1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ислом таклифлари ва аҳкомларидаги васатийлик

23:17 / 21.04.2017 3171 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Ислом фақат ақийдадан иборат эмас. Исломда мусулмонлар адо қилиши лозим бўлган таклифлар ва бажариши зарур бўлган аҳкомлар ҳам мавжуд. Бу таклиф ва аҳкомларнинг борлиги таклифсизлик ва аҳкомсизликни ўзига раво кўрган тарафларнинг тутуриқсизлигига қарама-қарши бўлиб, ишнинг бир тарафини тўғрилашдир. Шу билан бирга, Ислом таклиф ва аҳкомларни тоқатдан ташқари тарзда жорий қилувчиларга ҳам қарши чиққан ҳамда уларнинг хатосини тўғрилаган. Оқибатда, бу соҳада ҳам васатийликни таъминлаган.

Исломда инсон таклиф ва аҳкомларсиз ўз ҳолига ташлаб ҳам қўйилмайди ва инсонга тоқатидан ташқари нарса таклиф ҳам қилинмайди.

1. Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жон нимага ярайдию нимага ярамайди – яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас», деган (286-оят).

Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади.

2. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламас», деган (185-оят).

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалардан Муъоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб: «Башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

3. Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

«Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир», деган (28-оят).

Аллоҳ инсонни Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина инсонга тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган» деб тургандан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда Аллоҳ таоло оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Хусусан, мазкур оятда эркак ва аёл, оила, никоҳ каби масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама, у билан ёлғиз қолма, уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол, маҳр бер, гувоҳ келтир...» ва ҳоказо.

Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборатдек туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади…» дейишади. Бу, албатта, содда ва осон кўринади, ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда, бу нарса яққол кўзга ташланади.

Дунё тарихини кузатсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқди. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади» каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжга чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ҳаётдан кўз юммоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (СПИД) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда «ХХ аср вабоси» деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўлини ахтармоқдалар. Бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда. Мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганликлари учун, битта энг осон, энг ишончли йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаяпти. Ақалли, ушбу касалнинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб кўрмаяпти ҳам. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Улар шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашгандирлар. Зоҳирий енгил кўринган ишга ўзларини уриб, оғирликдан бошлари чиқмай юрибди энди.

Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

4. Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига тоқатдан ташқари нарсани таклиф қилмасликни сўраб дуо қилиб туришни Бақара сурасида Ўзи таълим берган:

«Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин» (286-оят).

Маълумки, Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларга улар қилган осийликлари учун қийин-қийин таклифлар юборган.

Баъзиларига тавба қилиш учун ўзини ўлдиришни амр қилган бўлса, бошқаларига нажосатни кетказиш учун кийимини кесишни буюрган. Шунга ўхшаш оғир ишлар Ислом умматига ҳам бўлмаслиги сўралмоқда:

«Роббимиз, бизга қудратимиз етмайдиган нарсани юкламагин» (286-оят).

Мўминлар Аллоҳнинг амри қанчалик бўлса ҳам бажаришга доим тайёрлар. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенглигидан умидвор бўлиб, ўзларини кичик фаҳмлаб, ушбу дуони қилишмоқда.

5. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча сифатларини баён қилувчи Аъроф сурасидаги 157-оятда у зот одамларнинг

«устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган» Пайғамбар эканликларини таъкидлаган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келгунларича, турли тузум ва ҳукмлар халқлар елкасида оғир юк бўлиб, қўл-оёқларига кишан боғлаб турар эди.

Бу ҳол ҳаттоки ушбу сўзлар бевосита қаратилган, илоҳий китоб, Пайғамбар ва шариат соҳиби бўлган Бану Исроил устида ҳам бор эди.

Мисол учун, Бану Исроилдан кимнинг кийимига нажосат тегса, унинг ўрни кесиб ташланмагунча, кийими пок ҳисобланмасди.

Улар урушда ўлжага тушган нарсаларни куйдириб юборишлари керак эди.

Бану Исроилдан гуноҳ қилган одамларнинг эшикларига айбдор киши қандай йўл тутса, гуноҳи афв бўлиши ёзилиб қоларди. Чунончи, гуноҳкор кўзини ўйиб олиши лозимлиги ёзилса, ўз кўзини ўйиб олар эди. Бошқаларда бундан ҳам баттар ҳукмлар мавжуд эди.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган башорат ҳақиқатга айланиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келдилар ва инсоният елкасидаги мазкур оғир юкларни олиб ташлаб, қўл-оёғидаги кишанларни парчаладилар.

6. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Ислом осон дин эканини қайта-қайта таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу дин осонликдир. Ким динда ашаддийлашса, (дин) уни енгмай қўймайди. Тўғриликни лозим тутинглар, (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар ва хушхабар беринглар. Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охирида (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:

«Бу дин осонликдир», демоқдалар.

Яъни дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийин», деб сафсата сотувчиларга қаттиқ раддиядир.

Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир.

Инсон каби яшаш қасдида бўлган одам буни дарҳол тушуниб етади. Чунки Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир.

Инсон каби яшашни хоҳламаганлар учун эса ҳамма инсоний таклифлар қийиндир. Чунки чин инсон шарафини кўтариш чин инсон эмасларга муяссар бўлмас. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.

«Ким динда ашаддийлашса, (дин) уни енгмай қўймайди».

Яъни динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одам бориб-бориб йўлдан чиқади. Йўлдан чиқиши турлича бўлиши мумкин. Баъзилари ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалари эса ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундай одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.

«Тўғриликни лозим тутинглар».

Яъни шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.

«(Ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар».

Яъни шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.

«ва хушхабар беринглар».

Яъни доимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхшилик гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.

«Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охирида (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар».

Ушбу жумладаги «ёрдам сўранглар» дегани «нафл ибодат қилинглар», деганидир. Доимо ибодат билан машғул бўлса, қийналиб кетади. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилинса, яхши бўлади, деган маънони англатади.

Бухорий қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга энг севимли дин кенг ҳанифликдир», деганлар.

Ҳанифлик – ёмонликдан яхшиликка, ботилдан ҳаққа мойиллик, ҳақ динга юзланиш.

Бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг маҳбуб дин – шариат ҳақида сўз кетмоқда. Шунингдек, диндаги энг маҳбуб хислат ҳақида сўз кетмоқда, десак ҳам бўлади. Бу нарса ҳанифлик ва осонликдир. Луғатда «ҳанифлик» деб ботилдан ҳаққа мойил бўлишга айтилади.

Албатта, бу сифат Исломда мужассам бўлгандир. Шунингдек, осонлик сифати ҳам Ислом динида мавжуддир. Қадимда Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати «ҳаниф миллат» деб аталган. Чунки у зот бутларга чўқинишдан кўра Аллоҳга ибодат қилишга мойил бўлганлар. Кейинчалик, хатна қилдириб, ҳаж ибодатини адо этган одамни араблар «ҳаниф» деб атайдиган бўлишган.

Диннинг осон бўлиши эса унда тазйиқ ва тангликнинг йўқ бўлишидир. Бу, албатта, фақат Ислом динида ўз аксини топган. Исломда ботилнинг турли кўринишларидан ҳаққа тамомила мойил бўлиш бордир.

Ислом шариати энг осон шариатдир. Унда бандаларга танглик, қийинчилик йўқдир. Шариат ҳукмларининг барчаси айнан бандаларга осон ва улар учун манфаатли бўлишини кўзлаб жорий қилингандир.

Шунинг учун Ислом шариати Аллоҳнинг ҳузуридаги энг маҳбуб шариатдир. Унга амал қилган одам ботилдан кўра ҳаққа мойил бўлади. Бу шариатга амал қилган одам осон, енгил шариатга амал қилган бўлади.


ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ  

(ВАСАТИЯ ҲАЁТ ЙЎЛИ КИТОБИДАН)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

4396 05:00 / 03.03.2017
Умму Гулсум бинти Уқба ибн Абу Муъайт розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Одамларнинг орасини ислоҳ қилувчи одам давоми...

2957 05:00 / 03.03.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Мен бир саркаш туяга минган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мулойим бўл. Чунки мулойимлик қайси бир давоми...

2675 05:00 / 03.03.2017
Менинг одатим, агар пиёда юришга кучим етса, машинага чиқмайман. Агар қуёш нури остида юришга кучим етса, соясалқин жойда юрмайман. Бу Ливаннинг қуёши бўладими, давоми...

3623 05:00 / 04.03.2017
Аудиолар

120143 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41807 14:35 / 11.08.2021