1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Инсоний алоқалар одоби (2-қисм)

17:10 / 09.07.2017 4096 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

13. Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик. 

Уч марта изн сўрайди. Рухсат берса, киради, рухсат бермаса, қайтиб кетади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қи­лади:

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (Нур сураси, 27-оят).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«…Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сиздан бирор киши уч марта изн сўраганида изн берилмаса, ортига қайтсин...» дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахс­ни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин.

«Изн» деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.

Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетиши лозим.

14. Барчага ҳусни хулқ ила муомалада бўлиш.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Мўмин-мусулмон банда ўз муомаласини барча одамлар ила ҳусни хулқ асосида олиб бормоғи керак.

15. Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва болаларга раҳмли бўлиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир чол келганда қавм унга жой беришга кечикди. 

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир ёш қарияни ёши учун икром қилса, албатта, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган шахсни муҳайё қилади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

«Асарлардан бирида: «Ким каттамизни улуғламаса, кичигимизга раҳм қилмаса ва уламоларимизни эътироф қилмаса, биздан эмас», дейилган». 

16. Барча одамларга нисбатан очиқ чеҳрали, меҳрибон ва мулойим бўлиш.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. Адашган еридаги одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиканни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг пақирингдан биродарингнинг пақирига қуйиб бермоғинг садақадир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Очиқ юзли бўлиш ҳусни хулқнинг бир шўъбасидир. Бировнинг юзига фақат бир марта табассум ила боқиш ҳам садақа экан. Исломда кишилар орасидаги ўзаро муомалаларга қанчалик эътибор берилганини қаранг! Садақа қилишдек улуғ ишнинг савобини олмоқчи бўлган одам бошқа бировга табассум ила боқиб қўйса, етарли. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У Зот мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани беради», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингни очиқ юз билан қарши олишинг ҳам, ўз пақирингдан биродарингнинг идишига бўшатмоғинг ҳам маъруфдандир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:

«Яхшилик – фарзу вожибларни қилиш, ҳаромдан ҳазар қилиш, одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.

17. Берган ваъдасига вафо қилиш.

Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ваъда қарздир», дедилар».

Табароний Авсат ва Сағирда Алининг ўзидан қилган ривоятда қуйидагини зиёда қилган:

«Ваъда бериб, хилоф қилганга Вайл бўлсин», деб уч марта айтди».

Абу Довуд «Маросийл»да ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зот Расул этиб юборилишларидан олдин савдо қилдим. Менда у зотнинг бир оз ҳақлари қолди. Мен уни турган жойларига келтириб беришни ваъда қилдим. Аммо унутиб қўйдим. Уч кундан кейин ёдимга келди. Келсам, у зот жойларида турибдилар. Мени кўриб:

«Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг-ку, уч кундан буён шу ерда интизор бўлиб турибман», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

18. Ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўриш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. 

Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани ўзининг бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.

19. Кўриниши ва ҳайъати мартабасига далолат қилиб турган одамни улуғлаш ва ҳар кимнинг мартабасига қараб муомала қилиш.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Жарир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. Ул зотнинг олдиларида саҳобалари бор эди. Ҳеч ким ўз жойидан қимирламади. Расулуллоҳ ридоларини олиб, унга ирғитдилар.

Жарир уни кўкси ва юзи ила қабул қилиб олди. Ўпиб, икки кўзига суртди ва:

«Мени сиз ҳурмат қилган бўлсангиз, Аллоҳ сизни ҳурмат қилсин!» деди.

Сўнгра уни Расулуллоҳнинг елкаларига солиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бир қавмнинг ҳурматли одами келганда уни икром қилсин», дедилар». 

Ҳоким ривоят қилган.

20. Аввалдан ҳаққи бор шахсни эҳтиром қилиш.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаъронада гўшт тақсимлаётганларини кўрдим. Ўша вақтда мен ёш бола эдим. Туянинг суягини ташиб турган эдим. Бирдан бир аёл келиб қолди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. Ул зот унга ридоларини ёздилар. У унинг устига ўтирди. 

«Бу ким?» дедим.

«Ул зотни эмизган оналари», дейишди».

Абу Довуд ривоят қилган.

21. Мусулмонларнинг орасини ислоҳ қилиш учун қўлидан келган барча чораларни ишга солиш.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: 

«Уларнинг кўплаб махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, садақага, маъруфга ва одамлар орасида ислоҳга буюрган кишигина бундан мустасно. Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга буюк ажр берурмиз» (Нисо сураси, 114-оят).

