1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Махсус дуолар ҳақида - сафар ва ундан қайтиш дуоси

12:32 / 19.03.2018 13083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4649. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга отлансалар, «Аллоҳумма! антас-соҳибу Фис-сафари вал халифату фил аҳл. Аллоҳумма! иннии аъуузу бика мин ваъсааис-сафари ва каобатил мунқалаби ва суъул манзари фил аҳли вал маали. Аллоҳумма! итви ланал арза ва ҳаввин алайнас-сафар», дер эдилар».

Шарҳ: Бу дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сен сафарда соҳибсан ва аҳлда халифа – ўринбосарсан. Аллоҳим! Сендан сафарнинг машаққатидан, маҳзун бўлиб қайтишдан ҳамда аҳл ва молда ёмон манзара бўлишидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим! Бизга ерни яқин ва сафарни осон қилгин».

4650. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, туяларига минганларида уч марта такбир айтар ва:

«Субаҳаналлазии саххара ланаа ҳааза. Ва маа куннаа лаҳу муқринийн ва иннаа ила роббинаа ламунқалибун. Аллоҳумма! Иннаа насъалука фии сафаринаа ҳааза ал-бирра ват-тақва ва минал амали маа тарзаа. Аллоҳумма! Ҳаввин алайнаа сафарана ҳааза ватвиъ аннаа буъдаҳу. Аллоҳумма! Антас-соҳибу Фис-сафар вал халифату фил аҳл. Аллоҳумма! Иннии аъуузу бика мин ваъсаис сафари ва каобатил манзари ва суъил мунқалаби фил мали вал аҳли», дер эдилар.

Қачон қайтсалар ҳам шуларни айтардилар ва «Ойибуна, таибуна, обидуна лироббинаа ҳаамидун»ни зиёда қилар эдилар».

Иккисини бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз. Аллоҳим! Албатта, биз ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Бизларга бу сафаримизни осон қилгин. Аллоҳим! Сен сафарда соҳибсан ва аҳлда халифа – ўринбосарсан. Аллоҳим! Сендан сафарнинг машаққатидан, аҳл ва молда маҳзун бўлиб қайтишдан ҳамда ёмон манзара бўлишидан паноҳ сўрайман. Роббимизга қайтувчимиз, тавба қилувчимиз, ибодат қилувчимиз, ҳамд айтувчимиз»

Инсон маркабга минганда ўзида алла қандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шунда дарҳол Аллоҳни эсласа, унга маркаб миниш имконини берган Зотни эсласа, Унга шукрона ўлароқ ушбу ривоятдаги дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади.

«Бизга буни бўйсундирган Зот покдир».

Яъни «Бизга бу маркабни берган Аллоҳ покдир. Агар ўша пок бўлган Зот маркабни бизга бўйсундириб қўймаганида, «Биз бунга қодир эмас эдик».

Бизда бундай маркабларни бўйсундириб олиш имкони йўқ. Бу иш бизнинг қўлимиздан келмас эди.

«Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз».

Ҳеч қачон бошқага қайтмаймиз. Шунинг учун доимо Уни эслаймиз. Доимо Унга ибодат ва шукр қиламиз.

Имом Муслим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқиб, уловга минсалар, уч марта «Аллоҳу акбар» деб такбир айтар ва қуйидагиларни ўқир эдилар: «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз. Ё Аллоҳ! Биз Сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, Ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз. Ё Аллоҳ! Ўзинг бизга бу сафаримизни осон қилгин. Унинг узоғини яқин қилгин. Ё Аллоҳ! Сенинг Ўзинг сафардаги соҳибсан. Аҳли аёлдаги халифасан. Ё Аллоҳ! Мен Сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳли аёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман».

Ҳар бир мусулмон одам бунга амал қилмоғи даркор.

Ушбу дуони яхшилаб ёд олиб, ҳар сафар маркабга минганда ўқиб юриш тавсия қилинади.

Ҳозирда кўпчилик айнан ушбу ҳадиси шарифга амал қилади.

4651. Али ибн Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Али розияллоҳу анҳуга уловини миниши учун келтирилганда ҳозир бўлдим. Оёғини узангига қўйганда уч марта «Бисмиллаҳ»ни айтди. Унинг устига ўтириб, ўнгланиб олгандан кейин «Алҳамдулиллаҳи. Субҳаналлазии саххоро ланаа ҳааза. Ва маа куннаа лаҳу муқринийн ва иннаа илаа Роббинаа ламунқолибун», деди.

Кейин уч марта «Алҳамду лиллаҳ», уч марта «Аллоҳу акбар», деб туриб, «Субҳанака, иннии қод золамту нафсии. Фағфир лии, фаиннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта», деди. Сўнгра кулди. Мен унга:

«Эй мўминларнинг амири, нимага кулдингиз?» дедим.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди мен қилгандек қилганларини ва сўнгра кулганларини кўрдим. Бас:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Нимадан кулдингиз?» дедим.

«Албатта, Роббинг бандасидан у «Роббим! Менинг гуноҳларимни мағфират қилгин. Албатта, гуноҳларни Сендан ўзга ҳеч ким мағфират қилмас», деса, хурсанд бўлур», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятда саҳобаи киромларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалар диққат ва ҳиммат билан эргашганларидан бир намуна келмоқда. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг амални қилиб бўлгандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб кулиб қўйишлари бунинг далилидир.

4652. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:

«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарлардан ёки сарийялардан ёки ҳаждан ёҳуд умрадан қайтсалар, довон ва тепаликка етганларида уч марта такбир айтар ва сўнгра «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Ойибуна, тааибуна, обидуна, саажидуна лироббинаа ҳаамидун. Содақаллоҳу ваъдаҳу ва насара абдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу», дер эдилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир. Роббимизга қайтувчимиз, тавба қилувчимиз, ибодат қилувчимиз, сажда қилувчимиз, ҳамд айтувчимиз. Аллоҳ ваъдасига содиқ қолди. Бандасига нусрат берди. Гуруҳларни ёлғиз Ўзи енгди».

Бу ривоятда сафарда юрганда, бирор довон ёки қир ошаётганда ўқиладиган дуо зикр қилинган. Бунга ҳам амал килишга одатланишимиз керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Адолат юзасидан иш тутиш Исломнинг барча ишларида ўз аксини топган. Ҳатто ўзига нисбатан қилинган зулм учун ўч олишда ва ўзини ҳимоя қилишда ҳам адолатли иш тутиш давоми...

2014 14:00 / 14.02.2023
Биринчи қисм. ТАРИХИслом тарихига назар ташлаб қуйидаги мулоҳазага келамиз ndash қачонки уммат қийин аҳволга тушиб, нима қилишини билмай қолганда, Аллоҳ таолонинг давоми...

4407 15:20 / 17.11.2017
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни давоми...

1640 09:00 / 11.01.2023
ndash Зайтун ёғи таркибида тўйинмаган ёғ кислоталари ndash олеин кислотаси бор. У инсон организмидаги холестеринни парчалайди, қон томирлари деворини давоми...

5936 11:00 / 19.08.2022
Аудиолар

120149 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41811 14:35 / 11.08.2021