1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таълифот (китоблар)

71. "Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир" китоби

11:22 / 24.03.2013 2923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

"Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир" китоби

«Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» деб номланган китоб тез кунда нашрдан чиқади.


Муаллиф:  Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
Номи:  “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”
Нашриёт:  «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана:   2013
Ҳажми:  200 бет
ISBN:  978-9943-40-95-6-9
Ўлчами: 84×108 1/32

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 1255-сонли тавсияси ила чоп этилган

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салавот ва саломлар бўлсин!
Аммо баъд:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига мансуб олимлар ҳам, қавмлар ҳам қадимдан ўта камтар бўлишган. Мақтанишни ҳам, мақташни ҳам ўзларига эп кўришмаган. Шунинг учун бўлса керак, ҳозирда баъзи бемазҳабларнинг мақтанчоқликлари, ўзлари «олим» деб билган уч-тўрт кишини осмонга кўтариб мақташлари бу ҳақиқатни билганлар учун жуда эриш туюлади. Бу нарса айрим сирлардан бехабар кишиларни алдаб қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда мазкур сохта мақтовларни кўпчилик тушунмаслиги ва алданиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Худди бемазҳабларнинг «имом» лари, «аллома»лари бор-у, Аҳли сунна ва жамоаники йўқдек.
Ҳақиқатда эса асло бундай эмас. Аслида мусулмон умматининг ҳақиқий имомлари ва буюк алломалари асосан Аҳли сунна ва жамоадан чиққан ва шундай бўлиб келмоқда. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатни англатиб бориш ниятида «Ислом.уз» интернет порталида алоҳида бўлим очилиб, Аҳли сунна вал жамоа вакиллари бўлган, замонамизнинг кўзга кўринган олимлари ҳақида маълумотлар бериб борилаётган эди. Мазкур ишни янада кенгайтириш борасида қилиниши режалаштирилган ишлар қаторида сунний мазҳабларни маҳкам тутган ва бемазҳабликка қарши бўлган алломаларимиздан баъзиларининг ўзлари ва асарлари билан халқимизни таништириш, бемазҳабларнинг даъволари пуч эканини фош этиш мақсадида бугунги кунда битилган ва ўта керакли китоблардан баъзиларини таржима қилиб, чоп этиш ишлари ҳам бор эди. Аллоҳ таолога ҳадсиз-ҳисобсиз шукрлар бўлсинки, мазкур режамиз ўз самарасини бера бошлади.
Сиз, муҳтарамларга замонамизнинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлмиш доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларини таништириш ва у зотнинг муҳим китобларидан бирини тақдим этиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари 1929 йили Туркия ҳудудига кирувчи, Ироқнинг шимолий томонидаги Бутан (Ибн Умар) оролчасидаги Жилка қишлоғида дунёга келдилар. Тўрт ёшга етганларида, оталари мулла Рамазон билан биргаликда Дамашққа ҳижрат қилдилар. Академик лицейни Дамашқдаги Исломий йўналиш маъҳадида тамомладилар.
1953 йили Азҳар университетининг шариат факултетида ўқишни давом эттириб, 1955 йили мазкур университетнинг халқаро дипломини қўлга киритдилар. Келгуси йили Азҳар университетининг араб тили факультетида ўқишни давом эттирдилар. Ўша йил ниҳоясида мураббийлик дипломини қўлга киритдилар. 1960 йили Дамашқ университетидаги шариат факултетида профессор ассистенти бўлиб ишладилар.
