1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Иккинчи далил. Суннати мутоҳҳара

21:55 / 18.04.2017 4117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу бобдаги ҳадисларнинг таърифи, навлари, санади эътибори билан қисмлари, қатъий ва зоннийлиги, Қуръонга нисбатан ўрни, ҳужжатлилиги, оҳод ва мурсал хабарлар борасида уламоларнинг фикрлари ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари ҳақидаги масалалар билан танишамиз.

Суннатнинг таърифи ва навлари:
«Суннат» сўзи луғатда «сийрат», «йўл» ва «одатлар» маъносида келади. Усулул фиқҳ уламолари истилоҳида эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир қавл, феъл ва тақрирга «суннат» дейилади.

Бу таъриф суннатнинг уч навлигини кўрсатади:
1. Қавлий суннат: 
Бу навдаги суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли мақсадлар ва муносабатларда айтган сўзларидир. Бу турдаги суннатга қуйидаги ривоятларни мисол қилишимиз мумкин: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз, токи мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», – дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан ҳижратда (узоқда) бўлган одамдир», – дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», – дедилар» Бешовлари ривоят қилган.

2. Феълий(амалий) суннат: 
Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган амалларидир. Масалан: намоз ва ҳажни адо этишлари ва шу каби бошқа феъллари. Суннатнинг бу турига қуйидагиларни мисол қилишимиз мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар: «Аллоҳумма аъуузу бика минал хубуси вал хабаиси» («Аллоҳим, сендан эркак ва урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман»), – дер эдилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳожатни ирода қилсалар, кийимларини кўтармас. Уни ерга яқинлаштирар эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

3. Тақририй суннат: 
Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ иқрор бўлган ёки олдиларида содир бўлганидан сўнг индамаган, ўз даврларида қилинганлигини билганларида ёки зоҳир бўлганида уни мақтаган ё рози бўлган нарсалардир.
Тақририй суннатга қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши сафарга чиқдилар. Намоз ҳозир бўлди. Икковларининг суви йўқ эди. Пок тупроқ ила таяммум қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра вақт чиқмай туриб сув топдилар. Бас, улардан бири тоҳарат ва намозни қайтарди. Бошқаси қайтармади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга бўлган нарсани зикр қилдилар. Бас, у зот қайтармаган шахсга: «Суннатни топибсан. Намозинг кифоя қилади», – дедилар. Тоҳарат қилиб, намозини қайта ўқиганга эса: «Сенга икки марта ажр берилади», – дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зотус-Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга Бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот: «Эй Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» – дедилар. Мен у кишига ғусл қилишдан манъ қилган нарсанинг хабарини бердим ва: «Аллоҳнинг: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганини эшитганман», – дедим.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар». Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун олдимга масрур ҳолларида юзларидан қувонч барқ уриб кириб келдилар ва: «Эй Оиша! Биласанми, Мужаззиз ал-Мудлижий олдимга кириб, Усома ва Зайдни бошларига чопон ёпилган ҳолида, очиқ турган оёқларини кўриб, албатта, ушбу оёқлар бир-биридандир, деди!» – дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари, тутинган ўғиллари эди. Ота-бола тутиниш бекор қилингандан кейин ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг оилалари орасида яқин алоқалар давом этар эди. Зайд розияллоҳу анҳу оқ танли бўлишига қарамай, у кишининг ўғиллари Усома розияллоҳу анҳу қора эдилар. Усоманинг оналари Барака Ҳабашия розияллоҳу анҳо қора танли аёл эдилар. Баъзи бир фитначи кишилар: «Оқ танли одамнинг боласи ҳам қора танли бўладими? Бу ерда бир гап бўлса керак», деб фисқу-фасод гаплар тарқатар эдилар. Бу гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хижолат бўлар, эзилар эдилар. Бу масалада гапни бирёқлик қилиш мақсадида ўша вақтнинг урфига кўра Мужаззиз Мудлижий номли қиёфачини таклиф қилинди. У кимларни аниқлаши кераклигини билмаслиги учун Зайд розияллоҳу анҳу ва у кишининг ўғиллари Усомани бир уйга ўтқазиб, бошларига чопон ёпиб қўйилди. Икковларининг фақат оёқларигина очиқ турар эди. Қиёфачи келиб, оёқларни кўрди ва: «Бу оёқлар бир-биридандир», деди. Яъни, ота-боланинг оёқларидир, деди. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар ва Оиша онамиз васф қилганларидек масрур ҳолатда кириб келиб, бўлган воқеани айтиб бердилар. Бу набавий тақрирдир.

