1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

"Лайлат ул-қадр" ҳақидаги турли-туман асосли фикрлар

05:00 / 13.01.2017 3068 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динида "Лайлат ул-қадр" – Қадр кечаси улуғланиши барчага аён ҳақиқат. Ушбу муборак кечани мусулмонлар алоҳида орзиқиб кутадилар, бу кечада алоҳида эҳтимом билан ибодатлар ва яхши амаллар қиладилар. Қадр кечасининг аниқ қайси кунда бўлиши маълум эмас. Бу борада олимлар ўртасида жуда кўп ва кучли ихтилофлар мавжуд. Мазкур муборак кеча йилнинг, рамазоннинг тунларидан бирига яширинган бўлиб, бу худди жумъа кунига маълум бир соат – дуолар ижобат бўладиган вақт яширингани кабидир. Бундан мурод инсонлар ҳамма вақтни ғанимат билишлари керак, барча тунларни қадр билиб, ҳар бир сонияни ижобат онлари сифатида унумли фойдаланмоғлари даркор.


Агар "Лайлат ул-қадр" борасидаги барча фикрларни тўпланса, қирқдан ортиқ фикрлар мажмуаси ҳосил бўлади. Уларни илк бор таниқли ҳадисшунос олим, "Саҳиҳи Бухорий"нинг шарҳловчиларидан бири Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (1371-1448) ўрганиб чиққан ва "Фатҳ ал-Борий"да бирма-бир ва муфассал зикр қилган эди.

Қуйида ушбу фикрлар билан танишиш мумкин:


1)    "Лайлат ул-қадр" бошиданоқ кўтарилиб кетган, энди қайтиб бу кеча бўлмайди, юз бермайди, деган фикр бор. Уни ал-Мутаваллий "ат-Татимма" асарида рофизийлардан олиб ҳикоя қилган. Ҳанафийлардан ал-Фокиҳоний ҳам "Шарҳ ал-Умда" асарида ушбу фикрни хато деб зикр қилган. Ас-Суружийнинг айтишига қараганда, у шиаларнинг гапидир. Имом Абдурраззоқ Довуд ибн Абу Осим орқали Абдуллоҳ ибн Яҳнасдан ривоят қилишича, у Абу Ҳурайра (р.а.)га: "Айрим кимсалар "Лайлат ул-қадр" кўтарилган деб ўйлайдилар", деганимда, у "Ким буни айтган бўлса, ёлғон айтибди", деган. Абдуллоҳ ибн Шурайкнинг тариқида Ҳажжожи золим "Лайлат ул-қадр"ни инкор қилгандек, оҳангда зикр қилганлиги айтилади. Зарр бин Ҳубайш "Лайлат ул-қадр"ни ҳисоб-китоб қилиб юрганида, уни қавми бундан манъ қилган экан.


2)    "Лайлат ул-қадр" фақат бир йилга – Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг замонидаги йилга хос, деган фикр бор. Уни ҳам ал-Фокиҳоний зикр қилган.


3)    "Лайлат ул-қадр" фақат ушбу мусулмон умматига хосдир, ундан олдинги умматларда бу кеча бўлган эмас, деган фикр бор. Унга моликийлардан Ибн Ҳабиб ва бошқалар жазм қилишган. Жумҳур олимлардан уни нақл қилинган бўлиб, шофиъийлардан бўлмиш "ал-Удда" соҳиби уни ҳикоя қилиб, шу фикрга таржеҳ берган. Лекин, бу фикр Имом Насоийнинг Абу Зарр (р.а.) ҳадисида келтирилган нарсага зиддир. Унда айтилишича, "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Пайғамбарлар вафот қилганида, улардан кўтарилган нарсалар борми?" деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Йўқ, "Лайлат ул-қадр" кўтарилган эмас, боқийдир!" деб жавоб бердилар. "Лайлат ул-қадр" фақат бу умматга хос, деган ушбу фикрларнинг ичида энг қувватлиси Имом Моликнинг "ал-Муватто"да келтирган гапидир. Айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бошқа умматларнинг умрларига нисбатан ушбу умматнинг умрлари қисқароқ ва камроқ экани сабабли уларга Аллоҳ таоло "Лайлат ул-қадр"ни берди, деган эканлар. Бу ривоят таъвилга муҳтож бўлиб, у Абу Зарр (р.а.) ҳадисидаги равшанликни дафъ қила олмайди.


