирадилар.

Етук шахсият

Мубинхон қори ака ақидада Аҳли сунна вал жамоа, фиқҳда ҳанафий, сулукда нақшбандий бўлиб, машҳур Сўфихон тўрамга қўл берган эдилар. У киши хушсурат, серсоқол, тик бўйли инсон бўлиб, табиатан зийрак, шижоат ғайратли, сабр матонатли, камтарин, эҳтиёткор, зоҳирий обрў ва мансабдан ўзини олиб қочувчи, карамли ахлоқ соҳиби, самимий, лутфли инсон эдилар. Овозлари тўла, ниҳоятда файзли, таъсирли эди.
Тақвоси баланд, серибодат, тунни ҳам жисмнинг ҳаққи учун андак ором беришларини ҳисобга олмаганда, Қуръон тиловати, мутолаа, таълим, таҳажжуд ва зикр билан ўтказар эдилар. Ўзларининг ҳужраларида таҳажжудда ўқаётган қироатларини бехосдан эшитиб қолган киши учун бу қироатни ҳужра ташқарисида туриб бўлса-да, тинглаш ҳар қандай оромли ўриндаги уйқудан лаззатли, афзал бўлиб қолар эди. Мубинхон қори ака гоҳо ҳамду сано, муножот маъносидаги туркий байтларни ҳам ҳиргойи қилиб қолар, баъзи шогирдларига буни ҳам таълим берар эдилар. Байтхонликдаги маҳоратларига ишқибоз бўлган устоз Қосим Эшон поччанинг илтимоси билан Имом Жазарийнинг тажвид илмида ёзган «Муқаддима» шеърий асарини ўқиб, магнит тасмасига ёздирган эдилар.
Мубинхон қори ака жуда меҳнаткаш, дид ва фаросат соҳиби ҳам эдилар. Ҳатто иморат ишлари, лой тайёрлаш, гувала, ғишт қуйиш ва шу сингари ишларда ҳам алоҳида билим ва маҳоратга эга эдилар. Шогирдларига бу борада ҳам устозлик қилар эдилар. Фарзандлари, ҳатто шогирдларининг нафақат илмий, балки молиявий фаолиятларини ҳам эътибордан четлатмас, доимо уларга ғамхўрлик кўрсатар эдилар. Оиланинг ҳалол таъминоти учун ҳар қандай машаққатни кўтарар, авлодларини ҳам ҳалоллик, поклик ва самимийликка ўргатар эдилар. Ўзлари барваста бўлишлари билан бирга, фарзанду, шогирдларни ҳам соғлом ва мерган бўлишга ундар эдилар. Ҳатто баъзан шогирдларини курашда ҳам имтиҳон қилар эдилар.

Оғир фироқ

Мубинхон қори ака 64 ёшдан ўтган пайтлари «қизилўнгач саратони» дардига чалинадилар. Бир ярим йил давом этган бетоблик алалоқибат олти ой мутлақо таом ўтмай қолишига олиб келади. Натижада Тожикистондаги мухлис шогирдларнинг ҳаракати билан у кишини ўша ердаги мутахассис шифокорларга олиб боришади. Шифокорлар беморни жарроҳлик йўли билан очиб кўришса, саратон чирмови аллақачон ошқозон тарафларига ҳам ўтиб бўлган экан. Улар беморни дарҳол қайтариб, уйга олиб кетишни маслаҳат беришгач, тезлик билан самолётда Андижонга олиб келишади.
Андижоннинг энг етук сиймоларидан бири, ушбу диёрга Қуръони Карим нурини таратиб турган порлоқ қуёши 1979 йил 10 март (1399 йил 4 зулҳижжа), якшанба оқшомида Аллоҳнинг амри билан бу дунёни тарк этади. Мубинхон қори аканинг Каломуллоҳга ошиқ руҳи Аллоҳнинг ҳузурига йўл олар экан, бу руҳни яқин 67 йил ўзида олиб юрган муборак жасад Андижондаги Якхон Шайҳ қабристонига душанба куни қўйилади.
Жаноза уйда ўқилади. Жанозага катталарнинг маслаҳати билан «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси» номидан келган меҳмон Пўлатжон қори ака имом бўлади ва таъсирли бир мавъиза қилиб беради.
Бутун юрт мотам тўнини кияди. Қуръон толиблари отасини йўқотган етимдек довдираб қолишади. Барча Қуръон ва илм аҳли устози киромнинг ҳақларига тўхтовсиз тиловату, дуойи хайрлар қиладилар.
Муҳаммад Мубин қори ака тирикликларида фарзандларига жанозани ўзлари ўқишларини васият қилган эканлар. Вафотларидан икки уч кун ўтиб ўтмай, келинларининг бири туш кўради: Ҳовлига ташқаридан кириб келаётган Муҳаммад Мубин қори аканинг юзларидан нимадандир ранжиганлари, ғазабланганлари балқиб турар эди. У киши: «Буларнинг (ўғилларига ишора қилиб) қилган ишига қараганда келмас эдимку я, сизларни деб келдим да!» - дер эдилар.
Бу тушни эшитган фарзандлар бу хафаликни васият ижро қилинмаганидан, деб биладилар ва ҳали дафнга уч кун бўлмаганлигини инобатга олиб, шогирдлар билан биргаликда қабр устида қайта жаноза ўқийдилар. Катта ўғил Муҳаммадий қори имом бўлади.
Мубинхон қори аканинг ҳаммаслак қадрдонлари, Қуръони Каримга беқиёс хизмат кўрсатган улуғ устоз Абдулбоқий қори ака шундай деган эди: «Бир куни туш кўрдим: икки минбар қўйилган. Бири иккинчисидан анча баландга жойлашган. Иккинчиси пастроқда, кичикроқ. Катта минбар Мубин қориники, кичиги Абдулбоқий қориники дейиляпти. Мубин қори акамнинг мақомлари анча баланд экан». Орадан кўп ўтмай, Абдулбоқий қори ака ҳам вафот этадилар.
Мубинхон қори ака умрларининг кейинги даврларида келажак авлод учун ёдгорлик сифатида овозларини бир неча магнит тасмасига ёзиб қолдирганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳум Муҳаммад Мубин қори устозимизни ўз раҳматига олсин. Бу дунёда у кишининг мақомларини Қуръони Карим билан қандай кўтарган бўлса, охират даражотларини ҳам Қуръони Карим билан чўққиларга кўтарсин. Омин!

Раҳматуллоҳ қори ака

Раҳматуллоҳ қори Абулқосим ўғли 1917 йил 15 майда (1335 йил 24 Ражаб) Андижон шаҳрида ҳунурманд оиласида таваллуд топганлар. Оналарининг исми Ҳалимахон бўлган.
Раҳматуллоҳ қори ака ўн икки ёшларида акалари Неъматуллоҳ қори акада Қуръон ёдлашни бошлаганлар ва 24 25 ёшларида Ҳофизи Қуръон бўлиб етишганлар. Йигирма олти ёшларида уйланганлар. Кейинроқ Қуръони Каримни Шаҳобиддин қори акада қайта ўтказиб, қироат ва тажвидларини такомиллаштирганлар.
1967 (1386 1387) йили Покистонда Карачи шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон қорилар кўригида 2 ўринни эгаллаганлар.
Раҳматуллоҳ қори ака ўз даврида Андижоннинг энг машҳур қориларидан бўлганлар. Андижонлик аллома Абдулмажид Қози домла Раҳматуллоҳ қори аканинг қироатларига баҳо берар экан: «Болам, Қуръони Каримни бир йўла маъноси билан ўқийсан да», – деб қўяр эдилар.
Раҳматуллоҳ қори ака алайҳироҳма ҳижрий 1981 йил 12 сентябрда (1401 йил 11 Зулқаъда) оламдан ўтдилар. Тириклик чоғларида Қуръон нурини дилларга таратиб ўтган устозимиз Раҳматуллоҳ қори аканинг қабрларини ҳам Аллоҳ таоло Қуръон нури билан мунаввар айласин. Омин!

Фаришта қози

Абдуллоҳ қори домла ўғли Абдулмажид қори Ҳофизи Қуръон, буюк аллома, фақиҳ, зуллисонайн (араб, форс) шоир, адиб, Шарқ фалсафаси билимдони, хаттот, қозий, мутасаввиф, валий бўлганлар. «Қози домла», «Фаришта қози», «Ҳастдомла» («Ҳазрат домла»нинг қисқартирилган шакли) каби лақаблар билан машҳур бўлганлар. Тахаллуслари - «Ҳофиз».
Насаби
Абдулмажид Абдуллоҳ қори ўғли, Абдуллоҳ қори Жабборқули қози калон ўғли, Жабборқули Қози калон Рўзибой аллома ўғли, Рўзибой аллома Мавлавий Абдулазизнинг ўғилларидир. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Абдулмажид қори аканинг падари бузрукворлари Абдуллоҳ қори домла алайҳироҳма Ҳофизи Қуръон, олим, фозил, бадавлат, ҳимматпеша инсон бўлган. Буни у кишининг шаънига вафодор фарзанд томонидан битилган марсияда яққол кўришимиз мумкин:

Дар ҳама илм устоди беадил,
Дар ҳама фан комили аҳли замон.
Хосса дар илми қироат кей шўда,
Сонияшро муктаҳил чашми замон.

(Маъноси: Барча илмда ўхшаши йўқ олим, барча фанда замона аҳлининг энг баркамоли эди. Хусусан, қироат илмида унинг иккинчиси (ўхшаши) билан замон кўзи сурма тортмаган.)
Шоир ва олим Абдулаҳад Азизов – Анисий унинг насаби ҳақида шундай деган эди:

Олиму, фозил ҳама обоу, аждоди анинг,
Насли одамдан келиб авлоди олий манқабат.

Таваллуди
Абдулмажид қори ака Андижон шаҳридаги Чуқур Масжид маҳалласида 1870 (1286 1287) йили илм ва Қуръон оиласида таваллуд топдилар. Бу уй ҳозирги Андижондаги Медицина колежи ўрнида жойлашган эди.

