1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қибланинг ўзгартирилиши

19:10 / 06.06.2019 4670 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар.

Пайғамбаримиз Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш бошланди.

Бу ҳолат ўн олти ёки ўн етти ой давом этди. Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш Аллоҳнинг амри билан бўлди. Фақат бу Қуръони Каримда келмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита буюрилган амр эди. Сўнгра Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло махсус оят тушириб, яна Каъбаи Муаззамани қибла этди.

Пайғамбаримизнинг ҳижратларидан сўнг Аллоҳ таолонинг хусусий амри ила қибла Байтул Мақдисга томон бурилди. Ушбу бурилишда катта ҳикмат борлигини уламоларимиз мулоҳаза қилишган. Исломда ҳар бир нарса холис, Аллоҳ учун бўлиши керак. Қалбда фақат Аллоҳга ихлос бўлиши, Исломдан бошқа ҳеч бир нарсага – на қиблага, на миллатга, на ерга, на тарихга ихлос ва тобелик қолмаслиги керак.

Араблар эса жоҳилият даврларида кўпгина нарсаларга ихлос қўйиб, ўша нарсалар билан фахрланиб юрар эдилар. Уларда фахр уйғотадиган нарсаларнинг гултожи Байтуллоҳ эди. Араблар Байтуллоҳ уларнинг ватанида жойлашганлиги, Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён атрофдан одамларнинг шу Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун келишлари билан керилишар эди. Улар «Каъбаи Муаззама бизнинг мулкимиз, шунинг учун биз бошқалардан юқори турамиз», деб билишарди. Бошқа халқлар ҳам шундай тушунишарди. Натижада Байтуллоҳ байтуларабга – арабларнинг уйига айланиб қолган эди. Уни ақийда асосида эмас, балки таассуб, тарафкашлик асосида ҳурматлайдиган бўлиб кетган эдилар. Ана шу тарафкашлик асосида «Бу Пайғамбар бизнинг Каъбага қараб намоз ўқимоқда, уни ҳурмат қилмоқда. Шунинг учун унга эргашамиз», дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин эди. Кишиларни бундай ғалати тафаккурлардан, тарафкашликлардан ва бошқа нарсалардан қутулиб, жоҳилият нопокликларидан пок бўлган ҳолда, фақат ақийда асосида Байтуллоҳни эъзозлашларига тайёрлаш учун қибла вақтинча Байтул Мақдисга бурилди.

Шунда миллатчилик, тарафкашлик асосида Пайғамбарга эргашганлар ҳақиқий ақийда асосида, Аллоҳга таслим бўлиб эргашганлардан ажраб қолади. Ҳамда мусулмонларнинг қалблари, тафаккурлари, тасаввурлари нолойиқ нарсалардан покланади. Исломга бирор қизиққан нарсаси туфайли эмас, балки Аллоҳ учун кирган бўлади.

Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганининг бир ҳикмати шудир. Бу амрга итоат этган Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмонлар сўзсиз ўша томонга юзланиб, намоз ўқидилар.

Одатдагидек, яҳудийлар турли иғволарни тарқата бошладилар. «Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлса, ота-боболарининг муқаддас уйи – Каъбага қараб намоз ўқийвермасдан, нима учун бизнинг қибламиз – Байтул Мақдисга қараб намоз ўқийди? Бу ҳам бизнинг динимиз унинг динидан афзал эканлигининг далилидир», дейишди.

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғини бажарадилар, яҳудийларнинг гапларига эътибор бермайдилар. Шу ҳолда ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилди.

Сўнгра қуйидаги оят нозил бўлиб, қибла яна Каъбаи Муаззамага қаратилди.

«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилишини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага юзлантирурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон буринг. Албатта, китоб берилганлар унинг Роббиларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир» («Бақара» сураси, 144-оят).