4)    "Лайлат ул-қадр" йилнинг ҳамма вақтига тўғри келиши мумкин, деган фикр бор. Бу гап ҳанафийлардаги машҳур фикрлардан биридир. Уни Қозийхон ва Абу Бакр ар-Розий зикр қилган. Шу хилда саҳобийлардан Ибн Масъуд (р.а.), Ибн Аббос (р.а.) ва Икрима (р.а.) ҳамда бошқалардан ривоят қилинган. Бу гапни ал-Муҳаллаб замон айланиши билан, ойнинг қисқариб, сурилиб бориши натижасида йилнинг барча кунларига тўғри келиши сабабли айтилган, деб изоҳлаган. Бу гап фосиддир, чунки, унда рамазоннинг рўзаси эътиборга олинмаган. Рамазондан бошқа кунларда "Лайлат ул-қадр" эътиборга олинмайди, рамазондан бошқа кунларга "Лайлат ул-қадр" кўчмайди. Ибн Масъуд (р.а.)нинг гапи Имом Муслимда Убай ибн Каъб (р.а.)дан қилинган ривоятида айтилган бўлиб, у одамлар суяниб, бепарво бўлиб қолмаслиги учун шу гапни айтгани келиб чиқади.


5)    "Лайлат ул-қадр" рамазонга хос бўлиб, у рамазоннинг барча кечалари, тунларида бўлиши мумкин, деган фикр бор. Бу саҳобий Ибн Умар (р.а.)нинг гапи бўлиб, уни Ибн Абу Шайба саҳиҳ иснод билан ривоят қилган. Ибн Умар (р.а.)дан марфуъ ўлароқ Абу Довуд ҳам ривоят қилган. "Шарҳ ал-Ҳидоя"да айтилишича, Абу Ҳанифа ҳам унга жазм қилган. Ушбу фикрни Ибн ал-Мунзир, ал-Муҳомилий ва айрим шофиъийлар қўллаб-қувватлаган. Ас-Субкий "Шарҳ ал-Минҳож"да шу фикрни устун санаган. Ибн ал-Ҳожибдан ҳам шу хилда бир ривоят сақланган. Ас-Суружий "Шарҳ ал-Ҳидоя"да Абу Ҳанифанинг "Лайлат ул-қадр" рамазон ойида барча кечаларига кўчиб юради, деган гапини зикр қилган. Унинг икки соҳиби (Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний)дан "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг бир кечасида муайян бўлади, лекин қайси кеча экани номаълум, дегани нақл қилинган. Имом ан-Насафийнинг "ал-Манзума" асарида "Лайлат ул-қадр" ойнинг ҳаммасида айлангуси, уни кўзларинг тўрт бўлиб кутгин!" деган гапи ҳам бор.


6)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг барча кечаларидан бўлиши мумкин, деган фикр бор. Буни Ибн ал-Арабий бир гуруҳ одамлардан ҳикоя қилиб келтирган.


7)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг аввалги кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни саҳобий Абу Разин ал-Уқайлий (р.а.) ҳикоя қилган. Ибн Абу Осим Анас ибн Молик (р.а.)дан қилган ривоятда, ул зот: "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг биринчи кечасидадир!" деганлар. Ибн Абу Осим: "Бу фикрни бошқа бирорта кимса айтганини билмаймиз" деган.


8)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг қоқ ўртасида бўлади, деган фикр бор. Уни Шайх Сирожиддин ибн ал-Мулаққин "Шарҳ ал-Умда" асарида зикр қилган.


9)    "Лайлат ул-қадр" шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидадир, деган фикр бор. Уни ал-Қуртубий "ал-Муфҳам" асарида зикр қилган. Шунингдек, ас-Суружий ҳам "ат-Тироз" соҳибидан буни нақл қилган. Агар бу тўғри, бўлса, у тўққизинчи фикр бўлади. Яна бир фикрни "Шарҳ ас-Суружий"да "ал-Муҳит"дан нақл қилинганини кўриб қолдим. Унда "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги кечасида, дейилган.


10)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўн еттинчи кечасидадир, деган фикр бор. Ибн Абу Шайба ва ат-Табароний Зайд ибн Арқам (р.а.)дан қилган ривоятида бу айтилган: "Мен шак қилмайман ва тараддудга ҳам тушмайманки, "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўн еттинчи кечасидадир! Бу кунда Қуръон нозил қилинган". Уни Имом Абу Довуд саҳоба Ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилган.


11)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўрта ўн кунлигида ноаниқ ккечаларидадир, деган фикр бор. Уни Имом ан-Нававий ҳикоя қилган бўлиб, ат-Табарий Усмон ибн Абу-л-Осс (р.а.) ва Ҳасан ал-Басрий (р.а.)лардан нақл қилиб келтирган. Айрим шофиъийлар ҳам шу фикрга тўхталганлар.