Суннатнинг санади эътиборидан қисмлари:
Суннат санади эътиборидан жумҳур наздида икки қисмдир: суннати мутавотира ва оҳод.
Ҳанафийлар наздларида эса уч қисмдир: суннати мутавотира, суннати машҳура ва оҳод.
1. Мутавотир суннат: 
«Мутавотир» сўзи луғатда «кўплик» ва «кетма-кет» маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисни ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамларининг ёлғонга келишувга имкон бермайдиган даражада кўп бўлишидир.
Мисол учун, бир ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийдан шу қадардаги ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъинлар, улардан эса худди шунча табаъа тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис «мутавотир ҳадис» дейилади. Ҳадиснинг мутавотир бўлиши учун унинг ровийлари маълум ададда бўлиши шарт қилинмаган. Фақат, ақл тақозоси ила бунча киши ёлғонга тил бириктириб олишлари мумкин эмаслиги собит бўлса, етади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоҳарат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, жумъада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби амалий суннатлари кўп марта, кўпчилик ҳузурида бўлгани учун, булар ҳақида ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилган. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади.
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи қавлий суннатлари ҳам мутавотир даржасига етган. Уларга қуйидаги ҳадисларни мисол этиб келтиришимиз мумкин:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги уйини олаверсин», – дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан юздан ортиқ саҳобий ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тоҳарат қиладиган жойда одамларнинг тоҳарат қилаётганларини кўриб: «Тоҳаратни яхшилаб қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!» деганларини эшитганман», – дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Товонларга дўзахда ҳалокат бўлсин», дейилган. Бешовлари ривоят қилишган.
«Ароқийб» – «арқуб»нинг жами бўлиб, араб тилида товон устидаги йўғон пай шу ном билан аталади.
Ушбу ҳадиси шарифни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн иккита саҳобий ривоят қилганлар.
Ўз навбатида, мутавотир ҳадислар ҳам икки хил бўлади.
Биринчи хили – лафзий мутавотир.
Бу хилдаги ҳадисларнинг барча ривоятларида келган лафз ҳам, маъно ҳам бир хил бўлади. Мисол учун, бир саҳобий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин» ҳадисини ривоят қилган. Иккинчи саҳобий ҳам худди шу лафз билан ривоят қилган. Учинчиси ҳам, тўртинчи, бешинчиси ҳам ва ҳоказо...
Иккинчи хили – маънавий мутавотир.
Бу хилдаги ҳадисларнинг маъноси бир хил бўлса ҳам, ўша маънони ифода этувчи лафзлар турлича бўлади. Бунга уламолар «Дуода икки қўлни кўтариш» ҳадисини мисол қиладилар.
Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан юзга яқин ҳадис ривоят қилинган. Уларни умумлаштирувчи маъно дуо пайтида икки қўлни кўтариш бўлса ҳам, иборалари, ҳолатлари ва воқеалари турли-туман. Уларни алоҳида олинадиган бўлса, мутавотир бўла олмайди. Аммо ривоятларнинг умумий маъноси – дуода икки қўлни кўтариш – мутавотир даражасига етган.
Мутахассис олимларнинг таъкидлашларича, бизга етиб келган мутавотир ҳадислар сони 309 тани ташкил этади. Бу ҳақда шайх Муҳаммад бин Жаъфарнинг «Ан-назмул мутаносир фил ҳадисил мутавотир» деган китобига ўхшаш алоҳида китоблар ҳам битилган.
Мутавотир ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан экани қатъийдир, унга амал қилиш вожибдир. Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этиб, лекин унга амал қилмаган одам гуноҳкори азим бўлади.

2. Суннати машҳура. 
Машҳур суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоят бўлиб, адади мутавотир даражасига ровийларидан битта ёки иккита етмай қолганидир. Саҳобалардан кейинги иккинчи асрдаги тобеъинлар ва учинчи асрдаги табаъа тобеъинлар адади мутавотир даражасида, аммо саҳобалар озчилик бўлганидир.
Аввалги уч асрдан кейин ровийлар сони кўпайиб кетишининг аҳамияти йўқ.
«Амаллар ниятга қараб», «Ислом беш нарса устига бино қилинган», «Зарар кўриш ҳам, зарар келтириш ҳам йўқ», махсига масҳ тортиш ва зинокорни тошбўрон қилиш ҳадислари машҳур суннатлар жумласидандир.
Машҳур ва мутавотир орасидаги фарқ шуки, мутавотир суннатда аввалги уч асрда яшаган ровийлар адади ёлғонга келиша олмайдиган даражада кўп бўлади, аммо машҳур суннатда аввалги уч асрнинг биринчи асридаги ровийлар, яъни саҳобий ровийлар адади мутавотир даражасидан камроқ бўлади.
Машҳур суннатнинг саҳобалардан ривоят қилиниши қатъийдир, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиниши қатъий эмас. У, илмга яқин бўлган зонни ва хотиржамликни ифода қилади. Буни инкор қилган кимса фосиқ бўлади. Машҳур суннат билан Қуръондаги омм хоссланади ва мутлақ қайдланади, худди мутавотирдаги сингари.
Машҳур суннат билан Қуръондаги мутлақ қайдланишига қуйидаги мисолни келтириш мумкин.
Аллоҳ таоло мерос ва васият ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Уларга сиз қолдирган нарсанинг–агар болангиз бўлмаса–чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг» («Нисо» сураси, 12-оят).
Ушбу ояти каримадаги «васият» мутлақни – қайд қилинмасликни ифода этади. Яъни, ўлаётган одам ўз молини мутлақ тарзда, чегараланмаган ҳолда бировларга васият қилиши мумкинлигини англатади.
Оятда келган бу мутлақлик ҳадис билан қайдланган, яъни, чегараланган. Бунга далил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур суннатларидан олинган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз молларининг ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканларини айтганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаганлар. «Ярмини-чи?» деб сўраганларида ҳам, изн бермаганлар. «Учдан бирини-чи?» деганларида:
«Учдан бир. Учдан бири ҳам кўп-у(майли). Сен меросхўрларингни бой ҳолларида қолдириб кетмоғинг, уларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолларида қолдириб кетмоғингдан яхшидир», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан учдан бирдан кўп миқдорга васият ўтмайди. Мероснинг учдан бир қисмигача миқдоридаги васиятни ҳеч кимдан сўрамай берилаверади. Аммо, учдан бирдан ортиғи меросхўрларнинг ҳаққи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлса, васият қилинган хайрли ишга сарф қилинади, улар рози бўлмасалар, сарф қилинмайди.
Машҳур суннат билан Қуръондаги оммнинг хосланишига қуйидаги мисолни келтириш мумкин.
Аллоҳ таоло ўғил ва қиз фарзандлар ўртасида меросни қандай тақсимлаш ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насийбасича беришни амр этади» («Нисо» сураси, 11-оят).
Ушбу ояти каримадаги «фарзандларингиз» омм – умумий бўлиб, номики фарзанд бўлса, ўз ичига олади. Оятда келган бу умумийлик ҳадис билан хосланган, яъни, умумийлиги кетказилган. Бунга далил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур суннатларидан олинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қотил мерос олмайди», – дедилар». «Сунан» эгалари ва Дора Қутний ривоят қилишган.
Яъни, масалан Қуръони Каримдаги «омм» ҳукмига кўра фарзандларнинг ҳаммаси мерос олишга ҳаққли. Аммо, отасининг қотили бўлган фарзанд мерос олишдан маҳрум қилиниши Ушбу ҳадис ила хосланмоқда.

