1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Исро ва меърож хотираси ҳақида

14:36 / 12.04.2018 6536 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Икки кундан кейин Ислом ва араб олами барча расмий ва оммавий табақаларда Исро ҳамда Меърож хотирасини ёдга олиб тантана қиладилар. Биз бу муборак ойдаги ушбу шарафли куннинг баракотли дақиқасида Аллоҳ таолонинг ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатган ҳурмат-эътибори ҳақида бир калима сўз айтиб ўтишимиз лозим.

Лекин биз ушбу ҳурмат-эътибор ҳақидаги қиссани айтиб бермоқчи ва айримлар каби унинг тарихи тўғрисидаги ихтилофларга киришмоқчи ҳам эмасмиз. Шунингдек, руҳ билан жасад биргаликда бир ердан иккинчи ерга боргани, у ердан юқори осмонларга кўтарилгани тўғрисидаги қатъий ва ишочли далиллар ҳақида ҳам гапирмоқчи эмасмиз.

Булар қайта-қайта такрорланувчи ананавий сўзларга айланиб бўлган. Имкониятига қараб хоҳлаган киши бу ҳақида суннатда келган исталган манбалардаги ушбу илмий-академик маъно ва тушунчаларга мурожаат қилиши мумкин. Лекин эътиборингизни қаратишим лозим бўлган нарса шуки, Аллоҳ таолонинг ўз расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатган ҳурмат-эътибори ҳақидаги гапларимиз ўзида биргина нарсани сақлаши лозим. Иккинчиси йўқ.

Агар биз ушбу муборак хотирани ёдга олиб тантана қилишимизда ростгўй бўлсак, албатта, бу ҳақидаги сўзларимиз ўзида Аллоҳга ва ундан кейин Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган янги битимни ўзида сақлаши лозим. Биз Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатган ҳурмат-эътибор ўзида яширган нарсани рўёбга чиқаришимиз ҳамда шу кечанинг ўзида умматга кўрсатилган ҳурмат-эътибор ўзида яширган нарсани бажаришимиз лозим.

Агар биз ростгўй бўлсак, бу буюк эҳтиром хотирасини ана шундай тантана қилишимиз керак.

Бу кечада Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларига кўрсатган иккинчи эҳтироми нима?

Бу таклиф шаклини олган эҳтиромдир.

Лекин ҳақиқатда у энг буюк ҳурмат эҳтиромдан ўзга нарса эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқори осмонларга кўтарилганида ва фаришталар ўтишга қодир бўлмаган муқаддас маконга етиб, у билан иззат Роббиси тўғридан-тўғри гаплашганида, унга нима деди?

Уни ва у сабабли умматини нима билан эҳтиром қилди?

Унга ва унинг умматига ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилди.

Кейин: «У амалда ва бажаришда беш вақт бўлса-да, ажр ва савобда элликтадир», деди.

Бу иккинчи эҳтиром Расулуллоҳнинг ўзларигагина хос эмас, балки унга ва унинг барча умматларига умумийдир.

Албатта, бу намоз таклифи зоҳиран буйруқ бўлиб кўринса-да, ботинан қараганда Аллоҳ азза ва жалланинг Муҳаммад алайҳиссалом умматларига кўрсатган энг буюк эҳтиромидан ўзга нарса эмас.

Эй дўстларим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқори осмонларга кўтарилганида, Аллоҳ азза ва жалла у кишининг умматларига тақдим этган беш вақт намоз нима ўзи?

Бу Аллоҳ азза ва жалланинг сени зиёфатга чақиришидир.

Ҳа, эй инсон, бу Аллоҳ таолонинг сени меҳмон сифатида қабул қилишидир.

Ҳа, шундай. Бу давлат раҳбарининг ёки ер юзида юрган ва ишларининг оқибати Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога банда бўлиб вафот этиш бўлган подшоҳлардан бирининг сени меҳмон сифатида қабул қилиши эмас.

Албатта, бу еру осмонларни қойим қилган, сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган зотнинг меҳмонга чақиришидир. Оламни пайдо қилган ва махлуқотларидан бирортасига бермаган нарсани сенга берган зотнинг меҳмон сифатида қабул қилишидир.

Аллоҳга иймон келтириб уни таниган қайси бир одам бу эҳтиромдан юз ўгиради, эй Аллоҳнинг бандалари?

Аллоҳ уни ўз олдида турғазиб, у билан гаплашиш учун меҳмонга чақирса ва Ундан хоҳлаган нарсасини сўраса, беришни ваъда қилиб қўйган бўлса. Уни меҳмон сифатида қабул қилиш учун Аллоҳнинг чақириғи келса, энди ким ундан юз ўгиради!

Буни менинг ақлим тасаввур қила олмайди.

Аллоҳни таниб, Унга иймон келтирган ва ўзини Аллоҳнинг ибодатига мансуб эканини лаззатини тотган ҳамда Аллоҳнинг дини ва Исломида содиқ бўлган одам қандай қилиб Аллоҳнинг унга берган зиёфатидан юз ўгиради! 

Бу ерда сен учун Аллоҳнинг олдида турган дақиқаларингдан ҳам лаззатлироқ таъм борми, эй одам боласи?

У сени кўриб турганини биласан. Сен ўзингни эшитаётган ҳамда сени ва сенинг ҳис-туйғуларинг уйғонган дақиқаларни кўраётган зотга муножаат қилаётганингни биласан.

Меҳмондорчиликка чақираётган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зиёфатидан юз ўгираётган ким ўзи?

Бизларнинг орамизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳис қилган нарсага ўхшаш туйғуни ҳис қила олмайдиган киши ким ўзи?

У зот айтган эдилар:

«Эй Билол, бизни у билан роҳатлантир», «Эй Билол, бизни намоз билан роҳатлантир».

Яна бир ҳадисда:

«Кўзимнинг қувончи намозда қилиб қўйилди», деганлар. 

Нима ҳам дея оламан, эй Аллоҳнинг бандалари?

Аллоҳни таниган инсонни эгаллаб олган ҳис-туйғу луғат ифода этишга ожизлик қиладиган энг олий даража ва энг юқори мақсаддир.

Мен кимман, Аллоҳ ўзининг олдида туриб у билан гаплашишим учун мени меҳмонга чақирмоқда ва мен унга айтаман: «Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни тўғри йўлга бошлагин».

Мана шу Меърож кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сайр қилдириб юқори осмонларга кўтарилганида берилган биринчи эҳтиромни амалга оширган иккинчи эҳтиромдир.

Аллоҳ таоло ўзининг Расулига берган совғалари (жуда кўп). Ана шулардан бири ушбу совғадир.

Расулуллоҳ айтаётган сўзга эътибор беринглар:

«Менга мендан олдин ҳеч бир Пайғамбарга берилмаган беш нарса берилди... Иккинчи берилган нарса: мен учун ер масжид ва покловчи қилиб қўйилди. Бас, менинг умматимдан кимга қаерда намоз ўқиш етса, ўша ерда ўқисин».  

Бу сенга Аллоҳ берган имтиёздир, эй одам боласи.

Сенга ернинг барча томонини, унинг ўнгу сўлини ва шарқу ғарбини оёғинг остига масжид қилиб қўйди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога сажда қилувчи пешонангни юзлантирадиган саждагоҳ қилди.

Ҳа, бу мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исро ва Меърож хотирасини нишонлаб тантана қилиш муносабати билан ўзимни ва сизларни эътиборингизни қаратмоқчи бўлган нарсадир.

Эй дўстларим, биз ҳақиқатда бу эҳтиромни ва унинг хотирасини нишонлаб тантана қилар эканмиз, ушбу ваъдани ёдга олинглар ва уни йўқ қилманглар. Аллоҳ азза ва жалла у билан бизга эҳтиром кўрсатган битимни янгиланглар. Ҳар кеча кунузда беш марта такрорланадиган ушбу зиёфат битимини қайтадан тикланглар. Мавлойимиз бўлган ягона зотга тилингиздан олдин қалбингиз билан:

«Бизга кўрсатган бу иккинчи эҳтиромни зое қилмаймиз», денглар. «Эй улуғлик ва икром эгаси, биз қаерга борсак ва сенинг олдингда туриш даъватини қаерда учратиб, қаерда топсак, шу жойнинг ўзида рукуъ ва сажда қиламиз», денглар.

Бу ҳақиқатда битимдир. Балки эслашимиз керак бўлган биз билан ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасидаги ваъдадир.

Албатта, бу насиҳатдир. У қоғозга ёзилган ёки сўз билан айтилган насиҳат эмас, лекин бу насиҳатни душанба тонгида, душанба Бомдодида Расулуллоҳнинг юзларини тўлдирган табассум ифода қилиб берган. Душанба Бомдоди вужудларига сизиб кираётган ўлим изтироблари бошланган вақтда Расулуллоҳ ўзи билан масжид ўртасидаги пардани кўтардилар, у ерда барча саҳобалар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг орқаларида саф тортиб Бомдод намозини ўқиётган эдилар.

Расулуллоҳ кўрган бу лавҳа ва уммати билан тузилган охирги аҳд у кишини ўлим изтиробига ғолиб қилди. Бу кўриниш ўлим оғриғига ғолиб келиб, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларида табассум тўлиб-тошди. Ҳатто одамлар намоздан чалғиб қолишларига оз қолди. Улар «Расулуллоҳ касалликларидан тузалибдилар ва масжидга кириб бизлар билан бирга намоз ўқишни истамоқда», деб ўйладилар.