12)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўн саккизинчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни Қутбиддин ал-Ҳалабий ўзининг шарҳида зикр қилган. Бу фикрнинг мушкиллигини Ибн ал-Жавзий айтиб ўтган.


13)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўн тўққизинчи кечасида бўлади, деган фикр. Уни Имом Абдурраззоқ ҳазрати Али (к.в.)дан ривоят қилган. Ат-Табарий Зайд ибн Собит (р.а.) ва Ибн Масъуд (р.а.)дан ҳам буни келтириб ўтган. Имом Таҳовий эса Ибн Масъуд (р.а.)дан мавсул ўлароқ ривоят қилган.


14)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг биринчи тунида бўлади, деган фикр бор. Ушбу фикрга Имом аш-Шофиъий мойиллик билдирган. Шофиъийлардан бир жамоа унга жазм қилганлар. Лекин ас-Субкий айтишича, бу унчалик жазм қиладиган нарса эмас. Чунки, шофиъий мазҳабидагиларнинг иттифоғи борки, масалан агар биров йигирманчи куни "Лайлат ул-қадр"да қули озод бўлишлигини қасам ичса, у ўша тунда қасамхўр бўлиб қолмайди. Саҳиҳ фикрга кўра у "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлгани боис то ойнинг охиригача қасамини бузган ҳисобланмайди. Бир ривоятга кўра "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигига хос бўлмагани, балки рамазоннинг ўзига ҳам хос бўлмагани учун йил тўлиқ тугагунча қасами бузилган бўлмайди.


15)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг биринчи тунида бўлади, бироқ, рамазон агар тўлиқ бўлса, яъни ўттиз кун бўлса йигирманчи тунида, агар ноқис бўлса, яъни йигирма тўққиз кун бўлса, унда йигирма биринчи тунда бўлади, деган фикр бор. У Ибн Ҳазмнинг гапи. У мана шундай деб ҳисобланса, барча ривоятлар орасини жам қилган бўлади, деб ўйлаган. Унга Имом Аҳмад ва Имом Таҳовий ривоят қилган ҳадис далолат қилади. Уни Абдуллоҳ ибн Унайс (р.а.)дан ривоят қилинган: "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бундай деганларини эшитдим: "Лайлат ул-қадр"ни бу кеча изланглар!". Ўша кеча йигирма учинчи тун эди. Бир киши: "Бу тун қолган саккиз тундан афзал" деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Қолган етти кундан афзал, чунки, бу ой тўлиқ бўлмайди" деб марҳамат қилдилар.


16)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг йигирма иккинчи тунда бўлади, деган фикр бор. Имом Аҳмад саҳоба Абдуллоҳ ибн Унайс (р.а.)дан ривоят қилган: "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан биров "Лайлат ул-қадр" ҳақида сўради. Бу воқеа йигирма биринчи кун эрталаб бўлган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бугун нечанчи тунлигини сўрадилар. Унга йигирма иккинчи тун киришини айтдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Лайлат ул-қадр" шу тунда бўлади ёки келаси тунда бўлади" дедилар.


17)    "Лайлат ул-қадр" йигирма учинчи кеча бўлади, деган фикр бор. Имом Муслим саҳоба Абдуллоҳ ибн Унайс (р.а.)дан марфуъ ўлароқ қилган ривоят сақланиб қолган: "Лайлат ул-қадр"ни шу кеча кўрдим, бироқ уни унутиб қўйдим", дейилган бўлиб, давоми Абу Саид ал-Худрий (р.а.) ҳадисига ўхшаш ривоят қилинган. Бироқ, унда йигирма биринчи кеча ўрнига йигирма учинчи кеча тилга олинган. Яна бир ривоят: "Эй, Расулуллоҳ! Мен бир саҳройи одамман, "Лайлат ул-қадр"ни қандай топаман, менга ўргатинг!" дейилганда, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Унда йигирма учинчи кеча ўтириб кутгин!" дедилар. Ибн Абу Шайба саҳиҳ иснод билан Муовия (р.а.)дан ҳадис ривоят қилган. У: "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг йигирма учинчи кечасидадир!" деган. Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ўзининг муснадида Абу Ҳозим тариқида Бани Баёзалик саҳобадан марфуъ ҳадисни ривоят қилган. Яна Имом Абдурраззоқ ҳам Маъмардан, у Айюбдан, у эса Нофеъдан, у Ибн Умар (р.а.)дан марфуъ ҳадисни ривоят қилишича, уларда: "Кимки "Лайлат ул-қадр"ни қасд қилиб кутмоқчи бўлса, уни охирги ўн кунликнинг еттинчи тунида (бу йигирма учинчи кеча бўлади) мақсад қилсин!" дейилган. Айюб (р.ҳ.) йигирма учинчи кеча ғусл қилар, хушбўйликлар суртар эдилар. Ибн Журайждан, у Убайдуллоҳ ибн Абу Язиддан, у эса Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинишича, ул зот ўз оиласидагиларни йигирма учинчи кечада ўйғотар эдилар. Яна Имом Абдурраззоқ Юнус ибн Сайфнинг тариқидан ривоят қилишича, у Саид ибн ал-Мусаййиб (р.а.)нинг бундай деганини эшитган экан: "Лайлат ул-қадр" йигирма учинчи кечада бўлиши борасидаги қавмнинг гапи тўғри бўлиб чиқди". Иброҳимнинг тариқидан Асваддан, у эса Ойша онамиз (р.а.)дан қилган ривоятда, бу ривоят Макҳул тариқидан ҳам қилинган бўлиб, ундан Ойша (р.а.) ҳам "Лайлат ул-қадр"ни йигирма учинчи тунда бўлади, деган фикрда бўлгани англашилади.


