1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қуръони ҳакиймга иймон

23:37 / 02.12.2016 3461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва, албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди. У зот уни ўз Расулига ваҳий сифатида нозил қилди. Мўминлар уни ана ўша ҳолда ҳақ, деб тасдиқ қилдилар ва уни ҳақиқатда Аллоҳнинг каломи, деб қаттиқ ишондилар. У одамларнинг каломига ўхшаб, махлуқ эмасдир.
Бас, ким уни эшитсаю, башарнинг каломи, деб даъво қилса, батаҳқиқ кофир бўлар. Батаҳқиқ, ундоқ одамларни Аллоҳ мазаммат қилган, айблаган ва унга дўзах ила дўқ урган. Аллоҳ: «Албатта уни сақар (дўзах)га киритаман», (Муддассир сураси, 26) деган. Қачонки Аллоҳ «Бу башарнинг сўзидан бошқа эмас», 
(Муддассир сураси, 25) деган кимсага сақар (дўзах) билан дўқ урганидан кейин, билиб, қаттиқ ишондикки, албатта, у башар холиқининг сўзидир. Башарнинг сўзига ўхшамас. 

Шарҳ: Ушбу жумлаларни «Ва» сўзи билан бошланиши уларнинг ўзидан олдинги жумлаларга боғланганлигини билдиради.
«У зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди». Яъни: Қуръон Аллоҳ таолодан зоҳир бўлган сўздир. Аммо, унинг қандоқ сўзлангани кайфиятини билмаймиз, деган маънодадир.
«Қуръон» аслида масдар-ўзак-бўлиб, гоҳида «қироат» маъносини англатади. Аллоҳ таоло: «Ва фажр Қуръонини, албатта, фажр Қуръонига шоҳид бўлингандир», (Ал-исро сураси, 78) деган. Яъни, фажр вақтида Қуръон қироатига фаришталар шоҳид бўлурлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни овозларингиз ила зийнатланг!» деганлар. (Абу Довуд). Яъни, Қуръон қироатини, деганларидир. Гоҳида эса, «Қуръон»дан ўқилган нарса кўзда тутилади. Аллоҳ таоло: «Бас, қачонки Қуръонни қироат қилсанг, Аллоҳдан шайтони ражим шарридан паноҳ сўра», (Намл сураси, 98) деган. Яна: «Ва қачонки Қуръон ўқилса, уни тингланглар ва жим қулоқ солинглар. Шоядки раҳм қилсангиз», (Аъроф сураси, 204) деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деганлар.
Муаллифнинг «кайфиятсиз», дегани, уни сўз қилиб гапирганини қайси кайфиятда бўлганини билиб бўлмайди, деганидир. Яъни, каломнинг Аллоҳ таолодан содир бўлгани маълум, аммо қайси кайфиятда содир бўлгани маълум эмас:
«У зот уни ўз Расулига ваҳий сифатида нозил қилди», дегани. Яъни, Аллоҳ Қуръонни Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фаришта тили орқали туширди, деганидир. Қуръонни Жибрил алайҳиссалом Аллоҳдан эшитди ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришта Жибрил алайҳиссалом дан эшитдилар. Сўнгра одамларга ўқиб бердилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда: «Ва Қуръоннинг одамларга аста ўқиб беришинг учун ажратиб ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик», (Аъроф сураси, 106) деган. Бошқа бир оятда эса:
«Уни ишончли руҳ огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун, очиқ-ойдин араб тилида қалбингга олиб тушди», (Шуаро сураси, 193) дейди.
Муаллифнинг: «Мўминлар уни ана ўша ҳолда, ҳақ, деб тасдиқ қилдилар», деганидаги «мўминлар» дан мурод саҳобалар ва улардан кейинги авлод, тобеъинлардир.
«Ана ўша ҳолда» дегани эса, олдин зикр қилинган Қуръоннинг каломлиги ва туширилишига боғлиқ ҳолдир.
«Бас, ким уни эшитсаю, башарнинг каломи, деб даъво қилса, батаҳқиқ кофир бўлар».
Ким Қуръоннинг Аллоҳнинг каломи эканини инкор қилса, уни Муҳаммаднинг ёки ундан бошқа фаришта ёки башарнинг каломи, деса кофир бўлишида ҳеч шак-шубҳа йўқ.
Шунингдек, ким Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига иқрор бўлсаю, аммо уни салафи солиҳ иттифоқ қилганидан бошқача қилиб таъвил қилса ёки ўзича бузса ҳам кофир бўлишида ҳеч шак-шубҳа йўқ.
«Башарнинг сўзига ўхшамас»-яъни, Аллоҳнинг каломи башарнинг каломига ўхшашдан шарафли, фасоҳатли ва олийдир. Аллоҳ Ўз каломи васфида қуйидагиларни келтиради.
1- «Аллоҳдан кўра сўзи содиқроқ ким бор?!» (Нисо сураси, 87).
2- «Роббинг калимаси содиқлик ва адолат жиҳатидан батамом бўлди». (Анъом сураси, 115).
3- «Агар инсу жинлар ушбу Қуръонга ўхшашни келтирмоқ учун жам бўлсалар ҳам унга ўхшашни келтира олмаслар». (Исро сураси, 88).
4- «Сен: Унга ўхшаш бир сура келтиринг!»-деб айт». (Юнус сураси, 38).
Демак, Қуръоннинг лафзига ўхшаш лафз, назмига ўхшаш назм ва маъносига ўхшаш маъно йўқдир.
Аллоҳ таолонинг каломи банда учун буюк шарафдир. Аллоҳ Қуръони каримда: «Аллоҳ Мусога гап гапирди» (Нисо сураси, 164) ва: «Қачонки Мусо Бизнинг мийқотимизга келганида ва Роббиси унга гапирганида», деган. Бошқа бир оятда пайғамбарлар ҳақида: «Уларнинг ичида Аллоҳ гапирган ва баъзиларнинг даражаларини кўтарган кимсалар бор», (Бақара сураси, 253) деган. Бошқа бир оятда: « Раҳийм бўлаган Роббдан салом сўзи бор», (Ўсин сураси, 58) деган.
Имом Ибн Можа ва бошқа имомлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтганлар:
«Аҳли жаннат ўз неъматлари ичида турганларида, бирдан уларга нур чиқди. Улар юқорига қарадилар. Қарасалар, Робб жалла жалолуҳу уларнинг устидан қараб турибди. Бас, У зот: «Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат», деди. Аллоҳнинг: «Раҳийм бўлган Роббдан салом сўзи бор», (Ёсин сураси, 58) дегани шу. Модомики, У зотга назар солар эканлар, улардан ҳижобланиб олмагунича ва Унинг баракаси ва нури қолмагунча ўзлари ичида турган неъматлардан ҳеч нарсага илтифот ҳам қилмайдилар.
Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Аллоҳнинг аҳди ва қасамларини оз баҳога сотганларга, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир ва Аллоҳ уларга гапирмайди ҳам, назар солмайди ҳам», (Ол-и Имрон сураси, 77) деган оятида гапирмаслик ила уларни иқоб қилмоқда. Агар Аллоҳ мўмин бандаларига ҳам гапирмайдиган бўлганида, улар билан кофирлар бир хил бўлиб қолар эдилар. Унда кофирларга гапирмаслигида фойда бўлмай қолар эди.
Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида «Робб таборака ва таолонинг аҳли жаннатга каломи боби» деган боб очиб бир неча ҳадисларни келтирганлар.
Аҳли жаннатлар учун энг афзал неъмат Аллоҳ таборака ва таолонинг жамолини кўриш ва каломини эшитишдир. Каломни инкор қилиш эса, жаннат руҳини ва унинг энг олий ва энг афзал неъматини инкор қилишдир. Аслида бусиз, жаннат ўз аҳлига татимайди ҳам. 

АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИ МАСАЛАСИ ҲАДИС ВА СУННАТ ИМОМЛАРИ НАЗДИДА 

Калом масаласидаги айтилган гаплар ўнтага етади. Уларнинг ҳаммасини зикр қилиб гапни чўзиб ўтирмаймиз. Фақат аҳли сунна ва жамоатнинг ақийдасини зикр қилиш ила кифояланамиз. Улар суннат ва ҳадис уламоларидир.
Ўша гапларнинг тўққизинчиси: Аллоҳ таоло қачон хоҳласа, қандоқ хоҳласа гапирувчидир. У зот эшитиладиган овоз билан гапирадир. Агар муайян овоз қадимий бўлмаса ҳам, каломнинг тури қадимийдир. Аҳли сунна ва жамоадан ривоят қилингани шудир.
Хулоса қилиб айтганда, тўрт мазҳаб аҳилларидан бўлмиш аҳли сунналар ва улардан бошқа ўтгану қолганлар ҳаммаси Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмаслигига иттифоқдирлар. Қуръон У зотнинг гапирган каломидир. У ўз зоти ила қоим бўлгандир. Имом ат-Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳининг: «У зот субҳанаҳу ва таолонинг хоҳлаган вақтида, хоҳлаган шаклида гапирувчилиги бардавомдир ва У зотнинг каломининг тури қадимийдир», деган гаплари шунга далолат қилади.
Шунингдек, имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг «ал-Фиқҳул Акбар»даги:
«Қуръон мусҳафларда ёзилгандир, қалбларда ёд олингандир, тилларда ўқилгандир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилингандир, бизнинг Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир. Қуръоннинг ўзи махлуқ эмасдир», деган гаплари ҳам шунга далолат қилади.
Муаллифнинг: «ва уни ҳақиқатда Аллоҳнинг каломи, деб қаттиқ ишондилар. У одамларнинг каломига ўхшаб махлуқ эмасдир», деган гаплари мўътазилий мазҳабидагиларга раддиядир. Чунки, улар Аллоҳнинг каломи одамларнинг каломига ўхшаб махлуқдир, деб даъво қиладилар.
Муаллифнинг: «Ҳақиқатда» деган сўзи, Қуръон ўз зоти ила қоим бўлган бир маънодир. У Аллоҳ таолодан эшитилмаган. Шунинг учун, у нафсоний каломдир. Чунки, ким ила нафсоний калом қоим бўлса, уни гапирмаган бўлса, унга, бу ҳақиқий калом дейилмайди, агар шундоқ бўлганида сақов ҳам гапирувчи бўлар эди», деганларга раддиядир. 

