1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Кўз тегиши ҳақида

21:39 / 25.04.2016 11072 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ҳурматли Шайх ҳазратлари сиздан илтимос қуйидаги икки ҳадисни шарҳлаб берсангиз.
1. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кўз ҳақдир» (Алуайну ҳаққун)» деб марҳамат қилган эканлар.
2.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чойни фуфлаб ичишдан қайтарган эканлар.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Кўз тегиши ҳақдир», дедилар".
Тўртовлари ривоят қилишган. Муслим ва Термизий қуйидагиларни зиёда қилишган:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар».
Ғуслнинг баёни Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».
Шу жойда аввало кўз тегиши ҳақида бир оз тўхталиб ўтишга тўғри келади.
Баъзи тоифалар, хусусан, замонамиз моддапараслари кўз тегиши деган нарсани умуман инкор қиладилар. Улар бу гапни бидъат-хурофат, қолоқлик ва жаҳолат, деб атайдилар.
Аммо барча элат ва миллатларнинг оқиллари кўз тегишини инкор қилмайдилар. Биз мусулмонларга бу ҳақдаги билим шариатимиз таълимотларидир. Ана ўша нарсалардан баъзиларини ҳозир ўрганмоқчи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».
Яъни, бу нарсани инкор қилиб бўлмайди. Агар ақлни бир оз ишлатилса, тадаббур қилинса, бу масала ойдинлашади.
Аллоҳ таоло инсонларнинг жисмларида ва руҳларида турли қувватларни яратгандир. Баъзи жисмларга заҳар таъсир қилмайди. Ҳозирда ҳам тез-тез заҳарли илонлар ёки чаёнлар ичида ухлайдиган, уларга ўзини чақтирса ҳам ҳеч таъсирланмайдиган кишилар ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Бунга ўхшаш Аллоҳ таоло ғаройиб хусусиятли жисмга эга қилган турли бандаларни кўп учратамиз.
Худди шунингдек кишиларни Аллоҳ таоло руҳий қобилиятларини ҳам турли қувватларга эга қилиб яратган. Агар кўпчилик оддий ҳолатда бўлса ҳам баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир. Ўзи уяладиган одамни унга назар солиб турганини кўрган шахснинг юзи ўз-ўзидан қизара бошлайди. Ўзи қўрқадиган одамнинг унга тикилиб турганини сезган одамнинг юзи ўз-ўзидан оқариб кетади. Ўша пайтда таъсирланган одамнинг эс-хуши йўқолиб, қуввати кетиб оёғи қалтираб қолишига нима дейсиз?
Ҳайвонлар ичида илонларнинг баъзи турлари ана шу таъсирга эга. Ўзи тегмаса ҳам, чақмаса ҳам назари ила таъсирини ўтказиши мумкин. Буни халқ ичида, илон авраши, ҳам дейилади. Ўшандоқ илонлар нафақат ўзи учун ов ҳисобланган ҳайвонларга, балки, кези келса инсонларга ҳам таъсирини ўтказади. Ҳомадор аёлларнинг ҳомласини тушишига, баъзида инсоннинг кўзига зарар етказишга сабаб бўлгани тажрибада собит бўлгандир.
Бас, шундоқ экан, исонлардан маълум руҳий қувватга эга бўлганлари ўзлари узоқдан туриб бошқаларга таъсир ўтказиши мумкин эмасми? Одамларга қараб туриб ухлатиб қўядиган, турли ҳаракатлар қилдирадиган кишиларни ҳамма кўриб-билди-ку!
Ана шундоқ ишларни бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки яқиндан тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган шахс кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир кишини васф қилингада ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса мазкур кишига кўзи тегиши мумкин. Аслида кўз тегишнинг асосида ҳасад бордир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар», деган.
«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.
Биттаси-адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлаганлар.
Иккинчиси эса-кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.
Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларда, мушриклар Қурайш қабиласида кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб зарар етказмоқчи бўлганлар.
Шундоқ кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.
Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «ҳой қиз, идишни олиб бориб манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Кўз тегиши, ундан баъзи кишилар зарарланиб хаста бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилингандан кейин, уни даволаш васфига ўтилмоқда.
«Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг«.
Имом Термизийнинг зиёдаларида келган бу жумланинг маъносини тўғри тушиниш учун кўз текканни давоси учун қилинадиган ғуслнинг баёни келган Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисни ўрганишимиз лозим:
«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади«.