18)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг йигирма тўртинчи кечаси бўлади, деган фикр бор. Бу ҳақида Имом Бухорий томонидан Ибн Аббос (р.а.)дан ҳадис ривоят қилинган. Имом ат-Таёлусий ҳам Абу Назра тариқидан Абу Саид (р.а.)дан марфуъ ҳадис ривоят қилган: "Лайлат ул-қадр" йигирма тўртинчи кечададир!". Мана шу Ибн Масъуд (р.а.), аш-Шаъбий (р.ҳ.), Ҳасан Басрий (р.ҳ.), Қатода (р.ҳ.) кабилардан ҳам ривоят қилинган. Уларнинг ҳужжати Восила (р.а.)нинг ҳадиси бўлиб, унда Қуръони карим рамазоннинг йигирма тўртида нозил қилинган, дейилган. Имом Аҳмад Ибн Лаҳиъа тариқидан Язид ибн Абу-л-Хайр ас-Сунобиҳийдан, у эса Билол (р.а.)дан марфуъ ҳадисни ривоят қилган: "Лайлат ул-қадр"ни йигирма тўртинчи кечадан изланг!". Ибн Лаҳиъа уни марфуъ қилиб, хато қилган. Чунки, Амр ибн ал-Ҳорис Язиддан ана шу иснод билан мавқуф  ҳолда ривоят қилган, бироқ, лафзи бошқачароқ. Лавзи мана шу: "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг аввалги еттинчи кечададир!". Бу "Саҳиҳи Бухорий"да "Китоб ал-Мағозий"нинг охирроғида ҳам келади.


19)    "Лайлат ул-қадр" йигирма бешинчи кечада бўлади, деган фикр бор. Уни Ибн ал-Арабий "ал-Ориза"да ҳикоя қилган ва Ибн ал-Жавзий Абу Бакранинг "ал-Мушкил" асарида келтирилган, деган.


20)    "Лайлат ул-қадр" йигирма олтинчи кечада бўлади, деган фикр бор. Бу борада фикр билдирган кимсани аниқ кўрилган эмас. Фақат Қози Иёз: "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг қайси туни бўлмасин, унда "Лайлат ул-қадр" бўлиши мумкинлиги айтилган", дегани маълум.


