1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Исломда тиланчилик йўқ

09:57 / 22.07.2017 6527 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом – инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи диндир. Икки дунё саодатига эришиш учун эса бу дунёда Аллоҳни таниб, У Зотга ибодат қилиб яшаш лозим. Ибодатларнинг тури кўп – маънавий, жисмоний, молиявий ибодатлар бор. Юқоридаги мавзуимиз ана шу молиявий ибодатларга оиддир. Ибодат – Аллоҳ таолога қуллик, бандалик қилиш демакдир. Бинобарин, молиявий ибодатнинг маъноси шуки, инсон ўзига Аллоҳ таоло ато этган моддий неъматлардан У Зотнинг розилиги йўлида сарфлаши лозим. Ана шу молиявий ибодат бўлади. Молиявий ибодат тўғри бўлиши учун энг аввало молиявий маблағ ҳалол касбдан, ҳалол йўли билан топилган бўлиши шартдир. Бу асосий масала. Кейинги муҳим масала – бу маблағни ҳалол йўлга, шаръий мақсадларга сарфлашдир.

Бу масаланинг мавзуимизга тегишли бўлган яна бир нозик жиҳати бор. Аллоҳ таоло имконият, мол-давлат ато этган одам уни ҳалол йўл билан топиб, ҳалол йўлга сарфласа кифоя экан, аммо ризқи тор бўлиб, Аллоҳнинг синови келиб, ўз меҳнати билан ўзини, аҳли оиласини таъминлай олмаган одам қандай йўл тутиши керак? Мана шу масала мавзуимизнинг асосини ташкил қилади.

Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, биродарининг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир. Устоз уламоларимиз айтадиларки, динимизда садақа ёки ёрдам сўраб келган одамни, яъни соилни жеркимасликка, уни имкон қадар қуруқ қайтармасликка буюрилган. Аммо, соил ҳам соиллик қилишга ҳақли бўлиши лозим. Гап шундаки, мусулмон кишига тиланчилик қилиш мумкин эмас. Фақатгина ногирон ёки бир кунлик таоми ҳам йўқ ёхуд катта қарзга ботган кишигина бировлардан нарса сўраб, эҳтиёжини қондириши мумкин. Тўрт мучаси соғлом, ҳеч бўлмаса ҳаммоллик қилиб ҳам тирикчилик қила оладиган кишига бировлардан нарса тиланиш жоиз эмас.Бойлик орттириш мақсадида тиланиш эса мутлақо мумкин эмас. Агар бундай кишилар тиланчилик қилаётган бўлса, уларга бу ишни ташлаш кераклигини айтиб, унинг ўрнига ҳалол меҳнат қилишни тавсия этиш лозим.

Ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ансорлардан бири соиллик қилиб келди. Унинг тўрт мучаси соғ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйидаги бор нарсасини сотиб, пулига арқон ва болта сотиб олиб, ўтин териб келиб сотишга буюрдилар. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиб, ҳеч қанча вақт ўтмай, тирикчилиги яхшиланганини айтиб, у зот алайҳиссаломга миннатдорчилик билдириб кетди.

Демак, садақа ва хайру эҳсонларга кимлар ҳақли эканини билиб олишимиз керак. Бунинг учун Қуръони Карим оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ўрганиш лозим. Умумий қоида шуки, Аллоҳ имкон берган одамлар жиддий, узрли сабаб билан ўз-ўзини таъминлай олмаётган, ҳақиқатдан ҳам муҳтож бўлиб қолган инсонларга ёрдам қўлини чўзиши керак. Одатда бундай инсонлар иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканини яширадилар. Асл ҳолни билмаган одам сиртдан уларни бой деб ўйлайди. Нафақани, хайр-эҳсонни ана шундай тоифадаги инсонларга қилиш керак. Аммо улар андиша қилиб, ўз ҳолатларини яширишса, хиралик қилиб, одамлардан тиланмаса, садақа бераман деб, бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини оёқости қилиб қўймаслик керак. Эҳсон Аллоҳ учун қилинаётган бўлса, имкон қадар махфий тарзда қилингани маъқул. Ихлос билан, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб садақа қилаверинг, у ёғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Ислом дини меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсон учун осонлик билан ҳалол ризқ топиш йўлини кўрсатиб берган. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Масалан, мол-дунёси кўпайиб, маълум миқдорга етган ва белгиланган муддат давомида эҳтиёждан ортиқча бўлиб турган бой кишилар закот берадилар. Иқтисодий имконияти бу даражага етмаган кишилар ҳам савобдан баҳраманд бўлиши учун ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади. Айни пайтда, муҳтож кишилар ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмай, иффатли, қаноатли бўлишга чақирилади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир. Хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик билан сўрамайдилар», оятини ўқинг», дедилар».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набийимиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ўзида етарли нарса бўлатуриб одамлардан тиланса, қиёмат куни юзи тирналган ҳолда келади», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча?» дейишди. У зоти бобаракот: «Эллик дирҳам», дедилар».

Шу ва шу мазмундаги бошқа шаръий далиллар асосида етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром, деган ҳукм чиқарилган.

Тиланчилик кўнгилни ғаш қиладиган нохуш ишдир. Шариатда яшаши ниҳоятда қийинлашиб, танг аҳволда қолингандагина, ўзини ҳалокатдан қутқариш учунгина тиланчилик килишга рухсат берилган. Лекин умр бўйи тиланчиликни касб қилиб олиш, ўзи соғ-саломат бўлса ҳам, ишламасдан, ҳалол меҳнат қилмасдан, балки меҳнатдан қочиб, бойлик тўплаш учун ёки умуман умрини тиланчилик орқали ўтказиш учун тиланчилик қилиш шариатга тўғри келмайдиган нарсадир.

Афсуски, ҳозирги кунда кўча-йўлларда, масжидлар ичидаю ташида, маҳаллаларда ва бошқа жойларда ҳам  тиланишни одат қилиб олган кимсалар кўпайиб бормоқда. Бунинг устига қопи тўла нони, чўнтаги тўла пули туриб, кечаю кундуз демай одамларни безовта қилиш, эшигини тақилатиш, бирор нарса беришни талаб этиш, хиралик билан туриб олиш ҳолатлари кўп учраяпти. Буларнинг бирортаси шаръан жоиз иш эмас. Бу хунук ҳолат Ислом маданиятига тўғри келмайди. Биз бу ҳолатдан қутулишга ҳаракат қилишимиз керак.

Тиланчилик маданиятсизликнинг, диний таълимотларга амал қилмасликнинг ёрқин намунасидир. Дангасалик, текинхўрлик, хизмат қилмасдан, пешона тери тўкмасдан бошқаларга оғир бир юк бўлиб ҳаёт кўришга ўтиш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган, нотўғри ишдир. Бундай жирканч ишни касб қилиб олганларга бирон нарса бермаган одам асло гуноҳкор бўлмайди, аксинча, садақанинг асл моҳиятини тўғри тушуниб олсак, уни фақат ҳақиқий муҳтож биродарларимизга берсак, жамиятдаги тиланчилик иллати ҳам аста-секин йўқолиб боради. Бунга қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Юқорида айтилганидек, ҳаётда қийналиб қолган кишиларга моддий ёрдам бериш – улкан ажру савобли иш. Лекин бундай садақани, бундай хайр-эҳсонни ўша муҳтож одамларнинг уйларига олиб бориб боришимиз керак. Бунинг учун бизда ҳушёрлик бўлиши керак, халқнинг, эл-юртнинг дардига малҳам бўлиш ғами бўлиши керак, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ орқали муҳтожларни аниқлаб, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш керак.  Зеро, инсоний қадриятини йўқотмаган ночор кишилар муҳтож бўлса ҳам уялиб, сўрамай туришади. Садақани кўчада юрган тиланчиларга эмас, балки ориятли, сўрашга ийманадиган ҳақиқий муҳтожларни топиб бериш чинакам савоб бўлади, ҳақиқий ибодат бўлади.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Султон Муҳаммад Алпарслон одил ва оқил султон сифатида машҳур бўлган. Вазир Низомулмлкнинг оқилона сиёсати ва маслаҳати Алпарслоннинг салтанати кенгайишида давоми...

2658 21:30 / 26.02.2022
Стэнфорд университетининг 2 йил аввал ўтказган тадқиқоти натижаларига кўра, Салоҳ Ливерпулда ўйнай бошлаганидан буён шаҳарда диний нафрат негизидаги жиноятлар давоми...

2559 09:00 / 27.07.2022
Бугунги кунда мусулмонлар кўп яшайдиган давлатларда, ҳатто, нефтга бой бўлган Яқин Шарқ ерларида ҳам, қашшоқлик муаммолари ечим топмади. Дарҳақиқат, бошқа давоми...

14816 10:35 / 12.12.2017
Муҳаммад ибн Аҳмад Муқрий ўзининг .Алмухтор мин навадирил ахбор, номли китобида айтади.Бир куни Аббосий халифалардан бўлмиш Маъмун қасрининг пешайвонидан туриб давоми...

1409 14:00 / 10.03.2022
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021