1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Кимлар осий саналади?

14:17 / 24.04.2016 9877 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диний адабиётларда “осий, осийлик” деган сўзлар кўп учрайди. Аммо мен яқинда намозга кирганим, ҳали исломий билимлардан унча хабардор эмаслигим учун бу сўзнинг асл маъносини яхши тушуна олмадим. Илтимос, шу ҳақда тўлароқ маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Банда сақланиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири осийликдир. «Осийлик», «исён», «маъсият» сўзлари бир ўзакдан бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида осийлик Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир. Бошқа бир таърифда айтилишича, осийлик амрларни тарк қилиш. Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилган нарсаларни тарк қилиш ҳамда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган амалларни содир этмасликдир.

Осийлар икки хил бўлади: 1. Маъсиятни қилиш билан бирга тоатдан ҳам бош тортади. Бу иш энг ёмон ҳисобланади; 2. Маъсиятни қилиш билан бирга тоатларни адо этади. Бунда маъсиятига яраша жазо олади.

Маъсиятнинг катта ёки кичиклигига қараб унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради. Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди. Шунингдек, кичик гуноҳларни давомли қилиш уни гуноҳи кабирага айлантиради ва эгаси фосиқ бўлиб, гувоҳлиги рад этилади.

Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ниҳоятда эҳтиёт бўлишга чақирган. У зот Нисо сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У зот уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир» (14-оят), деган.

Демак, бу дунёда фақат Аллоҳ таолога ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолога бўйсуниб, У зот кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда яшаш, демакдир. Охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалга қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулига итоат этмай, осийлик қилиб Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда хорловчи азоблар ҳам бўлади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида: «Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилиш йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш билан адашибди» (36-оят), деган.

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида, мўмин киши, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Бу иш  мумкин ҳам эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади. Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг: «Кифл Бани Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унинг устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. Эр хотинига қандай ўтирадиган бўлса, у унга ўшандай ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Шунда у: «Нимага йиғлаяпсан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди. «Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим.. Фақат муҳтожлик мени бунга мажбур қилди», деди. «Сен ҳали шундаймисан? Мен бу ишни қилмайман. Бор, кетавер! Пуллар ҳам сеники», деди. Сўнгра у: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмайман», деди. У ўша кечаси ўлди. Сўнг унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ Кифлни мағфират қилди» деб ёзилиб қолди», деганларини эшитдим» (Имом Термизий ривоят қилган). Демак, мўмин банда гуноҳлардан четланиши, Аллоҳ ҳамда Унинг Расулига осий бўлмасликка интилиши лозим (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иншааллоҳ, Рамазон ойида оиламни зиёрат қиламан ҳамда, насиб этса, ватанимизда Ийди Рамазонни ўқиб келмоқчиман.Ҳозир мусофирчиликдаман, рўза тутиш қанақа бўлади давоми...

6734 15:57 / 24.04.2016
Нафсга карши қандай курашиш мумкин Нафс бирон нарсага даъват қилганда бу инсоннинг эхтиёжими ёки нафснинг хаддидан ошаётган эканлигини кандай фарқланадиНафсга давоми...

5333 21:17 / 27.04.2016
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсинОртларидан набий йўқ зотга саловотлар бўлсинИслом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, ҳижрий 1410 сана Ражаб давоми...

2645 20:00 / 26.04.2016
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Ҳазратим, мени анчадан бери бир савол қийнаб келади. МТC компанияси ишлаб турган вақтида мени телефон рақамимга давоми...

3747 09:25 / 16.10.2017