21)    "Лайлат ул-қадр" йигирма еттинчи кечада бўлади, деган фикр ҳам бор. У Имом Аҳмад мазҳабининг асосий йўли бўлиб, бу борада Имом Аъзам Абу Ҳанифадан ҳам бир ривоят бор. Унга саҳобалардан Убай ибн Каъб (р.а.) жазм қилган ва Имом Муслим зикр қилишича, "Лайлат ул-қадр" шу кечада бўлиши борасида қасам ҳам ичган экан. Яна Имом Муслим Абу Ҳозимнинг тариқидан Абу Ҳурайра (р.а.)дан ҳадис ривоят қилган: "Биз "Лайлат ул-қадр"нинг тадоругини кўра бошладик. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Қайси бирларингиз ой худди товоқ ёрилгандек бўлиб чиққанини эслайди?" дедилар. Абу-л-Ҳасан ал-Форисий (р.а.): "Бу йигирма еттинчи кечада ой сиз айтгандек отганди" деди". Имом Табароний Ибн Масъуд (р.а.)нинг ҳадисидан бу тариқа ривоят қилган: "Расулуллоҳ (с.а.в.) "Лайлат ул-қадр"дан сўранилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Қайси бирларингиз тиллоранг, сарғимтир кечани эслайди?" дедилар. Мен унинг йигирма еттинчи кечада бўлганини эслашимни айтдим". Уни Ибн Абу Шайба Ҳазрати Умар (р.а.), Ҳузайфа (р.а.) ва бошқа саҳобалардан ҳам ривоят қилган. Бу мавзуда Имом Муслимнинг Ибн Умар (р.а.)дан ҳам қилган ривояти мавжуд: "Бир кимса "Лайлат ул-қадр"ни йигирма еттинчи кечада кўрган экан". Имом Аҳмаднинг эса марфуъ ривоят қилган ҳадиси бор: ""Лайлат ул-қадр" йигирма еттинчи кечададир!". Ибн ал-Мунзир эса бундай ривоят қилган: "Кимки "Лайлат ул-қадр"ни изламоқчи, мақсад қилмоқчи бўлса, уни йигирма еттинчи кечадан изласин!". Имом Табароний ўзининг "Мўъжам ал-авсат" асарида Жобир ибн Самура (р.а.)дан қилган ривояти, Имом Абу Довуд чиқарган Муовия (р.а.)дан қилган ривояти, шунингдек, "ал-Ҳиля" соҳибининг кўпчилик шофиъиймазҳаб уламоларидан қилган ҳикоялари юқоридагиларга – "Лайлат ул-қадр" йигирма еттинчи кечада, деган фикрга мувофиқдир. Ибн Аббос (р.а.)нинг ҳам Ҳазрати Умар (р.а.)дек зот олдида "Лайлат ул-қадр"ни йигирма еттинчи кечада деб ижтиҳод қилганлари Имом Бухорий ривоятларидан маълум. Ибн Қудома Ҳазрати Ибн Аббос (р.а.)нинг бу фикрга келишига "Қадр" сурасидаги сўзларнинг мажмуаси сабаб бўлган, деб ўйлаган. Аллоҳ таолонинг ушбу сурасидаги сўзларни жамланса, йигирма етти чиқар экан. Ибн Ҳазм ҳам уни айрим моликийлардан нақл қилган ва уни инкор қилишга қаттиқ ҳаракат қилган. Ибн Атиййа ҳам ўз тафсирида бу фикрни келтирган бўлиб, Ибн Ҳазм фикрича, бу фикр тафсирнинг мустаҳкам илмга асосланмаган тузли жойларидан биридир. Айрим уламолар буни бошқа жиҳатдан истинбот қилиб чиқарганлар. Улар мазкур сурада "Лайлат ул-қадр" сўзи тўққиз ҳарфдан иборат бўлиб, у уч марта такрорланади, демак, йигирма етти бўлади, деб ҳукм қилганлар. Ҳанафийлардан "ал-Кофий" соҳиби, шунингдек, "ал-Муҳит" соҳиби ҳам бундай: "Кимки хотинига: "Сен "Лайлат ул-қадр"да талоқсан!" деса, у йигирма еттинчи кечада талоқ бўлади. Чунки, омма ўша кеча "Лайлат ул-қадр" эканига эътиқод қилади", деганлар.


22)    "Лайлат ул-қадр" йигирма саккизинчи кечада бўлади, деган фикр бор. У Қози Иёз (р.ҳ.)нинг умумий фикрига тўғри келади.


23)    "Лайлат ул-қадр" йигирма тўққизинчи кечада бўлади, деган фикр бор. Уни Ибн ал-Арабий нақл қилган.


24)    "Лайлат ул-қадр" ўттизинчи кечада бўлади, деган фикр бор. Уни Қози Иёз ва ас-Суружий "Шарҳ ал-Ҳидоя"да нақл қилганлар. У муҳаддислардан Муҳаммад ибн Наср ва ат-Табарийнинг Муовия (р.а.)дан, Имом Аҳмад эса Абу Салама тариқидан Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилган ривоятларига мос келади.


25)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларида бўлади, деган фикр бор. Имом Бухорийнинг Ойша онамиз (р.а.) ва бошқалардан ривоят қилган ривоятларига бу мос келади. Мана шу мавжуд фикрлар ичида равшанроғидир. Ушбу фикрга Абу Савр, ал-Музаний, Ибн Хузайма ва мазҳаб уламоларидан бир жамоаси мойиллик билдирганлар.


26)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг энг охирги кеча билан бирга тоқ кечаларида бўлади, деган фикр бор. Уни Имом Термизий Абу Бакра (р.а.)дан ва Имом Аҳмад Уббода ибн ас-Сомит (р.а.)дан қилган ривоятлари қувватлайди.


