1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалбнинг саломатлиги

17:29 / 12.09.2017 5513 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбнинг саломатлиги ва давоси, унинг бузуқлиги ва дарди ҳақида сўрабсан.

Қалбнинг[1] саломатлиги маҳзунлик ва ғаму андуҳлардадир. Унинг давоси эса Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлишдадир.

Унинг бузуқлиги дунёнинг хурсандчилиги ва нафс ҳолатларининг суруридан иборатдир. Унинг дарди эса Аллоҳ азза ва жалланинг зикридан юз ўгириш ва Аллоҳ таолонинг зикридан чалғитадиган нарсаларга юзланишдир.

Нафс учун хурсандчилик балиқ учун сув кабидир. Балиқнинг ҳаёти сув билан, у қуруқликда яшай олмайди. Агар нафс дунёнинг хурсандчиликларидан тўсилса, у чарчайди, қувватлари тугайди ва сўлади, саркашликлари сиқувда қолади. Нафс маишатининг ўрнини маҳзунликлар эгаллайди, натижада қалб нафсдан келадиган нарсалардан ва унинг кирликларидан халос бўлади.

Қачон қалб Аллоҳ таолога етишса, У Зот унга ҳаёт бахш этади. Агар У Зот қалбни тирилтирса, энди нафс қалбнинг ҳаёти ила, Аллоҳ таолонинг нури ила тирилади. Қалб нафснинг шаҳватлари ва хурсандчиликлари билан ўлган эди. Қачонки нафснинг эгаси унга риёзат[2] чектирса, уни хурсандчиликлардан тўсса, Робби бу бандасини тақдирлайди, чунки у Аллоҳ таолонинг йўлида нафсига қарши ҳақиқий жиҳод қилди. Шунинг учун У Зот уни Танзилида ваъда қилганидек, Ўз йўлига ҳидоят қилади:

«Биз учун жидду жаҳд қилганларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз»[3].

Унга эшик очилса, Аллоҳ азза ва жалла сари қалби ила сайр қилади. Ўшанда унга йўлнинг нафақаси ўлароқ турли атолар келур. У Зотнинг висолига эришганида, У Зот Ўз нури ила уни қурбатда яшатур. Шунда у муқарраблардан бирига айланур. Хурсандчилиги дунё билан, нафс ва унинг ҳолатлари билан бўлиб юрганидан сўнг, энди хурсандчилиги Аллоҳ билан бўлишига эришур. Шундай қилиб, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида обрўга эришур.

Қачон Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлишни тарк қилса, банданинг қалбини қасоват қоплаб олади, чунки зикр Аллоҳ таолонинг раҳматини ўз ичига олган нарсадир. Аллоҳ Танзилида бандаларига ваъда бериб айтган:

«Мени зикр қилинг, сизни эсларман...»[4]

Қачон раҳмат келса, қалб ҳўлланади ва мулойим бўлади ҳамда нафснинг ҳарорати сўнади. Қалбга кирган ўша раҳмат уни ўзига тортиб, унинг қасовати, қўрслиги ва қўполлигини кетказади.

Қалб ва нафс жасад тасарруфида шерикдирлар. Қалбнинг қуввати маърифат[5], ақл[6], илм, фаҳм, зеҳн, фаросат[7], муҳофаза, аҳд ва Аллоҳ билан яшашдадир. Ушбу нарсаларнинг хурсандчилиги қалбга ўз таъсирини ўтказувчи, уни бақувват қилувчи ва тирилтирувчидир.

Нафс қуввати шаҳватлар, лаззатлар, орзу-ҳавас, ўзини баланд олиш, иззатталаблик, шуҳратпарастлик ва очкўзликни қондириш билан бўлади. Ушбу нарсалар билан хурсанд бўлиш нафсга таъсир ўтказади, уни кучлантиради. Мазкур нарсаларнинг барчаси ҳавои нафснинг лашкаридир. Ҳаво эса нафснинг подшоҳидир.

Маърифат қалбнинг подшоҳидир. Биз зикр қилган нарсалар эса унинг лашкаридир. Қачон нафс тирилса ва ушбу хурсандчиликлар кучайса, у қалбга ғолиб келади. Шу сабабдан қалбнинг ҳаёти сўнади, чунки қалб ўша нарсалар билан тирик эди. Шунда унинг хурсандчиликлари дунёвий хурсандчиликларга айланиб қолади.

Қачон нафс мазкур шаҳватлар ва орзу-ҳавасларга эришишдан тўсилса, унинг ҳоли қуриб, сўлади, заифлашади, чирийди. Уни ғам-ғусса босади. Ана ўша тўсиш хафачилиги ва шаҳватлардан ажратиш ила унинг қуввати кетади.

Қалб аввал айтиб ўтилган нарсалар билан тирилади ва унинг Аллоҳ билан хурсанд бўлиши зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт»[8].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда у зот айтадилар:

«Одам боласининг нафси доимо ёшдир, агар қариликдан икки кўкрак суяги бирлашиб қолган бўлса ҳам. Фақатгина Аллоҳ қалбини тақво билан синаган кимсаларгина бундан мустасно ва улар жуда ҳам оздир»[9].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Одам боласи ўзи қариса ҳам, унинг икки нарсаси ёшариб туради: молга бўлган ҳирс ва умрга бўлган ҳирс»[10].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимни эслашга ундадилар ва дедилар:

«Лаззатларни парчаловчини зикр қилинг. Зотан, у кўпнинг ҳузурида зикр қилинса, албатта, уни озайтиради ва ознинг ҳузурида зикр қилинса, албатта, уни кўпайтиради»[11].

(Бу ҳадис санади билан Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган).

Бунинг маъноси шуки, сен ўлимни эсласанг, албатта, кўп нарсаси тортиб олинувчи эканингни ва дунёнинг охири фанога юз тутиш эканини биласан. Қачон ўлимни эсласанг, у сенинг кўз ўнгингда дунёни арзимас қилиб қўяди. Қачон уни эсласанг, албатта, дунёнинг ози ҳам кўп бўлиб кўринади, бир соат ундай, бир соат бундай бўлиб, ўлимни эслатиб туради. Шундай экан, ўлим лаззатларни парчаловчидир. Қачон ўлимни эсласанг, хурсандчилигинг кетиб, унинг ўрнини ғам-ғусса, маҳзунлик эгаллайди.

Батаҳқиқ, шу ерда сенга иккита хурсандчилик борлиги аён бўлди. Бири – қалбнинг Аллоҳ ва Унинг фазлу раҳмати ила сурурга тўлиши. Иккинчиси – нафснинг шаҳват ва лаззат ила сурурга тўлиши. Ким Аллоҳ таолога етишишни истаса, дин ва дунё ишидан нафсни сурурга тўлдирадиган барча нарсага назар солсин. Нафсни дунёвий сурурдан тўсиш уни заифлаштириб бориб, охири ғам-ғусса ила ўлишига олиб боради.

Ким нафсни шаҳват ва лаззатлар хурсандчилигидан тўсса, сўнгра дин ва яхши амаллар учун қўйиб юборса, у хурсанд бўлади, тирик ва кучли бўлади. Зотан, ҳар бир яхши амалда у билан ҳавонинг насибаси бордир. Шундай экан, бундай киши аралаш-қуралашлик – кирликлар ва қийинчиликлар ичида қолади. Қийинчиликни тарк қилса, кирликлар билан қолади. Кирликлар ва ҳаво билан Аллоҳ таолога етиша олмайди. Шунинг учун У Зот таоло айтади:

«...ва Аллоҳ учун ҳақ жиҳод қилингиз»[12].

