3793 03.04.2018

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда таълим-тарбия, диний-маърифий йўналишлардаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, ушбу эзгу саъй-ҳаракатлар Ислом дини улуғлаган фазилатлар — бағрикенглик, саховат, мурувват, яхшилик каби эзгу амалларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. 

28 март куни “Ҳилол нашр” матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонларга тақдим қилинди. 

Бу ҳақда ношир Исмоил Муҳаммад Содиқ мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди: 

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолонинг муборак, барчани ожиз қолдирувчи тенгсиз каломи — Мусҳафи шариф юртимизда нашрдан чиқиши шарафли воқеадир. Куни кеча нашриётимизнинг барча дўконлари орқали бир хил нархда халқимизга етказилишига муваффақ бўлинди. 

Авваламбор, бу хайрли ниятнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаган раҳбарларимиз, унга ўз ҳиссасини қўшган азизларимиз, ватандошларимизни муборакбод этамиз. Қалби Қуръонга ошно халқимиз янги нашр этилган Мусҳафни шод-хуррамлик, хурсандчилик ва севинч кўзёшлари билан кутиб олди. Бу ёрқин ҳодиса мамлакатимизнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, динимизнинг софлигини асраш борасидаги эзгу ташаббуслари, эл-юртнинг дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг мушкулини осон қилишдек улуғ ишга бел боғлаганлари ҳар биримизга улкан ризолик, миннатдорлик бахш этди. 

Бугунги кунда ушалган қалб орзуларимиздан бири Қуръон мусобақаси бўлса, бири ушбу Мусҳафи шарифнинг чоп қилинишидир. Мусҳафи шарифни нашр этиш нашриётимизга асос солган устозимиз, падари бузрукворимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кўп йиллик саъй-ҳаракатлари, холис дуолари инъикоси, десак, муболаға эмас. Устозимиз кўплаб китобхонларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, юртимизда Мусҳаф чоп этишни ҳам йўлга қўйишга астойдил ҳаракат қилган, бунинг учун матбаа-нашриётимизнинг зарур моддий-техник асос ҳамда юқори малакали мутахассислар билан таъминланишига интилган эдилар. Ана шу меҳнатлар туфайли сўнгги йилларда матбаамизда бой ва ноёб тажриба тўпланди, Қуръони Каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит юзага келди. Зеро, Ислом уламолари Мусҳаф чоп этиладиган босмахонанинг шарт-шароити ҳамда ходимларга қўйиладиган талабларни ҳам кўрсатиб берганлар. Жумладан, Мусҳаф нашрга тайёрланадиган хоналар, муқаддас ояти карималар босиладиган дастгоҳларнинг покизалиги ва бошқа кўплаб талаблар борки, “Ҳилол-нашр” матбаа-нашриётидаги шарт-шароитлар буларнинг барчасига тўла жавоб беради. 

Қуръони Карим — Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё ва охират саодатига элтувчи муқаддас каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олиб, умматларига омонат ила етказганлар, уни ҳаётга татбиқ этиб кўрсатганлар. Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламои киромларнинг вазифаси ушбу илоҳий омонатни — Қуръон ва суннатни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Қуръони Каримни ўрганиш, ёд олиш ва ўргатиш Исломда энг улуғ ибодат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз — Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир”, дея марҳамат қилганлар. Шунинг учун қадим тарихимиз давомида Қуръони Карим ўқилмаган, Мусҳафи шариф кирмаган хонадон бўлмаган. 

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, Исломга, хусусан, Қуръони Каримга улкан хизмат қилган буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмонанд Ватанимиз мустақилликка эришгач, масжид-мадрасалар очилди, миллий қадриятларимиз, диний таълим, диний адабиётимиз тикланди. Халқимиз яна эмин-эркин Қуръон ўқий бошлади, натижада Мусҳафга бўлган эҳтиёж, талаб кучайди. Шу боис республикамизда Мусҳафи шарифни чоп қилиш давр талабига айланди. 

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда хориждан келтирилаётган Мусҳафларнинг нархи йўлкира, бож тўловлари ва устама ҳисобига жуда юқорилаб кетмоқда. Биз тақдим этаётган Мусҳафнинг нархи эса бир неча баравар арзон. Зеро, нашриётимизда Мусҳафи шарифни чоп этишдан кўзланган мақсад даромад олиш эмас, балки халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириш, диёримизда муқаддас китобимизни нашр қилиш анъанасини тиклаш, давом эттириш ҳамда ажру савобга эришишдир. 

Мазкур лойиҳа бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган. “Дорус-салом” нашриёти шундан келиб чиқиб, “Ҳилол-нашр”га Мусҳаф чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришдик. 

Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Иншааллоҳ, бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Келгусида фақат Мусҳафи шариф чоп этиш мақсадида алоҳида босмахона ташкил қилишни режалаштирганмиз. 

Зеро, Қуръон кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. 

Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади. 

Аллоҳ таоло азиз диёримизни Қуръон нури билан мунаввар айласин, бу буюк хизматга бел боғлаб, хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асраб, кўзлаган барча эзгу мақсадларига етказсин, ниятларини рўёбга чиқариб, ўйлаганларидан ҳам зиёда натижаларга эриштирсин. 


Манба: «Халқ сўзи» газетаси