1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш

05:00 / 06.03.2017 5132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш, деганда руҳни ва жасадни муҳофаза қилиш тушунилади. Бу маънода Ислом энг аввало, одам боласини, у ким бўлишидан қатъи назар, азиз ва мукаррам қилганини алоҳида таъкидлаш лозим бўлади.

Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида жумладан, қуйидаги чораларни кўрган:

 

1. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида одам боласини азиз ва мукаррам деб эълон қилган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Исро сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги нарсалардан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда. Оятнинг тафсири билан аввалроқ танишиб ўтдик.

Одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқ. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

2. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонга Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деб қарайди. 

Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсаларининг гултожи бўлмиш инсонни азиз ва мукаррам этгани учун уни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари ҳам қилиб қўйди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

 

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди» (30-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўлмоқда. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган ва у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган.

 

3. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида барча нарса инсоннинг саодати учун эканини эълон қилган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратганидан ва уни Ўзининг ердаги халифаси қилганидан сўнг унинг бу дунёдаги ҳаёти саодат ила қуршалган бўлиши учун Ўзи яратган барча нарсаларни инсон учун, унинг бахт-саодати учун беминнат хизматкор ҳам қилиб қўйган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Жосия сурасида бундай деб марҳамат қилади:

 

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир» (13-оят).

Демак, осмонлардаги ҳамма нарса Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир.

Ердаги барча ашёлар Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир. 

Бу улкан ҳақиқатни фақат тафаккур қилганлар тушуниб етадилар. Фақат ақл ишлатиш, тафаккур қилиш орқали борлиқдаги ҳамма нарсанинг инсон учун бўйсундирилгани англаб етилади ва улардан инсон учун фойда олинади. Бу ҳам инсоннинг бу дунёда бахтли яшаши учун Аллоҳ томонидан яратилган улкан шароитдир.

Аллоҳ таоло инсонни йўқдан бор қилиб яратганидан, уни азизу мукаррам қилганидан, Ўзининг ердаги ўринбосари қилганидан, осмонлару ердаги Ўзи яратган барча нарсаларни инсонга беминнат хизматкор қилганидан ва бахтли ҳаёт ҳаққини берганидан сўнг ўша ҳаётни муҳофаза қилишнинг барча чораларини ҳам кўрди.

 

4. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида одам ўлдиришни қатъиян ҳаром қилган.

Яъни бир одамнинг ҳаётини сақлаш учун бошқа бир одамни ўлдиришни қатъиян ман қилди. У Зот Моида сурасида шундай дейди:

 

«Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандекдир. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандекдир» (32-оят).

‎Исломда ҳар бир жон ниҳоятда юқори баҳоланади. Зотан, ўлим жазоси ҳам бошқа яхши жонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чиқарилади. Шу боис, бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдириш каби жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан баробардир.

Ҳа, инсон бахт-саодати учун жорий бўлган дин – Ислом назарида, бир инсоннинг ҳаёт ҳаққига тажовуз қилиб, уни ўлдиришга журъат этган одам бутун инсониятни ўлдиргандек бўлади. Чунки у инсонлик ҳаққини ноҳақдан поймол этди. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан бошқа ато эта олмайдиган, ато этиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хос бўлган улуғ неъматга тажовуз қилди.

Шунингдек, мазкур ҳақ улуғ неъмат экани боис инсон ҳаётини ҳимоя қилиш масаласи ҳам юқори баҳоланади. 

Бирор одамнинг ўлимдан сақланиб, яшаб қолишига сабаб бўлган одам бутун инсониятнинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлган кишидек тақдирланади.

Инсон ҳаёти улуғлиги сабабли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳатто ҳомиланинг ўлимига сабаб бўлганларга ҳам жазо белгиланган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану лиҳёнлик бир аёлнинг ҳомиласида бир эркак ёки аёл қулни озод қилиш ҳақида ҳукм чиқардилар. Сўнгра у зот қул озод қилиши ҳақида ҳукм чиқарган аёл вафот этиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Унинг мероси болаларига ва эрига тегади, хунни эса у (жиноятчи) аёлнинг ота тарафдан эркак қариндошлари тўлайдилар», деб ҳукм чиқардилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Исломда ҳар қандай инсоннинг ҳаёти ўта қадрли бўлганлиги сабабли ҳам жон кирган ҳомилани олдириб ташлаш қотиллик ҳисобланади. Бу иш жоҳилият давридаги боланинг тириклайин кўмиб ташлаш жиноятининг кичик кўриниши деб баҳоланади. Ўз роҳатини кўзлаб, жони бор ҳомиласини олдириб ташлаган аёл ўз боласининг қотили бўлади. Бу ишни бажарган одам ҳам шу жиноятга шерик бўлади.

