1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Маййитхона маросимлари

15:42 / 22.04.2017 3290 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳалқимизда маййит чиққан хонадон эгаларининг зиёфат уюштириб дастурҳон ёзиш одати, марҳумлар хотирасига бағишланган маърака ва маросимлар ўтказиш анаъанаси узоқдан сақланиб келади. Айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларида бу каби тадбирларга аҳамият катта бўлиб, молиявий ҳолатидан қатъий назар худди бир тўй каби сарф-ҳаражатлар қилиб, маҳалла аҳлига ёппасига ош берилади. Имконияти йўқлар эса, қарз олиб бўлсада, элдан ортда қолмаслик учун маййитга бағишлаб “уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ” “йил” ва ҳоказо маросимларни қолдирмайди. Динимизда асли йўқ бу каби урф-одатлар ҳалқимизнинг қон-қонига шу даражада синггиб кетганки, ҳатто аксар авом бу бидъатларни диний маросимлар сифатида тан олишгача етиб борган, уларнинг онггида маййит ортидан қилинмиш маъракалар гўёки Ислом дини кўрсатмалари сифатида шаклланиб улгурган. Ҳолат тескарисига айланиб, гўёки “маъракалар ўтказиш суннат, тарки эса бидъат” суратига кирган. Ҳатто баъзи соҳта сўфий жамоъаларининг фикрлашича маййит ортидан қилинмиш маърака-ю маросимлар вожиб даражасига ҳам олиб чиқилган. 

Аслида бу одатларнинг муқаддас динимиз билан ҳеч қандай ижобий алоқаси йўқ! Ислом бу каби бидъатларни қоралайди, қабул қилмайди! Жумҳури аҳли суннанинг наздида маййит эгаларининг маййит хотирасига бағишлаб зиёфат ташкил қилишлари хоҳ маййит ўлган куни бўлсин, хоҳ бошқа махсус кунларда бўлсин, ҳаммаси бирдек макруҳдир! Тўрт мазҳаб уламоларининг фикри ҳам шу!

Ҳанафий олими Камол ибн ҳумом (р.а.) Ҳидоянинг шарҳи “Фатҳул қадир”да шундай дейди: “Маййит эгалари томондан зиёфат ташкил қилиниши макруҳ бўлади. Чунки зиёфат одатда хурсандчилик кунларида уюштирилади, оғир мусибат кунларида эмас. Бу каби зиёфатлар хунук бидъатлардандир”. (2/142).  Камолуддин ибн Ҳумомнинг ушбу қавлини Абу Саъийд Ходимий (р.а.) “Тариқатул Муҳаммадия”нинг шарҳида нақл қилади. Шунингдек мавлоно Ражаб ибн Аҳмад (р.а.) ҳам айни китобнинг “Алвасийлатул аҳмадия”, деб номлаган шарҳида нақл қилади.

Моликий мазҳаби олимларидан Хаттоб Моликий (р.а.) шундай дейди: “Аммо, маййит эгаларининг таом тайёрлаши ва унга одамларни жамлаб таклиф қилишига келсак, бу амални катта бир гуруҳ уламолар кариҳ кўришган ва уни бидъатлардан ҳисоблашган. Чунки салафи солиҳларимиздан  бу амал ҳақида ҳеч нарса келмаган. Шунингдек, маййитхона тўйхона эмасдир!”. (Мавоҳибул жалил фи шарҳи мухтасарил халил. 2/228).

Шофеъий олимларининг таниқлиларидан бири имом Нававий (р.а.) бу масала ҳақида шундай деганлар: “ Аҳли маййит томондан таом тайёрланиб унинг атрофига одамларнинг тўпланиши ҳақида салафлардан ҳеч қандай далил нақл қилинмаган. Бу иш бидъат ва қабул қилинмаган ишдир”. (Равзатут толибийн 2/145).

Ҳанбалий мазҳаби олимларидан Ибн Қуддома (р.а.) шундай дейди: “Аммо ўлик эгаларининг одамларга таом тайёрлашлари макруҳдир! Чунки бу мусибат устига мусибатдир,  овворагарчилик устига овворагарчиликдир. Бу худди жоҳилият даври одамларининг одатларига ўхшаш одатдир”. (Ал-муғний 3/497).

Бу мавзуда имом Аҳмад ва ибн Можа роҳимаҳумаллоҳдан қуйидагича хабар ҳам бор:

عن جرير ابن عبد الله انه قال: كنا نعد الإجتماع الي اهل الميت و صنعتهم الطعام من النياحة

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлганни ортидан дод-вой солиб йиғлаш)дек қабул қилар эдик”. Худди шу ривоятнинг шарҳида Абу Саъид Ходимий (р.а.) имом Қуртубийнинг ушбу сўзларини танбеҳ сифатида келтиради:

Танбеҳ! Имом Қуртубий айтганлар: маййит эгаларининг уйида тўпланиш ва маййит ҳали уларнинг ёнида бўлгани ҳолда таом тайёрлаш, буларнинг ҳаммаси жоҳилят даври одатларидандир. Шунингдек, ўлик эгаларининг дафндан етти кун ўтгач, маййитга тараҳҳум юзасидан қиладиган зиёфатлари ҳам худди шу қабилдадир. Бирор мусулмонга кофирларга эргашиш, иқтидо қилиш асло ярашмайди! Ҳар бир инсон ўз аҳлини бу каби ишлардан қайтариши лозим. Имом Аҳмад (р.а.) айтганлар: “У жоҳилят одатларидандир. Шунда у кишига “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаъфарнинг оиласига таом қилиб чиқаринглар, демаганми?!” дейилди. Имом Аҳмад: улар ўзлари тайёрламаган, балки, уларга тайёрлаб чиқарилган (бу эса суннатдир)”. Маййитхона аҳлининг буларга амал қилиши вожибдир. Ким уни мубоҳ деса, бас, Аллоҳга осий бўлибди ва уларнинг гуноҳларига кўмаклашибди. (Бариқа. 3/254).

Шунингдек яна, Бариқа соҳибининг келтиришича, маййитхона таомларининг кароҳиятига далолат қилувчи барча далиллар умумий бўлиб, бирор қўшимча қайд ёки истисно мавжуд эмас. Лекин имом Қозихон ўз фатоволарида орада фарқ борлигини айтиб ўтган: “мусибат кунларида таом тайёрлаш макруҳ бўлади, чунки бу кунлар мусибат кунлари бўлиб, таом пишириб тарқатиш, едириш тўғри келмайди. Аммо фақат фақирларга алоҳида тайёрланган бўлса, бу яхши ишдир”. 

Лекин, бундан “замонамизда одат тусга кирган маърака-ю маросимлар имом Қозихоннинг фатвосига биноъан бўлган экан”, деган гумонга бориш мумкин эмас. Чунки бу ботил гумондир. Зеро хозирги замонда, оқсоқоллар, имомлар, муъаззинлар, қўни-қўшни ва бошқа танишларни бойи, камбағалини ажратмасдан таклиф қилинади, балки меҳмонларнинг аксар қисми бойлар бўлади. Уларга худди тўйлардаги каби махсус жойлар хозирланиб, қимматбаҳо тўшак ва гиламлардан қалин-қалин ўринлар қилинади. Имом Қозихон юқоридаги сўзидан маййитхонада таом тайёрлаб уни фақирларнинг уйларига садақа сифатида юборишни назарда тутган бўлса керак. Ўлик эгаларининг уйида Тўпланишни эмас. (Бариқа.3/255).

Маййитхона аҳлининг зиёфат уюштириши қандай макруҳ бўлса, ундан бориб емоқ ҳам шундай асоссиздир. Мусибат эгалари яқин кишисидан ажраганига бир куйса, элга ош бериш харажатларини ўйлаб бир куяди. Кўзни юмиб “маъракалардан воз кечай” деса, одамларнинг “отасини ортидан тўрт товоқ ош қилишга ярамади”, деган гапларидан қўрқади. Ва ҳоланки бу амалларнинг ҳаммаси мусулмончиликка зид бидъат-ҳурофотлардир. Ҳукуматимиз томондан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисида қарорлар қабул қилиниб турган шу кунларда, Исломга зид бидъат ва ҳурофотлардан воз кечиш вақти келмадимикан?!


Андижон шаҳар бош имом хатиби

Валижон Сидиқбоев.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган азизларнинг вақтни авайлашлари ва уни зое қилишдан ҳазар қилишлариЎтган азизлар яъни салафи солиҳлар вақтни зое қилишдан ҳазар қилардилар. Фузайл ибн Иёз давоми...

2774 14:47 / 22.04.2017
Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни давоми...

9482 14:06 / 24.03.2017
Айрим мусулмонларнинг .ё пирим,, .ё Али,, .пирим мадад,, .менинг қўлим эмас фалончининг қўли,, .руҳи арвоҳлар қўлласин,, .фалончи ҳаққи ҳурмати,, .фалончини восита давоми...

5921 09:17 / 24.03.2017
Оилавий тарбиянинг жамият ҳаётига таъсириХалқимизда .Қуш уясида кўрганини қилади, деган жуда ҳам ибратли вачуқур маънога эга бўлган сўз бор. Бу сўз замирида давоми...

3411 21:37 / 21.04.2017
Аудиолар

120320 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41962 14:35 / 11.08.2021