1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

«Лайлат ул-қадр» эканининг аломатлари борми?

14:30 / 03 апрель 13496 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Лайлат ул-қадр» – Қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг шу кечага бағишлаган сурасида айтиб ўтган.

Аслида, қадр кечасини қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади, холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган. Буларни бирма-бир (46 та қавлни) Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг машҳури жаҳон бўлган «Фатҳ ул-борий» асарида батафсил зикр қилган . Муҳаммад Абдулғафурнинг «ал-Исъоф» асарида ушбу қавл ва тахминларнинг 45 таси келтирилган. Уларнинг ҳар бир гапи ва тахминининг асоси, ҳадислардан ва саҳобалар гапларидан далили ҳам айтилган. Бинобарин, қадр кечасини топмоқчи бўлганлар йилнинг ҳар бир кечасини қадр ўлароқ кўриши ва ибодатдан ғафлатда қолмаслиги даркор!

 

Қайсидир кечада «Лайлат ул-қадр» бўлганлигини қандай билиш мумкин? Унинг аломатлари борми? Унинг айрим аломатлари айтилса-да, бироқ, умумий маънода уни кўпчилик билмасдан, ғофиллик ила ўтказиб юбориши аниқ. Бир уйда тоат-ибодатлар билан ўтказаётганларнинг айримлари «Лайлат ул-қадр»ни билиб, баъзилари умуман билмасдан ўтказиб юборишлари мумкинлиги манбаларда таъкидланган. Бироқ, барчаларига кечани ибодатда бедор ўтказганлик савоби берилади. Айрим олимлар «Лайлат ул-қадр»ни билганларгагина «Лайлат ул-қадр» кечаси ибодати савоби алоҳида қилиб берилади: 

Имом Муслим ривоятидаги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисда: «Кимки «Лайлат ул-қадр»ни унга тўғри келиб бедор ўтказса, ...» дейилса, Имом Аҳмад ривоятида: «Кимки «Лайлат ул-қадр»да иймон ва ихлос билан бедор бўлса ва унга «Лайлат ул-қадр» мувофиқ келса, ...» дейилган. Мувофиқлик дегани бедор ўтказган кечаси аниқ «Лайлат ул-қадр» эканлигини билиш ҳисобланади. 

Бироқ, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ушбу фикрга қўшилмайди: «Лайлат ул-қадр» фазилати борасидаги умумий маънодаги ҳадиси шарифларда мувофиқлик ҳақида сўз юритилмаган. 

Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир каромат бўлгани учун Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар. 

Қадр кечасининг аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Уларда айтилишича, Қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш бўлиб,  ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини тўсиб қўяр эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момоқалдироқ бўлиши ҳам айтилган.

Имом Абу Довуд, Баззор ва Ибн Хузаймалар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай деганлар:

ليلة سمحة طلقة لا حارّة ولا باردة، تصبح شمسها صبيحتها صفيقة حمراء (تصبح الشمس يومها حمراء ضعيفة)

«Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади»

Саҳобаларнинг улуғ қориларидан бири Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар эканлар:

هى ليلة التى أخبرنا بها رسول الله صلى الله عليه وسلم انّ الشمس تطلع بيضاء ترقرق (أنها تطلع يومئذٍ لا شعاع لها)

«У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб, ялтиллаб чиқад».

Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривоятлари. 

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

انّ أمارة ليلة القدر انها صافية بلجة كانّ فيها قمرا ساطعا ساكنة ساجية لا برد فيها ولا حرّ ولا يحلّ لكواكب ان يرمى به فيها حتى تصبح. وانّ أمارتها انّ الشمس صبيحتها تخرج مستوية ليس لها شعاع مثل القمر ليلة البدر ولا يحلّ للشيطان ان يخرج معها يومئذٍ

«Албатта Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди».

Имом Аҳмад ривояти. Ҳадиснинг ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий ишончли деган

Шу маънодаги ҳадиси шарифни Ибн Хузайма Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Бу борадаги охирги саҳиҳ ҳадис Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

«У ёмғирли, шамолли ва яшинли кечадир».

Мазкур ҳадисни муҳаддислардан Имом Табароний ва Баззор ривоят қилганлар. Ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий саҳиҳ деган. Лекин бу маънодаги ҳадиси шариф битта бўлганлиги учун аксар ҳолатларда муборак кеча бундай бўлмаслиги билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биринчи марта Қадр кечаси ҳақида хабар берганларидан сўнг ўша кеча ёмғирли (сув ва лой) бўлиб, пешоналарида лой излари қолганлигини Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазратлари Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Бу воқеа Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси содир бўлган эди.   

Табарий ва Байҳақийлар ривоятида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.

Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)», деган эканлар.

Имом Муслим ривояти.

Бинобарин, ота-боболаримиз айтган гап ростдир: «Ҳар кечани қадр бил, ҳар кишини Хизр бил!».  

 

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

 

Муаллиф
Ҳамидуллоҳ Беруний
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ .Анас айтади мусулмонлар Шаъбон ойи кирса, мусҳафлари устига мук тушганча қироатга тушиб кетардилар ва Рамазон рўзаси вақтида давоми...

1466 14:33 / 11 март
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар Аллоҳ таоло айтди Шаҳодат, намоз, ҳаж, закот, жиҳод ndash ўзингиз учун, рўза эса ndash Мен учундирrdquo. Муборак Рамазонда давоми...

4213 03:30 / 10.04.2023
Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақадир. У рўзадор учун Рамазон ойи давомида айтган беҳуда гапсўзлари, қилган хато ва камчиликларини давоми...

12666 22:27 / 30.04.2022
Рамазон Қуръон ойи. Бу ойда Қуръон нозил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Жаброил алайҳиссаломга ҳар йили Рамазон ойида Қуръонни ўқиб давоми...

2437 11:30 / 02.04.2022
Аудиолар

120151 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41814 14:35 / 11.08.2021