  Ким Аллоҳни башарий маънолардан бир маъно ила васф қилса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Ким буни англаб етса, ибрат олур ва кофирлар сўзига ўхшаш сўздан четланур. Ҳамда, У зот, албатта, Ўз сифатлари билан башарга ўхшамаслигини билур. 
Шарҳ: Юқорида Қуръон Аллоҳнинг ҳақиқий каломи бўлиб, У зотга зоҳир бўлганлиги ҳақида гапирганидан сўнг, энди У зоти таоло Ўз сифатлари ила башарга ўхшамаслиги ҳақида сўз юритмоқда. Бу исботдан сўнг ўхшатишни манфий қилишдир. Яъни, Аллоҳ таоло гапирувчи, деб васф қилинса ҳам, башарий маънолар (сифатлар)дан бирор маъно (сифат) ила васф қилинмайди. Бошқача қилиб айтилганда, инсон гапирувчи, деган маънони англатувчи бирорта сифатни Аллоҳга нисбат бериб бўлмайди. Чунки, албатта Аллоҳнинг ўхшаши йўқдир. У ўта эшитувчи, кўриб-билувчи зотдир.
Билингки, таътийл, дегани Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилишдан иборатдир. Ташбеҳ, дегани эса, махлуқнинг сифатларидан бирор сифатни Аллоҳга исбот қилишдан иборатдир. Уларнинг икковлари ҳам ботилдир. Чунки таътийл қилувчи, йўққа ибодат қилади. Ташбеҳ қилувчи эса, санамга ибодат қилади.
Бас сифатларни таътийл ва ташбеҳсиз исбот қилувчи шахс ичувчилардан осон ўтувчи тоза сутга ўхшатилади. У таътийл тезаги билан ташбеҳ қони орасидан чиқади.
Муаллифнинг: «Ким буни англаб етса, ибрат олур ва кофирлар сўзига ўхшаш сўзлардан четланур», дегани. Яъни: Ким васфни исбот қилишдаги, ташбеҳни манфий қилишдаги ва ташбеҳ қилувчига дўқ қилишдаги гапларга ибрат кўзи билан қараса, ангалб етса, ўзига панд насиҳат олади ва кофирлар айтган гапларга ўхшаш гапларни айтишдан сақланади, деганидир.
Далил: «Унинг ўхшаши йўқ», (Шўро сураси, 11) ва «Унга биров тенг бўлган эмасдир», (Ихлос сураси, 4) оятлари бўлиб, олдин ўтгандир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азиз ўқувчилар Аллоҳ таолонинг фазли ила ақийда дарслари туркумида .Сунний ақийдалар, китоби асосида тайёрланган мақолалар ўз ниҳоясига етди. Мазкур рукннинг давоми...

922 19:00 / 09 январь
Ўта бир муҳим нарсани билиб олиш ақийда илмини ўрганувчи шахс учун лозим ва лобуддир.Мутавотир хабар, хоҳ Қуръони Каримда, хоҳ ҳадиси шарифда собит бўлган бўлсин, давоми...

1629 17:00 / 28.12.2020
. . , . ., . .,. . . ,. . ,. . ,. . ,. . ,. . . Анас розияллоҳу давоми...

3316 19:00 / 19.04.2022
Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турар. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.Демак, гуноҳкорлар қиёматдаги халойиқнинг ичида белгили бўлиб туришади. давоми...

5026 20:08 / 26.03.2018
Аудиолар

120070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41735 14:35 / 11.08.2021