Ғайриоддий толиб
Абдулмажид қори ака 11 ёшларида Қуръони Каримни тўла хатмга ўтдилар. Кейинчалик ўзлари ҳам ўша даврда одат тусига кирмаган ушбу ҳолни эслаб: «Падари бузрукворимнинг тасаввуфдаги устози Наманганлик Меҳмонхон тўрамнинг олдида 11 ёшимда хатмга ўтиб берганман. Норасида боланинг болиғлар жамоатига нафлда имом бўлишига камина амалий фатво бўлганман», – дер эдилар.
Кейинроқ у киши оталари Абдуллоҳ домланинг амакиваччаси Абдусаттор Аъламнинг ўғли Абдуссамеъ Халфа қўлида Исломий илмларни олишга киришадилар. Жумладан, «Кофия», «Ал фавоид аз зиёийя» (Шарҳи Мулло), «Мухтасарул виқоя», «Шурҳул виқоя», «Ақоид», «Шарҳи Ақоид», «Талхис», «Ҳидоя» асарларини тўлиқ ўрганадилар.
Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк қалб, беқиёс заковат, беназир хотира Абдулмажид қори акани бошқа талабалардан ажратиб турар эди.
Абдулмажид билан бирга тахсил олган Шаҳрихонлик Орифхўжа домла талабалик даврларини эслаб, шундай ҳикоя қиладилар:
«Абдулмажид ўтилган дарсни ҳеч такрорламас эди. Эртаси куни дарсга кириш олдидан таҳорат қилиб келиб, талабалардан бирига «Китобни бериб туринг», - дер ва тик турган ҳолда ўтилган дарсга бир кўз югуртириб қўяр эди. Биз бир куни унга: «Ҳеч ёлчитиб такрор қилмайсиз, шу ҳам ўқишми?», – дедик. У «Шубҳалансангиз, хоҳлаган нарсангизни сўранг, жавоб беришим мумкин», – деди. Кейин билсак, унга ўша бир марта кўз югуртиришнинг ўзи кифоя қилар экан. У «илми ладун» соҳиби эди».
Абдулмажид қори аканинг ўзлари: «Ҳеч бир дарсни такрорлашга эҳтиёж сезмаганман, бир марта ўқисам ёки эшитсам, хотирамга муҳрланиб қолар эди. Домла нима дарс ўтса, худди мен билган нарсаларни айтаётгандек туюлар, гўё бу илмларни Аллоҳ менинг қалбимга жойлаб қўйган у, устоз уни такрорлаётгандек бўлар эди. Қуръони Каримни ёдлашим ҳам шундай осон бўлган», – дер эди».
Бундан бехабар, бир дарсдош шериги бир куни Абдулмажиддан устозга арз қилади: «Устоз, Абдулмажид ҳеч такрор қилмайди. У ўйинқароқ бўлиб кетди чоғи». Устоз Абдулмажидни тургизиб олиб, сўроқлай кетди:
–Қани, Абдулмажид, кечаги дарсни айтинг-чи.
Абдулмажид устози кеча айтиб берган нарсаларни бирор жумла туширмай, сўзлаб берди.
–Фалон кунгини айтинг-чи.
Абдулмажид уни ҳам оқизмай-томизмай айтиб берди.
–Энди фалон нарсани айтинг.
Абдулмажид уни ҳам тараддудсиз бекаму кўст сўйлаб берди.
Бундан таажжубга тушган устоз бояги «ғамхўр»га юзланиб: «Ўзинг кечаги сабоқни сўзлаб бер-чи», – деди. У тўхталиб қолди. Яна бошқасини, сўнг яна бошқасини сўради. Барчасига жавоб бир хил бўлгач, устоз унинг ўзини койий кетди.
Усмонжон ака эшитганларини шундай эслайди:
«Қози домла ҳазратларини оталари устозга ёш берган эканлар. Бир куни у кишини устозлари етаклаб, кириб келиб қолибди. Буни кўрган Абдуллоҳ домла жаноблари, ўғлим гўдаклик қилиб, бирор беодоблик қилиб қўйибди шекилли, деган гумонда узрхоҳлик билан пешвоз чиқибдилар. Устоз: «Ўғлингизга энди биз дарс бера олмасмиз», – дебди. Ота хижолат бўлиб: «Ўғлимиздан айб ўтган бўлса, кечирсинлар», – дея илтижо қилибди. Шунда устоз: «Ундоқ эмас, тақсир, зеро у бизга устоз бўлиб қолди», – деган экан. Ўшанда устози топа олмаётган масалани ёш Абдулмажид қори баён қилиб берган экан.
Қози домла замонасининг бошқа пешқадам олимларидан ҳам таълим тарбия олганлар. Жумладан, отаси уни Шаҳрихонлик етук олим Абдулмўмин охун домлага топширади. Бу кишида ҳам бирмунча шаръий илмлардан таълим олади. Кейинчалик, йигирма беш ёшга етганида Қўқон Жомеъ масжидининг мударриси Абдулваҳҳоб алломанинг қўлига топширади. У ерда бир йил таълим олиб, йигирма олти ёшида Андижоннинг етакчи олимларидан бири, мукаммал мулло бўлиб таниладилар. Замондошларидан бири - Ойимлик кўзи ожиз қори аллома Абулаҳад домла у кишининг бу ерларга келиб қолган бир араб олимидан ҳам таълим олгани, ундан хусусан, араб тили маҳоратини эгаллагани ҳақида сўзлайди.
Абдулмажид қори аканинг оталари қори Абдуллоҳ домла илм ва фазлда баркамол бўлиш билан бирга, бадавлат ва серҳиммат инсон ҳам эди. У киши ўғлининг келажакда ўзи кўзлагандек аллома бўлиши йўлида кўплаб мол давлат сарфлар эди. Яккаю ёлғиз ўғлининг дарсхонасига тез тез бориб, хабар олар, ҳар сафар устозлар ва талабаларга бирмунча ҳадялар билан борар эди. Қизиғи шундаки, фарзандининг ўзига кундалик таъминотидан ортиқча нарсани бермас эди. Бир сафар эркатой ўғил: «Дадажон, ҳаммага берасиз, менинг ўзимга эса ҳеч пул бермайсиз», – дея арз қилади. Шунда меҳрибон, ҳикматли ота: «Ўғлим, мен мана шу нарсаларнинг барини сизга беряпман. Фақат мен донни сочиб қўйяпман, ҳосилини ўзингиз териб оласиз, иншааллоҳ», – деб жавоб берган экан.
Мулла Абдулмажид қори илмдан бўш пайтларида мустақил шеърий мутолаага берилиб, араб, форс ва турк адабиётини ҳам ўзлаштирдилар. Асосий машғулотлари шеърият бўлмаса да, ёзган шеърлари тўпланиб, бир девон бўлган. Аммо ҳаётларидаги бесаранжомликлар натижасида бу девон йўқолган бўлиб, фақат баъзи шеърларигина сақланиб қолган. У киши адабий тахаллус сифатида ўзларига «Ҳофиз» тахаллусини танлаган эдилар.

Оилавий ҳаёт
Мулла Абдулмажид қори ака «хатми кутуб»ни камолига етказиб, устозлардан ижозат олгач, оилавий ҳаётга қадам қўядилар. Ўзларининг қариндошлари ва устозлари бўлган Абуссамеъ Халфанинг қизи Фотимахонга уйланадилар.
Айтишларича, Халфа домла ҳажга борганида Аллоҳ таолога илтижо қилиб, қизларининг тақдири ҳақида истихора қилади. Шунда биринчи қизини шогирди мулла Абдулмажид қорига, иккинчисини яна бир шогирди мулла Муҳаммад Амин махдумга беришга ишора бўлган экан.
Мулла Абдулмажид қори ака Фотимахон ойимдан Абдулмалик, Ҳибойимхон, Боқибиллоҳ, Валийяхон, Номибиллоҳ исмли беш фарзанд – уч ўғил, икки қиз кўрадилар. Фарзандларнинг ҳар бирининг ораси уч ёшдан бўлган экан.
Суюкли фарзанди Боқибиллоҳнинг хатна тўйи Чуқур Масжид маҳалласидаги хонадонда бўлган эди. Зиёфатда хушовоз хонандалар насиҳатомуз байтлар ўқиб, байтхонлик қилишган экан.

Фаолияти
Мулла Абдулмажид қори ака тахминан 1907 (1325) йилларда Андижондаги Ўйлиқ даҳасига қози бўладилар. У кишининг қозилик қароргоҳлари ҳам ҳовлиларига яқин жойда жойлашган. Мулла Абдулмажид қори ака қозилик вазифаси билан бирга, Қуръон таълимини ҳам давом эттирар эдилар. Вазифаларини аъло даражада адо этганликлари боис, иккинчи марта қайта сайланганлар. Сайлов беш йилда бир марта бўлар эди. Қози домланинг қозилик ишларидаги қатъий адолатлари ҳамда самимий меҳнатлари, илм ва тақводаги баркамолликлари халқ орасида у кишининг «Фаришта қози» деб ном олишларига сабаб бўлган.
Инқилобдан кейинги халққа, динга нисбатан бошланган ҳужум албатта, халқпарвар Ислом арбобини четлаб ўтмаслиги табиий эди.
Абдулмажид қози домла биринчи марта қамалганларида Андижоннинг машҳур қамоқхонасида кўп ётмайдилар. Бори йўғи етмиш икки соатда отиб ташлашга ҳукм қилинадилар. Ижрога бир кеча кундуз қолганида маҳбуслар ҳукмдан хабар топиб, қамоқхонада ғалаён кўтарадилар. Масала хатарли эканлигини пайқаган қамоқхона маъмурияти ҳукм ижросини кечга суради. Ўша кезларда қамоқхонанинг нуфузли нозирларидан бўлган андижонлик Рустам ака қамоқхона раҳбариятига сездирмаган ҳолда Қози домлани қочиришга муваффақ бўлади. Қози домла умрининг охиригача Рустам аканинг бу яхшилигини унутмайдилар ҳамда авлодларига ҳам бу мурувватни давом эттиришни тайинлайдилар.
Қози домла бу мудҳиш ҳолдан қутулгач, Сузоққа қочиб ўтиб, у ерда икки йилча яшайдилар. У диёрнинг етакчи олимлари билан ҳафта ёки икки ҳафтада бир илмий суҳбатлар қилиб турадилар. Лекин зулм сиёсатининг мухлис гумашталаридан бири Қози домлани қидира-қидира Сузоқда тутиб олади ва уни Сузоқ Миршабхонасига олиб боради. «Иш судга оширилсин», деган ҳукмни эшитган ҳалиги хоин Қози домланинг бошига тўппонча аралаш мушт тушираркан: «Бошингни едимми, мулла?!», – дея қалбидаги ўз миллатига мусулмонларга нисбатан адоватини эълон қилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи билан хулқланган зот зарбага жавобан табиий оҳангда самимий бир жумлани айтадилар, холос: «Болам, қўлинг оғримадими?»
«Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради» деганларидек, суд худди аввалги ҳукмни чиқаради. Отиш пайтигача қолган етмиш икки соатлик арз имкониятидан фойдаланиб, «маданият»лик Қутбиддин махдум ака Намангандан бир адвокат топиб, унинг маслаҳати билан Сталиннинг номига хат ёзадилар. Айтишларича, хатда маҳкумнинг жуда улуғ зот эканлиги, Сузоқда чиқарилган бу қарор ўзбек ва қирғиз миллати орасида кескин келишмовчиликка сабаб бўлиши мумкинлиги ва бошқа фикрлар ифода этилган экан. Аллоҳнинг тақдирининг ажойиблигини қарангки, эллик икки соат деганда Сталин номидан «оқлов хати» келади. Бунга таваккал қилиб хат ёзган мухлисларнинг ўзлари ҳам ишонгилари келмас эди. Қутбиддин ака ва унинг отаси мулла Худойберди акалар Қози домлани ўша ердан тўғри «Маданият»га олиб кетишади.
Хоин миршабнинг оқибатини Аллоҳ шу дунёнинг ўзида кўрсатади. У оғир бош оғриғига чалинади. Миясининг ичида гўё бир бақа юқорига қараб сакрар эди. Дарднинг давоси топилмас, оғриқнинг қаттиқлигидан ўлим унинг учун «орзу» эди. Бу дард ниҳоят уни «орзу»сига ҳам етказади.
Қутбиддин акалар Абдулмажид қози домлани «Маданият»га олиб келгач, ўз уйларидан икки уч эшик нарида жойлашган Жомеъ масжидининг ҳужрасига жойлаштирадилар. Қози домла бу масжидда имом хатиблик ҳам қиладилар. Орадан олти йил ўтиб, яна безовталик рўй беради. Қутбиддин ака Қози домлани бир эшакка миндириб, Андижонга, Далварзиндаги бир яқинларининг уйига қўйиб келади.
14 15 кун ўтиб, Қутбиддин ака Қози домладан хабар олгани Далварзинга боради. Қараса, Қози домла уйнинг этагида бўй чўзиб қолган маккапоянинг ичида яширинча истиқомат қилаётган эканлар. Бу ҳолни кўриб, ачинган Қутбиддин ака Қози домлани ярим тунда яна «Маданият»нинг чеккасида жойлашган бир паст, қамишлари кўриниб турган уйига олиб келади. Ўша уйнинг орқасига яна икки уч киши сиғадиган бир хонача қуришади. Уйнинг сандиқ турадиган меҳробидан туйнук очиб, хоначага йўл очишади. Янги «меҳмон»ни ўша хоначага киргизиб, устидан сандиқни жойлайдилар ва кўрпачаларни тахлаб қўядилар. Меҳмон фақат изн билан, ҳожат юзасидан ташқарига чиқиб келар эди. Бу ҳол 41 кун давом этади.
Замон бироз сокинлашгач, Қози домла Андижонга қайтадилар ва то умрининг охиригача бемисл иззат икром ва фароғатда яшайдилар. У кишининг камтарона ҳужралари зиёратчилар билан ҳамиша тирбанд бўлиб, уларнинг адади фақат Аллоҳга маълум эди. Ечими топилмаётган масалалар, уламоларга мушкул келаётган жумбоқлар мана шу «ҳужрача»да ўз жавобини топар эди.
Қози домла ҳар кимга ўзига яраша сўз айтар, суҳбатлари ғоят сермазмун ва файзли ўтар, ҳамсуҳбатларнинг аксарияти аҳли илм, аҳли фазл кишилар бўлар эди. Ана шу илмий суҳбатларга гувоҳ бўлган баъзилар ҳозирда «Ўта илмий, бунинг устига дам арабий, дам форсий тилда суҳбатлашишар эди да», дея ўша суҳбатлардан баҳра ололмаганларидан нолиб ҳам қўйишади.