3. Оҳод суннат. 
«Оҳод» сўзи луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса, биринчи уч асрда ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади.
Оҳод суннат «зон»ни – яқийн даражасида бўлмаган илмни ифода қилади. Яқийнни ҳам, хотиржамликни ҳам ифода қилмайди. Сабаби, унинг Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ворид бўлишида «зонн» бор. Бироқ унга амал қилиш вожиб. Эътиқод қилиш вожиб эмас. Чунки, у илмул яқийнни ифода қилмайди. Булар жумҳурнинг фикри.
Оҳод суннатга амал вожиблигига сабаб, бу ҳадисларнинг ровийлари ҳам ишончли, забтли(хотираси кучли) ва адолатли бўлганидир. Мана шу нарсалар ҳадисга амал қилиш вожиблигига кифоядир.

Суннатнинг ҳукмларга далолати:
Аввал Қуръони Каримнинг барча матни – оятлари Аллоҳ таолонинг каломи сифатида собит бўлиши қатъий эканини айтиб ўтилган эди. Суннатнинг собит бўлиши эса иккига тақсимланади. Биринчи қисм собит бўлиши қатъийлигида шубҳа йўқ суннат бўлиб, унга мутавотир ва машҳур суннат киради. Иккинчи қисм собит бўлиши зонний – қатъиймас суннат бўлиб, унга оҳод суннат киради.
Оҳод суннат гоҳида ҳукмларга қатъий далолат қилади. Бунинг учун суннатда келган матнни бошқа маънога таъвийл қилиш имкони бўлмаслиги шарт. Бунга туянинг закоти ҳақидаги ҳадиси шарифни далил қилишимиз мумкин. Унда жумладан, қуйидагилар айтилган:
«Йигирма тўрттадан кам туядан то бештагача ҳар бештасидан бир қўй. Қачон у(туя)лар йигирма бештага етса, то ўттиз бештагача – урғочи бинти мухоз туя. Қачон ўттиз олтитага етса, то қирқ бештагача – урғочи бинти лабун туя».
Бу ҳадиси шарифдаги «бешта», «йигирма бешта», «ўттиз бешта», «ўттиз олтита» ва «қирқ бешта» лафзлари ўзларидан кўзланган маънога қатъий далолат қилади. Уларни ҳеч қачон бошқа маънога таъвийл қилиб бўлмайди.
Суннат гоҳида зоннга – қатъий бўлмаган маънога далолат қилади. Бундай пайтда уни таъвийл қилиш эҳтимоли бўлади. Бу борада у ҳам Қуръони Карим кабидир. Бунга қуйидаги ҳадиси шарифни мисол қилишимиз мумкин.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Китобнинг Фотиҳасини қироат қилмаса, унинг намози бўлмас», – дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
«Китобнинг Фотиҳаси»дан мурод «Алҳамду» сураси.
Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, ҳар ракъатда «Фотиҳа» сурасини ўқиш рукндир, усиз намоз намоз бўлмайди, деганлар. Уларнинг тушунчаларига кўра, ушбу ҳадис «Ким «Фотиҳа» сурасини ўқимаса, унинг намози саҳиҳ бўлмайди», деган маънони англатади.
Аммо, Ҳанафий мазҳабидагилар ижтиҳодларига кўра, ушбу ҳадиснинг маъноси: «Ким «Фотиҳа» сурасини ўқимаса, унинг намози тўлиқ бўлмайди», деганидир. Шунинг учун, уларда намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиш вожиб ҳисобланади. Ким унутиб қўйса-ю, саждаи саҳв қилса, намози тузалади.
Демак, суннат матни собит бўлиши борасида икки турлидир: баъзисининг собит бўлиши қатъий, баъзисининг собит бўлиши қатъий эмасдир. Аммо ҳукмларга далолати Қуръон сингари – далолати қатъийси ҳам, далолати зоннийси ҳам бор.

