1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қиёматни ёлғон деганлар

05:00 / 23.01.2017 3103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ҳатто тўсатдан қиёмат келиб қолганда устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «Унда (дунёда) қилган хато-камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», дерлар. Улар орқалаган нарса қандай ёмон-а!” (Анъом сураси, 31-оят).

Аллоҳга рўбарў келиш қиёматда рўй беради. Қиёматни ёлғон деганлар, унга ишонмаганлар Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарган бўладилар. Бу эса, бу дунёю у дунёда уларнинг ўзига катта зиён етказади. 

«Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар». Оятнинг асосий мақсади охиратда етадиган зиённи васф қилишдир. Уларнинг ҳоли кишилар онгига кучли таҳсир этадиган услубда, бадиий бўёқлар билан таъриф этилмоқда. Гўё гуноҳлар зил оғир бир жисмдир-у, гуноҳкор уни орқасида кўтариб юриши керак. 

«Ҳатто тўсатдан қиёмат келиб қолганда устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида...» Қиёмат тўсатдан қоим бўлди. Унда бўлиши лозим бўлган ҳамма ҳодисалар юзага чиқди. Барча одамлар маҳшар майдонига тўпланмоқдалар. Ҳамма бу дунёда қилган амалига мувофиқ турли ҳолатда. Қиёмат кунини ва Аллоҳга рўбарў келишни ёлғон деганлар гуноҳларини орқалаган ҳолларида келмоқдалар. Афтидан, улар бу ҳолга тушишларини кутмаганга ўхшайдилар. Бошларига тушган кўргулик боис у дунёда қилган амалларига афсус-надомат чекмоқдалар. Гуноҳларини орқалаган ҳолда жим кетмасдан:

«Унда (дунёда) қилган камчиликларимизга ҳасрат-нидоматлар бўлсин», деб сўзлаб бормоқдалар. Улар бу даҳшатли кунда орқалаб кетаётган нарса нима? Одатда, жамоатлар тўпланадиган жойларга одамлар совға-саломлар, кўзни ва дилни қувонтирадиган гўзал нарсалар олиб борар эдилар. Аммо бу осийлар фоний дунёда қилган гуноҳларини орқалаб кетмоқдалар:

«Улар орқалаган нарса қандай ёмон-а!». Машҳур муфассирлардан ас-Суддий бу ояти каримани қуйидагича тушунтирганлар: «Ҳар бир золим қабрга кирганда, албатта, унинг олдига бадбашара, қора рангли, сассиқ ҳидли ва ифлос кийимли бир кимса келади. Қабрда икковлари ёлғиз қолади. Шунда золим:

«Бунча ҳам бадбашарасан?» – деб сўрайди.

«Сенинг амалларинг ҳам бадбашара эди», – дейди бояги иркит одам.

«Мунча ҳам ҳидинг сассиқ?» – дейди золим.

«Сенинг амалларинг ҳам шунга ўхшаш сассиқ эди», – дейди у.

«Кийимларинг бунча ифлос?» – дейди золим.

«Сенинг амалларинг ҳам шунга ўхшаш ифлос эди», – дейди у.

«Сен кимсан?» – деб сўрайди золим.

«Қилган амалингман», – деб жавоб беради у ва биргаликда қабр-да қолади. Қиёмат куни золим қайта тирилтирилганда амали унга: «Мен сени у дунёда лаззат ва шаҳватлар билан кўтариб юрган эдим. Энди бугун сен мени кўтарасан», дейди ва ортига миниб олади. Сўнг, уни ҳайдаб дўзахга олиб боради».

Ушбу оятдан ва унинг тафсирида айтилган ҳикматлардан «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади» деган шиор ила ялло қилиб юрган кофиру мушриклар огоҳ бўлишлари керак.

Қиёмат кунини, Аллоҳга рўбарў бўлишни инкор этиш ҳам, асосан, юқоридагига ўхшаш бемаъни шиорларга муккасидан кетишдан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Қиёматга ишонмаслик икки дунё учун ҳам кони зиён бўлганидан, Ислом динида унга иймон келтириш ақиданинг асосий рукни деб тайин этилган. Қиёматга иймони йўқ одам, агар бошқа барча зарурий ақидаларни ўрнига қўйса ҳам, мўмин-мусулмон бўла олмайди.

Инсонларнинг қиёматга нисбатан иймони, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога нисбатан ишончи туфайли ҳаёт, одоб-ахлоқ, яхшилик-ёмонлик ва бошқа ҳодисаларга муносабати шаклланади.