27)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг ҳар бирига кўчиб юради, деган фикр бор. Уни Абу Қулоба айтган. Унга яраша Имом Молик, ас-Саврий, Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ кабилар далил келтирганлар. Имом ал-Мовардий буни уламолар иттифоғи деб ўйлаган. Ушбу фикр Имом Бухорий ривоятидаги Ибн Аббос (р.а.)нинг ҳадисидан олинган бўлса керак. Унда айтилишича, саҳобалар "Лайлат ул-қадр"ни рамазоннинг охирги ўн кунлигида деб иттифоқ қилганлар, сўнг эса унинг айнан қайси тунда бўлиши борасида ихтилоф қилганлар. "Лайлат ул-қадр"ни рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлишини қувватлайдиган яна бир далил Имом Бухорий ривоятидаги Абу Саид (р.а.)нинг саҳиҳ ҳадисида бор. Ҳазрати Жаброил (а.с.) Пайғамбар (с.а.в.) рамазоннинг ўртадаги ўн кунлигида эътикоф ўтирганларида ""Лайлат ул-қадр"ни олдингдан изла!" деган. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "Лайлат ул-қадр"ни талаб қилиб, рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирганлари, ундан сўнг шу даҳада аҳли аёллари ҳам эътикоф ўтирганлари, уларнинг "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигида деб ижтиҳод қилганлари ҳам маълумдир. Бу борада ихтилоф қилган уламолар ҳам бор: унинг бир эҳтимол эканини Имом ар-Рофиъий Имом Моликдан нақл қилган. "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг ҳар бирига кўчиб юради, деган фикрни Ибн ал-Ҳожиб заиф деган.


28)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлиб, бироқ, айрим тунларигина ундан умид қилиш мумкин, деган фикр бор. Уни Имом Шофиъий (р.ҳ.) айтган бўлиб: "Мен  "Лайлат ул-қадр"ни бу рамазоннинг йигирма биринчи кечасида бўлишини умид қиламан!", деган.


29)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлиб, бироқ, уни айнан йигирма учинчи кечада бўлишидан умид қилиш мумкин, деган фикр бор. Бу ҳам Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.)нинг фикри.


30)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлиб, бироқ, уни айнан йигирма еттинчи кечада бўлишидан умид қилиш мумкин, деган фикр бор. Бу ҳам Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.)нинг фикри.


31)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг етти кечасида бўлиши мумкин, деган фикр бор. Бу фикр Имом Бухорий ривоятидаги Ибн Умар (р.а.)нинг ҳадисидан келиб чиқади. Бироқ, бу етти кеча рамазоннинг бошидан бошлаб ҳисоблаб келгандаги етти кечами ёки рамазоннинг охиридан қолган етти кечасидан ҳисобланадими, деган саволга жавоб бериш керак бўлади. Бу саволнинг жавоби ўттиз бир ва ўттиз иккинчи фикрларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.


32)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг етти кечасида бўлиши мумкин, деган фикр бор. Бу фикр Имом Бухорий ривоятидаги Ибн Умар (р.а.)нинг ҳадисидан келиб чиқади. Бироқ, бу етти кеча рамазоннинг бошидан бошлаб ҳисоблаб келгандаги етти кечами ёки рамазоннинг охиридан қолган етти кечасидан ҳисобланадими, деган саволга жавоб бериш керак бўлади. Бу саволнинг жавоби ўттиз бир ва ўттиз иккинчи фикрларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.


33)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг иккинчи ўн беш кунлигидаги кечаларда кўчиб юради, деган фикр бор. Уни "ал-Муҳит" соҳиби Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)дан нақл қилган. Бу фикрни яна Имом ал-ҳарамайн "ат-Тақриб" китоби соҳибидан ҳикоя қилиб келтирган.


34)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўн олтинчи ёки ўн еттинчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Муҳаддислардан ал-Ҳорис ибн Абу Усома уни Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) ҳадиси орқали ривоят қилган.


35)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўн еттинчи ёки ўн тўққизинчи ёхуд йигирма биринчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Муҳаддислардан Саид ибн Мансур уни Анас (р.а.)нинг заиф иснодли ҳадиси орқали ривоят қилган.


36)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг илк кечасида ёки энг охирги кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни муҳаддислардан Ибн Абу Осим Анас (р.а.)нинг заиф иснодли ҳадиси орқали ривоят қилган.


37)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг аввалги кечасида ёки тўққизинчи кечада ё еттинчи кечада ёки йигирма биринчи кечада ёхуд энг охирги кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни Ибн Мардвайҳ ўз тафсирида Анас (р.а.)дан заиф иснод билан ривоят қилган.