Лекин у зот уларга ишора қилиб намозларингизни охирига етказинглар, дея пардани туширдилар. Расулуллоҳ бизнинг бу дунёйимиздан Аллоҳнинг ҳузурига жўнаб кетаркан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу охирги кўринишни ўзлари билан кўтариб бордилар ва Роббисига:

«Эй Мавлойим, мен уларни фақатгина Ўзингга ибодат қилаётган ҳолларида қолдириб келдим. Улар бут ва санамларга ибодат қилишдан ўзгардилар. Уларни сенга юзланиб рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида ташлаб келдим. Улар ёлғиз Ўзингга дуо қилмоқдалар. Эй оламлар Роббиси, улар фақат сенинг ибодатингни қилиб, сенга яқин бўлишмоқда», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу аҳд билан Аллоҳнинг ҳузурига жўнаб кетдилар. Табассум ўлим оғриқларига ғолиб келган эди.

Бу сиз кучдан қолдираётган ваъдадир. Бу умматининг суратида Расулуллоҳнинг хаёлларига келган ваъда эди. Ушбу ваъдани  бажаришда саҳобалар бу умматга намуна бўлганлар. Расулуллоҳ уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг олдида рукуъ ҳамда сажда қилаётган ҳолларида қолдириб кетган эди.

Бас, эй мусулмон дўстим! Эй мусулмон дўстим! Эй мусулмон дўстим! Расулуллоҳ розилик билан табассум қилиб сизларга ташлаб кетган ваъда ҳали ҳам ваъдадир. Бу ваъдани йўқ қилманглар.

Агар сиз ҳозиргача ҳам Аллоҳнинг қибласига юзланишдан қочиб юрган бўлсангиз ва сизни меҳмон қилиш учун зиёфатга чорлаган Аллоҳнинг чақириғига ижобат қилишдан ўзингизни четга олаётган бўлсангиз, бугундан бошлаб ҳозироқ тавба қилинг. Ҳозироқ Аллоҳ билан тузилган битимни янгилаб, Аллоҳ азза ва жаллага юзланинг.

Сиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан жўнаб кетаётган вақтда ҳақиқий табассум билан ваъда бериб хайрлашган иштирокчилардан бири бўлинг.

Бу гапимни қаерда бўлса ҳам ислом ва инсоният орасида мени эшитаётган ҳар бир дўстимга айтаман.

Ҳой дўстим, сен Аллоҳнинг бандасисан. Ҳаётингнинг барча табақаларида Аллоҳга бўлган бандалигингни ўрнига қўйиб қўй.

Агар сен банда бўлмасанг, унда сени ўзинг билан изма-из бораётган бандалик сифатига исён кўтаришга ҳаққинг бор. Агар сен ўзингни Аллоҳнинг олдига бормайман, деб билсанг, унда сен ҳеч нарсага арзимайдиган бир уюм ожиз нарсасан. Сен хоҳлайсанми-йўқми, барибир бандасан. Аллоҳга бўлган бандалигингни жойига қўй. Сени меҳмон сифатида чақираётган намоз билан Аллоҳга юзлан.

Эсла ва Аллоҳнинг ушбу сўзини унутма:

«Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо,103).

Зикр қил ва Аллоҳнинг ушбу сўзини ёдингдан чиқарма;

«Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт». (Тоҳа,14).

Бу сўзлар қанчалар ёқимли:

«Мени эслашинг учун намоз ўқи». «Сени эслашим учун намозни қойим қил». «Сенинг зикринг билан менинг зикрим бир-бирини қучоқлаши учун намозни тўкис адо эт».

Ҳой Аллоҳнинг бандалари! Бу намоз фоҳиша ва мункар ишлардан ҳамда бузғунчиликдан қайтаради.

Ҳаммамиз ҳам бузғунчиликдан қочадиган кишилармиз. Ҳаммамиз ҳам жамиятларимизни бузғунчиликлардан тозалаш учун ҳаракат қиламиз. Роббимиз азза ва жалла бизларга сифатлаб бераётган ушбу шифобахш давога бурилиб қарамаймизми?

«Албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир». (Анкабут, 45).

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.

2009 йил 17 июль 

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмини комил учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту давоми...

133490 18:40 / 29.04.2017
Икки азондан мурод азон ва иқоматдир. . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Азон ва иқомат орасидаги дуо рад давоми...

2315 11:09 / 30.08.2020
236. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун давоми...

1294 19:00 / 23.06.2023
Макка фатҳи куниРасули акрам амакилари ва эмикдошлари, Ислом душманларига қарши жангларда мислсиз шижоат кўрсатган амир Ҳамза Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

3378 19:04 / 28.04.2017
Аудиолар

120056 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар