1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қарз ҳақида

05:00 / 17.02.2017 6323 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қарз» луғатда «қирқиш» маъносини билдиради. Чунки қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб, қарзга беради.
Шариатда эса, бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб беришдир.
Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса, бадалини берса бўлади.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин», (Бақара, 282) деган.
Шарҳ: Бу ерда бошланиш қисми келтирилаётган «Ояти мудояна» — қарз олди-бердиси ояти, номини олган ушбу ояти кариманинг тўлиқ матни ва тафсирини китобимизнинг аввалида батафсил ўрганиб ўтганмиз.
Бу ерда қарз олди-берди иши ўта масъулиятли бўлганидан Аллоҳ таоло бу ишни шунчалар аҳамият билан баён қилганини ва бу илоҳий таълимотларга оғишмай амал қилсак, ўзимиз учун фойда эканини эслатиб қўймоқчимиз.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишидан ёш туяни қарзга олдилар. Кейин у зотга садақа туяларидан туя келди ва менга ҳалиги одамнинг ёш туясининг қарзини ўташни амр қилдилар. Мен:
«У(туя)лар ичида яхшиси – рубоъийсидан бошқасини топмадим», дедим. У зот:
«Уни анга бер. Одамларнинг яхшиси қарзини гўзал ўтовчисидир», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Рубоъий» олти ёшли туянинг номидир.
Ушбу ҳадисдан ҳайвонни қарзга олиш ва уни ўзидан яхши қилиб қайтариб бериш мумкинлиги билинади.
Ҳанафий мазҳабида эса, бу рибога айланиб қолади, шунинг учун мумкин эмас, дейилган. Яъни, ҳайвонни қарзга олиш мумкин эмас, деганлар.
Аммо қарзни ўзидан кўра яхшироқ қилиб адо этишни, агар бу қарздорнинг ўзидан чиққан бўлса, жоиз, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Абу Робийа розияллоҳу ан¬ҳу¬дан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва:
«Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир», дедилар
».
Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳтож бўлиб қолганларида Абдуллоҳ ибн Абу Робийадан қирқ минг дирҳам қарз олган эканлар.
Аммо қўлларига пул тушиши билан қайтариб берганлар ва қарз бериб тургани учун Абдуллоҳ ибн Абу Робийанинг ҳақларига дуо қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир» дейишларида ажиб фалсафий маъно бор.
Фойдани кўзлаган қарз Исломда жоиз эмас, рибо бўлади. Демак, мусулмон одам шариат ҳукми асосида қарз берганда ўзига зарарни билиб туриб яна молини хавф-хатар остига қўяди. Қарз олувчи эса жуда ҳам қулай имкониятга эга бўлади. Аввало, мушкули осон бўлади. Қолаверса, ўзидан бир нарса чиқмайди. Агар чиқаришга рози бўлса ҳам шариат йўл бермайди.
Бундай ҳолда қарз берувчига бирдан бир мукофот унинг молини ўз вақтида қайтариб беришу қарздор томонидан унинг шаънига айтиладиган мақтов гаплари бўлади, холос. Бировдан қарз оладиган кишилар бу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда қарз олувчи қарз олаётган пайтида ниятни яхши қилиши лозимлиги уқдирилмоқда.
Агар у ниятини яхши қилиб, албатта, олган қарзимни қайтариб бераман, деб уринса, Аллоҳ таоло унга бу ишда ўзи ёрдамчи бўлади. Аммо қарз олувчининг нияти бузуқ бўлса, бировни алдаб молини еб кетиш ниятида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилар экан.
Бу улкан ҳақиқатни ҳар бир қарз олувчи яхши англаб етиши керак. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Мусулмонларни алдаб қарзини бермай юрганлар турли-туман бало-офатларга гирифтор бўлдилар ва бўлмоқдалар.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизларга оналарга оқ бўлишни, қизларни тирик кўмишни, (ҳуқуқларни) ман қилишни, бер-бер, дейишни ҳаром қилди. Ва яна сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди», дедилар
».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши қилиши мумкин бўлмаган қуйидаги ишлар ҳақида сўз бормоқда:
1. «Онага оқ бўлиш».
Бу иш гуноҳи кабира экани ҳаммага маълум.
2. «Қизларни тириклайин кўмиш».
Жоҳилият вақтида очлик ва ордан қўрқиб ёш қизларни тириклайин кўмиб юбориш одати бор эди. Бу иш қанчалик оғир гуноҳ экани ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
3. «(Ҳуқуқларни) ман қилишни».
Бунга қарзни бермай кетиш ҳам киради. Қарз олиб бермай кетган, бировнинг ҳақини бошқа ботил йўллар билан ейишдан ҳам оғирдир. Чунки бу ишда бировнинг молини ноҳақдан ейиш билан бирга, ўзига яхшилик қилган инсонга ёмонлик қилиш, нонкўрлик, инсофсизлик ҳам бордир.
4. «Бер-бер», дейишни».
Яъни, ҳаром йўллар билан бер-бер, деб мол тўплаш ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳаром қилган ишлардандир.
5. «Қийлу қол».
Яъни, деди-деди, деб беҳуда гапни кўпайтириш.
6. «Кўп савол».
Олимлардан бўлган-бўлмаган нарсаларни кўп сўраш ҳам ёмон нарса.
7. «Молни зое қилиш».
Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам молни зое қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди. Жумладан, қарзга олиб туриб, бировнинг молини зое қилиш ҳам шунга киради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ола билмай зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.
Имом Шофеъийнинг ҳукмлари бўйича, агар бой кишидан мазкур иш иккинчи марта такрор бўлса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Яъни, жамиятдаги ишончсиз кишилар қаторига қўшилиб қолади.
Ушбу тушунча унутилганидан жамиятларимизда бойлар, имкони бор одамлар бировнинг ҳақини бермай юриши кенг тарқалган. Агар бирор марта фалончи ўз зиммасидаги ҳақни вақтида адо этмагани учун уни ишончсиз киши, деб эълон қилинсин, деган ҳукм чиққанида эди, дарҳол ҳамма ўзини ўнглаб олган бўлар эди.

Бухорий, Аҳмад ва Насаий қилган ривоятда:
«Топганнинг бўйин товлаши унинг обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол қилади», дейилган».
Шарҳ: Аслида, шариат бўйича бировнинг обрўсини тўкиш, азоблаш ҳаром. Аммо имкони бўлиб туриб бировдан олган қарзини бермай юрган одамнинг обрўсини тўкиш ҳам, азоблаш ҳам ҳалол бўлиб қолар экан.
Шунинг учун ҳукумат унинг гувоҳлигини қабул қилмаслик ҳақида қарор чиқаради. Мусулмонликда бу иш энг катта обрўсизлик бўлиб, ундоқ одамни қамашга ҳам буюрилади. Бу ҳол ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам эслатма, танбеҳ бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳйи қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, у Зотга рўбарў бўлишидир», дедилар
».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишидан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.

Насаий қилган ривоятда:
«Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади.
Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундоқ одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.
Чунки қарз банданинг ҳақи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййитни олиб келинди. Бас, у Зот:
«Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар.
«Ҳа, икки динор», дейишди.
«Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар.
«Ўша иккови менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳ ато қилганидан кейин:
«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўла туриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.
Ушбу ҳадисга амал қилароқ, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади. Хазина бўлмаган жойларда мазкур қарз шу ерлик мусулмонларнинг закотидан адо этилиши мумкин. Бу ҳадиси шариф ва унга тегишли ҳукмлар жаноза намози бобида батафсил ўрганилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Отам Уҳуд куни шаҳид бўлди. Зиммасида қарзи бор эди. Ҳақдорлар ўз ҳақларини шиддат-ла талаб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда гаплашдим. Бас, у зот улардан боғимнинг хурмосини олиб, отамдаги ҳақларини ҳалол қилишларини сўрадилар. Улар бош тортдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта билан олдингга борамиз, дедилар. Кейин тонг отганда бизнинг олдимизга келдилар, хурмо дарахтларини айланиб кўрдилар ва уларнинг мевасига барака тилаб дуо қилдилар. Мен уларни тердим. Қарзларимни адо этдим. Уларнинг мевасидан ўзимизга ҳам қолди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишди.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Отанинг қарзини ўғил тўлаши.
2. Қийин ҳолда қолганда раҳбардан ёрдам сўраш жоизлиги.
3. Бошлиқ ўз қўли остидаги кишиларга ёрдам бериш учун ҳаракат қилиши зарурлиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари ва мўъжизалари.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларнинг шароитлари турли бўлади. Мисол учун боғбон ва деҳқонлар ҳар йили ишларини йўлга қўйиш учун сармояга муҳтож бўладилар. Бу мақсадда қарз олишларига давоми...

5691 21:20 / 10.04.2018
Золим харидорга ёрдам бермаслик ndash Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири золим харидорга ёрдам бермасликдир. .Золим харидор, сотиб олган нарсасини ҳаром ва давоми...

6161 15:20 / 17.10.2017
ndash Савдода ҳаром қилинган ишлардан яна бири бозорга келтирилаётган савдо молининг олдини тўсиб чиқиб, арзонга олиб, қимматга сотишдир. . .Ибн Умар давоми...

1673 15:29 / 20.07.2019
Хайриянинг исломий андозаси узоқ ва бой тарихий меросга эга бўлиб, бошқа маданиятларда ҳам шунга ўхшаш андозаларнинг барпо этилишига таъсир ўтказган. Хайрияни давоми...

4762 16:40 / 21.09.2017
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021