1965 йили Азҳар университетининг тавсияси билан Ислом шариати усулидан докторлик дипломини қўлга киритдилар. Мазкур йили Дамашқ университетида мударрисликка тайинландилар. Сўнгра вакил, кейин проректор, сўнгра Дамашқ университетининг ақийда ва дин бўлими бошлиғи этиб тайинландилар.
Доктор Рамазон Бутий ҳозирги вақтга қадар бутун дунёда бўлиб ўтадиган йиғин ва конференцияларда иштирок этиб келадилар. Иорданиянинг Уммон шаҳридаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академиясининг ва яна Оксфорд академиясининг олий мажлиси аъзосидирлар. Араб, турк, курд тилларини яхши ва инглиз тилини бир оз биладилар.
У кишининг шариат, одоб, фалсафа, жамиятшунослик ва тамаддун муаммоларига оид олтмишдан ортиқ таълиф этган китоблари мавжуд.
Машҳур китоблари:
1. «Фиқҳус сийратин-Набавия»;
2. «Шарҳу Ҳикамил Атоия»;
3. «Кубро яқийниётил кавния»;
4. «Ҳаза волидий»;
5. «Салафия марҳалатун заманиятун муборака лаа мазҳабун исламий»;
6. «Ал-лаа мазҳабийя ахтору бидъатин туҳаддиду шариъатал Исламия» (Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир).
7. «Мадхалун ила фаҳмил жузури».
8. «Ҳурриятул инсани фий зилли убудиятиҳи лиллаҳи».
9. «Манҳажул ҳазоратил инсанияти фил Қуръан».
10. «Мин роваиъул Қуръанул Карим».
11. «Минал фикри вал қалби».
12. «Дифоъун ъанил Ислами ват-тарих».
13. «Дин ва фалсафа».
14. «Шахсийаатун иставқафатни».
Рамазон Бутий ҳазратларининг Дамашқ масжидларида кунлик ва ҳафталик ваъз-иршод мажлислари бор бўлиб, уларда минглаб эркак ва аёллар ҳозир бўлишади. Бундан ташқари, газета-журналларга исломий мавзуларда мақолалар ёзиб турадилар ва янги муаммоларга жавоб берадилар. У зотнинг маъруза ва дарсларини кўплаб мусулмон давлатлар ва нодавлат телевизион каналлари орқали доимий равишда кўрсатиб борилади. Дамашқдаги маъруза ва дарслари тасвирга тушириладиган мажлисларида беш мингга яқин иштирокчи ҳозир бўлади.
Ушбу камтарона сатрлар котиби доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари билан, аввало у кишининг китоблари орқали танишган эди. Мазкур китоблар тили ва услубининг равонлиги билан, муаммони ҳикмат ва шариат асосида бугунги куннинг талабига мос равишда ҳал қилишга уриниши билан барчани ўзига ром этади.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари билан биринчи жонли мулоқотимиз Жазоирнинг Ситийф шаҳрида бўлиб ўтган «Ислом фикри мулоқоти» номли илмий анжуманда бўлди. Ўшанда доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг Ғарб маданиятидан таъсирланган баъзи кишилар билан мунозаралари кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлган эди. Кейинчалик турли муносабатлар билан тез-тез учрашиб турадиган ва фикр алмашадиган бўлдик. Иккимиз ҳам Иордания қироллик академиясига аъзо бўлдик. Академия раҳбари амир Ғозий Муҳаммаднинг таклифига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига борганларида остига ўтирган дарахтни кўриб, у ҳақда суратга олинаётган фильм учун интервю бердик. Ушбу мулоқотларимизнинг барчасида мусулмон умматининг бугунги ҳоли тўғрисида фикр алмашар эдик. Албатта, мазҳабсизлик муаммоси асосий мавзулардан бўлиб келарди.