Қиёматга иймони йўқ кофирлар, ҳаёт фақат бу дунё ҳаётидан иборат, қайта тирилиш йўқ, деган тасаввур асосида яшайдилар. Улар эслари кириб, то қариб ҳеч бир нарсага ярамай қолгунларигача кечган арзимаган вақтни ҳаёт деб тушунадилар. Уларнинг тасаввури ердаги ҳаётга мустаҳкам ёпишиб қолган. Тасаввурларидаги беш кунлик ҳаётда кўпроқ маза қилиб олишга ҳаракат қиладилар. Улар тафаккур уфқи доиралари жуда ҳам тор кишилардир. Уларнинг ҳаёти ҳам ўша тасаввурларига мос ниҳоятда тор. Умрлари вақт нуқтаи назаридан, бир кишининг ҳаётига тенг келади ёхуд келмайди. Макон жиҳатидан ўзлари яшаган жамиятдан ташқарига чиқа олмайдилар. Муомала жиҳатидан эса, қисқа муддатда, тор маҳнода кўрганлари билан бўлади, холос. Шунинг учун ҳам, ўз мақсадларига эришиш – маза қилиб қолиш учун барча қабиҳликни киприк қоқмай қила берадилар. Қиёматга, у дунёга, қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ишонмаганларидан кейин, улардан бошқача тасаввурни кутиб ҳам бўлмайди.

Қиёмат кунига, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога иймон келтирган мўмин-мусулмон тасаввурида эса, ҳаёт тамоман бошқача бўлади. У, ҳаётни фақат бу дунё ҳаёти деб эмас, балки, ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳаётидан иборат деб, тушунади. Унинг эътиқоди бўйича, ҳаёт беш кунлик эмас, бир кишининг умрига, бир қавмнинг умрига ёки бу дунёнинг муддатига тенг эмас, ушбу қисқа вақт билан чегараланиб қолмайди. Балки, унинг назарида, дунёвий ҳаёт муддати ухровий ҳаёт муддати олдида беш кунлик бўлиб қолади. У дунё ҳаётини замон чегаралай олмайди. Қиёматга, охиратга иймони борлиги учун унинг тафаккур уфқи доираси жуда кенг бўлади.

Мусулмон инсон тасаввурида ҳаёт макон жиҳатидан ҳам чексиздир. Унинг ҳаёти фақат ер курраси доираси билан чегараланиб қолмайди. Балки, бу коинотдан ўтиб, кенглиги осмонлару ерга тенг бўлган жаннатда ҳақиқий боқий ҳаёт кечиришига ишонади.

Мўмин инсоннинг ҳаётий муносабатлари атрофидаги шахслар билангина чегараланиб қолмайди. У, Аллоҳ таоло, фаришталар, барча ўтган мусулмон умматлар, келажак мўминлар ва жаннатдагилар билан алоқадор бўлади. Шунинг учун ҳам, мусулмон ҳаётини доимо яхшиликлар билан тўкис этишга ҳаракат қилади.

Исломда, бошқа ботил динлардаги каби, жаннат ҳаётини кўзлаб, бу дунёни азоб-уқубатда ўтказиш керак, деган тушунча ҳам йўқ. Балки, у дунёда яхши ҳолатларга эришиш учун бу дунёни яхши ўтказиш мўминга шарт қилиб қўйилади. Қуръони каримнинг аксар ояти карималарида: «Бу дунёдаги насибангни унутма», дейилади. Исломда бу дунё охиратнинг экинзорига ўхшатилиши бежиз эмас. Бу дунёдаги экинзорга ким эзгулик уруғини қадаса, яхшилаб парвариш қилса, у дунёда яхши ҳосил олади. Бинобарин, инсон бу дунёда фақат яхши амалларни қилмоғи, ер юзида иймон, Ислом, адолат ҳукм суриши учун, зулм, истибдод ва ёмонликка қарши курашмоғи лозим. Ана шундагина охират ҳаётидан – жаннатдан умидвор бўлса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: «Агар бирингизга қиёматнинг хабари келса, қўлида кўчат турган бўлса, уни экиб қўйсин», деганлар. Исломда бу дунёнинг ободлигига шу даражада эътибор билан қаралади. Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи бир шахслар ёки авлодлар тасаввурига қараб, бутун бошли илоҳий динга нисбатан ҳукм чиқаравермаслик керак. Шу билан бирга, инсон нафси бу дунёга доимо қизиқиб туриши эътиборидан Қуръони карим мувозанатни сақлаш учун кўпроқ зуҳд ва тақвога чақириб, дунё ҳаётига ортиқча берилмасликка даъват этиб туради.


(“Тафсири Ҳилол”, 2-жилд).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаМутахассис уламоларимиз, Қуръони Каримнинг .етти ҳарф,да нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган давоми...

5125 16:00 / 04.02.2020
84. Ва Мадянга биродарлари Шуайбни юбордик. У .Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ўлчовни ва тортишни камайтирманглар. Албатта, мен давоми...

3647 05:00 / 23.01.2017
Имом Али алКисоий қироати.1 Абу Амр адДурий ривояти.Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад алМуаддал хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

1562 13:30 / 02.03.2021
9. Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.Аллоҳ таоло Ўзининг давоми...

3815 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41803 14:35 / 11.08.2021