1440 йил 7 сафар | 2018 йил 16 октябрь, сешанба
Минтақа:
UZ EN RU AR
Жамият

МАСЖИД ОДОБЛАРИ

11:00 / 30 август 581 Ўқиш режими + -

Масжидлар намозларни жамоат билан адо этиш жойларидир. Масжидлар Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади. Қуръони Каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажаб-мас» (Тавба сураси, 18-оят); «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин сураси, 18-оят); «(У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эрта-ю кеч У Зотни поклайдиган кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас» (Нур сураси, 36–37-оятлар).

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг масжидлар фазилати ҳақидаги бир неча ҳадиси шарифлари бор.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат этадилар: «Масжидга (кўнгли) боғланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг», деганлар («Ҳалаби Кабир»).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидлар муттақий зотларнинг жойларидир», деганлар (Имом Муслим ривоят қилган).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради», деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилган).

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади», дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал, Баззорлар ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган).

Шунинг учун мусулмонлар масжидларни икром-эҳтиром қилишлари, уларда макруҳ саналган амалларни қилмасликлари, унинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуришлари лозим. Масжид одобларининг асосийлари қуйидагилардир:

Масжидга отланаётган намозхон суннатга мувофиқ кийиниб, ўзини ҳар томонлама поклаб – тозаланиб бориши керак. Самура розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Либоснинг оқини кийинглар, чунки оқлари покизароқ ва яхшироқ бўлур», деганлар (Имом Термизий ривоят қилган).

Масжидга борувчиларнинг айниқса тишларини тозалаб, нохуш ҳидларни йўқотиб боришлари зарур. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда албатта уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрар эдим», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган). Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиш учун мисвок ишлатмасдан уйларидан чиққан эмаслар (Табароний ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганда жаннатдан манзил тайёрлайди». Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлари)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади», деганлар. Шунинг учун масжидлар уйингиздан қанча узоқ бўлса-ю кўп қадам боссангиз, савоби шунча улуғ бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга боришларини шундай сифатлайдилар: «Муаззин бомдод намозига азон айтгандан сўнг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид томон йўл олар эдилар ҳамда шундай дуо қилардилар: «Эй Аллоҳим, қалбимни ва тилимни нурли қилгин, қулоғимда ва кўзимда нур қилгин, олдимдан ҳам, ортимдан ҳам, устимдан ҳам ва остимдан ҳам нур ёғдиргин, эй Аллоҳим, ўзимдан ҳам нурингни дариғ тутма!»

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, қачон бир одам масжидга келса, албатта оёқ кийимининг остига қарасин, агар унга нажасот ёки ифлослик теккан бўлса, уни ерга ишқаб яхшилаб тозаласин (Борди-ю оёқ кийимлари тоза бўлса ҳам суннатни барпо қилмоқ учун уларни ерга суртиб олган маъқул).

Масжидга кетаётганда одоб ва тавозе билан қадам ташлаш, салом берувчиларнинг саломига алик олиш, йўлда мусулмонларга ҳалал берувчи тош, шох-шабба, тикан ва бошқа нарсаларни четга олиб қўйиш ҳам зарур вазифалардандир.

Абу Мусо шундай нақл қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намоздан энг кўп савоб оладиган киши масжиддан энг олисда турадиган одамдир, чунки у кўп юриб, кўпроқ азият чекиб масжидга келади», деганлар.

Каъбул Ахбор розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор, булар масжид, Аллоҳни зикр этиш ва Қуръон ўқишдир».

Масжидга эртароқ, шошилмай, виқор билан юриб бориш ҳам масжидга боришнинг одобларидандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар намозга эртароқ боришнинг қандай савоби борлигини билганларида масжидга қараб кимўзарга югурган бўлардилар, хуфтон ва бомдод намозининг савобини билганларида масжидга эмаклаб бўлса ҳам борардилар», дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга такбири иқомат айтилаётган бўлса, югуриб-ҳовлиқиб келманглар, балки вазминлик билан оҳиста юриб келинглар. Етган жойингиздан (жамоатга қўшилиб) ўқийверинг, етолмаганингизни тўлдириб ўқиб олинг», дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилган).

Масжидга киришнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор:

1. Масжидга ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқилади.

2. Кириш-чиқишда суннатда келган маъсур дуоларни ўқилади. Масжидга кираётгандаги дуо:

«Бисмиллаҳи. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, ифтаҳ лий абвааба роҳматика».

Маъноси: «Аллоҳнинг исми била (кираман). Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Менга раҳмат эшигингни очгин».

Масжиддан чиқаётгандаги дуо:

«Бисмиллаҳ. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, иннии асъалука мин фазлика»

Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила-аъзолари ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Мен Сендан фазлингни сўрайман».

3. Масжидга кирганда намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат «Таҳийятул масжид» намозини ўтирмасдан олдин ўқиб олинади.

4. Масжидга таҳоратли кириб, турли нажосатлардан пок бўлинади.

5. Имом одамларга масжидда ваъз-иршод қилиб, уларга таълим бераётган бўлса, овозини кўтармаслик керак.

6. Хутба ўқилаётганда жим турилади, чунки хутбага қулоқ солиб, диққатни бериб туриш вожибдир.

7. Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтмаслик, хусусан, жума кунлари одамларнинг елкаларидан ошиб олдинги сафга ёриб ўтмаслик лозим. Чунки булар ҳаромга яқин макруҳлардандир.

8. Покликка риоя қилиш масжидда бўлишнинг энг муҳим одобларидандир.