У Зот учун ҳақ жиҳод қилиш – нафсдан дин ва дунё борасидаги барча хурсандчиликларни, шунингдек, нафс лаззатланадиган ва ҳавонинг насибасидан холи бўлмаган барча яхши амалларни йўқ қилиш. Шу боис у нафсини лаззатдан маҳрум қилиш учун бошқа амални қилишга ўтиши вожиб. Қачон ўшани жидду жаҳд ва бор кучи билан қилса, Аллоҳ таоло унга тезда мукофотини беради. У Зотнинг мукофотларидан бири банданинг қалбини Ўз нурлари учун очиб қўйишидир.

Қачон ўша нур кўксда порласа, нафс ўша атолар сабаб ўзини дунё лаззатлари ва шаҳватларидан тўсадиган нарсани топади.

Сўнгра бундан кейин унинг нафсни қўриқлашга ҳожати тушади. Токи нафс мазкур атолардан лаззатланиб, эгасини оғир ҳолга тушириб, ҳалок қилмасин, чунки нафс атонинг лаззатини топганда, одатда, торликдан кейин кенгликка чиқади ва хафачиликдан кейин ўта хурсанд бўлади. Хатарларнинг каттаси шундадир. Худди шу ерда Аллоҳ таолога сайр қилувчиларнинг кўпчилиги қалблари ила нафснинг алдамчиликлар водийсига қулаганлар.

Батаҳқиқ, сенга ушбу жавобда мингта масала ва уларга алоқадор масалаларни баён қилиб бердим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Сарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)

____________________________________________

[1] «Қалб» раббоний, руҳоний ва латиф нарсадир. Ана ўша латиф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир. Тасаввуфда «қалб» дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда гапирилганда, унинг сифати ва аҳволи ҳақидагина сўз боради, ҳақиқати ҳақида сўз юритилмайди.

[2] Риёзат – машқ қилиш, машаққат чекиш.

[3] Анкабут сураси, 69-оят.

[4] Бақара сураси, 152-оят.

[5] Маърифат – маъруфни билиш ҳақиқатининг ҳар қандай ҳолатда ҳам чиқмайдиган тарзда қалбда жойлашиши.

[6] Тасаввуф илмида ақл, нафс, руҳ ва сирларнинг барчаси бир нарса деб англанади. Улар бир нарса бўлгани билан идрок қилинадиган нарсанинг турига қараб исм ҳам турланади. Шаръий ҳукмларни идрок қилувчи «ақл» дейилади. Шаҳватга оид нарсаларни идрок қилувчи эса «нафс» дейилади. Тажаллиётларни идрок қилувчининг исми «руҳ» дейилади. Таҳқийқот ва тамаккунотларни идрок қилувчи эса «сир» дейилади.

[7] Фаросат − ташқи ҳолатлардан ички ҳолатларни англаб олиш.

[8] Юнус сураси, 58-оят.

[9] Бу ҳадисни Ибн Муборак ва Нуъайм ибн Ҳаммод ҳам ривоят қилишган.

[10] Бу ҳадисга ўхшаш бошқа ҳадисни Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ҳам ривоят қилишган.

[11] Бу ҳадисни Ибн Можа, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

[12] Ҳаж сураси, 78-оят.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж мавсуми келса, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдаги танишларини тўплаб, бирга ҳаж қилишни илтимос қилар эди. Улар рози бўлгач, .Пулларингизни олиб келинг,, дер эди. давоми...

1635 15:00 / 25.09.2021
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди .У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан .Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсан, деб сўрашди. У .Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

2551 08:00 / 16.01.2020
1. Маййитнинг бобоси унинг отаси туфайли ҳажбга учрайди. Шунингдек, яқин бобо узоқ бобони тўсади.2. Маййитнинг ота бир, она бир акаукалари унинг отаси, ўғли ва ўғил давоми...

1374 09:10 / 01.10.2019
.Онамни йўқотгач, қалб шодлигидан маҳрум бўлганман. Фурсат қўлдан кетмай туриб, оналарингиз билан яшаш бахтидан баҳраманд бўлинглар...,.Ҳаётимнинг дастлабки давоми...

1145 15:09 / 11.11.2020
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41813 14:35 / 11.08.2021