1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Имом Аъзам ва ҳадис илми

21:35 / 23.02.2018 8531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Аъзам раҳматуллоҳ Кўфа шаҳрида дунёга келдилар. У вақтда Кўфа ҳадис ва фиқҳ илмлари маркази эди. Кўфада катта бўлдилар, у ернинг уламоларидан илм ҳосил қилдилар.

Олти саҳиҳ китобда (сиҳоҳи ситта) Имом Аъзамнинг исмлари келмагани учун, яъни у кишидан бирор ҳадис ривоят қилинмагани учун,  баъзи тор қарашли кишилар Имом Аъзамни ҳадис илмида заиф (кучсиз,  билимсиз) деб биладилар. Лекин бу ҳаддан зиёда жоҳилликдир, асоссиз, далилсиз туҳматдир. Олти сиҳоҳда фақат Имом Аъзам эмас, балки Имом Шофеъийдан ҳам бирор ҳадис ривоят қилинмаган. Қолаверса, Имом Буҳорий ўзининг "Саҳиҳ"ида устози Имом Аҳмад ибн ҳанбалдан ҳам фақатгина уч-тўрт ҳадисгина ривоят қилган. Шунга кўра уларни, бу фикрдан Аллоҳ сақласин, ҳадис илмида заиф бўлишган деймизми!?

Нега олти сиҳоҳда Имом Аъзам ва бошқа мужтаҳид имомлардан ҳадис ривоят қилинмаган, деган саволга қуйидаги жавобларни келтирамиз:

1. Бу имомлар, жумладан Имом Аъзам, фақиҳ эдилар. Шунинг учун уларнинг асосий машғулотлари ҳукмларни баён қилиш бўлган.

2. Бу имомларимиз мужтаҳид бўлишган. Уларнинг юзлаб, ҳатто минглаб шогирдлари ва эргашувчилари мавжуд бўлган. Сиҳоҳ соҳиблари ўйлашича, мужтаҳид имомларимизнинг илмлари (шу жумладан, уларнинг ривоят қилган ҳадислари) уларнинг шогирдлари орқали сақланиб қолади. Шунинг учун илмлари сақланмасдан йўқолиб кетиш эҳтимоли бўлган уламоларнинг илмларини, ривоятларини (ўзларининг китобларида) сақлаб қолишди.

3. Имом Аъзамнинг ҳадис илмидаги буюк мақомлари инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Қолаверса, Имом Аъзам барча уламолар иттифоқи билан мужтаҳиддир. ҳадис илмида мукаммал билим-басиратнинг бўлиши мужтаҳидлик шартларидандир. Шунга кўра, агар Имом Аъзам ҳадис илмида заиф бўлсалар, уламолар қандоқ қилиб мужтаҳид деб иттифоқ қиладилар?!

Шундай қилиб, буюк муҳаддис уламолар ҳам у кишининг илмий мақомини тўла эътироф қилганлар. ўша эътирофларни бу ерда нақл қилинса,  катта бир китоб бўлади. Абу ҳанифа маноқиблари борасидаги китоблардан кўришингиз мумкин. Бу ерда улардан бир нечтасинигина зикр қилинади:

1. Маккий ибн Иброҳим раҳматуллоҳ Имом Аъзам Абу ҳанифа ҳақларида шундай дейди:

 “У ўз замонасининг энг олими эди.”

Маккий ибн Иброҳим раҳматуллоҳ ҳақида тўхталиб ўтилса, у киши Имом Буҳорийнинг энг қадрли буюк устозидир. Имом Буҳорий ўзининг аксар сулосиётларини айнан у кишидан ривоят қилганлар. Маккий ибн Иброҳим эса Имом Аъзам Абу ҳанифанинг шогирдидирлар.

У замонларда илмдан мурод ҳадис илми эди. Шунга кўра Маккий раҳматуллоҳнинг гапини қуйидагича тушунилади: "Имом Аъзам ҳадис илмида энг катта олимдир."

У замонларда илмдан мурод ҳадис илми эди. Шунга кўра, Имом Абу Ҳанифа ҳадис илмида ўз замонасининг энг катта олими эди.

2. Машҳур муҳаддис Язид ибн Ҳорун раҳматуллоҳ марҳамат қилади:

"Мен минг нафар шайхни  топдим ва       улардан (ҳадис) ёзиб олдим. Бу беш шайхдан фақиҳроғини, тақволироғини, олимроғини топмадим. Уларнинг энг биринчиси Абу Ҳанифадир.  (Бу иккисини Имом Заҳабий "Тазкиротул Ҳуффоз" китобида зикр қилган.

3. Имом Суфён ибн Уяйна дейди:

"Кўфада Абу Ҳанифа замонида ундан афзал, ундан тақволи ва ундан фақиҳроқ киши йўқ эди." (Имом Заҳабий "Тазкиротул Ҳуффоз" 1-жилд 195-саҳифа)

4. Имом Абу Довуд марҳамат қилади:

"Шак-шубҳасиз Абу Ҳанифа имом эди." (Имом Заҳабий "Тазкиротул Ҳуффоз" 1-жилд 160-саҳифа)

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳнинг ҳадис илмидаги мартабаси қанчалик юқори эканлигини билиш учун унинг устозлари ва шогирдларига бир назар ташлаш кифоя қилади.

Ҳофиз Абулҳажжож Маззий  "Таҳзибул Камол" китобида Имом Абу Ҳанифанинг 74 шайхини санаб ўтган.

Ҳофиз Суютий эса ўзининг  “Табйид ас-Соҳфийя маноқиб Аби Ҳанифа” китобида Имом Абу Ҳанифанинг шайхларининг исмларини зикр қилган.

Уламоларга маълумки, Ҳофиз Абулҳажжож Имом Аъзамнинг барча шайхларини эмас,  балки намуна тарзида бир қанчасини келтирган. 

Мулла Али Қори "Муснаду Аби Ҳанифа"га ёзган шарҳида Имом Аъзамнинг шайхлари 4000 (тўрт минг) дейди. Бу 4000 устоз ёки саҳоба, ёки тобеин, ёки табаъа тобеинлардирлар. Устозлари ичида бундан кейинги табақа шайхлар йўқдир.  Бундай устозлар машҳур муҳаддислардан ҳеч бирларига насиб қилмаган.

Муҳаммад Одил

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар давоми...

2646 17:00 / 21.07.2021
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йилида Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

4428 13:50 / 01.05.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғамташвиш пайтида .Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу давоми...

52053 23:06 / 15.05.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ азза ва жалла раҳмга бачадонга бир фариштани вакил қилгандир. давоми...

4421 13:00 / 17.06.2020