 

5. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдиришни (ўз жонига қасд қилишни) ҳаром қилган.

Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган ҳақ бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қила олмайди, ман ҳам қила олмайди. Инсоннинг ҳаётини фақат Аллоҳ таологина олишга ҳақли. Ҳаттоки ўша ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига суиқасд қила олмайди. Исломда бировни ўлдириш қанчалик ёмон олинса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмон олинади. 

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 «Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, уни албатта дўзахга киритурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (29–30-оятлар). 

У Зот биз, мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтариб, нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар У раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, инсон зоти катта машаққатда қолган бўлар эди.

Ўз жонига қасд қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қаттиқ қораланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул-абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарини қўлида тутган ҳолида абадул-абад (заҳар) ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида ўша темирни қўлида тутган ҳолида абадул-абад ўша(темир)ни қорнига санчиб туради», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсоннинг жони алоҳида қадр-қийматга эгадир. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди. 

Шу сабабли инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки ҳеч бир инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда ёки Аллоҳнинг шариатида кўрсатилган ҳукмга биноангина бўлиши мумкин.

Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукрлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифда ўша вақтдаги ўзини ўзи ўлдиришнинг уч тури ва қиёматда уларга бериладиган азоб васф қилинган.

1. Ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдириш.

Ўзини баланд жойдан ташлаб ўлдириш доимо содир бўлиб келган. Ушбу номаъқул ишни қилган одам у дунёда қилганига яраша алоҳида азобга дучор қилинар экан. Аввало, ўзини ўзи ўлдиргани учун дўзахга тушар экан. Қолаверса, бу дунёда ўзини тоғдан ташлаб ўлдиргани сабабли у дунёда, дўзах қаърида ҳам доимий равишда ўзини тоғдан ташлаб, қийналиб турар экан. Ҳар сафар ташлаганда қийналиб ўлиш азобини янгидан тортиб турар экан. Бу ғоятда оғир азобдир.

2. Заҳар ичиб, ўзини ўлдириш.

Бу ҳам ўзини ўзи ўлдиришнинг турларидан биридир. Бу ишни қилган одам ҳам охиратда жаҳаннамда доимий равишда заҳар ичиб ўлиб, яна қайта тирилиб, яна ўлиб, яна тирилиб қийналар экан. Бу ҳам ўзига хос азобдир.

3. Ўзини темир билан ўлдириш.

Бунга ўзини ўзи пичоқлаш, бошқа темир асбоблар билан ўлдиришлар киради. Ушбу ишни қилган одам ҳам қиёматда икки хил азоб – дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда худди бу дунёдаги каби, ўзини ўзи қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади. Аллоҳ Ўзи сақласин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукр бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади.

 

6. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзига ўзи ўлим тилашни ҳаром қилган.

Исломда нафақат ўзини ўлдириш, балки ўзига ўзи ўлим тилаш ҳам ман қилинган. Ўзига ўлим тилаган Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

«Эй амаки, ўлим тилама. Агар сен яхши бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, яхшилигингга яхшилик зиёда бўлгани сен учун яхшидир. Агар ёмон бўлсанг, ўлиминг орқага сурилиб, ёмонлигингдан қайтсанг, сен учун яхшидир. Бас, ўлимни тилама», – деганлар.

Аҳмад ривоят қилган.

 

7. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида қасосни жорий қилган.

Қолаверса, инсон ҳаётини сақлаш мақсадида ушбу ҳаётга тажовуз қилганлардан қасос олиш жорий қилинди. 

Ҳа, ҳаёт ҳаққини инсонга Аллоҳ берган. Уни инсондан фақат Аллоҳгина олиши мумкин. Бу жараён табиий ҳолда кечиши ёки Аллоҳнинг ҳукмига биноан қатл жазосини ижро этиш билан бўлиши мумкин. Аллоҳ эса фақатгина кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида кўпчилик ҳаётига таҳдид солганларгагина ўлим жазосини белгилаган. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:

 

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди...» (178-оят)

Яъни қасддан одам ўлдирганлардан қасос олиш фарз қилинди. Араб тилида «қасос» сўзи бировнинг қилган ишига ўхшаш иш қилиш маъносини англатади. Хусусан, биров юриб ўтган йўлдан изма-из юриш деган маънони билдиради. Қасддан одам ўлдирганни ҳам ўзи қандай қилиб ўлдирган бўлса, шундай қилиб ўлдирилади. 

Қасос олишнинг шариатга киритилишининг ҳикмати келаси оятда баён қилинади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кейинги оятда шундай дейди:

 

«‎Қасос олишда сиз учун ҳаёт бор, эй ақл эгалари! Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 179-оят).

Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад – ҳаётни сақлаш учун керак экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам агар бошқа бировни ўлдирса, қасоси учун ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди. Бир кишининг ҳаётига қасд қилиш, умуман, ҳаётга қасд қилиш билан баробардир. Агар жиноятчи бир кишининг ҳаётига қасд қилса, умуман, ҳаётга қасд қилган бўлади.

Шунинг учун ҳам қотилдан қасос олинади. Қасос олиш ҳақидаги ҳукмнинг ўзи жиноятчини ҳушига келтириб қўяди. Оз сонли қотиллардан қасос олиш кўплаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида ушбу ҳукм жорий қилиниши билан одам ўлдириш тўхтаб қолгани ёки йўқ даражада камайиб кетгани ҳам шундан.

Шу ерда жиноятчидан қасос олиш ҳар кимнинг ўз иши эмас, ҳукумат йўлга қўядиган иш эканини ҳам таъкидлаш керак. Исломда ўзбошимчалик билан бировни жазолаш йўқ. 

 

8. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонга тан жароҳати етказишни ҳаром қилган.

Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш деганда фақатгина уни ўлимдан сақлаш эмас, балки ҳаётининг бахтли-саодатли бўлишини таъминлаш ҳам кўзда тутилади. Шунинг учун ҳам Исломда фақат инсонни қатл қилишни ман қилиш билангина чегараланиб қолмасдан, унга тан жароҳати етказиш ҳам қатъий тарзда ман қилинган.

Эшитиш, кўриш, ҳидлаш, эслаш, ушлаш каби хусусиятларга футур етказиш ҳам инсон танасига етказилиши мумкин бўлган жароҳатлар жумласига киради. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Моида сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 «Ва унда уларга «жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш» ва «жароҳатларда қасос» деб фарз қилдик» (45-оят).

Яъни «Жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёздик. Жонга – жон, яъни одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга – кўз, яъни бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Шунингдек, бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзоларга етказилган жароҳатлар учун ҳам шунга ўхшаш қасос олинади.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли Яманга юборган мактубларида:

«Ким бир мўминни (қасддан) бесабаб ўлдирса ва бу собит бўлса, албатта, у ўлимга ҳайдаб борилади. Магар ўлдирилганнинг валийлари рози бўлсалар, ҳайдалмайди. Албатта, бир жон учун хун юзта туядир. Бурун учун, агар у таг-туги билан кўчирилган бўлса, (тўлиқ) хун, тил учун (тўлиқ) хун, икки лаб учун (тўлиқ) хун, икки мояк учун (тўлиқ) хун, закар учун (тўлиқ) хун, сулб учун (тўлиқ) хун, икки кўз учун ҳам (тўлиқ) хун. Бир оёқ учун ярим хун. Мия пўстлоғигача ёрилган бош учун хуннинг учдан бири. (Бошдаги) чуқур жароҳат учун хуннинг учдан бири. Суяккача шилинган тери учун ўн бешта туя. Қўл ва оёқнинг ҳар бир панжаси учун ўнтадан туя. Тиш учун бешта. Чуқур жароҳатланган аъзолар учун бешта. Аёл кишини ўлдирган эркак ҳам ўлдирилади. Олтин эгалари хунга минг динор берадилар», дейилган. 

Насоий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

 

9. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонни уриш ва азоблашни ман қилган.

Исломда фақат инсонни қатл қилишни, унга тан жароҳати етказишни ман қилиш билангина чегараланиб қолмасдан, уни уриш ва азоблаш ҳам қатъий тарзда ман қилинган.

