1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Либосимиз – ахлоқимиз меъмори

05:00 / 06.03.2017 2961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кийим кийиш Аллоҳ таолонинг Одам болаларига берган энг улкан неъматларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир миллатнинг ўзига мос кийими бор. Кийимнинг ахлоққа таъсир қилиши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳар бир киши киядиган кийимига ўта аҳамият бермоғи лозим. Чунки  кишига кийган кийими худди доим бирга юрган дўсти каби таъсир қилади. Масалан: Бирорта ёш болага ҳарбийлар кийимини кийдирсангиз, у бола дарҳол юришда шаҳдам қадам ташлаб юра бошлайди. Спортчиларнинг кийимини кийдирсангиз, кийимига муносиб ҳатти-ҳаракатлар қила бошлайди. Агар илм эгаларининг, хусусан имомларнинг кийимини кийдирсангиз ёки қалам билан иягига соқол чизиб қўйсангиз, ўзида виқорли кўринишни намоён қилиб, имомлар каби насиҳатли сўзларни гапиришга ўтади. Ўспирин йигитлар ҳам агар торроқ футболка кийишса, дарҳол қўлларини  муштлаб олиб, ҳатти-ҳаракатларини ўзгартиришади. Аёл-қизлар агар авратлари очиқ бўлган кийим, яъни, калта-култа, тор кийимларни кийиб қоматларини кўрсатиб юришса, уларга гап отадиган, тегажонлик қиладиган йигитлар дарров топилади. Кишининг киядиган баъзи кийимлари унга кўча-кўйда бемалол одобсиз гап-сўзларни гапиришга ва номаҳрамларга назар солишга имконият яратиб беради. Демак, кийимнинг бизга таъсири жуда катта эканини унутмаслигимиз лозим. Муносиб кийим яъни, динимиз ва миллатимизга мос бўлган, авратни ёпадиган кийимлар бизни гуноҳ-маъсиятлардан сақланишимизда иймонимизга ёрдамчи бўлади. Ундан ташқари ўзгаларнинг ҳам бизга нисбатан ҳурмат-эҳтиром билан муомала қилишига сабаб бўлади. Бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун ўзимизни ҳамда фарзандларимизни гуноҳга йўл очиб берадиган, қадр-қимматимизни туширадиган ва миллатнинг шаънига ор ҳисобланган кийимлардан сақлашимиз лозим. 

Баъзи ҳолатларда аёлларга хос матолардан эркаклар кийим тиктириб кийиб олганига гувоҳ бўлиб қоламиз, ёки кўпинча аёлларнинг эркаклар каби кийиниб юрганига ҳам гувоҳ бўламиз. Бу нарса динимизда ҳам, миллий қадриятлармизда ҳам қораланади. Ота-боболаримиз ёки момоларимизнинг сиймоларини кўз олдимизга гавдалантирсак, асло бундай беҳаёликни кўрмаймиз. Аёл киши ўзини эркакларга ўхшатиши ёки эркак киши ўзини аёлларга ўхшатиши шариатимизда ҳаром қилинган. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини аёлларга ўхшатган эркакларни ва ўзларини эркакларга ўхшатган аёлларни лаънатладилар.” Бухорий ривояти

Чунки бу нарса катта бузғунчиликларга сабаб бўлади. Бу ўхшатиш аввали зоҳирий кўринишида бўлса, аста-секин ботинига ҳам ўтиб боради. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Кийим кийимга (кўриниш кўринишга) ўхшамасин, тоинки қалблар ҳам қалбларга ўхшаб қолмасин”, деганлар. 

Бундан мурод зоҳирининг ўхшаш бўлиши ботинининг ўхшаш бўлишига олиб келади. Бу аста секин хулқ-атворга таъсир қилиб боради. Аллоҳ асрасин, бориб, бориб ғарб юртлари каби икки бир жинслиларнинг никоҳини ёқлаб чиқишдан ҳам тап тортмайдиган бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Демак, кийим инсоннинг ҳатти-ҳаракатини, феъл-атворини бошқарар экан, худди ички кечинмалар ташқи ҳолатга таъсир қилгани каби кийим ҳам ахлоққа таъсир қилади. Бу иккисининг ўртасидаги алоқа ўта мустаҳкам алоқа ҳисобаланади. Масалан: қиммат, чиройли кийим кийган аёл ўзини қандай тутади? Қимматбаҳо тақинчоқ тақиб олган аёл ўзини қандай тутади? Сир эмаски, айниқса аёллар кўп ҳолларда кийим таъсирида ўзини ўзгалардан устунроқ тутишади. Худди шунингдек авратини беркитмайдиган кийимни кийган аёлнинг ахлоқига унинг кийган кийими албатта таъсир қилади. 

Авратни очиб юриш инсоннинг табиатида ҳам, динимизда ҳам, миллийлигимизда ҳам ёмон кўрилгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

Эй, Одам авлоди! Шайтон ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига  кўрсатиб (уялтириб) жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Зеро, у ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар. Биз шайтонларни имон келтирмайдиганларга дўст қилиб қўйдик». (Аъроф;27)

Ушбу ояти карима авратнинг очилиши ҳатто табиатан ҳам ёмон кўрилган бўлиб, ўта хатарли иш эканига далолат қилади. Бу оятда Иблиснинг мақсади очиб бериляпти. Кимда-ким тараққииёт ва маданиятни даъво қилаётган ғарб ўлкалари каби авратни очишга чақирса, унга ташаббус кўрсатса, у инсониятнинг душмани, Иблиснинг хизматкори ҳисобланади. Чунки бундан кўзланган ягона мақсад – ахлоқий таназзулга олиб боришдир. Тараққиёт авратни очиш билан эмас, балки иффат ва шарафни сақлаш билан рўёбга чиқади. Машойихлар: “Ботил ҳақ сабабли тараққий топаверади, лекин ҳақ ботил сабабли тараққий топмайди”, дейишган экан.

Ҳа, ғарб юртлари биздан ҳалоллик, поклик инсоф каби гўзал ахлоқларни олиб тараққий этиб кетишди. Бизга эса оммавий маданият таъсирида уларнинг авратни очиш ва беҳаёлик каби иллатлари кириб келяпти. Бундан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки бу нарса тараққиётимизга салбий таъсир кўрсатиши аниқ. 

Аёл-қизларнинг мактаб, коллеж ва институтларга қоматларини кўрсатиб, очиқ-сочиқ ва тор кийим кийиб келиши ўқув жараёнига катта таъсир қилади. Уларнинг билим масканларига бундай кийиниб келиши эркак ўқитувчиларнинг дарс ўтишига ва бирга ўқийдиган ўғил болаларнинг дарсни тинглашига халал бериши аниқ. Кўйлакни тиззадан юқори кийиб, қоматини кўз-кўз қилиб келган қизлар дарсда ўтирганида ё хижолатдан авратини ёпиш билан овора бўлиб, дарс тинглашдан чалғишади. Ёки беҳаёларча авратлари очиқ ҳолда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хаёлини чалғитиб ўтираверади. Бу икки ҳолат ҳам дарс жараёнига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Бундай кийинишнинг салбий оқибатларидан баъзиларини айтиб ўтсак; айрим ҳолатларда ёш қизларнинг ҳали вояга етар-етмас бокиралигини йўқотиши, ҳомиладор бўлиб қолиши, турли фаҳш ишларига мубтало бўлишига ҳам сабаб бўляпти. Булардан бошқа биз билган ва билмаган, жамият ва якка шахс учун хатарли бўлган салбий оқибатлари ҳам бор. Бирма-бирга санаб ўтишга эҳтиёж йўқлиги сабабли бу ерда келтириб ўтмадик.

Ундан ташқари ҳеч бир ҳақиқий мусулмон ўғлони ўзининг қизи, опа-синглиси ёки аёли ҳақида бошқа эркакларнинг турли хаёлларга боришини, уларни завқланиб томоша қилишини ёки уларнинг қоматлари йигитлар ўртасида муҳокама бўлишини истамайди, ҳамияти ҳам унга йўл қўймайди, албатта.


Қудратуллоҳ Сидиқметов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юртимиз аввалдан илмфаннинг кўплаб соҳаларида дунёга устозлик қилган уламолар, фузалолар замини бўлган. Уларнинг илмий мерослари бутун дунё бўйлаб қўлмақўл давоми...

1360 17:00 / 07.08.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий алайҳиссалом.Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатда мени кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг мисолимга кира олмайди,, давоми...

7950 05:00 / 03.03.2017
Ҳудҳуд ва Сулаймон қиссаси Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги ҳикоя ва қиссаларни кўнглимизни ёзиб, кечаси мириқиб ўқишимиз учун келтирмаган. Роббимиз бизни ҳикмати давоми...

5698 17:00 / 04.07.2022
.Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур, Раъд сураси, 28оят..Исмим Мариано давоми...

3494 11:00 / 25.05.2022
Аудиолар

120082 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41748 14:35 / 11.08.2021