Ояти кариманинг аввалидаги жумланинг васфига кўра, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Каъбаи Муаззаманинг қибла қилиб берилишини кутиб юрганлар. Аллоҳнинг Ўзи у кишининг Каъбага нисбатан чексиз муҳаббатларини, бунинг устига, яҳудийларнинг ортиқча гап-сўзлари ва бошқа омиллар таъсирида осмонга тез-тез қараб, «Шояд ваҳий келиб, қибланинг ўзгарганидан хабар берса», дея кутишларини кўриб турганлиги баён этилмоқда.

«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилишини кўрурмиз».

Албатта, Аллоҳ таоло бу ишни кўриб-билиб тургани учун вақти-соати келганда Каъбанинг қибла бўлганини эълон этди.

«Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага юзлантирурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон буринг».

Мақсад Каъба бўлса ҳам, Масжидул Ҳаром, яъни Каъбаи Муаззама атрофидаги масжид зикр қилинганидан уламолар «Намоз ўқувчи киши айнан Каъбага қараши шарт эмас, балки ўша томонга қараса ҳам жоиз», деганлар.

Ер юзининг турли бурчакларида истиқомат этувчи мусулмон умматни ягона қибла жамлайди. Ватанлари, турган жойлари, ранглари, тиллари, шакллари, жинслари, ёшлари, ижтимоий ҳолатлари турли-туман бўлишига қарамай, намоз пайтида барчалари ягона қиблага юз ўгирадилар. Бир қиблага қараш уларнинг бир тан, бир жон эканлигининг, мақсадлари, тутган йўллари бир эканлигининг, Роббилари, китоблари ва Пайғамбарлари бир эканлигининг рамзидир.

Исломнинг бошқа рамзлари каби, ушбу рамз ҳам мусулмонларни бошқалардан ажратиб туради. Мусулмон миллати ўзига мустақил, Аллоҳнинг йўлидан юрган афзал миллатдир.

Шунинг учун ҳар бир нарсада унинг мустақил эканлиги билиниб туриши керак. Залолатда юрганларга тобе бўлиб қолмаслик зарур.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларни бошқаларга тақлид қилишдан, уларнинг одатлари, шиорлари ва рамзларини олишдан қайтарган.

Инсон руҳ ва жасаддан иборат бўлгани учун унда руҳий-маънавий нарсаларга зоҳирий шаклларни рамз қилиб олиш майли бор. Инсондаги ҳис-туйғу ўзининг моддий рамзига эришгандагина таскин топади. Ана шунда кўнгил тўлади. Худди ичи билан ташқариси бирлашгандек бўлади.

Исломда ибодатга тааллуқли барча ҳолатлар мана шу асосда йўлга қўйилган. Фақат ният билан ёки ичда баъзи ояту дуоларни ўқиш билан кифояланиб қолмасдан, балки ҳар бир ибодатнинг ўзига яраша шакли, ҳаракати, рамзи борки, ўшаларга амал қилиш лозим. Намозда қиём, рукуъ, сажда, салом; ҳажда иҳром, талбия, тавоф, саъйи, вуқуф, тош отиш, қурбонлик сўйиш ва бошқалар ана шундай рамзлар ҳисобланади.

"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эрхотин ўзаро алоқа қилганида эркакдан тахминан 200, 000000 икки юз миллион сперма ажралиб чиқади. Мантиқан олганда агар бу миқдор сперма бачадонда жойлашса 200,000000 давоми...

2521 10:00 / 26.03.2021
Мусулмонлар Қуръони Карим нозил бўлгандан буён инсоннинг она қорнида яратилиши босқичмабосқич амалга ошишини яхши билишади. Чунки бу ҳақиқат уларнинг муқаддас давоми...

2739 20:00 / 02.07.2019
Тақдирнинг тақозоси билан йигит, узоқ Шарқнинг Сахалин ўлкаларида қамоқ жазосини ўтарди. Шароит оғир, обҳаво жуда ҳам совуқ. Лекин йигит тақводор, Аллоҳдан давоми...

4787 20:01 / 04.01.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди,.Шарҳ Мўминмусулмонлар бирбирларига кўзгу давоми...

3311 19:00 / 20.02.2019
Аудиолар

120139 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41802 14:35 / 11.08.2021