1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Муносиб келин

05:00 / 14.02.2017 3985 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди ва энг аввал муносиб келин ахтаришга киришилади. Қандоқ келин энг муносиб келин ҳисобланади? Бу саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб берганлар.

Мусулмонлар бошқа нарсалар қатори бу нозик масалада ҳам ўз динлари кўрсатмаларига амал қилганлари учун Аллоҳнинг марҳамати ила ҳеч қийналмаганлар.
Уларга бу ишда Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандоқ бўлишини баён қилиб берганлар.

1. Диндорлик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.

 2. Солиҳалик.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو  رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ الدُّنْيَا كُلَّهَا مَتَاعٌ، وَخَيْرُ مَتَاعِ الدُّنْيَا الْمَرْأَةُ الصَّالِحَةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَمُسْلِمٌ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Дунёнинг ҳаммаси матоъ(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир», дейилган.
Насаий ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Матоъ» сўзи «ҳузурбахш» маъносини англатади.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда.
Бу аҳли солиҳ бўлишлик қандоқ ҳам яхши эканини билдиради.
Солиҳ инсон дегани эса, шариат томонидан қилинган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган деганидир.
Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади.
Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бў-лишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир, деганлари ушбу юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олади.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса, яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир.
Шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.

3. Болага меҳрибон ва эрга риояли бўлиш.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ،  عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: خَيْرُ نِسَاءٍ رَكِبْنَ الْإِبِلَ صَالِحُ نِسَاءِ قُرَيْشٍ أَحْنَاهُ عَلَى وَلَدٍ فِي صِغَرِهِ، وَأَرْعَاهُ عَلَى زَوْجٍ فِي ذَاتِ يَدِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсасига риоялидир», дедилар
».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Туя минган аёллар, дейилганида Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса, кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишларидир. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.
Дарҳақиқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл, дея олади. Ундоқ бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз бўлиб, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.
Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан нима яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан яна қандай яхшилик кутиш мумкин?
Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёллар, қариндошлар болаларига қандоқ қараши, эрини риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш ке-рак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик ус-тига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.

4. Қиз бўлиши.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: تَزَوَّجْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: مَا تَزَوَّجْتَ؟ فَقُلْتُ: ثَيِّبًا، فَقَالَ: مَا لَكَ وَلِلْعَذَارَى وَلِعَابِهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қандоққа уйландинг?» дедилар.
«Эрдан чиққанга», дедим.
«Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абдуллоҳ вафот этиб, ортидан етти (ёки тўққиз) қизни ташлаб кетди. Ўшаларга қараб турадиган кишини келтирдим», дедим.
Шунда у Зот менинг ҳақимга дуо қилдилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ривоятда зикр қилинган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталаридир. У киши Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар.
«Етти ёки тўққиз қиз» дейилгани ровийдан бўлган шак туфайлидир.
Ушбу ҳадисдан қизга уйланиш афзал эканлиги олинган.
Жобир розияллоҳу анҳу сингилларини ўйлаб, шундай аёлга уйланган эканлар. Ёш қиз олсалар етти ёки тўққизта қайинсингилга қараб, уларни бошқариш қийин бўлганидан шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Умуман, янги уйланган кишилар ҳақига дуо қилиш марғубдир.

5. Муҳаббатли ва серфарзанд бўлиши.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، فَقَالَ: يَا رسُولَ اللهِ، أَصَبْتُ امْرَأَةً ذَاتَ جَمَالٍ وَحَسَبٍ، وَإِنَّهَا لَا تَلِدُ أَفَأَتَزَوَّجُهَا؟ قَالَ: لَا، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّانِيَةَ فَنَهَاهُ، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّالِثَةَ، فَقَالَ: تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ، فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الْأُمَمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحاَكِمُ وَصَحَّحَهُ

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди.
«Йўқ», дедилар. Кейин у Зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида:
«Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар
».
Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги англанади.
Келинликка номзоднинг бу каби сифатлари унга яқин қариндош бўлган аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, уларнинг зотида бўлган ёшлар ҳам кўпинча ўша сифатларга эга бўладилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан энг асосийси уйланишдан ол-дин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўрашнинг яхшилигидир.

6. Сурур бағишлаш, итоаткор бўлиш ва хилоф қилмаслик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ النِّسَاءِ خَيْرٌ؟ قَالَ: الَّتِي تَسُرُّهُ إِذَا نَظَرَ، وَتُطِيعُهُ إِذَا أَمَرَ، وَلَا تُخَالِفُهُ فِي نَفْسِهَا وَلَا مَالِهَا بِمَا يَكْرَهُ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», дейилди.
«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», дедилар
».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».
Демак, эр назар солса хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.
Бу аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрлари кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».
Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.
Албатта, шаръий рухсат берилган ишлар доирасида итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас.
Чунки Холиққа маъсият ишларида махлуққа итоат қилинмайди.
Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин оила аъзолари, жумладан, аёл унга итоат қилиши керак.
Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.
Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».
Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлмоқчи аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак.
Чунки шу туфайли оилада уруш-жанжал чиқи-ши, ўзининг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.
Яна аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.
Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этмоқлари лозим.
Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур. Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:

ХУЛОСА

Муносиб келин ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганганимиздан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани равшанлашади. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу йўл билан оила қуришдан кўзланган софлик, унсу улфат, бахт-саодат ва хотиржамликка эришилиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва мустақимликка биринчи ўринда эътибор берилиши керак.
Чунки никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Бир умрга керак нарса. Диндорлик умр ўтиши билан қувватланиб боради. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади.
Ўз соҳибига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи бу сифатларга эга бўлган умр йўлдошини танлаш оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлиши мумкин сифатлардир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида:
«Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деганлар.
Мусулмон киши ўзига яхши умр йўлдоши танлар экан, оиласининг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг бахтиёр бўлиши билан бирга, бўлажак фарзандларини муносиб мусулмонлар қилиб ўстиришни ҳам кўзда тутиши керак.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:
1. Диндорлик.
2. Серфарзандлик.
Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
5. Насаби яхши бўлиши.
6. Ҳуснли бўлиши.
Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди.
7. Қариндошлардан бўлмаслиги.
Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.
8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик.
Чунки кўпхотинликнинг машмашаси ҳам кўп. Шартларини бажо қилиш ҳам қийин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқоридаги .Бош кўтариш содир бўлганда, деб аталган сарлавҳа остида битилган сатрларда эрхотиннинг ўзаро муносабатларидан пайдо бўладиган муаммолар ва уларни давоми...

5864 19:35 / 23.04.2018
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Тенги чиқса, текинга давоми...

4249 05:00 / 07.03.2017
Аллоҳ таоло айтади Ўз ораларингиздаги тулбеваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз давоми...

3112 05:00 / 15.02.2017
Иффатли аёл Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, жаннатни у кишига маскан қилди. У зот жаннатда хоҳлаган нарсани еб, унинг сояларида сояланиб, унинг давоми...

4535 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

120157 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41818 14:35 / 11.08.2021