Суннатнинг Қуръонга нисбатан тутган ўрни:
Суннат дийний ҳукмларга ҳужжат қилиб келтиришликда Қуръондан кейинги иккинчи мартабада туради. Чунки, Қуръони Каримнинг барча матни қатъий равишда собит бўлгандир. Суннат эса, барчаси қатъий эмас. Баъзиси қатъий, баъзиси зонний. Қатъий нарса зонний нарсадан олдин қўйилади. Шунингдек, суннат Қуръонни баён қилувчидар. Баён қилувчи баён қилинувчига тобеъдир. Бунга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам далолат қилади:

Муоз ибн Жабалнинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибларидан бўлган одамлардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юборишни ирода қилганларида: «Сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг китоби ила», – деди.
«Аллоҳнинг китобидан топмасанг-чи?» – дедилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила», – деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг китобидан ҳам топмасанг-чи?» – дедилар.
«Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман», – деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва: «Аллоҳ Расулининг вакилини, Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Имом Шотибий ўзининг машҳур китоби «Мувофақот»да қуйидагиларни ёзади:
«Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинишича, у Қози Шурайҳга: «Назар сол. Сенга Аллоҳнинг Китобидан аён бўлган нарсада бировдан сўрама. Сенга Аллоҳнинг китобида аён бўлмаган нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргаш», деб ёзган. Ўтганлар ва уламоларнинг каломида бунга ўхшашлар кўп».
Ушбу зикр қилинганларга асосан, қачон Китоб далолат қилган нарса билан оҳод йўли билан ривоят қилинган Суннат далолат қилган нарса орасида сиртдан қарама-қаршилик юзага келса, Китобда келганини олиш ва уни Суннатда келган нарсадан олдин қўйиш лозим бўлади. Уламолар бунга қуйидаги мисолни келтирадилар.
Аллоҳ таоло гувоҳлар борасида бундай деб марҳамат қилади:«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади» («Бақара» сураси, 282-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан оҳод йўли билан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса, қуйидагилар айтилади: Ашъас ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен билан бир киши ўртамизда қудуқ тўғрисида хусумат бор эди. Хусуматлашиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Бас, у зот: Сенинг икки гувоҳинг ёки қасами», дедилар» Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бу оҳод ҳадисда юқоридаги оятга хилоф бор. Унда бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлиги ҳақида гап йўқ. Шунинг учун, ҳадисга эмас, оятга амал қилинади.

Суннатдаги аҳкомларнинг Китобга нисбатан манзиласи тўрттадир:

1. Қуръони Карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи суннат. 
Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилишга ундовчи ҳамда Аллоҳ таолога ширк келтириш, ёлғон гувоҳлик бериш, ота-онага оққ бўлиш, бировни ноҳақдан ўлдириш кабилардан қайтарувчи ҳадислар киради. Мисол учун, «Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар, ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина» ҳадиси Қуръони Каримдаги «Эй, иймон келтирганлар, ўз орангизда молларингизни ботил йўл билан еманг» оятини таъкидлаш учун келган.
Шунингдек, «хотинларга яхши муомалада бўлинг», ҳадиси Қуръони Каримнинг:
«Ва улар билан маъруф ила яшанг» оятини таъкидлаб келган.

2. Қуръонда умумий ёки мутлақ бўлган ҳукмларни хос ва қайдли қилувчи суннат. 
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло никоҳи ҳаром бўлган аёлларни санаб бўлганидан кейин, «Ва сизга булардан бошқалар ҳалол қилинди» деган.
Бу умумий ҳукмдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аёлни ўз амммаси ва холаси, ака-укасининг қизи, опа-синглисининг қизи устига никоҳлаб олиб бўлмайди» деган ҳадислари мазкур умумий ҳукмни хослайди, яъни хоссатан ушбу тўрт тоифа аёлни ўз аёл қариндоши устига кундош қилиб олиб бўлмаслигини билдиради.
Энди, Қуръони Каримда келган мутлақ ҳукмнинг ҳадиси шариф ила қайд қилинишини, яъни чегараси баён этилишини кўриб чиқайлик.
Аллоҳ таоло ўғриларнинг қўлини кесиш ҳақида шундай амр қилади: «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг икковларининг ҳам қўлларини кесинглар» («Моида» сураси, 38-оят).
Араб тилида «қўл» деганда, панжанинг учидан елкагача бўлган жойга айтилади. Демак, Қуръон мутлақ шаклда баён қилди. Бу мутлақ ҳукмни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кафт билан билак қўшилиши жойидан кесиш билан қайдли қилдилар.

3. Қуръонда келган умумий ҳукмларни баён қилувчи суннат. 
Қуръони Каримда «намоз ўқинглар», «рўза тутинглар», «ҳаж қилинглар», «закот беринглар» каби умумий ҳукмлар келган. Суннатда эса, намозни қандай ўқиш, рўзани қандоқ тутиш, ҳажни қай тарийқа адо этиш, закотни қандоқ бериш ва бошқа шунга ўхшаш ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган.

4. Қуръонда зикр қилинмаган ҳукмларни суннат зикр қилиши.
Мисол учун, оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми Қуръонда йўқ, лекин суннат билан собит бўлган. Шунингдек, бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги, садақаи фитр каби ҳукмлар ҳам суннат билан собит бўлган.

Суннатнинг ҳужжатлиги: 
Шаръий ҳукмларни истинбот қилишда суннат Қуръон каби манбаъ эканига уламолар иттифоқ қилганлар. Суннат шаръий масдар(манбаъ)ларнинг иккинчисидир. Бунга Қуръонда, ижмоъда ва ақлий далиллар бисёр.
1. Қуръондан далиллар. 
Аллоҳ таоло мўминларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишликни ва эргашишликни фарз қилди. Расулига итоатни Ўзига итоат ўрнида эълон қилди. Мусулмонларни тортишиб қолган нарсаларини Аллоҳга ва Расулига қайтаришликка буюрди. Аллоҳ ва Расули бирон нарсага ҳукм қилганида, мўмин ва мўминалар учун танлаш ихтиёрини бермади. Аллоҳнинг Расули ҳукмини қабул қилмаган кимса иймонли бўла олмаслигини баён қилди. Бу борада оятлар кўп. Хусусан, қуйидаги ояти карима фикримизга яққол далил бўлади. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳга ва Унинг Набийига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Набийнинг вазифаси аниқ етказиш, холос» («Моида» сураси, 92-оят).
Мусулмон киши тушуниб, ўзига яхшилаб сингдириб олиши лозим бўлган қоидадир бу. Ҳар бир ишда фақат Аллоҳга ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмоқ керак. Шу оятда Аллоҳ таолонинг итоатидан кейин Набий алайҳиссаломнинг итоати зикр қилиниши Қуръони Каримдан кейин иккиинчи ўринда Суннат келишига далилдир.
Аллоҳ таоло Яна бундай деб марҳамат қилади: «Ким Набийга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» («Нисо» сураси, 80-оят).
Набий Аллоҳнинг элчиси, у бандаларга Аллоҳ таолонинг амрини етказади. Ўзидан бир нарсани қўшмайди. Шунинг учун, кишилар Набийга итоат қилишлари зарур. Уларнинг Набийларига итоат қилганлари Аллоҳ таолога итоат қилганларидир.
Аллоҳ таоло ўз Расулига эргашган бандаларини севиши ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт» («Оли Имрон» сураси, 31-оят).
Ким Аллоҳ таолога муҳаббати борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилигига ҳукм унинг Набий алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Набий алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Ҳолбуки, Набий алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради.
Аллоҳ таоло Ўз Расулининг амр ва наҳйларига бўйсунмасликнинг оқибатидан огоҳлантириб бундай дейди: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби зўр зотдир» («Ҳажр» сураси, 7-оят).
Уламоларимиз «Расулуллоҳ келтирган, берган нарса» деганда, асосан, суннатни назарда тутадилар. Шунинг учун, собит бўлган суннатга амал қилмоқлик барча мусулмонларнинг бурчидир.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам Расулуллоҳга эргашиш ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига тўлиқ бўйсуниш Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!» («Нисо» сураси, 65-оят).
Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти–ҳар бир нарсада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди» («Аҳзоб» сураси, 36-оят).
Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устин туради. Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида, мўмин киши, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Мумкин эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.
Юқоридаги оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоқлик вожиблигини қатъий далолат билан тасдиқлаб турибди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ суннатларига эргашмоқлик вожиб, бошқасига эмас.

2. Саҳобалар ижмоъи. 
Қуръондан сўнг Суннатга эргашиш вожиблигига саҳобалар иттифоқ қилганлар. Бу, Қуръони Каримнинг амрига биноан ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқрорлари биландир.
Мана шу нарса, фатво чиқаришда ҳам, ҳукм қилишда ҳам ва бошқа нарсаларда ҳам баробардир. Қуръони Каримда янги ҳодисанинг ҳукми топилмаса, суннатга эргашиш саҳобаларнинг йўли бўлиб қолди. Улардан кейин келган тобеъинлар ва бизнинг асримизгача бўлган мусулмон авлодлар ҳам бу нарсани тўғри йўл деб билдилар.

