1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Келин-куёвга дуо қилиш

05:00 / 14.02.2017 11857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан ҳар бир мусулмон келин-куёвни табриклаш пайтида уларга Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб, бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиш керак бўлади...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жамъ қилсин», дер эдилар». Сунан эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан ҳар бир мусулмон келин-куёвни табриклаш пайтида уларга Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб, бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиш керак бўлади.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ақийл ибн Абу Толиб Бани Жусамлик бир аёлга уйланди. Бас, унга иттифоқлик, муҳаббат ва болалар ила, дейилди. Шунда у: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Аллоҳ сизларга муборак қилсин ва барака берсин», денглар», деди». Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Кишилар Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйланганлик муносабати ила муборакбод қилишда ўзларига одат бўлиб келаётган эски табрик сўзларини айтишган эди, у кишига ёқмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам янги уйланган одамни қандоқ сўзлар билан табриклаган бўлсалар, мени ҳам шундоқ табрик қилинглар, деб ўргатдилар.
Ҳа, мусулмон киши ҳар бир нарсада ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғи лозим. Ҳатто, уйланиш муносабати ила айтиладиган табрик сўзларида ҳам.
Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, кўрсатмалари бор. Мусулмон киши, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деган киши ўша набавий суннатларни ўрганиши ва уларга амал қилиши лозим. Ана шундагина мусулмонлик, умматлик бурчини адо этган бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланганларида онам келиб мени ҳовлига олиб кирдилар, қарасам Ансорий аёллар уй ичида эканлар. Бас, улар «Хайр ва баракали бўлсин. Энг бахтли ва насибали бўлсин», дедилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамиз билан тўйлари Мадинаи Мунавварада бўлган. Оиша онамизнинг оналари Умму Руммон бинти Омир ибн Абду Шамс розияллоҳу анҳо ўзлари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига олиб кирганлар. Ўшанда ҳовлида Асмаа бинти Язийд розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ аҳли Мадина аёллар ҳам бўлганлар. Улар келин бўлмиш Оиша онамизни кўришлари билан у кишининг ҳақларига яхши тилаклар билан дуо қилганлар.
Кейин Умму Руммон розияллоҳу анҳу Оиша онамизни олиб кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ўтказганлар ва:
«Мана бу аҳлингиз, эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизга буларни муборак қилсин», деганлар.
Демак, келин-куёвни кўрган киши, дарҳол табриклаб, яхшиликлар тилаб, дуо қилиши керак.

Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида: «Қачонки бирингиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Эй, бор Худоё! Сендан унинг яхшилигини ва сен унга берган жибиллият - ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Ҳамда сендан унинг шарридан ва сен унга берган жибиллият - ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман», десин.
Қачон туя сотиб олса, унинг ўркачининг чўққисидан ушлаб туриб, худди шундоқ, десин», дедилар».
Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Келин-куёвга бошқалар дуо қилишлари билан бирга уларнинг ўзлари ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари ҳам яхши экан. Албатта, ўшандоқ бахтли соатларда Аллоҳ таолодан ўзига ва умр йўлдошига бахт-саодат тилаб, дуо қилмоқ яхшидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда қандай куёв танлаш бўлса, худди шундай равишда келин танлаш керак. Баъзи бир инсонлар келинни чиройига қараб, баъзилари молshyмулкига, кейингилари давоми...

3223 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таоло турли сабаб ва ҳикматларга кўра ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган. Эр киши уларга уйланиши мумкин эмас, бундоқ қилишлик давоми...

17081 05:00 / 14.02.2017
Жамиятнинг асоси бўлган, у дуруст бўлсагина жамият дуруст бўладиган, у кўнгилдагидек бўлмаса, жамият ҳам шу тарзда бўладиган, жамият ва борлиқнинг негизи бўлган давоми...

3113 05:00 / 04.03.2017
Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалолҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқишини эмикдошлик туфайли никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар ҳақида сўз давоми...

6196 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118726 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40693 14:35 / 11.08.2021