Ушбу ояти каримада яхшилиги бор суҳбатлар қаторида одамлар орасида ислоҳ учун олиб борилган суҳбатлар ҳам зикр қилинмоқда. Демак, ўша яхши иш шариатда бор, мўмин-мусулмонлар уни қилишлари керак.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга рўза, намоз ва садақадан ҳам афзал даража ҳақида хабар берайми?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

«Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Одамлар орасини бузиш эса қирувчидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизий «Сочни қиради, демайман. Лекин динни қиради»ни зиёда қилган. 

Ушбу ҳадиси шарифдан одамлар орасини ислоҳ қилиш нақадар яхши иш эканини билиб оламиз. Шу билан бирга, одамлар орасини бузиш нақадар ёмон иш эканини, у худди устара билан сочни қириб ташлагандек, кишининг динини қириб, йўқ қилиб  ташлаб, динсиз қилиб қўйишини билиб оламиз.

Саҳл Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бану Амрнинг орасида уруш бўлган эди. Бу (хабар) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот пешинни ўқиб бўлиб, уларнинг орасини ислоҳ қилиш учун келдилар».

Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.

Ўзаро урушиб қолган қавмни яраштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари боришлари сулҳ ўта аҳамиятли иш эканига далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ишларидан барча мўмин-мусулмонлар, хусусан, уларнинг ишига бош бўлиб турган раҳбар шахслар ўрнак олишлари лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан. 

«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига (кўнглини кўтариш учун) гапиришида рухсат берганлар», деди у».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман», дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни...» дейилган.

Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган.

Мусулмонларнинг бир-бирлари билан урушиб юриш­лари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам, уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапиришга ҳам рухсат бор. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради. 

22. Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир авратни кўриб, уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Мусулмон одамнинг айбини беркитиш ана шундай улуғ иш. Бир мусулмоннинг иккинчисининг айбини фош қилиб, уни одамлар ичида шарманда қилиши худди уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Мусулмон одам кишилар ичида шарманда бўлганидан кўра ўлгани афзал. Шунинг учун ҳам биродарининг айбини беркитган одам уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади.

Муъоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб, унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади. Ким бир мусулмонни шарманда қилиш учун бир нарса билан айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида то у гапидан қайтгунича ушлаб туради», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб, обрўсини тўкаётган бўлса, уни эшитиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Унинг мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда ўзига катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Бас, шундай экан, мўминлар бир-бирларини мунофиқларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан ҳимоя қилишлари зарур.

Аксинча, бу дунёда мўмин-мусулмонни айблаш билан машғул бўлган одам қиёматда хижолатда қолар экан. Қилган нобакорлиги жазоси ўлароқ, жаҳаннам кўпригидан ўта олмай, тўхтаб қолар экан. Бас, шундай экан, мўмин банда зинҳор ўз биродарини айблашга ўтмасин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ бу дунёю охиратида унинг ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ бу дунёю охиратда унинг айбини беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакина тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида уни зикр қилади. Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимизнинг айтишларича, айбни беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади. 

Биринчиси – моддий камчиликларни беркитиш. Мисол учун, баданини беркитиш учун кийим олиб бериш. Иккинчиси – маънавийси эса, ёмон иш қилганини кўриб қолиб, ҳеч кимга айтмай, беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турадиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар яхши бўлади. 

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак, ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкора қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.

Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Чунки Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Аммо у бировнинг айбини ошкор қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши турган гап. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди ҳамда жамият таназзулга юз тутади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёда ажойиботлар кўп, лекин кўз кўриши мумкин бўлган энг ажойиб ва ҳайратланарли нарса одамлар орасида ўзларини Аллоҳнинг қўл остида ҳаёт кечираётганларига, давоми...

3724 18:47 / 27.02.2018
У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва .Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади,, деди. Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга давоми...

3075 20:41 / 10.06.2018
Абу Нуъайм ўзининг .Ҳулятул авлиё,сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимдан ривоят қилади.Зуннун Мисрий ўз дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим.Аллоҳим давоми...

3145 20:32 / 16.07.2017
Агар бор қилинганларда Унинг зоҳир бўлиши бўлмаса, уларни кўриб бўлмас эди. Агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўларди.Кўзимизга кўриниб турган давоми...

3865 20:26 / 09.09.2017
Аудиолар

120110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41777 14:35 / 11.08.2021