3. Ақлий далил. 
Суннат баён қилиб бермаса, Қуръони Каримда келган ижмолий ҳукмларга тўғридан-тўғри амал қилиб кетавериш мумкин. Чунки, Қуръони Каримда ҳукмлар умумий қилиб айтилади ва суннат унинг қандай қилиб бажарилишини баён қилиб беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолодан келган ваҳийни етказишлари икки йўл билан бўлади. Қуръонни ўз ҳолича, қандай бўлса, ўшандай қилиб ўқиб бериш ва унинг аҳкомларини баён қилиб бериш. Бунинг натижасида Қуръон ва суннат ажралмас, яхлит бир нарсага айланиб қолган. У иккисини бир-биридан ажратиб тасаввур қилиш қийин ҳам қийин.
Бу гапларимизга далил шуки Қуръони Каримда «Намоз ўқинглар ва закотни адо этинглар», «Сизларга рўза фарз қилинди», «Одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш бор», «Аллоҳ савдони ҳалол қилди ва рибони ҳаром қилди», «Ўғри эркак ва ўғри хотиннинг қўлини кесинглар» каби изоҳ ва баёнга муҳтож оятлар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятларга қандай амал қилиш кайфиятини баён қилиб берганлар. Намоз қандай ўқилади, закот қандай ва нималардан берилади, рўза тутиш, ҳаж арконларини адо этиш, савдо шартлари, ҳаром рибо турлари, ўғрининг қўли кесиладиган жойи ва шу кабиларни суннат баён қилиб беради.
Аллоҳ таолонинг «Биз сенга одамларга уларга нима нозил қилинганлигини тушунтириб беришинг учун Зикрни нозил қилдик» ояти билан Қуръонни баён қилиб беришлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга вожибдир.
Агар суннат ана шундай аҳкомларни баён қилиб бермаганида, мазкур аҳкомларни амалга ошириш узрли бўлиб қоларди. Собит суннат ўз ичига олган барча нарсаларга эргашиш вожиб нарсага айланиб қолди. У, Қуръон аҳкомларининг мужмалини баён қиладими, мутлақини қайдлаб келадими, Қуръон сукут қилган янги аҳкомларни пайдо қиладими – фарқсиз.
Чунки, Суннат ҳам барибир илоҳий ваҳийга қайтади. Аллоҳ таоло бу ҳақийқатни «Нажм» сурасида очиқ-равшан эълон қилган: «У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас» (3-, 4-оятлар).
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом ҳаводан олиб гапирмайдилар. У кишига нозил бўлаётган Қуръоннинг маъносию сўзлари, ҳатто ҳарфлари ҳам Аллоҳники эканлиги аён бир ҳақийқатдир. Ҳадис эса, маъноси Аллоҳдан, ибораси Муҳаммад алайҳиссаломдан бўлган хабардир. Аммо, иборалари барибир Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бундай деганлар:
«Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсам, ёдлайман, деб ёзиб юрардим. Қурайш қабиласидагилар, сен Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсанг, ёзиб оласан, у киши ҳам одам, аччиқлари чиққанда ҳам гапирадилар, дейишувди, ёзмай қўйдим. Бир куни бу ишни Расулуллоҳга айтган эдим, у киши ёзавер, Аллоҳга қасамки, мендан ҳаққ гапдан бошқа гап чиқмайди дедилар».
Имом Аҳмад яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Набий алайҳиссалом:
«Мен ҳаққдан бошқани гапирмайман», – деганларида баъзи саҳобалар:
«Ё Расулуллоҳ, бизга ҳазил-мутойиба қиласиз-ку?» – дедилар. Ул зот яна:
«Албатта, мен ҳаққдан ўзга гапни айтмайман», – деган эканлар.

Оҳод хабарлар борасида уламоларнинг фикри.
Саҳобалар ва тобеъинлар оҳод йўл билан қилинган ривоятларга амал қилишни вожиблигига иттифоқ қилганлар. Аввал ҳам таъкидланганидек, оҳод хабар мутавотир ва машҳур даражасига етмаган, яъни бир ёки икки, умуман мутавотир даражасидан кам кишилар ривоят қилган хабарлардир.
Мазҳаб имомлари оҳод хабарларга амал қилиш учун бир қанча шартлар қўйганлар. Сабаби, ривоятнинг собитлигини билиш ва саҳиҳ бўлмаганларини четлатишдир. Бу борада улардан ҳар бирининг ўз йўллари бор.

Ҳанафийлар оҳод хабарга амал қилиш учун қуйидаги учта шартни айтганлар:
1. Оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Яъни, ўзи ривоят этса-ю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Чунки, ровий, ўша ривоят мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин.
Шунинг учун, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари мазкур идишни фақат уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар.
2. Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам, ҳанафийлар намозда рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Чунки, бу иш, аслида, кўп такрорланмайдиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозларни доимо жамоат билан ўқиганлар. Агар рукуъдан аввал қўлни кўтариш ҳақидаги гап таъкидли амал бўлса, бир кунда йигирма мартадан ортидан такрорланган ва бу ишни кўпчилик саҳобалар кўришган бўларди. Қолаверса, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Аслида, рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг «оҳод» бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди.
3. Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг елини тўлиб турган қўйини соғиб ичган одам сут ўрнига бир соъ миқдорида хурмо бериши зарурлиги ҳақидаги ҳадис мисол бўлади. Шариат қоидаси бўйича, бир нарсанинг ўрнига ўзига ўхшаш нарса қайтарилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис насх бўлган бўлиши мумкин.
Имом Молик «оҳод йўл билан қилинган хабар Мадийна аҳлининг одатига хилоф бўлмаслиги керак» деган шартни қўяди. Чунки, Мадийна аҳлининг одати оҳод хабар ўрнига ўтади. Ҳаттоки, уларнинг кўпгина қилган ишлари оҳод хабардан кучлидир. Сабаби, Мадийна аҳли ҳар бир нарсасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрганлар ва ўша нарсага одат қилганлар, дейди у киши.
Шунинг учун ҳам, имом Молик, розилигисиз никоҳи эълон қилинган қизда Мадийна аҳлининг одатига кўра, «хиярул мажлис»га хилоф ўлароқ, уч кунгача ихтиёр ҳаққи бор, дейдилар.
Имом Шофеъий оҳод ҳадисга амал қилиш учун тўртта шартни айтганлар:
– ровий ишончли ва дийнида содиқ бўлсин,
– оқил ва айтган ҳадисини фаҳмлайдиган бўлсин,
– қилган ривоятида зобит бўлсин,
– унинг ривояти аҳли илм ҳадисларига мухолиф бўлмасин.
Бу шартларнинг бўлмаслиги мурсал ҳадисга амал қилинмаслигини тақозо қилади.
Имом Аҳмад ҳеч бир шарт айтмайдилар. Аммо, Шофеъий каби, ривояти саҳиҳлигига эътибор қиладилар. Бироқ мурсалга амал қиладилар.