Буюк шахсият
Абдулмажид қози домла пок қалб, соф фитрат, кучли руҳ, буюк илм, етук тақво, беназир ахлоқ, ўткир зеҳн, беқиёс муҳофаза, нодир истеъдод соҳиби эдилар.
У киши жуда баланд бўйли, суяклари йўғон, басавлат, ниҳоятда ҳайбатли, елкаси кенг, бармоқлари йирик, қизилга мойил оқ юзли, соқоли ўзига ярашган (уни бир қабзадан оширмас эдилар), овози жуда салобатли, нутқи ўта равон инсон бўлиб, ҳар бир сўзни эҳтимом билан айтар, бирор марта шошиб гапирмас эдилар. Суҳбатига ошиқларнинг ку сон саноғи йўқ, суратини бир кўрган киши унга мафтун бўлиб қолар эди. Қозилик лавозимидаги кезлар ҳам кўркам либосларни, гўзал салла, тўнларни кийиб, жуда чиройли бир қора саман отни миниб юрар, хусусан, Жумъа намозига чиқишда бу ҳайъати зиёда бўлиб кетарди. Ҳатто одамлар у кишини томоша қилиш учун кўчаларга чиқиб туришар эди. Бир аср хизмат қилганига қарамай, кўзлар кўзойнаксиз ўқиш, оёқлар ҳассасиз юра олиш қудратини йўқотмаган эди. Аждодларининг асрлар оша аҳли илм, етакчи, улуғ шахслар бўлиб келганлиги ҳам Қози домлага шараф устига шараф бахш этар эди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ўзи хоҳлаган бандасига дунёю охират неъматларини мукаммал қилиб бериши намунаси эди.
У зотни кўрган кишиларнинг барчаси ёшидан, ким бўлишидан қатъи назар, «Унинг ўхшашини кўрмаганмиз», - деб эслайдилар.

Кароматлари
Ватанимизда динсизлик сиёсатининг Исломга қарши ҳужуми авжига минган кезлар бу буюк Ислом арбобига ҳам ташвиш келтирган эди.
Бир сафар миршаблар Қози домлани тутиб келиш топшириғи билан уйига бостириб кириб келишади. Бу пайтда Қози домла уйда эдилар. У киши ҳовли саҳнидаги бир дарахтнинг ортига ўтиб олиб, маснун бир дуони ўқиб турардилар. Миршаблар уйнинг ичкариси, ташқарисини бир неча бор айланиб текширишгач, ноумид бўлиб, шиддат билан чиқиб кетишади. Қизиғи шундаки, бир неча ҳассос қидирувчилар Қози домлани излаб, у кишининг ёнларидан кўрмай ўтиб кетишар, фарзандлари эса оталарини узоқдан кўриб туришар, миршаблар нега кўрмаётганларидан таажжубда эдилар. Аллоҳ таоло қози домланинг дуосини ижобат қилган, уларнинг кўзига парда тортиб қўйган эди.
Муҳаммаджон домла Ҳиндистоний алайҳироҳма бир куни Қози домланинг зиёратига бораётиб, кўнглидан ўтказди: «Қози домланинг барча шаръий билимларга моҳирлиги кундек равшан. Аммо Бедилнинг байтига малакаси қандай экан? Фалон фалон байтларнинг шарҳини сўрасам…» – дея, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг баъзи энг чуқур, жумбоқли байтларини мўлжаллаб қўйди. Зиёрат, салом аликдан сўнг Қози домла суҳбат бошладилар ва баъзи форсий байтларни шарҳладилар. Шарҳ шундай юқори даражадаги илм ва маҳорат билан қилинар эдики, қўшимча саволга ўрин қолмас, кўнгилларга бир вақтнинг ўзида ҳайрат ва таскин элтар эди. Ажабланарлиси шундаки, сўзловчи айнан тингловчи мўлжаллаган мисраларни нишонга олган эди.
Бир куни Қози домланинг ҳузурларига Тошкентдан икки меҳмон келади. Ташрифнинг боиси - улардан бирининг жуда мушкул саволи бўлиб, бу анчадан буён ечими топилмаётган масала экан. У шеригига зиёратга киришдан аввал бир қийин масалани сўраш мақсади борлигини айтган экан, дўсти унга: «Кираверайлик-чи, ўрни келса сўрарсан», – дебди. Улар ичкарига киришади. Зиёфат асносида Қози домла бироз суҳбат қилиб берадилар ва улар ижозат олиб, ташқарига чиқишади. Шунда бояги одам шеригига юзланиб: «Нега саволингни сўраб олмадинг? Ахир жуда зарур, деяётган эдинг ку!», – дейди. У эса ҳайратланган бир ҳолатда: «Эҳ, тақсир, чунки бунга эҳтиёж қолмади. Қози домла мен сўрамоқчи бўлган нарсаларни бошдан оёқ айтиб бўлдилар», – дейди. Сўнг бўлган ҳодисани Абдулфаттоҳ махдум акага айтиб: «Ҳай ҳай, бу зотни эҳтиёт қилинглар», – деб чиқиб кетишади. Меҳмонлар ҳам илмли ва мухлис кишилар экан.

Ҳусни хотима
1967 йил 15 март (1386 йил 4 зулҳижжа) чоршанба куни. Абдулмажид қози домла алайҳироҳма қишлоққа бир йиғинга бориб келадилар. Оқшом тушгач, набиралари билан суҳбатда ҳеч кимнинг эсига келмаган мавзуда сўз очадилар: «Падари бузрукворимиз алайҳироҳма милодий сана ҳисобида 97 йил яшаган эдилар. Қайнотамиз - устозимиз Абдуссамеъ халфа алайҳироҳма ҳам ўша ёшда вафот этганлар (ўзларининг яқинларидан яна бир кишини ҳам айтадилар). Биз ҳам ўша ёшга етиб келдик. Халқ бизнинг ҳаққимизга «умри табиий» сўраб дуо қилади. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ижобат қилган бўлса, ажаб эмас. Аммо бизнинг марра ҳам ўша».
Бу ғайриоддий гаплар, башар одатига кўра, эшитганларга оддий туюлар эди, чунки бу сўзларни айтаётган киши ҳар доимгидек соғ ва тетик эди. Ақллар бу сўзларни тинглар экан, Аллоҳнинг яқин келган қазосидан ғафлатда эди. Бу ғафлатни бундан кўра аниқроқ ифода билан ҳам аритиб бўлмас эди. Зеро, қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг сиридир. Ҳамма уй уйига кириб, кўзлар ҳам ғафлатга кетади. Одатдагидек, субҳи содиқдан аввал хизматига кирган набираси у кишининг ҳали уйғонмаганидан ҳайрон бўлиб, яқин боради. Қараса, ҳолат одатдагидан ўзгача: Абдулмажид қози домла беҳуш ётар эдилар. Дарҳол ҳаракатга тушадилар. Пешин вақтида табиблар олиб келиб, муолажа қилмоқчи ҳам бўлдилар. Аммо кеча ишораси берилган ҳукм соати келган эди.
Абдулмажид қози домла алайҳироҳма 1967 йил 16 март (1386 йил 5 зулҳижжа) пайшанба куни пешин вақтида бир асрлик ҳаётни тамомлаб, абадий ҳаётга йўл оладилар. У зотни таваллудидан вафотигача ҳурмату эъзозда қилган, бир аср сийлаб, илтифот кўрсатган Роббининг ҳузурига у Зотдан рози бўлган, иншааллоҳ, У Зот ҳам бу эрка бандасидан рози бўлган ҳолда риҳлат қиладилар.
Бутун юрт мотамга чўмади. Жаноза Жумъа намози пайтига белгиланади. Узоқ-яқиндан одамлар оқиб кела бошлайди. Халқнинг руҳий ҳолати, бу оғир жудолик, улкан йўқотишни ҳис қилган кишилар хонадон дарвозаси пештоқига Аллоҳнинг илҳоми билан ҳақли равишда Алишер Навоийнинг қуйидаги мисрарларини бир катта қоғозга ёзиб, осиб қўядилар:

Фироқ вақтидир, эй кўзлар, эмди қон йиғланг,
Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз!

Жанозада бутун Ўрта Осиёдан келган кишилар иштирок этадилар. Хонадондан олиб чиқилган тобут Андижон марказидаги Девонабой масжидига қўлма қўл олиб борилади. Оламоннинг бир учи тобутни масжидга олиб борган вақтда кети ҳали хонадондан узилмаган эди. Жанозани ўша пайтда Девонабой масжидида имом хатиб бўлиб турган, Қози домланинг содиқ шогирдларидан бўлган Ҳабибуллоҳ қори ака ўқийдилар. Тобут шаҳарнинг юқори четидаги Бобо Саъдуддин қабристонига елкама елка, қўлма қўл олиб борилади. Манзилга етиб боргунча анбар устидаги чойшабларни кишилар майда майда қилиб бўлиб оладилар. Дафн маросими гўё қиёматни эслатарди.
Абдулмажид қози домла алайҳироҳманинг шаънларига замонанинг энг етук олимлари, шоирлари марсиялар битишади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ул буюк зотни ўз раҳматига олсин. Ҳаётида бир намуна сифатида кўрсатган фазлу марҳаматини охиратда бемисл қилиб берсин. Ислом умматига яна ўшандай буюк намояндаларни ато айласин. Омин!

Ҳабибуллоҳ ҳожи дада

Ўтган асрнинг ғала-ғовур даврларида иймон-эътиқодига содиқ бўлиб, дину эл хизматида фидокорлик кўрсатган улуғ олимларимиздан бири халқ орасида Ҳабибуллоҳ ҳожи дада номи билан машҳур бўлган Ҳабибуллоҳ қори ибн Исо Муҳаммаддир. У зот улуғ дин ходими ва ҳимоячиси, Ҳофизи Қуръон, шариат-тариқат илмларининг олими ва омили, валоят ва каромат соҳиби, мухлисларнинг пешвоси, гўзал ахлоқ соҳибларининг муқтадоси, Пайғамбарлар меросхўри ва салафи солиҳларнинг давомчиси бўлганлар. У зот истибдод ҳукм сурган даврда динимизни кейинги авлодга соф ҳолда етказишда хизмат қилган олтин халқалардан бири эдилар.

Насаб ва таваллуди
Ҳабибуллоҳ қори домланинг оталари Муҳаммад Холиқ ўғли Исо Муҳаммад асли тошкентлик бўлиб, айрим сабабларга кўра Андижонга келиб қолади ва у ердан уй-жой қилади. Кейин Андижоннинг етук олимларидан бири Муҳаммад Қосим домланинг қизига уйланади.
Муҳаммад Қосим домланинг беш ўғли ва бир қизи бор бўлиб, ўғилларининг барчаси аҳли илм ва аҳли Қуръон бўлганлар. Қизлари ҳам илмли, зуҳду тақволи, иффатли, зийрак ва ўта покиза аёл бўлиб, унинг исми Биби Розия эди. Ундаги бу фазилатлар то ҳаётининг охиригача ривожланиб боради.
Исо Муҳаммад ҳам олим, мухлис, Аллоҳни кўп зикр қилувчи, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг сийратларига ошиқ инсон эди. Диёримизда «Мавлид китоби» номи билан машҳур бўлган Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Иқд ал-жавҳар фи мавлид Ан-Набийй ал-азҳар» номли сийрат асарини ҳар куни ўқир эди. Шунингдек, Юсуф Ҳамадонийнинг «Ал-аврод ал-фатҳийя» номли кундалик зикрлар тўпламини ва «Далоил ал-хойрот» номли саловат ва зикрлар китобини ҳам ҳар тонгда мутолаа қилар, яна қўшимча дуолар қилиб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Исо Муҳаммад оиласи билан Андижон шаҳрининг Бештегирмон маҳалласидаги хонадонларнинг бирида (ҳозирги Байнал минал кўчаси 55 хонадонда) умргузаронлик қилар ва муқовачилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратар эди.
Аллоҳ таоло бу муборак оилага 1908 (1326) йили фазилатли бир ўғил ато қилади. Боланинг исмини яхши ният билан Ҳабибуллоҳ қўядилар. Улар Ҳабибуллоҳдан кейин яна икки ўғил ҳам кўрадилар, аммо уларнинг бири кўча бўйидаги анҳорда чўкиб, яна бири эса томоғига нарса тиқилиб, гўдаклик чоғларидаёқ вафот этадилар.

Болалик ва йигитлик даври
Ҳабибуллоҳ илму тақво муҳитида улғая боради. У илк саводни ўз ота онасининг қўлида чиқаради. Кейинчалик уни шаҳар четидаги Шайтепа мавзесида истиқомат қилувчи Қуръон устозларидан бўлмиш Муборак қори домлага топширишади. У зеҳни ниҳоятда ўткирлиги ва тиришқоқлиги билан бошқа болалардан ажралиб турарди. Ҳар куни янги дарс олишдан олдин ўтган сураларни бир қатор такрор қилиб, сўнг янги дарсга ўтар эди. Мана шу зайлда олиб борилган таълим натижасида у 11 ёшида Қуръони каримни тўла ёд олади ва Рамазонда таровеҳ намозида хатм қилиб беради.
Вояга етгач, Андижондаги Маҳмуд Алибой қурдирган «Жомеъ» мадрасасига ўқишга киради ва то 1929 йилгача, яъни мадраса большевиклар томонидан бекилгунича шу ерда етук олимлардан таълим олади. Кейин илмга чанқоқ толиби илмлар билан биргаликда мадрасанинг бош мударриси бўлган улуғ олим Қобил Охун домлада, шунингдек, Қорақош домла номи билан машҳур бўлган етук олим Толиб Охун домлаларда таҳсилни давом эттиради. У мазкур устозларда араб ва форс тиллари, Балоғат, Ақоид, Фиқҳ, Усули фиқҳ, Тафсир, Ҳадис ва бошқа шаръий билимлар билан бир қаторда Шарқ мумтоз адабиёти ва шеърияти, табобат каби илмларни ҳам ўрганади. Шу билан бирга, у доимо ўз устида ишлар, кўплаб китобларни, жумладан, Ҳофиз, Бедил, Навоий, Фузулий, Сўфи Оллоҳёр каби шеърият дурдоналарининг бой асарларини мустақил мутолаа қилиб, ўзлаштириб боради.
Шунингдек, унинг тасаввуф илмига ҳам иштиёқи баланд бўлган. Бу борада у Махсумхон Эшон дададан таълим олади ва унинг етук шогирдларидан бирига айланади.
Ҳабибуллоҳ қори ёш бўлишига қарамай, ота-онасига ниҳоятда меҳрибон, уларнинг хизматидан чарчамас эди. Бир неча бор отасининг кўз ёши билан қилган дуоларига мушарраф бўлган. Кейинроқ Исо Муҳаммад домла бироз оғриб, ўз тупроғининг ота юртида бўлишини қасд қилиб, Тошкентга қайтиб кетади ва 1928 йилда шу ерда вафот этади. Меҳрибон ўғил отанинг охирги хизматларида ҳам қоим бўлади. Марҳум шаҳардаги «Минор» қабристонига дафн қилинади.
1931 йили Биби Розия ўзининг ёлғиз ўғлига келин қилиш учун шаҳардаги аҳли илмлардан Мулла Муҳмуд Охун домланинг Муҳтарамхон исмли қизига совчи бўлиб боради. Бўлажак келин илм ва тақво соҳибаси, онаси Ҳалимахон каби иболи, иффатли қиз бўлиб тарбия топган эди. Оила қуришгандан сўнг уларнинг ораларида саккиз йил фарзанд бўлмай, ниҳоят, 1939 йили бир ўғил кўришади. Унинг исмини Тожиддин қўйишади. Ундан кейин Аллоҳ уларга яна уч қиз ва уч ўғил ато қилади.
Ҳабибуллоҳ қори ака ўз давридаги кўплаб уламо ва машойихларнинг ҳузурларида таълим-тарбия олиб, хизматларида бўлганлар. У киши ўттизга яқин олимнинг ҳузурида бўлиб, уларнинг хайрли дуо ва ижозатларига мушарраф бўлганликларини кейинчалик ўз фарзандларига кўз ёши билан зикр қилиб берган эдилар. Жумладан, ўз даврининг етук олими, «Ҳофиз» таҳаллуси билан қалам тебратган зуллисонайн (форс-турк) шоир ҳазрат Абдулмажид қози домладан ҳам таълим-тарбия олганлар.
Бир куни кўплаб олиму фузалолар жамланган бир мажлисда уларнинг пешвоси бўлиб ўтирган Абдулмажид қози домлага айрим хадди сиққан кишилар мурожаат қилиб: «Тахсир, ўлим ҳақ, сиздан сўнг Андижонга пешволикка ким ҳақли бўларкан?», - деб сўрашади. Қози домла бир муддат бошларини қуйи солиб ўтирадилар-да, сўнг уларга қараб: «Ана у йигит бўлади», - дея хизматда турган ёш йигит Ҳабибуллоҳ қорига ишора қиладилар.
Мулла Қобил Охун домла хонадонида хизматда бўлганларнинг айтишларича, Ҳабибуллоҳ қори ака шу жойда таҳсилни давом эттираётган кезларида дарсдан кейин ҳам устоз ҳузурида қолар, то устоздан ижозат бўлмагунича чиқиб кетишга шошилмас эдилар. У кишидаги одоб-ахлоқни кўрган устоз: «Бундан Шайхулисломнинг ҳиди келади-я», - деб қўяр эди.
Устозларнинг ниятлари кетган экан, у киши халқ ҳузурида Қози домладек сўзлари фатво бўладиган даражага етадилар, Шайхулисломдек мавқеъга эга бўладилар ва Исломга буюк хизматлар қиладилар.

Дину эл хизматида
Ҳабибуллоҳ қори дада ўз касбининг устаси эдилар. Бозорда бир дўкон очиб, у ерда муқовачилик қилар, баҳонада ўзлари ҳам турли китоблар билан танишардилар. У киши бир нечта колхозларда иш қоғозларини муқовалаш бўлимида ҳам ишлайдилар. Ниҳоят, 1952 йили Андижон шаҳридаги «Девонабой» марказий Жомеъ масжидининг ўша вақтдаги имом-хатиби Нуъмон ҳожи домла ва шаҳардаги бошқа олимларнинг таклифлари билан шу масжиднинг тафтиш комиссияси аъзоси бўлиб фаолият бошлайдилар. Ўзларининг чуқур илм ва билимлари билан яхши суратда иш олиб борганликлари учун бир йилдан сўнг имом ноиби бўлиб сайланадилар.
1954 йили ўша даврларда шаҳарда фаолият кўрсатаётган иккинчи масжид «Бобо Саъдуддин» номли уйғур масжидига имом-хатиб этиб тайинланадилар.
Орадан бир йил ўтиб, 1955 йили Андижон вилоятига қарашли «Қўрғонтепа» Жомеъ масжидига имом-хатиб вазифасида ишлашга юбориладилар. У жойда дину эл учун ажойиб хизматлар қиладилар, масжид гуллаб яшнайди, халқнинг диний билими ошади. Ҳабибуллоҳ қори даданинг ушбу хизматларини тақдирлаш маъносида «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси» томонидан 1960 йилда илк бор Ҳаж сафарига жўнатиладилар. У киши бир ойдан зиёд сафарда бўлиб, бир умр Ҳажга бориш орзусида яшаган ва бир неча ой муқаддам вафот этган волидалари Биби Розияхон учун ҳам ҳажжи бадал қилдириб қайтадилар. Шундан сўнг халқ орасида «Ҳабибуллоҳ ҳожи» ёки «Ҳожи дада» номи билан тилга олинадиган бўладилар.
1961 йили Наманган шаҳридаги «Эшон Шайх» масжидига имом-хатиб этиб сайланадилар. У ердаги уламоларнинг ҳурмат-эъзозларини топиб, уларнинг бир умрлик қадрдонларига айланадилар.
Ниҳоят, 1962 йили Андижондаги «Девонабой» масжидига имом-хатиб бўлиб қайтиб келадилар ва то ҳаётларининг охиригача, яъни 1992 йилгача ушбу хизматда бўладилар.
Ҳабибуллоҳ қори дада қаерда бўлмасинлар, холис Аллоҳ таоло учун дину диёнат йўлида ҳормай-толмай ҳаракат қилар, борганки жойини обод этар, ўша жойдаги уламолар, қорилар, толиблар, аҳли фазл кишиларнинг иззат-икромини жойига қўяр, умуман, барча каттаю-кичикнинг кўнглини олар, бечораҳолларни қўллаб-қувватлар эдилар.
У киши доимо халқни тақво-ибодатга, ихлосу амалга, гўзал ахлоқ одобга даъват қилардилар. Сўзлари ниҳоятда самимий, мустаҳкам ҳужжатлар асосида бўлар, юракларининг туб-тубидан ихлос ва шижоат билан отилиб чиқарди. Суҳбатлари кўпроқ кўз ёши аралаш бўларди ва шунинг учун бўлса керак, улар одамларда яхши таассурот қолдирардилар. Ақида масалаларида аҳли сунна ва жамоа ақидавий мазҳабида сўз юритар, фиқҳий масалаларга Ҳанафий уламолари фатволари асосида жавоб берардилар. У кишининг даъватларидаги яна бир ўзига хослик шунда эдики, қайси мавзуда сўзласалар, шу мавзуда аввал оят, ҳадис ва уламоларнинг асарларидан келтириб, сўнг шу маънодаги бирор форсий ёки туркий байт келтириш билан фикрларини ёритиб берар эдилар. Форсий шеърлар асосан Ҳофизу Бедилдан, туркийлари Навоий, Фузулий ва Сўфи Оллоҳёр ижодларидан бўлар эди.
Ҳабибуллоҳ қори дада қаерда имом бўлсалар, ўша жойдаги одамлар у кишига муҳаббат қилиб, мухлис бўлиб қолар эди. Ҳар сафар бир жойдан иккинчи жойга хизматга ўтсалар, аввалги масжид аҳли у кишининг яна ўз жойларига қайтиб боришларини илтимос қилиб, у ёқ-бу ёққа югуриб қолишарди. Ҳатто Наманган, Қўрғонтепалик мухлис кишилар у кишидан то ҳаётларининг охиригача хабар олиб, зиёратга келиб турардилар.
Ҳабибуллоҳ ҳожи дада 1965 йил «Девонабой» масжидидан иккинчи бор ҳаж сафарига мушарраф бўладилар. Масжиднинг ободонлиги, жамоатнинг бирлиги, халқнинг соф эътиқоди, тўғри ибодати, гўзал ахлоқи учун қўлларидан келган барча ишни қиладилар.
Ҳар куни беш маҳал намозда масжидда бўлар, Рамазонда таровеҳ намозида хатм қилиб берар, бу ишларга шаҳардаги устоз қори акаларни ҳам жалб қилар эдилар. Бундан ташқари, Ҳофизи Қуръон бўлганликлари қўл келиб, бир йили Бамдод намозида бир неча ой ичида Қуръони каримни хатм қилиб берган эдилар. Ҳатто, ҳаётларининг охирги йилларида, аниқроғи 1993-1994 йилларда ҳам масжидда Рамазон хатмини бошлаб бериб, унда кучлари етганича иштирок этган эдилар. Ўшанда у киши 85 ёшлар атрофида эдилар.
1985 йили масжидга ўт кетиб, унинг ҳамма бинолари деярли ёниб битади. Бу ҳодиса барча намозхонлар учун, хусусан, уларнинг имоми учун катта мусибат ва синов бўлган эди. Айрим мутасадди кишилар масжидни бошқа жойга кўчириш фикрини ҳам ўртага ташлайдилар, аммо бунинг оқибати яхши бўлмаслиги кўриниб турарди. Ҳожи дада бу вазиятни сабру матонат билан қарши оладилар. Ўзларини йўқотмайдилар, балки, Аллоҳга дуою тазарруъ билан илтижо қиладилар. Ҳатто ўз аҳли оилаларига ҳам масжид ободлиги учун дуо қилишларини сўраб, кўз ёш тўкар, шу билан бирга, бу йўлда бор имкониятларини ишга солар эдилар. У кишининг меҳнат ва ташаббусларининг гувоҳи бўлиб турган масжид катталари «Унинг номини ўзгартириб, «Ҳабибуллоҳ ҳожи дада» масжиди деб атасак», деган фикрни ҳам билдирадилар. Лекин Ҳожи дада бунга рози бўлмайдилар. Шундай қилиб, масжид деярли янгидан қайта тикланади.
Кейинроқ Ҳожи дада масжиднинг шарқий томонига ўз маблағларидан бир қорихона қурдирадилар. У ерда кўплаб мусулмонларнинг фарзандлари тарбия топадилар, Ҳофизи Қуръон бўлиб етишадилар. У киши ушбу масжидда роппа-роса 40 йил, яъни 1992 йилгача имом-хатиб вазифасида хизмат қиладилар. Шу йили Аллоҳнинг инояти ила учинчи бор муборак ҳаж сафарида бўлдилар. Бу сафар у киши аёллари, қизлари ва кенжа ўғиллари билан бирга ҳаж қиладилар ва эсон-омон ўз юртларига қайтиб келадилар.
Ҳожи дада ўз маҳаллаларида, фарзандлари кўчиб борган жойларда аҳоли учун кўприк қуриш, газ, сув келтириш, кўчаларга асфальт ётқизиш каби кўплаб хайрли ишларни амалга оширганлар, баъзи ночор оилаларга уй қуриб берганлар.
Ҳаётларининг сўнгги йилларида очилган маҳалладиги «Ғиштли масжид»нинг моддий таъминотининг катта қисмини ҳам ўз зиммаларига олганлар.
Ҳабибуллоҳ ҳожи дада қаерда бўлмасинлар, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарар, уларга Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларнинг маъноларини етказар ва ўзлари уларга амал қилиш билан гўзал намуна кўрсатар эдилар.
У киши шаҳардаги аҳли илм, аҳли Қуръон ва аҳли фазл қишиларни масжидга жалб қилар, уларнинг ораларида муҳаббат ва дўстликнинг зиёда бўлиши учун ҳаракат қилар, бу билан халқнинг иттифоқлигини таъминлар эдилар.

Фазл ва тақвоси, ахлоқ-одоби
Ҳабибуллоҳ қори даданинг илмий даражалари қандай бўлганини у кишига таълим берган устозларидан ҳам англаш мумкин. Зеро, у киши ўз устозларининг илмларини пухта эгаллаган нодир шахслардан эдилар. Шу боис ўз даврида у кишининг олдига тушадиган олим яқин атрофда топилмас эди.
У киши Қуръони каримни пухта ёд олган, тажвид илмини яхши эгаллаган эдилар. Кексайган вақтларида ҳам тиловат қилганда тутилмас, қаерида қандай қоида борлигини адашмай, айтиб бера олар эдилар.
Ҳабибуллоҳ қори даданинг юксак фазилатларидан бири, у киши ўрганганки нарсаларини ўша соатдан амалга татбиқ этишга ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто тиббий кўрсатмаларга ҳам оғишмай амал қилар, таомланганда ҳам тартиб-интизом билан, фойда-зарарини сарҳисоб қилар ва «Бизга «Жомеъ»даги устозимиз «Тибби Юсуфий»ни ёдлатган эди, шундан буён унга амал қилиб келаман», - деб қўяр эдилар.
У киши хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутоҳҳараларига эргашишга жуда ҳам ҳарис эдилар. Юришда, туришда, кийинишда, ўтиришда, ейишда, кўринишда, қўйингки, барча сўз ва амалда суннатга мувофиқ йўл тутар эдилар.
У зот барча ҳаракату саканотларда Аллоҳ таолонинг назарида турганликларини бир лаҳза ҳам унутмас эдилар ва бу у кишининг ҳар бир фикру назарида, сўзу амалида барқ уриб турарди. Ҳабибуллоҳ қори даданинг тиллари тиловат ва зикрдан тўхтамас ва бунинг таъсирида кўзлари доимо ёшланиб, юзлари нурланиб турарди. Улардаги бу хислатни қалб кўзи очиқ ҳар бир кимса осонгина англаб оларди. Ҳар бир сўз ва амалда фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлар, шу боис қилган яхшиликларини ошкор бўлишини хуш кўрмас эдилар. Бировларга, ҳатто набираларига ҳам ҳадя бераётганларида қалбни ҳозирлаш маъносида «Баризойи Аллоҳ» деб қўяр эдилар. У киши одамларнинг мақтовига ҳам, мазамматига ҳам заррача аҳамият бермасдилар. Ҳабибуллоҳ қори даданинг қалблари кибру ҳаво, риё, сумъа, ужб, дунё муҳаббати, бахиллик каби маънавий иллатлардан тоза эди. У киши ўта тавозеъли, камтарин инсон бўлиб, барчани ўзларидан юқори билар, ҳар кимни ўзига яраша иззат-икром қилар эдилар.
У зот саховатда ҳам беназир инсон эдилар. Бу борада гоҳида «ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин» қоидасига кўра иш тутсалар, гоҳида мавлид ва ифторлик мажлислари уюштириб, элга ошу нон ва ҳадялар улашардилар. Ҳаргиз биров ҳақида ёмон гап айтмас, ғийбат-шикоятларга аралашмас эдилар. Имкон қадар кишилар орасини ислоҳ қилишга, адоватнинг олдини олишга ҳаракат қилар, мусулмонлар ўртасида тортишув, тарафкашлик хавфини сезсалар, уни бартараф этишга киришар эдилар. Ҳабибуллоҳ қори дада ҳар қандай мусулмонни яхши кўра олардилар, чунки одамлар ҳақида ҳар доим фақат яхши гумонда бўлардилар.
Бир куни масжидда икки намозхон таҳоратдаги бир масала юзасидан тортишиб, имом ҳузурига келишади. Иккаласи ҳам ғазабланган, бири иккинчисини инкор қиларди. Аслида саволнинг жавоби озгина илми бор кишига ҳам маълум эди. Лекин вазиятни яхши англаган домла «Яхши эслатдинглар, китобни кўриб, жавобини кейин айтаман. Бир-икки кундан сўнг хабар олинглар», деб, уларнинг ҳолатларини ислоҳ қилишга муваффақ бўладилар.
Ҳожи дада ҳеч қачон бировга нафсоний адоват қилмас, ҳеч кимдан ўзи учун интиқом олмас, балки, биров ҳар қанча душманлик қилган тақдирда ҳам, унинг ҳолини Аллоҳга ҳавола этар, ундан бировга шикоят қилмас эдилар. Бироқ, беодоблик қилган одам барчанинг кўз ўнгида қилмишига яраша жазосини тортар эди.
У киши Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлишда, мусибат ва машаққат дамларида, одамлардан азият етганида сабр ва таҳаммулда бўлишда ҳам чиройли намуна бўлар эдилар. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ҳикмати борлигини кўра билар ва бунинг изҳори ўлароқ: «Ал-хору ма сонаъаҳу Аллоҳу (яхшилик - бу Аллоҳнинг қилганидир)», деб қўяр эдилар.
Ҳожи дада кариндош-уруғ, қуда-андалар билан силаи раҳмни тиклар, доимо уларнинг ҳолидан хабар олиб турар, қўни-қўшниларнинг ҳақларига ҳам ниҳоятда гўзал суратда риоя қилар эдилар.
У киши жамоатда намоз, тасбеҳ, дуо, мавъиза ва Жумъа хутбаларини мукаммал, айни вақтда енгил қилар, аммо ўзлари уйда жуда ҳам узоқ намоз ўқир, унда «Ғофир», «Фуссилат» каби бир неча саҳифали сураларни зам сура қилар ва узундан-узун дуою илтижода бўлар эдилар. Таҳажжуд ва кундалик зикрларни, жумладан, «Авроди фатҳия»ни тарк қилмай, ҳар куни ўқир эдилар. Қуръони каримдан беш-олти порани кундалик вазифа қилиб олиб, тиловатга киришар, ҳар ҳафта ёки ҳафта оралатиб фарзандларининг уйларида хатми Қуръон бағишлар эдилар. Вақт топсалар, Барзанжийнинг «Мавлид» китобини тўлиғича ўқир, унинг маъноларидан фарзанду набираларига айтиб берар эдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада Набавий ахлоқ билан зийнатланган, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурли изидан эргашган исломий шахсиятлардан эдилар.