38)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг тўққизинчи ёки ўн биринчи ёки йигирма учинчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни Имом Абу Довуд Ибн Масъуд (р.а.)нинг иснодида гап-сўз юритилган ҳадисида ривоят қилган. Шунингдек, Имом Абдурраззоқ Ҳазрати Али (к.в.) ҳадисини мунқатеъ иснод билан, Саид ибн Мансур эса Ойша (р.а.) ҳадисини мунқатеъ иснод билан шу фикрга мувофиқ ривоят қилганлар.


39)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг йигирма учинчи ёки йигирма еттинчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Ушбу фикрнинг келиб чиқишига Имом Бухорий ривоятидаги Ибн Аббос (р.а.)нинг ҳадиси сабаб бўлган. Чунки, унда "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг қолган еттисида ёки ўтган еттисида, дейилган. Имом Аҳмаднинг ан-Нўъмон ибн Башир (р.а.)дан қилган ривоятида ҳам "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўтан еттинчисида ёки қолган еттинчисида" дейилган. Шу ерда ан-Нўъмон бундай деган: "Биз йигирма еттинчи кеча деймиз, сизлар эса уни йигирма учинчи кеча дейсизлар!".


40)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг йигирма биринчи ёки йигирма учинчи ёки йигирма бешинчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни Имом Бухорий ривоятидаги Уббода ибн ас-Сомит (р.а.) ҳадиси орқали билиш мумкин. Яна уни Имом Абу Довуд ривояти қувватлайди: ""Лайлат ул-қадр" қолган тўққизинчида, қолган еттинчида, қолган бешинчида" деган лафз бор. Имом Молик "ал-Мудаввана"да бу ерда "қолган тўққизинчи" дегани йигирма биринчи кечадур, деган.


41)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги етти кунидагина бўлади, муборак кеча шуларга чегараланган холос, деган фикр бор. Ушбу фикрга Имом Бухорийнинг Ибн Умар (р.а.)дан қилган ривояти сабаб бўлган.


42)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг йигирма иккинчи ёки йигирма учинчи кечада бўлади, деган фикр бор. Ушбу фикрга Имом Аҳмад ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Унайс (р.а.)нинг ҳадиси сабаб бўлган.


43)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг ўрта ва охирги ўн кунликларининг жуфт кунларида бўлади, деган фикр бор. Ушбу фикрни ал-Муғлатоий билдирган.


44)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг охирги ўн кунлигининг учинчи кечасида ёки бешинчи кечасида бўлади, деган фикр бор. Уни Имом Аҳмаднинг Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси қувватлайди. Демак, бу йигирма учинчи кеча ҳам бўлиши мумкин, йигирма еттинчи кеча ҳам бўлиши мумкин, ёхуд йигирма бешинчи кеча ҳам бўлиши мумкин.


45)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳисоблаганда еттинчи ёки саккизинчи кеча бўлади, деган фикр бор. Ушбу фикрга далилни Имом Таҳовий Атиййа ибн Абдуллоҳ ибн Унайс (р.а.) тариқидан унинг отасидан ривоят қилган ҳадисдан топилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) "Лайлат ул-қадр"дан сўралдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уни рамазоннинг иккинчи ярмидан изланглар!" дедилар. Сўнг яна бу ҳақида қайта сўралганда, "Йигирма учинчи кечадан изланг!" дедилар. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Унайс (р.а.) рамазоннинг ўн олтинчи кечасидан то йигирма учинчи кечасигача бўлган тунларни бедор ўтказар эди. Сўнгги кечаларда эса ундай қилмасди.


46)    "Лайлат ул-қадр" рамазоннинг энг биринчи ва энг эхирги ҳамда тоқ кечаларнинг ҳаммасида бўлади, деган фикр бор. Бу ҳақида Имом Абу Довуд "ал-Маросил" китобида Муслим ибн Иброҳимдан, у эса Абу Халдадан, у эса Абу-л-Олия (р.а.)дан қилган ривоятда сўз юритилади: Бир аъробий кимса Пайғамбар (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, "Лайлат ул-қадр" қачон бўлади?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга бундай дедилар: "Лайлат ул-қадр"ни рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечалардан изланглар!".  Бу мурсал ҳадис бўлиб, ровийлари ишончлидирлар.


