1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар...

17:06 / 28.07.2017 2454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умарга: 

«Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқди: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда у:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан холиман, улар ҳам мендан холидирлар. Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан баъзи кишилар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилмоқда. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ҳам, гаплари ҳам йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси бор. Одатда, саҳобаи киромлар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умардек зот бунга ўхшаш масалаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмай туриб, ўз фикрларича гап гапирмасликларини ҳисобга олиб, бу ривоят ҳадисларга қўшилган. Баъзи кишилар томонидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:

«Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқдилар: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди». 

Гапнинг сиёқидан кўриниб турибдики, гапирувчи бошқа юртдан келган. Абдуллоҳ ибн Умардек мўътабар зот билан учрашиб қолганини қулай фурсат билиб, ўзини ўйлантириб юрган нарса ҳақида сўраб олишга қарор қилган. Унинг биз тарафларда бир тоифа одамлар чиқди, дейишидан уларнинг юртида янги бир тоифа чиққанлиги кўриниб турибди. Сўнгра ўша тоифанинг сифатларини айта бошлади:

«Қуръон ўқийдилар».

Аслида ҳамма мусулмон ҳам Қуръон ўқийди. Лекин сўзловчининг ҳалиги янги тоифани васф қилишда биринчи бўлиб Қуръон ўқишларини зикр қилишидан, Қуръон ўқиган одамдан яхшиликдан бошқа нарса чиқмаса керак, деб ўйлаб юргани тушунилади. Чиндан ҳам мусулмонлар Қуръони Каримга бўлган эҳтиромлари ниҳоятда зўрлигидан Қуръон ўқиган ҳар бир кишини қаттиқ ҳурмат қиладилар. Баъзи бир нафси бузуқлар, хусусан, бузуқ эътиқоди ила шуҳрат қозонмоқчи бўлган кимсалар бу нозик нуқтадан унумли фойдаланадилар. Ўзларини ҳаммадан кўра кўпроқ Қуръон ўқийдиган, Қуръонни биладиган қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Илмни титкилаб талаб қиладилар».

Яъни илмнинг кўпчилик билмайдиган чуқур масалаларини титкилаб топишга уринадилар. Бидъатчи, бузуқчиларнинг асосий сифатларидан бири шу. Улар доимо йўқ ердаги китобларни топиб ўқиб, хаёлга келмаган масалаларни қўзғаб юрадилар. Ўзларини Қуръон аҳли, илм аҳли қилиб кўрсатишга уринадилар.

«Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди». 

Демак, мазкур васф қилинаётган тоифа одамлари қадарга ишонмас эканлар. Ҳар бир иш ўзи қилинаётган вақтдагина маълум бўлади, дер эканлар. Бу билан Аллоҳнинг илми чексиз эканини инкор этар эканлар. Ушбу васфлардан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у тоифадагиларнинг кимлигини англаб етдилар ва сўзловчига қуйидагиларни айтдилар:

«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан холиман, улар ҳам мендан холидирлар».

Яъни, Ибн Умар ўзини улар билан бир маслакда, деб ҳисобламайди. Улар ҳам ўзларини Ибн Умар билан бир маслакда, деб ҳисобламасинлар.

«Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди». 

Яъни ўша қадарга ишонмайдиганларнинг Уҳуд тоғичалик катта миқдорда олтини бўлиб, уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилса ҳам, Аллоҳ садақасини қабул қилмайди. Чунки қадарга иймони йўқнинг амали қабул бўлмайди. Бу гаплар қадарга ишонмаслик нақадар ёмон нарса эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Олим одамларни кўрганда керакли масалаларни сўраб олиш.

2. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг Қуръон ўқишни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

3. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг талаби илмни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.

4. Соф эътиқоддаги мусулмон бировнинг эътиқоди бузуқ эканини эшитиши билан ундан ўзининг безор эканини эълон қилиши кераклиги.

5. Маънони таъкидлаш учун Аллоҳ билан қасам ичиш мумкинлиги.

6. Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .87. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг давоми...

1567 08:06 / 04.12.2019
Яна у кишидан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мунофиқларга бомдод ва хуфтон намозидан оғирроқ намоз йўқдир. Агар улар икковидаги савобни давоми...

3444 09:25 / 06.04.2018
Мўминлар онаси Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уйларидан чиқсалар.Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи. давоми...

5774 08:20 / 13.01.2018
. ,. .6631. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмон кишиси, агар гуноҳга буюрилмаса, бошлиғининг давоми...

1530 09:43 / 16.01.2019