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари бемазҳабликка қарши курашда энг журъатли олимлардан биридир. У киши бемазҳабларнинг ўзлари билан кўп бора мунозаралар олиб бориб, ғолиб келганлар ва бу иллатга қарши мақола, маърузалардан ташқари алоҳида китоблар ҳам ёзганлар.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг «Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир» номли китоблари тарқалганидан кейин Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидаги барча илм аҳллари, ушбу мазҳабни тутганлар эркин нафас олиб, бемазҳабларга кўп нарсаларга илмий ҳужжатлар борлигининг таъкиди баён қилинганига хурсанд бўлдилар. Бемазҳаблар эса, биз ҳам Аҳли сунна ва жамоамиз, дея бошладилар.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг қўлингизда тутиб турган «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» китоблари эса бемазҳабликнинг хатарини барчага батафсил тушунтириб берди.
Бу китобнинг ўзига хос қиссаси бор.
Аслида шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ушбу китобларини «Мусулмон одамнинг тўрт мазҳабдан бирига эргашмоғи мажбурийми?» деб аталган бир китобчани тарқатган шахсга раддия сифатида ёзганлар. Бу одам китобда ўзининг исмини кўрсатмаган, ўзини таништирмаган, лекин уни Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий ал-Маккий (Масжидул Ҳаром атрофидаги мударрис) таълиф қилган, деб эълон қилган эди.
Сўнгра, китобнинг иккинчи нашрини тайёрлаётган пайтда ўзларининг бу китобларига раддия тарзида ёзилган Саййид Муҳаммад Ийд Аббосийнинг қаламига мансуб «Таассубона мазҳабчилик – бидъатдир» номли китобни кўриб қолиб, нашрни тўхтатиб турганлар ва мазкур китобни ўқиб чиқиб, унга ёзилган раддияни ҳам қўшиб чоп эттирганлар. Шундай қилиб, мазҳабни тутганлар билан бемазҳаблар орасидаги мазҳаблар хусусидаги тортишув ҳақида тўлиқ асар юзага келган.
Албатта, юқорида зикр қилинган омиллар асарнинг йўналишига, равонлигига ва мазмунига ўз таъсирини кўрсатган ва ўқувчидан ўта диққат билан ўқишни талаб қиладиган вазият юзага келган. Бу асарнинг битилганига, эллар ва халқлар орасида тарқалганига, муҳокама ҳамда таржима қилинганига анча вақт бўлган. Унинг ҳақида жуда кўп гаплар айтилган. Мана, вақти келиб, фурсати етиб, муҳтарам олимимиз Алоуддин Ҳофий жаноблари уни таржима қилдилар ва асар «Ислом.уз» интернет порталида эълон қилинди. Кейин кўпчиликнинг маслаҳати ва илтимосига биноан уни китоб шаклида нашр этишга ҳам қарор қилинди. Аввал ёш домлаларимиздан Муҳаммад Али таржимани арабча нусхага солиштириб, қайтадан синчиклаб мутолаа қилиб кўрди, ҳар оят ва ҳадиснинг арабча матнини қўйиб чиқди. Кейин ўзим уни қайтадан кўриб, атрофлича таҳрир қилдим ва ушбу кириш сўзи орқали баъзи маълумотларни ҳам тақдим этдим. Китобнинг сўнгида эса айрим мулоҳазаларни баён қилиш ниятим ҳам бор.
Бугун ушбу илмий асарни сиз, азиз ўқувчиларимизга она тилимизда тақдим этар эканмиз, унинг барчамиз учун фойдали бўлишини, шунингдек, доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг ҳақларига ҳам Аллоҳ таоло у кишини ҳифзу ҳимоясида асрашини чин қалбдан тилаб, дуолар қилиб қоламиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф.
Тошкент. 2012 йил, апрель.

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ато қилган ноз-неъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамдлар, У Зотнинг бизларга юборган Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг аҳли байтларига, асҳобларига ва тобеъинларга салоту саломлар айтаман.
Аллоҳим, ўзгаларга ўргатадиган ва ўзим ўрганадиган илмларимда мени ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Ёзадиган нарсаларимдан оладиган насибам нафсимнинг бирор махфий истаги ёхуд шайтон ёки ҳой-ҳавас ортидан келадиган манфур мутаассиблик (фанатизм) бўлишидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳим, бизлар билан биродарларимиз ўртасида Ўз ҳузурингдан бир ҳукм чиқаришингни сўрайман. Токи у туфайли кўзлардаги пардалар йўқолсин ва кўнгиллардаги васвасалар, ғаразлар даф бўлсин.
Қўл урган нарсамизда ниятимиз фақат розилигингга етишишдир. Бунинг учун бизга ихлос деб аталмиш неъматни ҳозирлаб қўйишингни ёлвориб сўрайман. Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан!

Доктор Муҳаммад Саид
Рамазон Бутий

 


ХОТИМА 

Муҳтарам доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг қаламига мансуб ушбу «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» китобининг ўзбекча таржимасини ўқиб, таҳрир қилиб чиқиш жараёнида бемазҳаблар билан бўлган муносабатлар ва ҳодисаларни қайта яшаб чиқдим. Улар билан ўзимизда бўлиб ўтган ҳодиса ва муомалаларнинг биздан олдин араб элларида яшаб ўтилганига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Ана шу эътибордан ушбу сатрлар орқали бу муаммо ҳақидаги баъзи мулоҳазаларимни тақдим этишни лозим кўрдим.
Биринчи мулоҳаза.
Алҳи сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган олимлар ва омиларнинг тинчини бузиб, уларни ташвишга солаётган ҳамда хижолат қилаётган, уларни муҳим ишлардан чалғитаётган катта омиллардан бири – бемазҳабларнинг хуружлари ва кирдикорлари экани.
Бу маънони муаллиф доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ўзларининг ушбу китобларида жуда кўп такрорлайдилар. Буни ўқувчининг ўзи ҳам чуқур англаб етиши турган гап. Худди шу ҳақиқатни биз ҳам ўз тажрибамизда бошимиздан кечирдик ва кечирмоқдамиз.
Иккинчи мулоҳаза.
Алҳи сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган мусулмонларни паришон қилишда бемазҳаблар турли ҳийла-найрангларни ишга солишлари.
Ушбу биз ўрганаётган китобнинг ёзилишига сабаб бўлган ҳодисалар бунинг ёрқин мисолидир. Мусулмонлар оммаси ибодатларини хотиржам адо этиб, тинч-омон яшаб юрган эдилар. Бирдан исм-шарифини ёзишни ва ўзини таништиришни истамаган бир кимса Муҳаммад Султон Маъсумий Хўжандий Маккий (Масжидул Ҳаром атрофидаги мударрис) таълиф қилган, деган ёлғон даъво билан «Мусулмон одам тўрт мазҳабдан бирига эргашмоғи мажбурийми?» деб аталган китобчани тарқатиб юборди. Бу энг катта ҳийла экани очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқат бўлиб, бемазҳаблар бошқа ҳийлаларидаги каби, бу ишларида ҳам бир неча мақсадни кўзда тутганлар.
Биринчи мақсад – оддий кишиларнинг ушбу ҳийлага учиб, мазкур ёзувларга ишонишлари ва Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган уламоларга қарши чиқиб, «Сизлар даъво қилаётган гапларни айнан Масжидул Ҳаромнинг мударриси ёлғонга чиқариб ёзибди», дейишларидир.
Иккинчи мақсад – ўз шахсини ясама исм ортига яшириш ва кимлигини билдирмай, танқид ҳамда айбловлардан четда қолиш. Агар ўз гапига содиқ бўлса, асл исмини яширишдан нима фойда?!
