1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса...

23:01 / 28.04.2017 3821 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, иймон таъмини тотган бўлади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар, Абу Довуд эса: 

«Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни мукаммал қилган бўлади», деб келтирган.

Ушбу ҳадисда ҳам улкан маъно баён этилмоқда. Унда иймон таъмини тотиш, иймон мукаммаллигига эришиш қайси йўл билан амалга ошиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Бунинг учун эса қуйидагилар амалга ошиши керак:

1. «Аллоҳни Робб» деб рози бўлиш. 

«Робб» сўзи «тарбиячи» маъносини англатади. Урфда эса кўп маъноларни, жумладан, «ризқ берувчи», «тадбирини қилувчи», «яратувчи», «эга» маъноларини ифода қилади. «Робб» Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун оламларнинг яратувчиси, уларга ризқ берувчи, тадбирини қилувчи, эгалик қилувчи ва тарбияловчиси бўлганлигидан шундай аталган. Аллоҳни Робб деб рози бўлиш эса Аллоҳ менинг яратувчим, тарбиякунандам, эгам, ризқ берувчим, тадбиримни қилувчим деб, чин дилдан рози бўлишни англатади. Рози бўлиш оғиздаги қуруқ гап эмас, кўнгилдаги гумон ҳам эмас. Балки тўлиқ ишонч ва қаноатдир. Ким шу ишонч билан, шу қаноат билан яшаса, иймон таъмини тотиш йўлида катта қадам босган бўлади. Кейинги қадамлар эса 

2. «Исломни дин» деб.

3. «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул» деб рози бўлиш билан бўлади.

«Дин» деганда ҳозирги бузуқ тушунча кўзда тутилмайди. Ҳозирда дин деганда масжид, намоз, қабристон, ўлганларга маросим қилиш ва шунга ўхшаш нарсалар тушуниб қолинган.

Аслида эса дин Аллоҳ томонидан юборилган, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун зарур бўлган кўрсатмалар тўпламидир. Демак, иймон таъмини тотиш учун инсон Исломга тўлиқ амал қилиб яшашим керак, деган ишончга ва қаноатга эга бўлиши лозим.

Бунинг учун эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул, яъни Аллоҳнинг элчиси деб рози бўлиш керак. Ислом таълимотларини, ҳукмларини Аллоҳдан қабул қилиб, бандаларга етказган, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зотни Расул деб рози бўлмагунча, иймоннинг таъмини тотиб бўлмайди. Ҳа, Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиши мумкин. Шу мақсад йўлида машаққатларни кўтаришга рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиб кўриши мумкин. Аммо чин қалбдан розилик, ишонч ва қаноат бўлмаса, иймон таъми ҳам бўлмайди.

Имом Абу Довуднинг ривоятида келган, иймоннинг мукаммал бўлиши учун лозим бўлган амаллар қуйидагилардан иборат: 

1. Аллоҳ учун муҳаббат қилиш. 

Кимга ёки нимага муҳаббат қиладиган бўлса, Аллоҳ учун муҳаббат қилган кишигина иймонининг мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. Бировга муҳаббат қиладиган бўлса, ўша одам Аллоҳнинг амрида юрганлиги учун, Аллоҳга иймони борлиги учун, Аллоҳга ибодат қилиб яшаётганлиги учун Аллоҳни севади, Унга муҳаббат қилади. Бунга бошқа ғараз, мақсад аралашиб қолса, муҳаббат Аллоҳ учун бўлмай қолади. Шунингдек, бирор ишни, гуруҳни, жамоатни ва шунга ўхшаган нарсаларни яхши кўриш ҳам Аллоҳ учун бўлгандагина муҳаббат эгаси ўз иймонининг мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. 

2. Аллоҳ учун ёмон кўриш. 

Кимни ёки нимани ёмон кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрадиган кишигина иймонини мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. Бировни ёмон кўрадиган бўлса, ўша одам Аллоҳнинг амрида юрмагани учун, Аллоҳнинг динига амал қилмагани учун, гуноҳ ишларни қилгани учун ёмон кўради. Бошқа сабабдан ёмон кўриш эса мумкин эмас. Шунингдек, бирор ишни, гуруҳни ёки шунга ўхшаш нарсаларни ҳам Аллоҳ учун, Аллоҳнинг таълимотларига тескари бўлгани учун ёмон кўрган одамгина иймони мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади.

3. Аллоҳ учун бериш.

Бунга моддий, маънавий ҳамма нарсалар киради. Бировга бир яхшилик қилса, Аллоҳ учун, ўша яхшиликдан манфаатдор одам ҳам Аллоҳнинг йўлида юргани учун қилсагина, иймони мукаммал бўлиши учун ҳаракат қилган бўлади. Демак, мусулмон одам ўзгаларга моддий ва маънавий атолар бериш пайтида фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб иш тутса, иймони комиллиги учун интилган бўлади. 

4. Аллоҳ учун ман қилиш. 

Бунга моддий, маънавий ҳамма нарсалар дохилдир. Бировдан бир нарсани ман қилса, фақат Аллоҳ учун, ўша иш Аллоҳнинг амрига тўғри келмаганлиги учун, ўша шахс Аллоҳнинг амрида юрмагани учун бериладиган нарсани ман қилиши керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар матннинг ўзида очиқ-ойдин кўриниб турибди. Иймоннинг таъмини тотмоқ учун:

1. Аллоҳни Робб деб рози бўлмоқ.

2. Исломни дин деб рози бўлмоқ.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлмоқ керак. 

Иймон мукаммал бўлмоғи учун:

1. Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ.

2. Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ.

3. Аллоҳ учун бермоқ.

4. Аллоҳ учун ман қилмоқ керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Эсимда, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари билан давоми...

2565 06:10 / 29.08.2018
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйра устида ухлар эдилар, икки ёнларига унинг изи тушиб қолибди. давоми...

2892 06:00 / 11.08.2018
. ,. .87. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг давоми...

1566 08:06 / 04.12.2019
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиАллоҳнинг набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ўт дўзахийларнинг баъзисини икки тўпиқларигача ёндиради. Ва давоми...

2849 09:05 / 13.04.2018
Аудиолар

120343 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41977 14:35 / 11.08.2021