1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қуръонга ва даллолликка ҳақ олиш ҳақида

05:00 / 17.02.2017 4299 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ажр оладиган нарсангизнинг энг ҳақлиси Аллоҳ таолонинг китобидир», дедилар
». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Қуръонга ажр — ҳақ олиш ҳақидаги масала қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўп тортишувларга сабаб бўлган масалалардан биридир. Аслида ўша тортишув бўлмаса яхши эди. Лекин бўлган ва бўлиб келмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалага оид маълумотларни бир оз эҳтиётлик билан муолажа қилишга тўғри келади.
Қуръонга ҳақ олса бўлади, деганлар ушбу ҳадисни далил қиладилар. Шунингдек, яна бошқа далиллари ҳам бор:
1. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир одамни уйлаш учун:
«У(аёл)ни сендаги Қуръон ила сенга завжа қилиб қўйдим», деганлар.
Яъни, бергани маҳри бўлмаган одамга, маҳрга берадиган молнинг эвазига ўзинг Қуръондан билган нарсани бу аёлга ўргатиб қўйишинг юзасидан уни сенга завжа қилдим, деганлари.
Демак, Қуръонни ўргатиш маҳрга бериладиган молдан эваз бўлганидан кейин, унинг учун ажр олиш ҳам жоиз бўлади.
2. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмадлар қилган ривоятда айтилишича, Абу Саъид ал-Худрий бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар сафарда бўлганлар. Бир қавм олдидан ўтиб, зиёфат қилишни сўрасалар, у қавм бош тортган. Иттифоқо, ўша кечаси, мазкур қавмнинг улуғини чаён чақиб олади. Улардан баъзилари масканлари яқинида дам олишаётган саҳобалар ҳузурига келиб, бўлган ҳодисани айтади ва ичингларда дам соладиган одам борми, дейди.
Абу Саъид ал-Худрий:
«Бизга ҳақини бермасангиз, дам солмаймиз», дейдилар. Бир неча адад қўйга келишадилар. Абу Саъид ал-Худрий Фотиҳа сурасини ўқиб дам соладилар. Бошлиқ тузалади.
У киши қўйларни олиб, шубҳаланиб қоладилар ва уларга ҳеч бир тасарруф қилмасдан, аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраш учун Мадинага ҳайдаб кетадилар. Бўлган воқеани Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берганларида у Зот:
«Тақсимланглар! Менга ҳам улуш беринглар», дейдилар.
3. Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмадлар Хорижа ибн Солтдан, у киши амакиларидан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан чиқиб бир араб маҳалласига келдик. Улар:
«Бизга хабар берилишича, сизлар анави одамнинг олдидан яхшилик олиб келган эмишсизлар. Сизларда бирор давоми, дам солишми борми? Бизнинг кишанда турган бир беморимиз бор», дейишди. Биз:
«Ҳа», дедик.
Бас, улар кишанланган бир беморни олиб келишди. Мен унга «Фотиҳатул Китоб»ни уч кун эрталаб ва кечқурун ўқидим. Туфуткимни жамлаб туриб унга дам урар эдим. Сўнгра у худди тушовидан бўшалгандек тузалиб кетди. Улар менга ҳақ беришди. Мен, токи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамагунимча (бир нарса қилиш) йўқ, дедим. У зот:
«Умрим ила қасамки, албатта, ботил дам солиш ила еяётганлар бор. Батаҳқиқ, сен ҳақ дам солиш ила единг», дедилар.
Хорижа ибн Солтнинг амакилари, ушбу ривоят қаҳрамонининг номи Алоқа ибн Соҳҳор розияллоҳу анҳудир.
Ушбу ҳадисларни ҳужжат қилиб, жумҳур уламолари Қуръон таълими, ёзиши, дам солиши ва қироати учун ҳақ олса бўлади, дейдилар.
Аммо Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳақ олиб бўлмайди, чунки Қуръон ибодатдир, ибодатнинг ажрини Аллоҳ беради, дейдилар. Уларнинг ҳужжатлари:
1. Имом Аҳмад ва Баззор қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонни қироат қилинглар, унда ғулувга кетманглар, унга жафо қилманглар ва у билан еманглар», деганлар.
Қуръонга боғлиқ ишларга ажр олиш у билан еган бўлади.
2. Имом Абу Довуд ва Ибн Можалар Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда у киши айтадиларки:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Китоб ва Қуръон ўрганадиган бир одам менга бир камон ҳадя қилди, уни мол, деб ҳам бўлмайди. У билан Аллоҳнинг йўлида ўқ отарман, дедим. У зот:
«Агар оловдан бўлган бўйинбоғ билан бўғилишингни хоҳласанг, уни қабул қил», дедилар.
Қўшимча маълумот тариқасида айтиш лозимки, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам Қуръон ила дам солганга ҳақ олса бўлади, дейдилар. Икковларининг фикрича, бу ҳадислар фақат дам солишга хос.