9. Масжидга бадбўй ҳид билан кирмаслик керак. Мисол учун пиёз, саримсоқ, нос, сигарет каби нарсаларни истеъмол қилиб, сўнг масжидга кирса, ўзидан келаётган сассиқ ҳид билан намозхонларга озор беради. Бу ҳам ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади.

10. Масжидда виқор ва осойишталик билан юриш керак. Ҳовлиқиш ва шошқалоқликдан сақланиш лозим. Агар жамоатга ёки бирор ракатга кеч қолаётган бўлса ҳам, шошилмаслик даркор. Секин-асталик билан жамоатга келиб қўшилади (ета олмаган ракатларини юқорида баён қилганимиздек ўқиб қўяди).

Масжидда бўлишнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор:

Масжидга кирган намозхон унинг ичида ғоятда одоб ва тавозе билан ўтириши лозим. Масжидда инсониятни юқори ва олий даражага кўтариб, уни поклайдиган амалларгагина рухсат этилади. Масжидда Аллоҳнинг зикри, яъни тасбеҳ, таҳлил, такбир ва қироат, ҳадис, тафсир ҳамда фиқҳ илмларидан дарс қилинади, у ерда ўтирувчилар одамларни яхши амалларга тарғиб қилиб, ёмон ишлардан қайтаришлари зарур.

Масжидда дунё ишлари билан машғул бўлиш, савдо-сотиқ қилиш, дунё сўзларини сўзлаш, ўйин-кулги қилиш, талашиб-тортишиш ва қаттиқ баҳслашиш, шовқин-сурон кўтариш ва бир-бирини ҳақоратлаш ҳаром амаллардандир. Масжидда ҳунар қилиш, сотиш мақсадида хат битиш, ҳақ эвазига мактабдорлик қилиш макруҳдир. Аммо ҳақ олмай, холис Аллоҳ таоло учун ўқитса, макруҳ бўлмайди. Яна масжидга фойда учун дарахт ўтқазиш, экин экиш, таом ейиш ҳам жоиз эмас. Фақат эътикоф ўтирган мусулмонларга, ғариб (мусофир) кишиларгагина масжидда таом ейишга ижозат берилган. Бу ҳақда «Маслакул-муттақийн» китобида батафсил ёзилган.

Термизий ва Насоий келтирган ривоятда шундай дейилган: «Пайғамбар алайҳиссалом масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан қайтардилар». «Солати Масъудий»да айтилишича, ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Ҳар ким масжидда дунёвий сўзларни гапирса, масжид фаришталар учун бадбўй исларга тўлиб, улар намозхонларнинг оғизлари сассиқлигига тоқат қилолмай, масжидни тарк этиб чиқиб кетадилар. Улар шунда Аллоҳ таолога илтижо қилиб: «Эй Парвардигоро, бандаларинг бизларни уйингдан ҳайдаб чиқариб юборди», деб шикоят қилишади. Аллоҳ таоло: «Ўзимнинг иззатим ва жалолимга қасамёд қилиб айтаманки, Мен Парвардигордирман, уларга қисиқ кўзли, бераҳм бир жамоани рўпара қилурманки, уларни ҳам уйларидан қувиб чиқаргайлар», дейди».

Пайғамбар алайҳиссалом ҳар гал масжиддан чиқаётганларида «Аллоҳумма, иннии аъуузу бика минал иблиси ва жунудиҳи», яъни «Аллоҳим, шайтон ва унинг лашкари(нинг ишлари)дан Сендан паноҳ сўрайман», деган дуони ўқир эдилар. Ривоят этилишича, Расули акрам алайҳиссалом: «Сиздан ҳар бирингиз масжиддан чиқмоқчи бўлганда бу дуони ўқисин, ҳеч шубҳа йўқки, унга шайтоннинг зиёни етмайди», деганлар.

Масжид ичида қуйидаги ишларни қилиш макруҳ саналади:

1. Масжид ичидан узрсиз йўл қилиб олиш.

2. Масжидда ухлаш (аммо эътикоф ўтирувчи ва жойи йўқ мусофирнинг масжидда ухлаши макруҳ эмас).

3. Эътикоф ўтирувчилардан бошқаларнинг масжидда овқатланишлари.

4. Зикр-тасбеҳларда овозни кўтариб намозхонларга халақит бериш ёки чўчитиб юбориш.

5. Масжидда дунё ишларидан бўлган гап-сўзларни гаплашиш.

6. Масжидда олди-сотди қилиш.

7. Таҳоратни ушлаб туролмайдиган, масжидни нажосат қилиб қўйиш эҳтимоли бўлган гўдакларнинг масжидга кириши.

8. Масжидда тупуриш, бурун қоқиш, балғам ташлаш.

9. Йўқолган нарсани масжидда эълон қилиш.

10. Масжидда шеър айтиш (аммо Ҳаққа даъват қилиш, ҳикматли сўзлар билан Аллоҳ неъматини эслатиш, Расулуллоҳ алайҳиссалом сифатлари зикри, тақводорлар сифати каби мавзулардаги шеърлар мустасно).

11. Масжид ичида тиланчилик қилиш ёки тиланчига пул бериш.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 
“Мўъминнинг меърожи” китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом – инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи диндир. Икки дунё саодатига эришиш учун эса бу дунёда Аллоҳни таниб, У Зотга ибодат қилиб яшаш лозим. давоми...

1559 09:57 / 22.07.2017
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ер юзида Ўзига халифа қилиб Одам алайҳиссаломни яратди. Унинг наслидан тарқаган зурриётларга икки йўлдан бирини танлаш ихтиёрини давоми...

1282 10:13 / 17.10.2017
5366. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, Аллоҳ одамларнинг ичида тилини давоми...

1621 00:30 / 04.05.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat