1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Менинг умматимдан икки синф бор

14:01 / 04.08.2017 3680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар».

Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадис машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичидан чиқадиган икки тоифа ҳақида хабар бермоқдалар. У зотнинг:

«Менинг умматимдан икки синф бор», деганларининг маъноси шудир.

«Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ».

Демак, булар залолатга кетган, адашган тоифалар ҳисобланади. Аввал ушбу икки тоифани васф қилган ҳолда эшитувчини қизиқтириб, «Улар кимлар экан?» деб иштиёқларини қўзитиб олганларидан сўнг:

«Муржиъа ва Қадария» деб, мазкур тоифаларнинг номларини айтдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда ташвиш тортмаган эдилар. Ҳақиқатда ҳам, кейинчалик бу тоифалар мусулмонлар ичидан чиқдилар. Тўғрироғи, шу икки васфни ўзида мужассам қилган тоифалар чиқдилар ва уларга мазкур номлар берилди.

«Муржиъа» сўзининг луғавий маъноси «умид қилдирувчи» ва «ортга сурувчи» деган икки хил ифодадан иборатдир.

Бу тоифага мансуб кишилар «Мусулмоннинг қанча гуноҳи бўлса ҳам, Аллоҳ кечиб юборади», деганлари учун шу ном билан «муржиъа», яъни «умид қилдирувчилар» деб номландилар.

Шунингдек, «Гуноҳ қилган мусулмонларнинг ишини ортга сурамиз, Аллоҳ Ўзи билиб муомаласини қилади», дегани учун ҳам «муржиъа», яъни «ортга сурувчилар» дейилди. Яъни, бир лафз билан икки маъно кўзда тутилган.

«Муржиъа»лар ҳам «Қадария»лар каби алоҳида имомлари, эргашувчилари, тузумлари ва фикрий мактаблари билан ажралиб чиққан эмаслар. Балки, ким юқорида зикр қилинган «иржоъ» фикрига қўшилса, ўша муржиъа дейилаверган. Бу фикр ва эътиқоднинг келиб чиқиши мусулмонлар ўртасидаги сиёсий ихтилофлар натижаси ўлароқ пайдо бўлган фикрий-ақийдавий ихтилофлар тарихига бориб тақалади.

Маълумки, ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги сиёсий ихтилоф оқибатида «Хавориж» мазҳаби юзага чиқди. Улар биринчи бўлиб мусулмонларни амаллари туфайли кофирга чиқаришга ўтдилар. «Гуноҳи кабира қилган мўмин ким?» деган масалада қаттиқ ва давомли тортишувлар бўлди. Хаворижлар ҳеч иккиланмай: «Гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлади, дўзахда абадий қолади», дедилар.

Мўътазилийлар бундай одамни «Иймон билан куфр орасидаги оралиқ манзилда қолади. У мўмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас», дедилар. 

Ҳасан Басрий, Саъид ибн Жубайр каби зотлар «Гуноҳи кабира қилган мўмин мунофиқ бўлади», деганлар.

Аҳли сунна ва жамоа эса: «Гуноҳи кабира қилган мўмин осий бўлади, гуноҳига яраша дўзах азобини тортиб, кейин қайтиб чиқади», дедилар.

Аммо ихтилоф кучайиб, мўминларни кофирга чиқариш авж олаверди. Ҳар кимнинг ўз фикрига таассубли бўлиши ҳам кучайиб бораверди. Тарафкашлик бор жойда ҳаддан ошиш бўлиши ҳаммага маълум. Хаворижларнинг мўмин одамни сал нарсага кофирга чиқараверишларига қарши бўлган тарафлар ичида ҳам ҳаддан ошувчилар чиқди. Улар хаворижлар нима деса, шуни ёлғонга чиқаришга киришиб кетдилар. Улар аввалига «Гуноҳкор мўмин осий бўлади», деган фикрга қўшилган эдилар. Ихтилофлар кучайгач, «Гуноҳкор мўминнинг иши ортга сурилади, нима қилишни Аллоҳнинг Ўзи билади, аммо кечиб юбориши устун», дедилар. Таассублари янада кучайгач, «иймон – тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир, амалнинг иймонга дахли йўқ. Шунинг учун гуноҳ амал қилган одам мўминликдан чиқмайди», дейишди. Бориб-бориб «Амал куфр билан фойда бермаганидек, иймон билан ҳам зарар бермайди», дедилар. Яъни кофир одамнинг қилган яхши амали кофирлиги туфайли унга фойда бермаганидек, мўмин одамнинг қилган гуноҳи иймони борлиги туфайли унга зарар бермайди, дедилар. Бу эса, тили билан иймон калимасини айтиб қўйиб, дили билан тасдиқ қилиб, хоҳлаган гуноҳни қилавериш мумкин, заррача зарар бўлмайди, тўппа-тўғри жаннатга бораверади, дегани эди. Ва ниҳоят «иймон – дил тасдиғидир, тилда куфр сўзларини айтса ҳам бўлаверади», дейишгача боришди.

Кўриниб турибдики, асосан қуруқ жанжал, даҳанаки жанг, тарафкашлик шу оқибатга олиб келган. Аммо «иржоъ», яъни муржиъаларнинг фикри доимо мусулмонларнинг қаҳрига учраган. Шунинг учун ҳам бу фикр намояндалари ўзларини кўпчиликка танита олмаганлар. Бунинг ўрнига Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад каби улуғ кишиларни муржиъалар деб гап тарқатишга ўтганлар. Аслида эса бу улуғ зотлар «иржоъ» фикрига мутлақо қарши бўлишган. Хаворижлар эса уларни «муржиъа» деб атаганлар. 

Бу улуғ зотлар Аҳли сунна ва жамоанинг имомлари бўлиб, улар хаворижларга ҳам, муржиъаларга ҳам қарши бўлганлар.

Тарихий ва мазҳабчилик манбаларига назар соладиган бўлсак, муржиъаликнинг фикр сифатидаги васфларини кўп кўрамиз. Аммо ҳаракат сифатида, татбиқ қилинган нарса сифатида унинг бирор нарсасини кўрмаймиз. Уларнинг бошлиқлари, кўзга кўринган арбоблари ким эканини ҳам кўрмаймиз. Шунингдек, муржиъа фикрини татбиқ қилиб яшаган бирор гуруҳни ҳам билмаймиз. Муржиъалик фикрини олға сурган кишиларнинг ўзлари гуноҳ ишларни қилиб, савоб ишларни тарк этганлари тўғрисидаги хабарларни ҳам учратмаймиз.

Қадария тўғрисида аввалроқ гапириб ўтдик. Муржиъа тўғрисида айтган гапларимиз уларга ҳам тегишли. Исломдан насибаси йўқ бу икки тоифага мусулмонлар орасида жой ҳам йўқ!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , ,. .5741. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг елкамдан ушлаб.Дунёда гўёки ғариб ёки давоми...

2120 07:28 / 16.10.2018
. , . ,. .14. Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дин насиҳатдир холисликдир,, дедилар,..Ким учун, дедик. .Аллоҳ давоми...

1610 09:53 / 20.03.2019
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот қиёмни узун қилганларидан бир ишни қасд давоми...

2621 09:05 / 03.02.2018
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиАллоҳнинг набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ўт дўзахийларнинг баъзисини икки тўпиқларигача ёндиради. Ва давоми...

2825 09:05 / 13.04.2018
Аудиолар

118732 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021