Шариатимизда ушбу масала бўйича келган ҳужжат-далилларни ўрганадиган бўлсак, умумий назариётга боғлиқ маълумотлардан ташқари, амалий маъно айни воқеликдан, ҳаётнинг мағзидан олингандир. Бу эса Ислом таълимотлари ҳаводан олинмаганлигига, балки улар ҳаёт тажрибалари билан йўғрилганлигига яна бир ёрқин далилдир. Ислом дини келган пайтларда хўжайинлар томонидан қул ва хизматчиларни азоблаш кенг тарқалган эди. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадислар айнан ана шу мавзуда ворид бўлгандир.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ўз ғуломига тарсаки туширса, бунинг каффорати уни озод қилишдир», деганларини эшитдим». 

Аҳмад ривоят қилган.

Бу «Ўз қулини ноҳақдан бир тарсаки урган одамнинг гуноҳи фақат ўша қулни озод қилиш билангина ювилади» деганидир. Энди ўз қулидан бошқани урган, тарсаки эмас, турли асбоблар билан урган, тепган, ҳушидан кетказган, бошини ёрган, аъзосини майиб қилган, тирноғини суғуриб олган ва бошқа азобларга дучор қилган ваҳшийларнинг ҳоли нима бўлишини тушуниб олаверишимиз мумкин. 

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий равишда хизматларида турган, у зотнинг доимий ҳамроҳлари бўлган ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг гувоҳлик беришларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ҳеч кимга, ходимларига ҳам бирор оғиз қаттиқ гап айтмаганлар, сўкиш ва уриш ҳақида эса гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас.

Шу билан бирга, Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобаларининг ҳам бу ишни қилишларига йўл қўймаганлар. Биргина мисол келтирайлик.

Имом Муслим келтирган ривоятда саҳобалардан Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

 

«Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан «Эй Абу Масъуд, билгинки» деган овозни эшитдим. Ғазабнинг кучидан овозни танимадим. (Овоз эгаси) менга яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот:

«Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирроқдир», демоқда эканлар. Мен дарҳол:

«Бундан сўнг ҳеч қачон қулни урмайман, – дедим. У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчим тушиб кетди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг розилиги учун у ҳурдир», – дедим. У зот:

«Агар шундай қилмаганингда, дўзах сени куйдирган бўлар эди», – дедилар».

Шунингдек, давлат олдида айбдор ҳисобланганларни ҳам давлатнинг номидан азоблаб бўлмайди:

 

«Ҳишом ибн Ҳакийм ибн Ҳизом розияллоҳу анҳумо Шомда офтобга турғизиб қўйилиб, устиларидан ёғ қуйилган (ажам деҳқонларни) кўриб қолиб:

«Бу нимаси?» – деди.

«Харож (бермаганлари) учун азобланмоқдалар», – дейилди. Шунда у:

«Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, бу дунёда одамларни азоблаганларни Аллоҳ азоблайди», деганларини эшитганман», – деди».

Муслим ривоят қилган.

Ҳа, инсонларни ноҳақ азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, у дунёда ҳеч қачон қутула олмайдилар.

Ислом ҳукми бўйича, инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин.

Халифа Умар ибн Хаттоб одамларни урган ёки урдирган волийларнинг ўзларини урдирар эдилар.

Бир куни бир жангчи ўз амири Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб келди. У ўз улушининг тўлиқ берилишини қаттиқ туриб талаб қилгани учун амир уни урган ва сочини олдириб ташлаган эди. 

Умар розияллоҳу анҳу амир Абу Мусога:

«Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўзингдан қасос олишига имконият яратиб бер. Холи жойда қилган бўлсанг, унга холи жойда ўзингдан қасос олишига имконият яратиб бер. Бўлмаса, иш бошқачага айланади», деб мактуб юборди. 

Амир Абу Мусо халифанинг амрига бўйсуниб, жангчига ўзидан қасос олиши учун имконият яратиб берди. Лекин жангчи уни афв этди.

Ислом тарихида бунга ўхшаш мисоллар тўлиб ётибди. Ислом таълимотлари қуруқ гап эмаслиги эса ҳаммага маълум.

 

10. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсонни жисмоний толиқтириш мумкин эмаслигини эълон қилди.

