1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Мўмин мақталганда Аллоҳдан ҳаё қилади

19:01 / 24.12.2017 3242 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин мақталганда ўзида ўзи шоҳид бўлмаган сифат ила мақталгани учун  Аллоҳдан ҳаё қилади.

Аслини олганда, ўзида ҳеч нарса йўқлигини тан олган банда ҳақиқий мўмин банда бўлади. У ўзига берилган нарсаларни доимо Аллоҳ таолодан деб билади. Шунинг учун бировлар уни ўзида бор нарса билан мадҳ қилса ҳам, ўзида йўқ нарса билан мадҳ қилса ҳам, Аллоҳ таолодан ҳаё қилади. Чунки ўзида йўқ нарса билан мадҳ қилинганда ўз-ўзидан ноўрин мадҳдан уялади. Ўзида бор нарса билан мадҳ қилинса, унга Аллоҳ таоло берган нарса учун У Зотнинг эмас, ўзининг мақталганидан уялади.

Шунинг учун ҳақиқий мўмин банда мақтовларга учмайди, балки ўзига нисбатан одамларнинг мақтови бўлганда, Аллоҳ таолога шукр қилади. Чунки у ўзига етган ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолонинг фазли эканини яхши билади. Ўзининг ҳеч нарсага кучи ҳам, қуввати ҳам етмаслигини аниқ билади. Бу банда ўзининг ҳақиқий ҳолини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билишига тўлиқ ишонч билан яшайди.

Аллоҳ таоло Мулк сурасида марҳамат қилади:

«Ва сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўкслардагини ҳам ўта билувчидир» (13-оят).

Аллоҳ таоло инсоннинг барча сирларини, жумладан, қалбидаги нарсаларни ҳам билиб туриши ҳақидаги тушунча инсон қалбига Аллоҳ таолодан қўрқиб туриш ҳиссини солади. Бу эса уни барча гуноҳлардан четда бўлишга чорлайди.

«Яратган Зотнинг Ўзи билмасми? Ҳолбуки, У буюк лутф соҳибидир, ўта хабардордир» (14-оят).

Ожиз инсон бирор асбоб ихтиро қилса, ўша нарсанинг ҳамма тарафини – кам-кўстини, қандай ишлашини, қачон бузилишини ва ҳоказоларни билади-ю, барча махлуқотларни яратган Аллоҳ азза ва жалла Ўз бандаларининг ҳолини билмайдими?!

Мақтовга учиб, ўзидан кетадиган шахслар асли ўзида бўлмаган нарса ила мақтанган бўладилар. Албатта, ҳақиқий мўмин бу ишни қилмайди. Бу ишни Аллоҳ таолонинг маърифатидан ва муроқабасидан – кузатиб туришидан узоқда бўлганларгина қилиши мумкин.

Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ўзига берилмаган нарсани «Берилди», деб гап тарқатган худди иккита ёлғон кийим киювчига ўхшайди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда ўзида йўқ нарса билан мақтанувчини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бировдан икки кийим сўраб олиб, уларни кийиб олиб, «ўзимники», деб мақтаниб юрган кишига ўхшатмоқдалар. Кийимнинг эгаси келиб, «Бу кийим меники» деса, шарманда бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни мақталганда, ўзида шоҳид бўлмаган сифат ила мақталгани учун  Аллоҳдан ҳаё қиладиган бандалардан бўлишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинПайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салавоту дурудлар бўлсин . ,. . Абу Масъуд давоми...

3689 03:43 / 27.04.2018
Отаонанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг давоми...

4964 19:46 / 11.05.2018
Охирги марта Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яқинлигини қачон ҳис қилганингизни эслай оласизми Аксарият одамлар Аллоҳ номи зикр қилинганда, ўз қобиғига ўралиб давоми...

5046 15:55 / 05.03.2018
Аллоҳ азза ва жалла бандалари қаршисида Ўзининг олий Зотига мажбурият олиб бандаларига ҳам бажаришлари учун мажбурият топширди. Буюклиги чексиз бўлган Зот давоми...

3778 15:02 / 25.01.2018
Аудиолар

120344 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41979 14:35 / 11.08.2021