Мушфиқ фарзанд
Ҳабибуллоҳ ҳожи дада онага хизмат қилиш борасида халқ ичида зарбулмасалга айланган эдилар. Оналари Биби Розияхон ҳаддан зиёд покиза, нозик табиатли аёл эди. У икки ўғлининг нобуд бўлгани ва турмуш ўртоғи Исо Муҳаммаддан сўнг бошқа рўзғор қилмай, ёлғиз ўғлининг тарбиясида, унинг ҳаётга қадам қўйишида тул боши билан барча ҳаёт қийинчиликларини бир ўзи елкада кўтаргани сабабли анча инжиқ ҳам бўлиб қолган эди. Аммо ўша ёлғиз ўғил онанинг ҳар қандай инжиқлиги, нозиклигини ҳеч бир қийинчиликсиз кўтарар, унинг олдида ўзини худди хожа ҳузуридаги қул каби тутарди. Ҳеч тортинмасдан, онанинг кўйлак, рўмолларини ювар, барча уй юмушларини ўзи бажарарди. Ҳатто уйлангандан кейин ҳам онанинг хизматини ўзи қилишга ошиқар, кўп юмушларини ҳеч кимга билдирмай қилиб қўяр, то онаси «Болам, уйингга чиқиб, дамингни олгин», демагунича, унинг хонасини тарк этмас эди. Қачон кўчага чиқмоқчи бўлса, онадан ижозат сўрар, рухсат бўлсагина бормоқчи бўлган жойга отланар, қайтиб келиб ҳам тўғри унинг олдига кирар эди. Бу ҳолат то онасининг ҳаёти сўнггигача бехато давом этди.
Бир куни Абдулмажид қози домла бир йиғинга Ҳабибуллоҳ қорини ҳам олиб кетиш мақсадида машинада эшик олдига келади. Хонадон соҳиби бу пайтда оналарининг хизматида эдилар. У киши Қози домланинг келганини эшитиб, енглари шимарилган, қўллари ҳўл ҳолда шоша-пиша кўчага чиқадилар. Қози домла у кишига: «Фалон жойга сиз ҳам мукаллаф экансиз», - дейди. Шунда Ҳабибуллоҳ қори дада уйга қайтиб кириб, оналаридан ижозат сўрайдилар. Сўнг чиқиб, оналари ишни битириб, кейин кетишларини амр этганини, хизматни адо этиб, сўнг мазкур жойга ўзлари етиб боришларини айтиб, Қози домлага узр-маъзур изҳор қиладилар. Қози домла у кишининг ахлоқларидан мамнун бўлиб, ҳақларига хайрли дуолар қиладилар.
Ҳабибуллоҳ қори дада илм таҳсилида маълум даража касб этиб, уйига қайтганида ҳаво совиб, қиш ўз соясини солган вақт эди. Заковатли аёл Биби Розия фарзандининг илми ва амалини синамоқчи бўлади ва унга бозордан қишлаш учун янги сандал олиб келишини айтади. Чунки, у даврларда совуқдан сақловчи энг яхши восита шу эди. Ҳабибуллоҳ онаси учун бозордаги сандалларнинг энг яхшисини олиб келади. Она «Бунинг ёқмади, ундоқ-бундоқ экан», дея норозилигини билдиради. Итоатли ўғил ҳеч иккиланмасдан, сандални олиб бозорга қайтади. Бу ҳолат бир неча марта такрорланади. Ҳар сафар она «Ёқмади», дер, фарзанд эса «Хўп бўлади», деб, сандални елкасига ортиб, бозор томон йўлга равона бўларди. «Бозорда бори шу!», «Ўзи энг яхшисини олиб келганман, энди қаёққа ҳам бораман?!» каби эътирозлар унинг хаёлига ҳам келмасди. Ниҳоят, олти ёки еттинчисида она беихтиёр кўзларига ёш олиб: «Болам, ўзи менга биринчи келтирган сандалинг маъқул келганди. Сени бир имтиҳон қилиб кўрай, деган эдим, холос», - дейди ва фарзандининг ҳаққига йиғлаб, дуо қилади.
Ҳожи дада масжид хизматида юрган кезлари, Рамазон ойи эди. Волидаси билан бирга ифторлик қилиб ўтиришган эди. Оналари у кишидан оҳисталик билан: «Ўғлим, ҳозир ҳам алаки атласлар бормикан?», - дея сўраб қолди. Меҳрибон ўғил: «Ҳа, бор бўлса керак», - дедилару, вақт тиғиз эди, ижозат олиб, масжидга хатми Қуръонга кетдилар. Намозни адо этиб бўлгач, бир ҳайдовчи билан Марғилондаги атласфуруш Олимжон аканикига йўл олдилар. Ҳаво совуқ, йўллар музлама эди. Кўзланган манзилга тунги соат 2.00да етиб боришди. Дарвоза олдида ҳам бироз туриб қолишди, кейин хонадон соҳибининг таклифи билан ичкарига киришди. Ҳожи дада мақсадга ўтиб: «Бизга ҳозир алаки атлас зарур бўлиб қолди, топишнинг иложиси борми?», - деди. Олимжон ака: «Улар ҳозир савдога чиқмай қўйган», - деди-да, ўрнидан туриб, сақлаб қўйган икки кийимлик алаки атласни олиб чиқиб, меҳмонга узатди. Улар хурсанд бўлиб, ортга қайтишди. Она не кўз билан кўрсинки, кеча ифторликда бир оғиз эслаб ўтган нарсаси бугун саҳарликда олдида муҳайё бўлиб турибди. Фарзандининг бу каби хизматларидан мамнун бўлган она унинг ҳаққига дуо қилар экан: «Болам, қаерда бўлсанг, ошу нон орқангдан эргашиб юрсин (яъни ризқинг мўл бўлсин), қаёққа қўл чўзсанг, Аллоҳим уни сенга муҳайё қилсин», - деб кўз ёш тўкади.
Ҳожи дада волидасининг бу каби хайрли дуоларига, чин кўнгилдан айтилган рози-ризоликларига сон-саноқсиз муваффақ бўлдилар ва уларнинг ижобатини ҳаётлари давомида кўриб бордилар. Аллоҳ бир умр у кишининг ризқларини кенг қилди, хоҳ дин хизматида бўлсин, хоҳ дунё ишларида бўлсин, нимани қасд қилсалар, Аллоҳ уни муҳайё этди.
Шунингдек, у киши оналарининг вафотидан сўнг ҳам унга хайру эҳсон, яхшиликлар қилишда чиройли намуна кўрсатдилар. Ҳар йили оналарининг номидан қурбонлик қилар, доимо жамоатдан унинг ҳаққига дуо сўрар, ҳар Жумъа куни қабрини зиёрат қилар эдилар.

Шогирдлари
Ҳожи дада замоннинг зайли билан, қолаверса, халқ хизматида камарбасталиги сабабли кўп шогирд чиқара олмаганлар. Аммо, у киши омма мусулмонларни, хусусан масжид қавмини тарбиялашда шундай катта хизматлар қилдиларки, агар мазкур кишиларни Ҳожи дадага шогирд деб айтсак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Шу билан бирга, ҳаётларининг кейинги йилларида Аҳмаджон ҳожи ака, Абдулғофир ҳожи ака, Яҳёхон қори ака (куёвлари), Сайфиддин ҳожи ака ва бошқалар у кишида озми-кўпми таълим олганлар.

Вафотлари
Қариган чоғларида Ҳожи даданинг бошларига кетма-кет мусибат тушади. 1993 йилнинг бошида пешоб йўлида касаллик пайдо бўлиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шу йил апрель ойининг охирида аёллари Муҳтарамхон ҳожи она тўсатдан бетоб бўлиб ётиб қолади ва орадан бир неча кун ўтиб, май ойининг 19-куни оламдан ўтади.
Орадан бир йил ўтиб, 1994 йил 12 август куни кенжа фарзандлари Иноятуллоҳ ҳожи Жумъа намозини ўқиб келиб, тўсатдан вафот этади. Бу албатта, Ҳожи дада учун оғир мусибат эди. У киши бу воқеадан сўнг 10 кун ҳаёт кечирадилар, холос.
Ҳабибуллоҳ Ҳожи дада 1994 йил 22 август (1415 йил 15 Робиъул аввал), душанба куни шомдан кейин фоний ҳаётни тарк этиб, боқий дунёга сафар қиладилар.
У кишининг вафоти аҳли Ислом учун оғир мусибат бўлди, барча вилоятларга ва айрим қўшни жумҳуриятларга хабар етказилди. Мутасадди кишиларнинг маслаҳатлари билан жаноза намози эртаси куни кундузги соат 4.00да маҳалладаги «Ғиштли масжид»да ўқиладиган бўлди. Жанозага келганларни санаб, саноғига етиб бўлмасди. Водийдаги барча кўзга кўринган уламолар, қорилар шу ерда эди. Намоздан олдин олимлар у кишининг фазилатлари, қилган хизматлари тўғрисида кўп гапирдилар. Жаноза намозига ким имом бўлиши ҳақида бир фикрга кела олмай турганларида марҳумнинг Намангандаги қадрдонлари, тақво ва дин хизматида танилган, Ҳофизи Қуръон, етук олим Шамсиддин қори почча келиб қолдилар ва жанозани у киши ўқиб бердилар.
Намоздан сўнг одамлар тўлқини анбарни кўтариб, «Қўчқорлиқ ота» қабристони томон оқа бошлади. Одамлар уни қалбларида алам, кўзларида ёш билан то қабристонгача қўлма-қўл қилиб олиб бордилар.
Ҳожи дада ҳаётларининг охирги йиллари оналарининг оёқ томонидан ўзларига қабр ковлатиб қўйган эдилар. Марҳумнинг васиятига кўра, у кишини ўша жойга дафн қилдилар.
Аллоҳ таоло у зотнинг сафарларини бехатар қилган бўлсин, ётган жойларини жаннат боғчаларидан қилсин. Ўзлари бир умр кўксиларида сақлаб юрган Қуръони каримни у киши учун қабрларида ҳамроҳ, охиратда шафоатчи этсин. Омин!

Шаҳобиддин қори ака

Шаҳобиддин қори ака Андижон шаҳри, Тўқмоқ маҳалласида 1892 (1309 1310) йили тақводор оилада дунёга келган. Отаси Мўъминжон ака оддий деҳқон одам эди.
Шаҳобиддин қори ака дастлаб Андижон шаҳри марказидаги қорихонада Қуръон ёдлаган. Айтишларига қараганда, бу қорихона Жомеъ мадрасасининг яқинида жойлашган экан.
Қори ака қассоб Мўъминжон аканинг қизи Роҳилахонга уйланган. Улар Ҳошимжон, Козимжон, Носиржон исмли уч ўғил ҳамда Саодатхон, Сабохон, Саломатхон исмли уч қиз фарзанд кўришган. Улардан Ҳошимжон, Носиржон ва Саодатхонлар оламдан ўтишган.
Шаҳобиддин қори ака 1930 йилдан то 1940 йилларгача қатағон давридаги сургун сабабли оилалари билан Ҳаққулобод қишлоғига кўчиб борадилар. У ерга савдо, тирикчилик мақсадида келиб турадиган Лўғумбеклик (ҳозирда Андижон вилояти таркибига киради) Уста Ортиқ ва Абдураҳмон акалар қори акага ихлос, муҳаббатлари тушиб, у кишини ўз қишлоқларига олиб кетишни таклиф қилишади. Бу таклифга рози бўлган Шаҳобиддин қори ака 1942 йилгача ўша ерда колхозда ишлайдилар.
1942 йили Қори ака Оренбургдаги заводда ишлаш учун мажбурий жўнатиладилар ва 1944 йили куз пайтида уйларига қайтадилар. Бу орада фарзандларига уларнинг тоғаси қараб туради.
XX асрнинг бошларида бизнинг диёрларда Қуръони Карим асосан «форсий лаҳжа» услубида ўқилар эди. Шаҳобиддин қори ака «арабий қироат»ни дастлаб Муҳаммад Амин Маккий дан олган. Табиийки, аввалига ўша даврнинг баъзи қорилари ҳам бу нарсага қарши туришган.
Шаҳобиддин қори аканинг Бухоро Мир Араб мадрасасида таълим олган андижонлик шогирдларидан Бурҳониддин қори ака шундай ҳикоя қиладилар:
«Бухоро Мир Араб мадрасасида ўқиш учун имтиҳонни биздан Тошкентда Шаҳобиддин қори акам олганлар. Ўша ерда таҳсил олиб юрган кезларим… Бир куни Қори акамга чой дамлаб келдим. У киши менга: «Келинг, ўтиринг», – дедилар ва ўзларининг ўтмишларидан сўзлай бошладилар:
«Мен Қуръони Каримни Муҳаммад Амин Маккий устозимизда хатм қилганман. У кишидан араб тилини ҳам ўрганганман. Баъзан устоздан изн сўраб, шаҳарга бориб келар эдим. Қайтиб ҳузурларига келганимда у киши мендан шаҳардаги ҳолат ва вазият ҳақида сўрар эдилар. Баъзи йиғин ва тадбирларда бўлганимни эшитгач: «Сен ҳам Қуръон ўқиб бердингми?» – деб сўрар эдилар. Шунда мен: «Йўқ, менга ўқитмадилар. Бир уй қорилар қироат қилади, менга навбат келганда «фалончи, сиз ўқинг», деб кейинги кишига ўтказиб юборишади», – дер эдим. Устоз: «Кимлар ўқиди?» – деб сўрардилар. Мен: «Фалончи фалончилар», – деб санаб берардим. Устозимизда ҳамма қориларнинг рўйхати бўлиб, уларнинг барчасини танир эдилар. Шунда у киши менга: «Сен иккиланма. Улар асл қироат, суннат қироат мана шу эканлигини билмаяптилар. Сен сабр ва саботда бардавом бўлиб тур, ҳали ҳаммалари сенга эргашишади. Сен қориларнинг биринчиси бўласан», – деб қўяр эдилар».
Аллоҳ таолонинг лутфини қарангки, вақт устознинг сўзлари ҳақ эканлигини кўрсатди. Ўлкада янги қироат мактабининг шаклланишида Шаҳобиддин қори аканинг ҳиссалари беқиёс бўлди. У киши қорилар янги силсиласининг сарҳалқаларидан бирига айландилар.
Шаҳобиддин қори ака ҳикояларини шундай давом эттирадилар:
«Иккинчи жаҳон урушининг охирги йиллари Оренбургдан қайтаётганимда Тошкент темир йўл вокзалига тушдим. Оёғимда ҳарбий пойабзал, эгнимда шинель, бошимда пилотка… Қорним ниҳоятда оч, Андижон поезди қачон келиши номаълум эди. Бир нотаниш киши атрофимда айланар, синчковлик билан мени кузатар, мен эса ҳайрон эдим. Ниҳоят у одам: «Сиз андижонлик Шаҳобиддин қори ака эмасмисиз?» – деб сўраб қолди. Мен: «Шундай», – дедим. У «Мен билан юринг», – деди да, мени бир жойга олиб кетди. Кейин билсам, у Кўкча маҳалласи экан. Биз бир уйга кирдик. Хонада ўн бештача одам ўтирар эди. Биз ҳам бўш жойга ўтирдик. Уларнинг юз-кўзларидан «ўзи замон нозик бўлса, зўрға ўтирган бўлсак, бу хос суҳбат бўлса, бегона одамни олиб киришнинг нима кераги бор эди», деган маънони уқиш мумкин эди.
Бир пайт ўтирганлар навбатма навбат Қуръон ўқий бошлашди. Табиийки, бегона одамга қироат таклифи бўлмади. Барчалари ўқиб бўлгач, мени олиб келган одам: «Меҳмон ҳам ўқиб берсин, бу киши андижонлик Шаҳобиддин қори ака бўладилар», – деди. Мен Қуръон тиловат қилиб бердим. Қироатни тугатишим билан уйнинг тўрида ўтирган одам бирдан ўрнидан турди да, «Тақсир, бу ёққа ўтсинлар», – деб, менга тўрдан жой кўрсатди. Сўнг «Ҳофизи Қуръонмисиз?» – дея мендан сўради ҳалиги киши. Мен: «Ҳа», – дедим. Шунда мени олиб келган кишига қараб: «Бу одамни танир экансиз, нега келишингиз билан таништирмадингиз? Ҳофизи Қуръон инсонни пойгакка ўтқазибсиз», – дея жиддий танбеҳ берди.
Суҳбат ниҳоясига етгач, бу ҳурматли инсон мени уйига олиб бориб, бош оёқ сарпо кийгазди. Сўнгра: «Қаёққа кетяпсиз?» – деб сўради. «Аҳли аёлимнинг олдига», – дедим. Бир неча совға салом ва ҳадялар берди. Кейин билсам, у киши муфтий Зиёуддин қори ака ҳазратлари эканлар. У киши мени кузатар эканлар, Андижондаги «Уйғур масжиди»га имом хатиб қилиб тайинланганлигим ҳақидаги ҳужжатни қўлимга тутқаздилар. Андижонга келиб, икки уч йил ўша масжидда хизмат қилдим. Кейин бу даргоҳга юбордилар...»
Козимжон аканинг айтишларига қараганда, Шаҳобиддин қори ака Ўшда ҳам таълим олганлар. У киши билан уч-тўртта шериклари ҳам бўлган. Ўшдаги устозлари Қори акага Қуръони Карим қироатидаги ўзининг силсиласидан «ижозат» васиқасини ёзиб берган. Кейинчалик устоз Мисрга кетиб, Қоҳирада жойлашиб қолган.
Шаҳобиддин қори аканинг асли Бўтақарадан бўлган Абдулмалик қори ака деган Душанбелик шогирдлари ҳаж сафарига борганида, Шаҳобиддин қори ака унга Мисрдаги устозини зиёрат қилишини тайинлайди. Устози у кишига берган «ижозат» йўқолиб қолганини, у кишидан қайта ёзиб беришни илтимос қилишини уқтирадилар. Абдулмалик қори ака Қоҳирада устознинг уйини топиб боради. У эшикни очиб, ичкаридан чиққан Шайхга дафъатан ўзини: «Мен сизнинг набира шогирдингизман», – дея таништиради. Устоз уни меҳмон қилгач, тайинланган «ижозат»ни унга топширади ва шу билан бирга, Абдулмалик қори аканинг қироатларини эшитгач, у кишининг ўзларига ҳам «ижозат» ёзиб беради.
Мазкур тайинланган васиқа Шаҳобиддин қори аканинг хонадонида у кишининг вафотларигача сақланган. Кейин эса уни Абдулмалик қори ака Роҳилахон аянинг рухсатлари билан ўзларида сақлаганлар.
Шаҳобиддин қори ака ҳар йили Миср тарафга кетаётган кишилар орқали устозларига атлас ва шу каби ҳадялар жўнатиб, у кишини йўқлаб ҳам турганлар.
Қори аканинг яна бир шогирдлари Омонуллоҳ қори аканинг зикр қилишича, Шаҳобиддин қори ака Ҳакандаги Довудхон тўрам да ҳам Қуръондан таълим олганлар.
1953 йили Шаҳобиддин қори ака ҳаж сафарига борганлар. Улар Муфтий Зиёуддин қори ака бошчилигида ўн олти кишидан иборат бўлишган. У ерда Саудия Арабистони қироли Абдулазиз ибн Сауд уларни алоҳида меҳмон қилади. Қайтишда Миср Араб республикасига ҳам ташриф буюришади. Қоҳирада Азҳари шарифнинг шайхи Абдурраҳмон Тож уларнинг ташрифи муносабати билан катта зиёфат уюштиради. Икки юздан ортиқ меҳмон иштирок этган бу мажлисда Шаҳобиддин қори ака Қуръон тиловат қилиб беради. Ўзбек қорисининг тиловатидан завқланган шайх Абдурраҳмон Тож ўрнидан туриб, ўтириб тиловат қилаётган қорининг орқасига ўтиб, тик туриб олади. Шу аснода қироат давом этар, шавқ завқ 96 ёшли шайхга қўлидаги ичаётган чойини ҳам унуттирган, у қайта-қайта «Маашаллоҳ, Маашаллоҳ!» дея баралла такбир айтар эди. Кейин шайх Шаҳобиддин қори акага иззат икром кўрсатиб, ҳадялар ва Қуръон совға қилади. Шунингдек, улар Амир Олимхоннинг ўша ерларга бориб қолган авлодлари билан ҳам учрашадилар…
Дарҳақиқат, Шаҳобиддин қори ака ҳар бир ҳарфни алоҳида эҳтимом билан ажратиб, дона дона қилиб, жуда ширин, мулойим, файзли ва таъсирли тиловат қилар, у киши қироат қилганларида қалблар эриб кетар эди. Зеро, бўғиздан чиққан овоз қулоққа етса, қалбдан чиққан овоз қалбнинг туб-тубига етиб боради.
Шаҳобиддин қори ака Куръон нурини фақат ўзбек диёрига эмас, балки хорижий давлатларга ҳам таратган ҳамда ўзбек миллатининг шарафини кўкларга кўтарган инсон бўлганлар.
Бурҳониддин қори ака яна шундай эслайдилар:
«Мен Шаҳобиддин қори акам билан 1950 1960 йиллар орасида бирга бўлганман. 50-йилларда Қори акам билан Фрунзега Рамазонда хатмга борганмиз. У кишининг айни авж пайтлари эди. Қироатларини тинглаб турган кишилар беҳуш бўлаёзар эди. Шаҳобиддин қори акам ўзлари шундай ҳикоя қилиб берган эдилар:
«1967 йили Покистонда бўлиб ўтган қорилар кўригида биринчи ўринни Мисрлик Шайх Абдулбосит қорига беришган эди. Бир куни меҳмонхонада эдим, олдимга Шайх Абдулбосит қори жаноблари кириб келдилар. Мен билан салом алик қилгач, Қуръон ўқиб беришимни сўрадилар. Тиловат қилиб бердим. «Энди фалон сурадан ўқиб бергин», – деди, ўқиб бердим. «Фалон жойни ҳам», – деди, яна ўқиб бердим. Шунда у киши: «Қироатинг асл экан. Кимда таълим олгансан?» – деб сўрадилар. Мен бор гапни айтдим. У киши таҳсин айтдилар. Мен: «Биринчиликни сизга беришди ку?» – деган эдим, у киши: «Биринчиликни менинг овозимга беришди», – деб кулиб қўйдилар».
Муфтий Зиёуддин қори ака ҳам бир қанча чет эл сафарларига Шаҳобиддин қори акани Қуръон тиловати учун бирга олиб борар эдилар. Юқорида зикр қилинган Мисрдаги воқеа бунинг бир мисолидир.
Шаҳобиддин қори ака Қуръони Каримни нафақат тиловат қилиш, балки таълим беришда ҳам етук мактабга эга бўлганлар.
XX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда Қуръони Каримга энг кўп хизмат қилган Мубин қори ака ҳамда ўз даврининг энг машҳур қориларидан бўлган, 1967 йили Покистонда бўлиб ўтган жаҳон қорилар кўригида иккинчи ўринни олган Қосимов Раҳматуллоҳ қори акалар ҳам тажвид қоидалари ва арабий қироатни Шаҳобиддин қори акадан олганликлари сўзимизга далил сифатида кифоя қилади. Шунингдек, қори аканинг юқорида зикри келган шогирдлари Абдулмалик қорининг аканинг қироатини эшитган Мисрдаги устоз унга ҳам «ижозат» ёзиб берганлари бежиз эмас.
Шаҳобиддин қори ака қомати келишган, соқоли ўзига ярашган, оқ юзли, истараси иссиқ, хушовоз ҳамда табиатан зарофатли, нозиктаъб, мутойибага уста, ниҳоятда ҳалим, улфатнишин инсон бўлганлар. Бир марта суҳбатларини олган одамни ўзларига ром қилиб олар эдилар. Илмни ҳам очиқкўнгиллик билан берар эдилар. Дарсни ўтиб бўлганларидан сўнг талабаларнинг кўзларига бир синчков нигоҳ ташлаб, дарсни яхши тушунган талабани дарҳол пайқаб олар ва унга табассум билан мамнуниятларини изҳор қилиб, сўнг «Танаффус», деб чиқиб кетар эдилар. Бирор талабага қаттиқ сўз айтмас, талабалар ҳам у кишининг дарсларини интиқлик билан кутар ва яхши ўқишга ҳаракат қилар эдилар.
Шаҳобиддин қори ака Бухоро мадрасасида Қуръони Карим қироати, араб тили грамматикаси ва муҳоварасидан дарс берганлар.
У кишининг Қуръони Каримдан дарс бериш услублари салафи солиҳларнинг услубларига ўхшаш бўлган: сабоқ берилаётган оятни аввал ўзлари батажвид ўқиб эшиттирадилар, талаба яхши тинглаб олиб, сўнг устозга эшитганига мувофиқ суратда ўқиб беради. Агар яхши ўзлаштира олмаса, бу иш икки уч бора такрорланади. Эртасига ҳар бир талабадан сабоқни бирма бир ёдддан қабул қилиб оладилар.
Шаҳобиддин қори ака ибодат ва тақвода ҳам собитқадам эдилар. Хоналарининг чироғи тунда ҳам ёниқ бўлар эди. Кечалари ҳужраларни айланиб, ким нима билан шуғулланаётганини кузатар эдилар. Баъзан араб радиоканалларини тинглар, Ҳалил Ҳусорий, Шайх Абдулбосит каби устозларнинг қироатлари ва бошқа нарсалардан истифода олар эдилар. Зеро, у киши замон техник ютуқларидан бебаҳра қолмас, улардан Қуръон ва илм йўлида фойдаланишни ҳам жойига қўяр эдилар.
Қори ака жуда зийрак, ҳушёр бўлиб, инсоннинг фикрини, мақсадини унинг кўзидан уқиб олар эдилар ва бу бобда айтган сўзлари ўз тасдиғини топар эди. Бунга мисолни яна Бурҳониддин қори акадан эшитайлик:
«Бир куни шеригимиз Абдулмаликка уйидан телеграмма келди. У кетишга жавоб олиб, аэропортга кетди. Унга қизиқиб, яна бир шеригимиз андижонлик Бурҳониддин (адашим) ҳам уйга боргиси келиб қолди. Бизга «Қори акам билмай қўяверсинлар», - дея, чиқиб кетди. Бир муддатдан сўнг Устоз кириб: «Бурҳониддин қани?» - деб сўраб қолдилар. Биз: «Бироз аввал «Дадамнинг олдига бориб келаман», - деб кетди», – дедик. Устозимиз айтдиларки: «У ҳозир Абдулмаликнинг орқасидан бориб, ундан пул сўрайди, у бермайди. Бечора самолётга чиқа олмай, орқасига қайтиб келади».
Кўп ўтмай, Бурҳониддин кириб келди. Биз: «Нима бўлди?», – деган эдик, у: «Абдулмалик ҳам қизиқ, пул сўрасам, бермади, қайтиб келдим», – деди. Биз унга бўлиб ўтган гапни айтдик. Шунда у: «Қори акам инсоннинг замиридаги нарсани ҳам билиб қоладилар а?», – деб қўйди. Орадан озгина ўтиб, Қори акам яна бизнинг олдимиздан ўтиб қолдилар ва менга қараб, «Айтганимдек бўлдими?», деган маънода табассум қилиб қўйдилар».
Шаҳобиддин қори ака олижанобликда, инсоний ҳислатларда барчага намуна бўлганлар. У киши силаи раҳмни адо этишда ҳам ибратли амалларни қилганлар. Жумладан, Қори аканинг Бўтақарада эри вафот этиб кетган Оишахон исмли зуҳду тақволи, серфарзанд бир сингиллари бўлиб, у киши ўша оғир замонда доимо улардан хабар олиб турганлар. «Ҳатто отамиз бир гал бир икки килограмм ун, бир гал гуручни уйдагиларга билдирмай, уларга бериб келишимни буюрган эдилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзимизга ҳам зарур бўлиб турган эди», деб эслайди ўғиллари Козим ака. Шаҳобиддин қори аканинг яна бир Хайринисо исмли фарзанд кўрмаган сингиллари ҳам бўлиб, ундан ҳам ўз ёрдамларини аямаганлар.
Қори ака Тошкентда Эски Жува яқинидан кичик бир ҳовли сотиб олганлар. Кейинроқ 1956 йили Подахона (ҳозирги Жар) маҳалласи яқинида жойлашган бир катта ҳовлига кўчиб ўтадилар. 1972 йили бу маҳаллалар бузила бошлайди. Шундан сўнг ҳозирги Ғунча кинотеатри яқинида жойлашган кўпқаватли бинога кўчиб ўтишга мажбур бўлишади.
1968 1969 йиллар орасида Шаҳобиддин қори ака Андижонга борган кунлари бетоб бўлиб қоладилар. Уч кун ўтиб, бирор илож бўлмагач, Тошкентга олиб келишади. Бу ердаги шифохоналарнинг бирида пешоб йўлидан бир ойда икки марта жарроҳлик муолажасини оладилар...
Шаҳобиддин қори ака умрларининг охиригача Қуръони Карим хизматида камарбаста бўлдилар. Асосий фаолиятларини Мир Араб мадрасасида олиб бордилар.
1975 йил ноябрь ойининг биринчи кунлари фарзандларига: «Бухоро Мир Араб мадрасасидагилар яна боришимни илтимос қилишган эди, розилик билдирдим. Каминани у ерга «Шайхул қурро» қилиб олиб кетишади. 9 ноябрга чипта ҳам тайёр», – деб айтадилар. Лекин Аллоҳ таоло ҳузуридаги тақдир одатдагидек, ўзини изҳор қилмаган эди.
1975 йил 7 ноябрь (1395 йил 3 зулқаъда) Жумъа куни. Шаҳобиддин қори ака Жумъа намозини адо этиб чиқадилар. Аҳволлари ҳам яхши эди. Аммо Аллоҳ таоло қадарининг ўз ижросини топиш они келган эди: саксон уч ёшигача Каломуллоҳдан айрилмаган, ярим аср давомида Қуръон хизматини тарк этмаган, шундай кексалик ёшида ҳам илм ва Қуръон хизматига доимгидек камарбаста бўлиб турган ўз даврининг «Шайхул қурро»си - Шаҳобиддин қори ака шу дамгача қалбида сақлаб келган маҳбуби Қуръони Каримнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурига сафар қиладилар. Қуръон баракоти билан суғорилган саксон беш йиллик ҳаёт ўз ниҳоясига етади.
Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир», – деган марҳаматларидаги буюк ҳикмат, чексиз раҳмат ва мислсиз фазлни яна бир бор ҳис қилиш мумкин.
Шаҳобиддин қори аканинг жанозаларига муфтий Зиёуддин қори ака жаноблари имом бўлдилар. Маросимга йиғилганлар марҳумнинг фазилатларини, мадрасадаги йигирма етти йиллик фаолиятларини, чет элларда бўлиб ўтган у киши билан боғлиқ воқеаларни зикр қилиб йиғладилар. Қори ака «Кўкча» қабристонига дафн қилиндилар.
Шаҳобиддин қори ака кейинги авлодлар учун бир неча магнит тасмадаги қироатларини мерос қилиб қолдирганлар. Аммо бизнинг қўлимиздаги тасмалар бетоб бўлганларидан кейин ёзилган.
Аллоҳ таоло Қори акамизни ўз раҳматига олган бўлсин, азму қарор қилиб турган нарсасидаги ажрни зиёда ато этсин, охиратда ҳам дунёдагидек Шайхул қурролар сафида қилсин. Биз ва кейинги авлодларга ҳам ана шундай шарафли йўлда уларнинг изидан боришни насиб айласин. Омин!

Хасанхон Абдулмажид, Хусайнхон Абдулмажид

(давоми бор, Инша Аллоҳ)






Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Balki mendadur aybning hammasi, Axtarish shart emas yiroqlardan hech.Kezgim kelib yolg`iz bog`larni bugun,Uzoq o`yga tolgim, tark etgim kelar.Bulbul sayroqilar, olamni lahzaga solib,Allohim kechirgin bu xonishlarim.Men ham bulbuldek shu bog` ichra bugun,Nechun xonish qilolmay, o`taman давоми...

6577 21:47 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Романир РоҳиймСутнинг хосил бўлишиЧорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан давоми...

18079 22:42 / 19.04.2017
дастурни юклаб олиш

2868 21:43 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимЗамонавий фандаги Қуръон ҳақиқатлариДин билан дунёни, дунё билан динни ўрганамиз.И.А.Каримов.Алҳамдулиллаҳ. Вас солату вас соламу ъала давоми...

12219 22:41 / 19.04.2017