Юқорида ўтган барча ривоятларни чуқур назардан ўтказилса, барча кунларда тоат-ибодат билан ўтказиб, "Лайлат ул-қадр"ни топиш имконияти мавжудлиги маълум бўлади. Гарчи мазкур ривоятлар зоҳиран қараганда бир-бирига хилоф кўринса-да, бироқ, уларни бир-бирига мувофиқлаштириб, ибодатга киришиш мумкин. Ҳар бир уламо ўзи билиб, "Лайлат ул-қадр" эканлигини ўз кўзи ва ишончи орқали маълум қилганидан кейингина ушбу юқоридаги турли-туман фикрларга келишган. "Лайлат ул-қадр"нинг яширинганидан ҳам ҳикмат шу ерда: мусулмон ҳар бир тунини қадр билиб, унинг соғлик-саломатликда етказганига шукр қилиб, осойишта ва фаровон кечаларнинг қадрига етиб, ибодатлар ила ўтказиши мақсадга мувофиқдир.

Ажабо, қайсидир кечада "Лайлат ул-қадр" бўлганлигини қандай билиш мумкин? Унинг аломатлари борми? Унинг айрим аломатлари айтилса-да, бироқ, умумий маънода уни кўпчилик билмасдан, ғофиллик ила ўтказиб юбориши аниқ. Бир уйда тоат-ибодатлар билан ўтказаётганларнинг айримлари "Лайлат ул-қадр"ни билиб, баъзилари умуман билмасдан ўтказиб юборишлари мумкинлиги манбаларда таъкидланган. Бироқ, барчаларига кечани ибодатда бедор ўтказганлик савоби берилади. Айрим олимлар "Лайлат ул-қадр"ни билганларгагина "Лайлат ул-қадр" кечаси ибодати савоби алоҳида қилиб берилади: 

Имом Муслим ривоятидаги Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилинган ҳадисда "Кимки "Лайлат ул-қадр"ни унга тўғри келиб бедор ўтказса, ..." дейилса, Имом Аҳмад ривоятида: "Кимки "Лайлат ул-қадр"да имон ва ихлос билан бедор бўлса ва унга "Лайлат ул-қадр" мувофиқ келса, ..." дейилган. Мувофиқлик дегани бедор ўтказган кечаси аниқ "Лайлат ул-қадр" эканлигини билиш ҳисобланади. 

Бироқ, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ушбу фикрга қўшилмайди: "Лайлат ул-қадр" фазилати борасидаги умумий маънодаги ҳадиси шарифларда мувофиқлик ҳақида сўз юритилмаган. 

Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир каромат бўлгани учун Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар. 

"Лайлат ул-қадр"нинг аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Уларда айтилишича, қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш бўлиб,  ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини тўсиб қўяр эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момоқалдироқ бўлиши ҳам айтилган.

Имом Абу Довуд, Баззор ва Ибн Хузаймалар Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Қадр кечасини тавсифлаб, бундай деганлар:

“Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади”. 

Саҳобаларнинг улуғ қориларидан бири Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар ва дер эканлар:

“У бизга Расулуллоҳ (с.а.в.) хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб, ялтиллаб чиқади”. (Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривоятлари). 

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

“Албатта Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди”. (Имом Аҳмад ривояти. Ҳадиснинг ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий ишончли деган). 

Шу маънодаги ҳадиси шарифни Ибн Хузайма Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган.

Бу борадаги охирги саҳиҳ ҳадис Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “У ёмғирли, шамолли ва яшинли кечадир”. Мазкур ҳадисни муҳаддислардан Имом Табароний ва Баззор ривоят қилганлар. Ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий саҳиҳ деган. Лекин бу маънодаги ҳадиси шариф битта бўлганлиги учун аксар ҳолатларда муборак кеча бундай бўлмаслиги билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биринчи марта Қадр кечаси ҳақида хабар берганларидан сўнг ўша кеча ёмғирли (сув ва лой) бўлиб, пешоналарида лой излари қолганлигини Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий (р.а.)дан ривоят қилганлар. Бу воқеа Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси содир бўлган эди.  

Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.

Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): “Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)”, деган эканлар. (Имом Муслим ривояти). Бинобарин ота-боболаримиз айтган гап ростдир: “Ҳар кечани қадр бил, ҳар кишини Хизр бил!”.  


Тузувчи: Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда 1. Семизлик оқибатида келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи давоми...

2713 15:20 / 23.03.2023
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар .Заҳабаз замаъу ва баталлатил уруқу ва сабатал ажру иншааллоҳ,, яъни давоми...

4170 05:00 / 11.01.2017
Рўзанинг фазилатлариРўзанинг фазилатлари кўп бўлиб, улардан бир нечтасини зикр қиламизБиринчи Рўза хато ва гуноҳларга каффоротдир. . . Набий соллаллоҳу давоми...

5391 15:05 / 28.05.2017
иккинчи мақола Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. давоми...

1004 03:30 / 05.04.2023