Демак, ғуслга ёрдам бериш кўзи теккан одамдан сўралади. У юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади ва ўша сувни кўз тегиб хаста бўлган кишига беради. Бемор ул сув ила ғусл қилса Аллоҳ таолонинг изни ила тузалади.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Кўзи текканга амр қилинарди. У таҳорат қиларди. Кейин ўша сув ила кўз теккан ғусл қиларди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ерда ҳам сирни тушунмаганларимиз, бемор бошқа бўлса-ю, унинг бемор бўлишига сабаб бўлган шахсни таҳорат қилдиришдан нима фойда бор, дейишимиз мумкин. Уламоларимиз бу шубҳага ҳам қониқарли жавоб берганлар.
Илоннинг заҳарига қарши дори тайёрлаш учун ўша илоннинг гўшти ишлатилар экан. Заҳарли нарса чаққанда уни ўлдирилса, чаққани алами кесилиши ҳаммага маълум.
Кўз тегиши ҳам худди шунга ўхшаган нарса. Кўзи бор одам қўлида бировни куйдириш учун олов ушлаб турган одамга ўхшайди. Унинг қўлидаги оловни ўчирсанг хавф-хатар кетади. Бир нарсанинг давоси унга зид нарса ила бўлади. Модомики кўз тегиш ила пайдо бўлган хасталик кўзи бор одамнинг ёмон руҳий таъсири сабабидан келиб чиққан экан унинг ўзидаги ўша ёмон руҳий ўзгартишга ҳаракат қилинади. Аввало ундан беморнинг ҳақига дуо қилиш сўралади. Бу билан унинг беморга нисбатан бўлган руҳий ҳолати яхшилик томон бурила бошлайди. Сўнгра ундан ушбу ривоятда айтилган жойларини ювиш ва таҳорат қилиш сўралади. Эътибор берадиган бўлсак, ўша ювишда унинг баданидаги энг ҳассос, қалбга таъсир қиладиган жойлари ювилади. Шу билан қалбидаги ёмонлик ўти ўчади ва беморга таъсири тугайди.
Ана ўша сувни беморнинг устидан қуйилса, худди дорини қуйгандек бўлади.
Шу билан бирга кўз тегишини олдини олиш ҳам тавсия қилинади. Бунинг учун кўзга яқин жойларни тўсиб юриш маслаҳат берилади.
Имом ал-Бағавий «Шарҳи Сунна» китобида қуйидаги ривоятни келтирган эканлар:
«Усмон розияллоҳу анҳу бир хушсуврат болани кўриб қолиб, бунга кўз тегмаслиги учун кулдиргичини беркитиб қўйинглар, деди».
Яна кўз тегишининг олдини оладиган нарсалардан бири бирор нарсани кўриб ажабланган одамнинг, мошаа Аллоҳу, лаа қуввата иллаа биллаҳи, демоғлигидир.
Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ўзларини ажабантирадиган бирор нарсани кўрсалар ёки ўз боғларидан бирига кирсалар, моо шаа Аллоҳу, лаа қуввата иллаа биллаҳи, дер эканлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз боғи ила фахрланган кофир шахсга насиҳат қилган банда тилидан:
«Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг», деган.
Эй, кофир, сен фахрланаётган боғни сенга Аллоҳ берган, агар Аллоҳ бермаганида, сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмас эди. Шунинг учун боғингга кирсанг:
«Моо шаа Аллоҳу, ла қуввата илла биллаҳи»–«Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг».
Бундай дейишинг сенга неъмат берган Зотни тан олишингни ва Унинг қувватига ишонишингни билдиради. Шу билан бирга, ожизлигингни ҳам тан олишинг бўлади. Ана шунда сенга Аллоҳ берган неъмат ҳам бардавом бўлади.
Шу оят маъносига биноан мусулмонлар ўзларини ажаблантирадиган, хурсанд қиладиган бир нарсани кўрсалар ёки эшитсалар, хабар топсалар кўз тегмасин деган мақсадда: «Мошаа Аллоҳу, лаа қуввата иллаа биллаҳи», дерлар. Бу ҳам мусулмон инсон маданиятининг белгисидир.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида юзи қорамтир қизариб кетган бир жорияни кўриб:
«Бунга дам солдириб юборинглар. Унга назар тегибди», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида, бинобарин саҳобаи киромлар истилоҳида, китобларимизда «назар тегиш» истилоҳи жиннинг кўзи текканини билдиради. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган жорияга жиннинг кўзи теккан экан.
Асмаа бинти Умайс розияллоҳу анҳо:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Жаъфарнинг болаларига бир пасда тўз тегиб қолаверади. Уларга дам солдириб юборайми?» деди. У зот:
«Ҳа, агар бирор нарса қадардан ўтувчи бўлса, кўз тегиши ўтар эди», дедилар«.
Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Албатта, дам солиш коҳин, фолбинлар орқали ва турли бидъат хурофот йўллари билан эмас, Исломий тариқада бўлади.
Имом Абу Довуд қилган ривоятда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир селхона олдидан ўтдик. Шунда кириб ғусл қилдим. Иситмалаб чиқдим. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда у зот:
«Абу Собитга айтинглар, унга дам солиб қўйсин» дедилар. Мен:
«Эй, саййидим, дам солиш мумкинми?» дедим.
«Кўз теккан, илон ёки чаён чаққандан бошқада дам солиш йўқ» дедилар у зот.
Бундай пайтларда икки «қул ауъзу» сураларини ва оятул курсийни ўқиш тавсия қилинади. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир қанча дуолар бор.

2. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бас, бир киши:
«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсамчи?» деди.
«Олиб ташла», дедилар у зот.
«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.
«Ундоқ бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар«.
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таомланиш маданиятини қанчалик меҳнат ила жорий қилганларининг ёрқин намунасини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсани айтиб-тушунтириш, турли саволларга чидам билан жавоб бериш лозим бўлган экан. Авва У зот ичиш одобларидан бирини саҳобаларга баён қилмоқдалар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар»«.
Аммо, бу қайтаришни эшитиш билан ҳамма, шундоқ қилмаслигимиз керак экан деб кетавермади.
Бас, бир киши:
«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсамчи?» деди».
Яъни, сиз идиш ичига пуфламанглар демоқдасиз, аммо, бир ичимликни ичмоқчи бўлиб оғзимга олиб борсам, идишда, ичимлик устида бир нарса турган бўлса, пуфлаб юбориш керак бўлади-ку? Бу саволга жавобан:
«Олиб ташла», дедилар у зот».
Яъни, ўша нарсани ҳам пуфлама, балки, олиб ташла. Сўровчида яна бошқа савол пайдо бўлди ва у ўша саволни ҳам берди:
«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.
Яъни, мен идишдаги ичимликни бир нафас билан охиригача ичиб битира олмайман. Орада нафас олишим керак бўлади. Орада нафас олсам, идиш ичига пуфлашим керак бўлади. Бунга нима дейсиз? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр билан бу масалани ҳам ҳал қилдилар:
«Ундоқ бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар».
Яъни, нафасинг етмай қолганда идишни оғзингдан узоқлаштириб, нафасингни ростлаб олиб, кейин ичишда давом этсанг, идиш ичига пуфлаш содир бўлмайди.
Одамнинг оғзидан чиқадиган нафасда турли кўзга кўринмас зарарли нарсалар, қўланса ҳид ва бошқалар бўлиши ҳозир пайтда ҳаммага маълум бўлиб қолди.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».
Ичимлик ичаётган одам нафас олмоқчи бўлса, ичишдан тўхтаб, идишни оғзидан узоқлаштириб туриб нафас олади. Сўнгра, яна ичишни давом эттиради.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар ва:
«Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва ботувчироқ», дер эдилар». Анас:
«Бас, мен ҳам ичимлик ичганда уч марта нафас оламан», деди».
Иккисини тўртовлари ривоят қилган.
Уламолар бу хилда ичимлик ичишни яхшилаб текшириб кўрганлар. Одам чанқаб турганда, бадани, ички аъзолари ўзига яраша бошқача бир ҳолатда бўлар экан. Албатта, ўша пайтда бирданига кўп миқдордаги совуқ ичимлик истемол этиш соғликка зарар экан. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилиб ичишда эса, катта фойдалар бор экан.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар»
Яъни, У зот аввал бир оз ичимлик ичиб, оғизлари, томоқлари ва бошқа аъзоларини чанқоқлик ҳолидан бир оз бошқа ҳолга ўтишини таъминлар эдилар. Аъзолар бир оз кўникиб олгандан кейин эса, кўпроқ ичар эдилар. Ҳамма нарса ўз ўрнини топгандан сўнг, керагини ичар эдилар ва:
«Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва ботувчироқ», дер эдилар».
Яъни, мана шундоқ қилиб ичилганда чанқоқ қонади, соғликка зарар етмайди ва ичимликнинг баданга ботиб, сингиб кетиши ҳам яхши бўлади.
«Анас:
«Бас, мен ҳам ичимлик ичганда уч марта нафас оламан», деди».
Ҳадиснинг ровийлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзлари ривоят қилган ҳадисга ўзлари қандоқ амал қилишларини ҳам тарғиб учун қўшиб қўймоқдалар. Бизлар ҳам шундоқ амал қилмоғимиз лозим. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Корхоналардан сотиб олинган акция эвазига девидент, яъни маълум фоиз пул олиш жоизмиАгар ўша пулни олмасангиз нима учун акция сотиб олдингиз. Демак бир корхона давоми...

6506 20:49 / 27.04.2016
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсинОртларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсинИслом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1405 ҳ.с. 28 ndash рабийъус давоми...

2920 21:32 / 25.04.2016
Ғийбатнинг катта гуноҳ эканини биламан. Киши ўзи йўқ пайтида унинг камчиликхатоларини гапириш ғийбат саналади. Лекин шундай ҳолат ҳам борки, ўз давоми...

2572 16:03 / 24.04.2016
СаволАссалому алайкум Қадрли устозлар, халқимиз орасида пайғамбарлар куёвларини сийлашган деган гап юради. Шу ҳақида ҳадислар борми Ташаккур ЖавобquotЗикр давоми...

4539 10:05 / 23.06.2018
Аудиолар

118727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40694 14:35 / 11.08.2021