Имом Абу Ҳанифадан бошқа Ҳанафий мазҳаби уламолари у кишининг Қуръон таълими, ёзиши ва қироатига ҳақ олиб бўлмайди, деган фатволарига қўшилмайдилар.
Демак, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмадлар билан жумҳур уламолари ўртасидаги икки хил фикр¬лилик бу Қуръон таълими, ёзиш ва ўқишга ҳақ олиш тўғрисида, холос.
Агар бу масаланинг тарихига назар соладиган бўлсак, биринчи даврларда кишининг ўзига фарз ёки вожиб бўлган амалларга ажр (ҳақ) олиб бўлмайди, деган умумий ҳукмга намоз, рўза каби ибодатлар қатори имомлик қилиш, муаззинлик қилиш, илм ўргатиш, жумладан, Қуръон ўргатиш ишлари ҳам кирган.
Ҳамма шу ҳукмни айтган, унга амал қилган. Лекин вақт ўтиши билан ажр бўлмаса, илм ўргатадиган, имомлик ёки муаззинлик қиладиган кишилар камайиб ёки ўз устида ишламай қўйилган. Шунда уламолар, мазкур ишларга ҳам ажр-ҳақ олиш ҳақида фатво чиқара бошлашган.
Имом Молик ва Имом Шофеъийлар Қуръон таълими учун ҳақ олиш жоиз, чунки у маълум иш учун маълум бадал олишдир, деганлар.
Эҳтимол, Абу Ҳанифанинг (150 ҳ.с.да) вафот этиб юзага келган ҳолатни кўришга улгурмаганларини у кишининг шогирдлари эътиборга олишган бўлса керак.
Имом Шофеъийга ҳамаср Ҳанафий уламолар ҳам Қуръон таълимига ҳақ олиш жоизлиги ҳақида фатволар чиқарганлар.
«Табйинул Ҳақоиқ» китобида Ҳанафий уламоларнинг: «Бугунги фатво Қуръон таълимига одам ёллаш жоизлигидир. Балх машойихларининг кейинги мазҳаблари шудир», деган сўзлари бор.
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, Имом Абу Ҳанифанинг ҳамма шогирдлари, ҳатто Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар ҳам бу масалада устозларининг фикрларига қўшилмаганлар.
Кейинчалик масжиднинг бошқа ишларини қўшиб қилиш шарти билан имомлик ва муаззинликка ҳам ҳақ олиш жоиз, деган фатволар чиқди.
Тил, адабиёт, ҳисоб, хаттотлик, фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмларни ўргатганлик учун ҳамда масжид, мадраса, кўприк, работ ва шунга ўхшаш нарсалар қуриш учун ҳақ олиш жоизлиги тўғрисида ҳеч ким, ҳеч қачон хилоф қилмаган, чунки бу ишлар фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас.
Ҳозирги кунда ҳамма жойда шунга амал қилинади. Имом Бухорий даврида, ундан олдин ҳам бу ҳақда тортишувлар бўлганлигидан буюк муҳаддис «Саҳиҳ»идаги ижара бобида бу масалага оид ҳадислардан ташқари машҳур тобеинларнинг гапларини ҳам келтирганлар.
Мисол учун, Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ажр оладиган нарсаларнинг энг ҳақлиси Аллоҳ таолонинг китобидир», дедилар». Бу ривоятдан ке¬йин эса, машҳур тобеинлардан бўлмиш Шаъбийнинг: «Муаллим шарт қилмайди, аммо унга бир нарса берилса, қабул қилаверсин», деган изоҳини келтирганлар.
Ундан сўнг эса: «Ҳасан ўн дирҳам берган» (яъни, муаллимга) деган таълиқни келтирганлар.
Омир ибн Шуроҳбийл Шаъбий, Ҳакам ибн Утайба ва Имом Ҳасан Басрийлар жуда ҳам улуғ ва олим тобеинлардан ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Имом Бухорий уларнинг гапларини ҳадиси шарифга илова сифатида келтирадилар.
Кўриниб турибдики, бу масала баҳсдан ўтиб, ҳал қилиниб бўлган масала. Уни янгидан кўтариб кишилар ўртасида ихтилоф чиқаришнинг ҳожати йўқ.
Бу масала жуда қаттиқ олинганда ҳукмида икки хил шаръий далил келган масалалар қаторига қўшилади. Икки далил бир-бирини насх ҳам қилмаган. Шунинг учун мазҳаббоши уламолар ҳам икки хил гап айтганлар. Қоида бўйича бундоқ масалаларда ҳар ким ўз мазҳабининг фатвоси бўйича иш юритади. Бошқаларни ўзига хилоф иш қилгани учун сўкмайди.
Ҳозирги пайтларда баъзи диний саводсизлик кенг тарқалган жойларда мазкур масаланинг ўзи эмас, атрофида тез-тез жанжал чиқиб, кўнгилсизликлар бўлиб туради.
Мазкур масаланинг атрофида, дейилганида Қуръон таълими эмас, маросимда ёки Қуръон хатмида Қуръон ўқиб пул олиш назарда тутилмоқда. Кўпинча шу ҳолатларда тортишув бўлади. Агар икки томон яхшилаб ҳужжат далилларни ўрганиб чиқиб бир хулосага келиб олсалар яхши бўлади.
Бир хил гапга келиша олмасалар ҳар ким ўз гапида қолиб, хилоф қўзғатмасликка келишиш зарур. Чунки бу масала аввал айтилганидек, икки хил далил келгани учун уламолар икки хил йўл тутганлар. Фарз ҳам, вожиб ҳам эмас. Мусулмонлар ичида хилоф қўзимаслик эса ҳам фарз, ҳам вожиб.
Энди даллол ўзининг қилган даллолчилигига ҳақ олса бўладими, деган масалага жавоб ахтаришга ўтамиз.

Ибн Сирин, Ато, Иброҳим ва Ҳасан розияллоҳу анҳумлар даллолнинг ажри ҳеч нарса эмас, деб билганлар.
Шарҳ: Муҳаммад ибн Сирин, Атоъ ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим Нахаъий ва Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳимлар олим тобеинлардир, улар даллолнинг ажри жоиз, деган бўлсалар, бу ишнинг жоизлиги маълум бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Ушбу кийимни бунчага сот, ортгани ўзингники, деса ҳеч гап йўқ», деди».
Шарҳ: Молнинг эгаси ўзига керакли баҳони айтиб, даллолга шу баҳодан орттириб олганинг ўзингники, деса, жоиз экан. Ўша маблағ даллол учун ҳалол бўлар экан.

. Ибн Сирин:
«Қачон, ушбуни мана бу нархга сот, сўнг қолган фойда ўзингга ёки сен билан менинг орамизда, деса, ҳеч гап йўқ», деди».
Учовини Имом Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда мол соҳибининг ўзи хоҳлаган нархдан ортган фойда икки хил тасарруф қилиниши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда. Даллол фойданинг ҳаммасини олади ёки фойдани даллол билан мол эгаси ўртада баҳам кўради.
Уламоларимиз Ибн Аббос ва Ибн Сирин розияллоҳу анҳумларнинг гапларидаги сувратда ажрнинг ноаниқлиги бор. Бу эса ижара қоидасига тўғри келмайди, дейдилар. Яхшиси, юз сўмдан беш сўми ёки тўрт сўми сеники, деб аниқ қилиб қўйгани маъқул, дейишади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. .Улар .Эй, Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятга яқин бўлган қавмлар бизга гўштлар келтирурлар. Уларга Аллоҳнинг исми айтилганми давоми...

2830 05:00 / 17.02.2017
Яхши танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан. Поезд бир бекатга борганида, ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит вагонга чиқибди. У давоми...

2911 05:00 / 17.02.2017
Кейинги пайтда севимли ойномамиз Шарқ юлдузиrdquo халқимизга ҳақиқатни етказишда ибратли ишларни амалга оширмоқда. Унинг саҳифаларида авваллари ман қилинган, давоми...

4842 05:00 / 17.02.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу савдо жоҳилиятда бор эди. Бир давоми...

2991 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021