Инсон бахт-саодати учун жорий бўлган Ислом фақатгина одамзодни ноҳақдан ўлдириш, унга тан жароҳати етказиш, уни калтаклаш ва азоблашни ман қилибгина қолмай, балки унга тоқатидан ташқари, жисмоний толиқишига сабаб бўладиган ишларни юклашни ҳам ман қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қулга таоми ва кийими (берилади) ва тоқати етмайдиган иш юкланмайди».

Аҳмад ривоят қилганлар.

Агар қулга унинг тоқати етмайдиган ишни буюриш мумкин бўлмаганидан кейин, ҳурга бундай ишни юклаш мутлақо мумкин эмаслигини ҳамма яхши билиши турган гап.

Инсонга жисмоний толиқишга сабаб бўладиган амалларни юклаш ибодатларда ҳам мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:

 

«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас» (286-оят). 

Ҳамма нарсани дақиқ нуқталаригача билувчи Аллоҳ таоло ҳар бир жонни, у нимага ярайди-ю, нимага ярамайди, яхши билади. Бандаларига меҳрибон бўлганлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилмайди:

«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас».

Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкон даражаси доирасида бўлади. Ана шу таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. 

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, бизга:

«Тоқатларингиз етган нарсада», – дер эдилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Тоқатларингиз етган нарсада», дейишлари Исломнинг умумий қоидасига мувофиқ гапдир. Исломда инсондан унинг тоқатидан ташқари нарсани талаб қилиш йўқ.

 

11. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи қийнашни ман қилди.

Исломда инсонни жисмоний толиқтирмаслик фақат шариат ёки бошқа инсонлар томонидан эмас, балки ўзи тарафидан бўлишидан ҳам қайтарилган.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:

«Бу аёл ким?» – дедилар. 

«Фалона», дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар. 

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», – дедилар». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига:

«Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли аёл. Туни билан ухламай, намоз ўқиб чиқади», – деганлар.

 

12. Ислом шариати инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида инсоннинг соғлигини сақлаш борасида барча керакли чораларни кўрган.

Инсон бахту саодати учун жорий бўлган, мақсади инсон ҳаётини муҳофаза қилиш бўлган, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати кафолатини берувчи дини – Ислом инсоннинг саломатлигига катта эътибор берган. Зотан, тани сиҳатлик бўлмаса, одамнинг бу дунёда бахтли бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон соғлиғига катта эътибор берилган. Агар соғлиқни сақлаш бўйича ушбу икки манбада келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазинани топган бўламиз.

Исломда сиҳат-саломатлик, тан соғлиги Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади.

 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларда зиёндадирлар – (улар) соғлик ва хотиржам-лик», – дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлиқнинг бандага берилган неъмат эканини очиқ-ойдин қилиб айтмоқдалар.

 

Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан ким хотирижам ва жасади офиятда тонг оттирса-ю, ҳузурида бир кунлик қути (егулик-ичгулик) бўлса, гўё дунё унга мулк бўлибдир», – дедилар».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.

Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик, деб эълон қилинишининг ўзи Исломда кишиларнинг саломатлигига қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Чунки ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, тинч-омонлик ва еб-ичгулик неъматлари бўлса ҳам, соғлиқ неъмати бўлмаса, кишига бошқа неъматлар татимайди. Баъзи вақтларда инсон бутун бойлигини сарфлаб ҳам сиҳат-саломатликни топа олмайди.

Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар.

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Зеро, одамларга яқийн ва мустаҳкам соғликдан кўра яхши нарса берилмаган», – деганларини эшитдим».

Термизий ривоят қилган.

«Яқийн» мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги, иккинчи ўринда соғлиқ турар экан.

Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, банда унинг учун шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади. Бу борада динимизда бадантарбияга, тозаликка риоя қилиш, соғлиққа зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш, жисмни толиқтиришдан қайтариш, соғлиқни сақлаш мақсадида енгиллик ва рухсатлар берилиши каби бир қатор муҳим ишлар йўлга қўйилган.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Мукаммал саодат йўли китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амаллар ниятларга боғлиқдир . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга давоми...

3593 05:00 / 06.03.2017
Абу Мусодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жаллачалик ўзи эшитган озорларга сабр қила олмайди. давоми...

2785 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло .Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур,, деган.Шайтоннинг инсон давоми...

4293 05:00 / 03.03.2017
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганларида кўпинча .Аллоҳим Мен сендан сиҳатсаломатликни, иффатни, омонатни, давоми...

3364 05:00 / 03.03.2017