Учинчи мақсад – танг ҳолатга тушиб қолган пайтда айбни исми ёзилган, лекин ўзи йўқ шахсга ағдариб, қутулиб кетиш. Ушбу ҳақиқат шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг мазкур китобда келган қуйидаги сўзларида ўз ифодасини топган: «Устоз Носир биз аниқ ёритиб берган шу гапларнинг бутунлай аксини ифодалайдиган Хўжандийнинг иборалари борасида «У бухоролик ажам киши бўлганидан, ўз фикрини аниқ баён қила олмаган!» деб уни оқлайди…»
Мен эса «Ушбу ҳийлани уюштирганлар бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўлганлар», дегим келади.
Биринчиси – аввал айтиб ўтилганидек, танг ҳолга тушиб қолганда, айбни «ажам»га ағдариб, ўзлари қутулиб қолишлари.
Иккинчиси – «ажам»ни айблаш орқали ўзини устун қўйиш. Зотан, айбни «ажам»га ағдараётган «Устоз Носир» – Носириддин Албоний «Хўжандий»ни «бухоролик ажам» дейиши орқали, мен ҳам Бухорийдан устунман, демоқчи бўлган бўлса, ажаб эмас. Чунки воқеаларнинг ривожи айнан шуни кўрсатади. У одам бутун мусулмон миллати муҳаддисларнинг имоми ва амири, дея тан олган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳидан ўзини юқори қўйди. Охир-оқибат, ҳозирга келиб, Албонийнинг ишқибозлари ҳадисларни баҳолашда «Бухорий саҳиҳ, деган» иборасининг ўрнига «Албоний саҳиҳ, деган» иборасини ишлатмоқдалар ва бошқалардан ҳам шундай қилишни талаб қилмоқдалар.
Учинчи мулоҳаза.
Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган уламолар юксак исломий одоб намуналарининг тимсоли бўлиб келаётганлари.
Улар бу одобни ўз устозларидан, улар эса мазҳаб мужтаҳидларидан, улар эса мазҳаббоши имомлардан, улар тобеъинлардан, улар эса саҳобалардан, улар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.
Аксинча, бемазҳабларнинг беодобликнинг ҳар кўчасига кириб чиқишлари, ўзидан бошқани одам ўрнида кўрмасликлари, ўтгану қолган барча мусулмонларни куфрда, фисқда ва фасодда айблашлари. Уларнинг бу сифатлари ўзларидан бошқа мусулмонларга бўлган ҳасадларидан, кибрларидан ва манманликларидан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас.
Ушбу китоб саҳифаларида ушбу икки хил кўринишни пайқаб олиш қийин эмас. Бир тараф бирорта кишига озор бериб қўймасликка ҳаракат қилса, иккинчи тараф айнан ўзига мувофиқ бўлмаган ҳар бир кимсага озор бериш пайидадир.
Тўртинчи мулоҳаза.
Саййид Муҳаммад Ийд Аббосийга мансуб «Таассубона мазҳабчилик – бидъатдир» номли китобнинг асл муаллифлари бошқалар экани ҳақида шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қуйидагиларни ёзадилар:
«Китобнинг муқовасига «Муҳаммад Ийд Аббосийнинг қаламига мансуб...» деб ёзилган эди. Ваҳоланки, китоб унинг қаламига мансуб эмас ва унинг асари ҳам эмасдир. Аниқ биламизки, уни ёзишда шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайруддин Вонилийлар ҳамкорлик қилишган. Ҳазрат Муҳаммад Ийд Аббосий эса унинг айрим кичик мақолаларини ёзишда иштирок этган, холос.
Буни жаноб Маҳмуд Маҳдий Истанбулий эътироф этган. Зеро, у дўстимиз Ҳожи Аднон Тибё билан бўлган махсус учрашувида буни фахрланиб гапирган. Ҳожи Аднон уни кўрганида, ўша китобни берилиб тайёрлаётган экан».
Ўз-ўзидан «Қарши тарафнинг бу қилмиши шариатга тўғри келадими?» деган савол туғилади. Худди шу саволни шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бошқача иборалар билан ифода қилиб, қуйидагиларни ёзадилар:
«Ҳурматли муаллифлар бизнинг қуйидаги шаръий саволимизга марҳамат қилиб жавоб беришлари лозим: «Мусулмон одам ўзи айтган гапни бировга тўнкамоғининг ҳукми нима? Бундай одам нима деб аталади? Бу ўринда ишлатилган ёлғонни шариатга мақбул бирор ҳийла билан тўғрилаш мумкинми?...»
Сўнгра шайх Бутий ҳазратлари қарши тарафнинг бу қилмишига ҳар бир мусулмоннинг муносабати қандай бўлиши мумкинлигини ўз муносабатлари орқали ифода қиладилар: «Қасам ичиб айтаманки, агар Шофеъий бир гапни ёзиб, кейин уни ўзидан бошқага нисбатини берса ёки бировнинг гапини олиб, ўзиники қилиб айтса, юрагимда унга бўлган ишончим йўқолган бўлар, у нақл қилган бирор бир ҳукмга ё у ривоят қилган бирорта ҳадисга, ёки у ижтиҳод қилган бирорта масалада унга ишонмаган бўлар эдим. Шундай экан, бундай ишни шайх Носир ва Маҳмуд Маҳдийлар қилган бўлса, нима дейиш мумкин?!»
Биз бу саволга қуйидаги жавобни беришимиз мумкин: «Бундай ишни шайх Носир ва Маҳмуд Маҳдийлар қиладиган бўлса, «Аллоҳ таолодан қўрқинглар, бандалардан уялинглар», дейиш мумкин, деймиз. Шайх Носирга эса «Сиз муҳаддисликда ҳаммадан пешво эканингизни даъво қилар, ўзингизни имом Бухорийдан устун қўяр эдингиз. Шу иш оддий мусулмон бир ёқда турсин, муҳаддис учун тўғри келадими?» деймиз. «Имом Бухорий ёлғон ҳаракати билан ўз отини алдаётган ровийдан ҳадис ривоят қилишни ўзларига эп кўрмаган эдилар. Сиз эса барча мусулмонлар оммасини алдаб туриб, яна қандай қилиб муҳаддисликни даъво қиласиз?!» деймиз.
Бешинчи мулоҳаза.
Бемазҳабларнинг ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳар қандай услубдан ва ишдан, ҳаттоки ёлғон тўқишдан ҳам қайтмасликлари.
Уларнинг бу каби кирдикорларини биз ҳам ўз бошимиздан ўтказганмиз. Биздан олдин бошқа Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга эргашган мусулмонлар ва уламолар ҳам, жумладан, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ва у кишининг падари бузркворлари мулло Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бу иллат тўридан омонда бўлмаганлар. Бу ҳақда шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари қуйидагиларни ёзадилар:
«Бироқ улар ёлғондан тарқатиб юрган гап-сўзлар орасида китобхонга ҳақиқатини очиб беришим керак бўлган баъзи жойлари бор. У ҳам бўлса, падари бузрукворим ҳақидаги гап-сўзлардир (у кишини Аллоҳ асрасин). У киши ҳам мунозарамизда қисман иштирок этган эдилар. Эмишки, ана шу мунозарада отам шайх Носирнинг фикрларини қўллаб-қувватлабдилар ва унга қарши чиқишдан мени қайтарибдилар!
Бу миш-мишларга жим қараб туришимнинг оқибати яхши бўлмайди. Йўқса, бу миш-мишлар Дамашқнинг фақиҳи ва тақводор олими шайх Мулло Рамазон уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлабди ва бу борада мазҳабсизликнинг энг машҳур даъватчиси билан ҳамфикр бўлибди-да, деган даъволар билан оддий кишиларнинг дилларини анави мазҳабсизларнинг оғган йўлларига жалб қилиш учун бир тузоққа айланиб қолади».
Бемазҳабларнинг бу каби кирдикорларидан хабардор бўлганлари учун бўлса керак, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари улар билан бўлган мунозарага гувоҳлар чақирган ва овоз ёзиш ускунаси ёрдамида бўлиб ўтган ҳар бир сўзнинг ёзиб олинишини йўлга қўйган эдилар. Аммо бу чора-тадбирлар ҳам қарши тарафни ёлғон тўқишдан қайтара олмади. Ёлғон тўқилди. Одамлар ичида тарқатилди.
Олтинчи мулоҳаза.
