1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Қўшнига озор бермаслик

19:20 / 29.01.2018 4524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

119. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси намозда қоим бўлади, кундузи рўза тутади, яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларига озор етказади», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У аёлда яхшилик йўқ. У дўзах аҳлидандир», дедилар. Бояги кишилар:

«Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, кийимидан  садақа қилади, лекин бирор кишига озор бермайди», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.

Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қўшниларга тили билан озор бериш кишининг дўзахга киришига сабаб бўладиган омиллардан бири экани.

2. Бирор кишига озор бермаслик кишининг жаннатга киришига сабаб бўладиган омиллардан бири экани.

120. Умора ибн Ғуробнинг аммаси Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Бирортамизнинг эри уни хоҳласа, ўша аёл жаҳли чиқиб ёки чарчаб турган бўлса ва бунга кўнмаса, бунда бизга гуноҳ бўладими?» деб сўради.

«Ҳа. Албатта, бу унинг ҳаққи. Агар эгарнинг устида бўлсанг ҳам монелик қилма», деди. Мен унга:

«Бирортамиз ҳайз кўриб қолади. У билан эрининг биргина тўшаги ёки ёпинчиғидан бошқа нарсаси бўлмайди. Шунда у нима қилади?» дедим.

У киши шундай дедилар:

«У ҳолда аёл изорини яхшилаб боғлаб олади ва бирга ётаверади. Изорнинг тепаси эрга жоиз.

Мен сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилганларини айтиб бераман. Навбатим келган кечаларнинг бирида арпадан ун қилиб, у зотга битта нон тайёрладим.

У зот кириб, эшикни ёпдилар, намоз ўқийдиган жойларига бордилар. У зот ухламоқчи бўлсалар, эшикни ёпиб, мешлар, сувидишларнинг оғзини беркитиб қўяр, чироқни ҳам ўчирардилар.

У зот намозларини тугатсалар, нонни едираман, деб кутдим. Намозларини тугатмадилар. Ҳатто мени уйқу олди. У зот совқотиб қолибдилар. Ёнимга келиб, мени уйғотдилар ва:

«Мени иситиб қўй, мени иситиб қўй», дедилар.

«Мен ҳайз кўрганман», дедим.

«Майли, ҳайз кўрган бўлсанг ҳам оёқларингни оч», дедилар.

Мен оёқларимни очдим. У зот юзларини ва бошларини оёқларимга қўйиб, бироз исиниб олдилар.

Шу пайт уйимизга қўшнимизнинг қўйи кириб, нон турган томонга борди. Уни тишлаб, қочишга тутинди. Мен қимирлаган эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетдилар. Югуриб бориб, эшикни тўсиб олдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нонингдан қолганини ол! Қўшнингга қўйида озор берма», дедилар».

Шарҳ: Изор – тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган, яхлит матодан иборат кийим. У иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, баъзи араб ва Жануби-Шарқий Осиё ўлкаларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган. Уни эҳромнинг пастки қисми ёки лунгига ўхшатиш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қўшнингга қўйида озор берма» деган гаплари ушбу ҳадиснинг мазкур бобга киритилишига сабаб бўлган.

Қўшнининг қўйи кириб қолиб, уйдаги биттагина нонни олиб қочмоқчи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан унинг йўлини тўсиб, нонни олиб қўйишган, лекин мана шу воқеа туфайли қўшнига озор бермасликни тайинлаган эканлар.

Маълумки, одатда қўни-қўшнилар орасидаги жанжал кўпроқ шунга ўхшаш нарсалардан чиқади – мол-қўй қўшнининг экинига тегиб қўяди, боласи бирор нарсасини синдириб қўяди ва ҳоказо. Ана шундай пайтларда ҳам қўшниларга озор бермаслик керак эканини мазкур ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Оиша онамизнинг «агар эгарнинг устида бўлсанг ҳам ман қилма» дейишлари муслима аёллар эрларининг жинсий майлларини қондиришга алоҳида эътибор беришлари кераклигини кўрсатади. Бу ишга эътиборсизлик билан қараш кўпгина нохушликларга, ҳатто оилаларнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

2. Ҳайз кўрган аёл эри билан бир кўрпада ётиши жоизлиги.

3. Эр ҳайз кўрган хотинини изорнинг устидан қучоқлаши жоизлиги.

4. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг «арпадан ун қилиб, у зотга битта нон тайёрладим», деган гапларидан у азиз зотларнинг нақадар содда ва камтар ҳаёт кечирганларини билиб олиш мумкин.

5. Ухлашдан олдин эшикни қулфлаб қўйиш кераклиги.

6. Ухлашдан олдин тўрваларнинг ва сувидишларнинг оғзини беркитиб қўйиш кераклиги.

7. Ухлашдан олдин чироқни ўчириб қўйиш кераклиги.

8. Қўшнининг ҳайвонига ҳам алоҳида муомала қилиш лозимлиги.

121. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаса, у жаннатга кирмайди», дедилар».

Шарҳ: Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан. Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермаслик лозимлигини билиб оламиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тушлар уч хил бўлади 1. Аллоҳ томонидан бўлган солиҳ туш2. Шайтондан бўлган тушкунликка солувчи туш3. Хаёлидан ўтказган нарсаларни тушида кўриш. Солиҳ тушга оид давоми...

8485 11:30 / 16.01.2018
Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у .барака, деб аталган.Салмон розияллоҳу давоми...

11832 11:48 / 02.09.2018
Энди қўл остидагилар билан муомала одоби ҳақидаги таълимотлар билан танишамиз. Бу ерда бир нарсага алоҳида эътибор беришимизга тўғри келади. Ушбу масалага оид давоми...

3750 16:16 / 26.01.2018
95. Абу Саъиддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди,, дедилар,.Шарҳ Бу ҳадис юқорида ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу давоми...

4579 18:27 / 29.01.2018
Видеолар

2474 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

118742 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40703 14:35 / 11.08.2021