Қарши тараф Изз ибн Абдуссалом, Ибн Қайюм ва Камол ибн Ҳумомлардан нақл қилган гапларни ўз даъволари – муайян битта мазҳабга амал қилиш ҳаром, ҳамма одамлар бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишлари керак ёки айнан биттасини ушлаб олмасдан, мужтаҳид имомларни доим алмаштириб туриш керак, деган даъволарга ҳужжат қилиб келтиради.
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари эса қарши тараф бу ишда ҳам қаллобликка йўл қўйганини, олинган иқтибосларда сохтакорлик ишлатилганини аниқ ҳужжат ва далиллар билан фош қилиб ташлайди.
Бемазҳабларнинг бу одати ҳаммага маълум, улар ўз фикрларини тасдиқлаш мақсадида турли олимларнинг гапларини ўзлари истаган тарафга буриб нақл қилишлари бор. Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари бу китобларида уларнинг нақлларини ва усталик билан қилган найрангларини эринмасдан баён қилиб берганлар.
Еттинчи мулоҳаза.
Бемазҳаблар ўзларини Ибн Таймия ва Ибн Қайюмларнинг шогирдлари, деб таърифлайдилар ва уларни мақтаб-алқашда чарчамайдилар.
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ушбу китобларида уларнинг бу икки шахсга ҳам зулм қилганликларини исбот этганлар. Бемазҳабларнинг айтаётган гаплари ва қилаётган даъволаридан бир қанчаси айнан Аҳмад ибн Таймия Ҳарроний ва Ибн Қайюм Жавзия роҳматуллоҳи алайҳиларнинг гапларига зид эканини очиқ-ойдин ҳужжат ва далиллар ҳамда икковларининг китобларидан олинган иқтибослар ила исбот қилганлар.
Саккизинчи мулоҳаза.
Бемазҳабларнинг бир тарафламалиги, ўзидан бошқанинг фикрини қабул қилмаслиги ва ўрганмаслиги.
Бу ҳақиқатга мисол тариқасида ўзимиз ўқиб чиққан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» деган китобларидан биргина иқтибос келтирамиз. Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг саволи:
 «...Бир вақтда ва бир жойда берилган уч талоқ учта талоқ бўлишига тўрт мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Буни биласиз. Бунга уларнинг далиллари борлигини ҳам биласиз. Лекин сиз уларни ўрганиб чиқмагансиз. Улар иттифоқ қилган фикрдан воз кечиб, кўнглингиз тусаган фикрни олгансиз. Сиз аввал тўрт имомнинг ҳужжатлари ботил эканига амин бўлган эдингизми?»
Қарши тараф пешвосининг жавоби:
«Йўқ, мен уларни ўрганиб чиқмагандим. Чунки менда уларга тегишли манбалар йўқ эди».
Ушбу биртарафламалик, ўзидан бошқани тан олмаслик барча биз билган бемазҳабларнинг сиймосидир. Улар аввал бошдан ўзларини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб биладилар. Ўзларини ҳидоятда, бошқаларни эса залолатда деб биладилар. Барча нарсаларни ўз қаричлари билан ўлчайдилар ва ҳамма тан олган ҳамда амал қилиб келаётган ҳақиқий ўлчовларни тан олмайдилар.
Тўққизинчи мулоҳаза.
Бемазҳаблар қўзғаётган ихтилофлар мусулмон уммати учун кони зарар экани.
Ҳамма бир тан, бир жон бўлиб, дину диёнат учун, мусулмон уммати фойдаси учун ҳаракат қилиш, кишиларни яхшиликка чорлаш ўрнига бу ишни қўлдан келганича қилиб турган, Аҳли сунна ва жамоага мансуб тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабга эргашган уламоларнинг мусулмонлар оммасини ҳидоятга чорлаш борасида олиб бораётган ишларига тўғаноқ бўлаётганлар ва уларни кофир, фосиқ ва фожирга чиқараётганлар нима фойда топадилар?
Шу ерда Аҳли сунна ва жамоага мансуб, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар йўлини тутган азизларга турли ихтилофлардан четда бўлишни тавсия қиламиз. Қарши томоннинг савиясига тушиб, ўзгаларни кофир, фосиқ ёки фожирга чиқаришни ўзларига раво кўрмасликларини тавсия қиламиз.

***

Китобни нашрга тайёрлаш ишлари ниҳоясига етган пайтда ушбу асар муаллифи шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг вафотлари хабари келиб қолди. Замонамизнинг энг машҳур уламоларидан бири, соф Ислом таълимотини, Ислом маданияти ва соф исломий ақийдани тарғиб қилишда етакчилардан ҳисобланган олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий 2013 йил 21 март куни, жума оқшомида масжидда дарс бераётган пайтларида шаҳид бўлдилар. Ислом олами ўз осмонидаги ёрқин бир юлдузни йўқотди.
Доктор, шайх, аллома, ҳаким, мураббий, муаллим Муҳаммад Саид Рамазон Бутийга нисбатан уюштирилган суиқасд ҳақидаги хабар бутун Ислом оламини ларзага солди.
Бутий ҳазратлари Абул Ҳасан Надавий, Юсуф Қаразовий, Тақий Усмоний, Ваҳба Мустафо аз-Зуҳайлий, Муҳаммад Али Собуний каби замонамизнинг йирик уламоларидан бири эдилар. Дарҳақиқат, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг ўлими барчамиз учун улкан йўқотиш бўлди.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари бизнинг ўлкаларда ҳам машҳур аллома эдилар. У кишининг бир нечта китоблари ўзбек тилига таржима қилинган. Ислом.уз порталида муаллифнинг ушбу китоби ҳамда «Салафия» рисоласи, Муслимаат.уз сайтида «Аллоҳга инонган қизларга», Сийрат.уз сайтида «Фиқҳус сийра» китоблари қўйилган.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг илмий салоҳиятини ҳамма тан олган эди. Бутий ҳазратлари Ислом ривожи учун кўп хайрли ишларни амалга оширган ва амалга ошираётган эдилар. Жумладан, Сурияда жуда кўп Қуръон мактабларнинг очилишига улкан ҳисса қўшган эдилар. Сўнгги ўттиз йилдан буён ҳар ҳафта масжидда дарс бериб, маъруза қилар эдилар. Бу дарсларга минглаб одам тўпланар эди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила портлаш содир бўлган пайтда ҳам минбарда маъруза қилиб турган эдилар.
«Олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир» дейди араблар. Зеро, олим бутун оламга илм, маърифат, зиё тарқатиб турувчи машъалдир. Бу машъал сўниши билан бутун олам зулматда қолади. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларидек юксак мартабали алломанинг ҳалок бўлиши Ислом олами учун улкан йўқотишдир. Бу барчамизнинг, бутун умматнинг умумий мусибатидир. Бутун дунё мусулмонлари Аллоҳдан у зот учун раҳмат ва мағфират сўраб, у кишининг Аллоҳ йўлидаги хизматлари учун муносиб ажру мукофотлар беришини тилаб дуо қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийни раҳмати билан чулғаб олсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф

 


Мундарижа

Кириш сўзи
Янги нашр муқаддимаси
Иккинчи нашр муқаддимаси
Падари бузрукворимнинг сўзлари
Биринчи нашр муқаддимаси
Хўжандий рисоласидаги гапларнинг  қисқача мазмуни
Ихтилофсиз масалалар
Рисола даъво қилаётган янги гаплар: уларнинг
далиллари ва уларга раддиялар
Тақлид қилишдан ўзга чора йўқ ва муайян
мазҳабга эргашишга монеълик йўқ ва бунинг далили
Имомга тақлид қилиш ва унинг мазҳабини
ушлашнинг маъноси нима?
Мазҳабга ва мазҳаббоши имомга тақлид қилишни
қачон бас қилиш керак?
Агар ҳамма одамлар мазҳабсизлик сахросига
йўл олса, нима бўлади?
Айрим мазҳабсизлар билан ўртамизда бўлиб ўтган
баҳс-мунозаранинг қисқача мазмуни
Шундан сўнг!..
(Китобимга раддия ҳақидаги) илова
Хотима 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб .Ҳадис ва ҳаёт, силсиласининг .Поклик, деб номланган китобинингқорақалпоқ тилидаги давоми...

818 16:43 / 17.09.2020
Тафсири ҲилолХалқимизнинг Ислом дини асосларини, Қуръони Карим маъноларини билишга чанқоқлигини эътиборга олиб, ҳамда бир неча қимматли кишиларимизнинг давоми...

38400 17:37 / 27.12.2010
Ҳадис ва Ҳаёт 22жуз .Усмон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо,Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб .Ҳадис ва Ҳаёт, туркумининг давоми...

3334 12:11 / 23.03.2011
.Ҳдис ҳм Турмыс, 29томТфсир китабы даўамыМуаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ЮсуфНашриёт .HilolNashr, нашриётматбаасиСана 2021 йилҲажми 336 бетISBN 9789943577473Ўлчами 84х108 давоми...

1044 10:55 / 10.11.2021
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40686 14:35 / 11.08.2021