Оҳод ҳадиснинг ҳужжат эканига далиллар.
Уламолар оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Қуръон, Суннат, Ижмоъ, Қиёсдан ва ақлий далиллар келтирганлар.
Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Қуръондан далиллар: Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида айтади: «Мўминларнинг ҳаммалари қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар дийнни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» («Тавба» сураси, 122-оят).
Биз «жамоа» деб таржима қилган сўз оятда «фирқа», «тоифа» шаклида келган ва уларнинг биринчиси – «фирқа» сўзи камида уч киши, иккинчиси – «тоифа» сўзи камида бир ёки икки киши маъносини билдиради. Аллоҳ таолонинг «бўлсайди» дегани талаб ва вожибликни ифода қилади. Шу эътибордан, бу оят ҳукмига биноан, бир, икки ва уч илмли кишининг гапини қабул қилиш вожиб бўлади. Демак, оҳод хабарга амал қилиш вожиб бўлади, агар ровий ишончли, забтли ва илмли бўлса.
Аллоҳ таоло ҳар бир хабарни ҳам суриштирмасдан қабул қилмаслик ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар» («Ҳужурот» сураси, 6-оят).
Бу оятда бир фосиқ хабар келтирса, уни аниқлашга амр қилинмоқда. Бас, шундай экан, фосиқ бўлмаган, адолатли бир кишининг хабарини қабул қилиш вожиб бўлади.

Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Суннатдан далиллар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар», – дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оят бўлса ҳам етказиш кераклиги ҳақидаги гаплари албатта амалга оширилиши керак. Бўлмаса, гаплари беҳуд бўлиб қолади. Буни оҳод даражасидаги нақллар билан амалга оширилмаса, иложи йўқ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар Қубода Бомдод намозини ўқиб турганларида, бирдан бир одам келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу кеча оят нозил қилинди. Батаҳқиқ, у кишига Каъбага қараш амр қилинди. Бас, сиз ҳам ўша томонга қаранглар», – деди.
Уларнинг юзлари Шомга қараган эди, Каъбага қараб айландилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда бир кишининг гапи билан, яъни оҳод хабар билан саҳобалар намозда фарз бўлган амални қабул қилганлари очиқ кўриниб турибди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Убайда, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъбрга хурмо ғўраси ва пишган хурмодан қилинган хамрни қуйиб берар эдим. Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб: «Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди», – деди.
Шунда Абу Толҳа:
«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» – деди.
Мен уни тўкиб юбордим». Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Бу ривоятда саҳобалар бир кишининг оҳод хабари ила бир нарсанинг ҳаром қилингани ҳақидаги шариат ҳукмини қабул қилганлари зикр қилинмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли юртларга шариат аҳкомларини етказиш учун ўз вакилларини юборганлар. Улар ҳам бир ёки икки кишидан иборат бўлганлар, холос. Демак, уларнинг хабари оҳод даражасида бўлган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки подшоҳга ўн икки элчи юборганлар. Улар ҳам ёлғиз шахслар бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг дийнини ва аҳкомларини етказганлар.
Агар оҳод хабарга амал қилиш вожиб бўлмаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларини ҳам ёлғиз юбормаган бўлардилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган таълимотларни ўз оила аъзоларига айтганлар ва улар мазкур таълимотларга амал қилганлар.
Юқорида келтирилган далиллардан адолатли ва зобтли – эшитганини яхши эслаб қолишга қобилиятли кимсанинг хабари ҳужжат бўла олиши равшан кўриниб турибди.
Ибн Қудома Мақдисий ўзининг «Разатун нозир» китобида бу борада «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир рисолани етказиш учун тавотир даражасидаги ададга муҳтож бўлганларида, ҳамма саҳобалар ҳам етишмасди. Мадийнада у зотнинг саҳобалари қолмас эди», деган.

Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига Ижмоъдан далиллар.

Саҳобаи киромларнинг саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп ҳолатларда оҳод хабарга амал қилганлари собит бўлган. Бу ҳолат саҳобанинг оҳод хабарга амал қилишга ижмоълари собит бўлганидан дарак беради. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ҳар қандай ривоят учун ўз ижтиҳодларини тарк қилиб, ўша ривоятга эргашар эдилар. Кўп нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларидан сўраб аниқлашар ва ўшанга амал қилишар эдилар.

1. Абу Бакр розияллоҳу анҳу момонинг меросида икки кишининг хабарини қабул қилган.
Қабийса ибн Зуъайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир момо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, ўз меросини сўради. Бас, у: «Сенга Аллоҳнинг китобида ҳеч нарса йўқ. Мен Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида сен учун бир нарса борлигини ҳам билмайман. Бориб тур. Одамлардан сўрайин», – деди.
Бас, у одамлардан сўради. Шунда Муғийра ибн Шўъба: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга олтидан бирни берганларида ҳозир бўлган эдим», – деди.
«Сен билан сендан бошқа одам ҳам борми?» – деди Абу Бакр.
Шунда Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб, унинг гапига ўхшаш гап айтди. Бас, Абу Бакр буни у (момо) ҳақида ижро этди». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мажусийлардан жизя олиш учун Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳунинг хабарларини қабул қилган.
«Умар то Абдурроҳман ибн Авф Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарнинг мажусийларидан жизя олганлари ҳақида гувоҳлик бермагунича мажусийлардан жизя олмаган». Бухорий ривоят қилган.

3. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эри ўлган аёл қаерда идда ўтириши ҳақида Фурайъа бинти Молик розияллоҳу анҳонинг хабарини қабул қилганлар.
Фурайъа розияллоҳу анҳони ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўзларининг халийфалик даврларида чақириб бу масала ҳақида сўраганлар. Шунда Фурайъа розияллоҳу анҳо у кишига бу ҳақда хабар берганлар ва халифа Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шунга мувофиқ ҳукм чиқарганлар.
Ушбу ривоятларнинг барчаси оҳод ҳадисга амал қилишга Ижмоъ собит бўлганини кўрсатади.

Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига қиёсдан далиллар.

Уламолар оҳод ҳадисга амал қилишни қозининг ҳукм чиқаришдаги амалига қиёс қилганлар. Қози икки эр ёки бир эр ва икки аёл кишининг гувоҳлиги билан ҳукм чиқараверади. Бунга Қуръон ва Суннатда рухсат берилган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин» («Бақара» сураси, 282-оят).
Ибн Абу Шайбанинг «Мусаннаф»ида қуйидаги ривоят келтирилган.

Иброҳим ва Шаъбий бир кишининг гувоҳи ва қасами ҳақида «Бу жоиз эмас. Фақатгина икки эр ёки бир эр ва икки аёл кишининг гувоҳлиги ўтади», – дедилар.
Шунингдек, уламолар оҳод ҳадисга амал қилишни муфтийнинг қавлига қиёс қилганлар.

Оҳод ҳадисга амал қилиш вожиблигига ақлий далиллар.

Оҳод хабар рост ёки ёлғон бўлиши эҳтимоли юбор. Аммо ривоят қилувчининг адолатли ва зобтли бўлишини шарт қилиш ила ростлик тарафи кучли бўлади.
Суннатнинг аксар қисми бизга оҳод хабарлар орқали етиб келган. Агар уларга амал қилинмаса, шариатнинг кўп қисми зое бўлади ва одамлар катта тангликда қоладилар.
Агар оҳод хабар ҳужжат бўлмаганида, саҳобаларнинг барчасига ҳамма ишларини ташлаб қўйиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан жилмай ўтириш вожиб бўлар эди. Бундай бўлмагани ҳаммага маълум ва машҳур.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ФЕЪЛЛАРИ

Юқорида Суннатнинг турларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феълларидан иборат экани айтиб ўтилган эди. Энди эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феълий суннатларининг қисмлари ва уларнинг қай бири шариат манбаъи бўлиши ҳамда қай бири бўлмаслиги ҳақида сўз юритамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари уч турлидир:
1. Жибиллий (инсоний табиатга оид) феъллар.
Бу турга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонлик табиатларидан келиб чиққан амаллар, мисол учун, ўтиришлари, туришлари, юришлари, еб-ичишлари, ухлашлари кабилар киради. Албатта, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ амалларни ваҳий асосида эмас, инсонлик табиати асосида, Аллоҳ таоло қандоқ яратган бўлса, шундоқ ҳолатдан келиб чиқиб қилганлар. Бунга ўхшаш амалларни у кишининг умматлари ҳам инсонлик табиатидан келиб чиқиб қиладилар ва бундай амаллар ҳамма учун мубоҳдир.
Шунинг учун ҳам, мазкур ишларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатишга уриниш вожиб бўлмайди. Аммо, алоҳида таъкид билан ажратилган ишлар бўлса ва уларнинг ҳукми баён этилган бўлса, уларга амал қилиш зарур. Мисол учун, ҳадисларда ўнг қўл билан таом емоқ таъкидланган. Демак, мусулмон инсон ўнг қўли билан таом емоғи даркор.
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илоҳий ваҳийга эмас, шахсий тажриба, фикр-мулоҳазага асосланиб айтган дунёвий ишлар ҳақидаги (савдо-сотиқ, бирор иш тадбири, беморга берилган маслаҳат каби) кўрсатмалари ҳам шаръий ҳукм саналмайди. Бунга мисоллар кўп.
Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бир жойга тушдилар. Шунда Хаббоб ибн Мунзир розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Бу манзилга сизни Аллоҳ туширдими ёки фикр, уруш тадбирими?» – деди.
«Фикр ва уруш тадбири», дедилар.
«Ундоқ бўлса, бу муносиб жой эмас», – деди ва сувга яқин жойга тушиш маслаҳатини берди. Ислом лашкарлари ўша ерга тушдилар ва жанг давомида бунинг фойдаси билинди.
Яна бошқа бир мисол. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварада кетаётиб хурмони чанглатаётган кишиларни кўриб қолдилар. Уларнинг нима қилаётганларини сўрадилар. Хурмонинг гули чанглатилса, меваси яхши бўлишини айтишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, бўладиган бўлса, бусиз ҳам ҳосил бўлаверади, деган маънода гап айтдилар. Одамлар хурмони чанглатишдан тўхташди. Ўша йили ҳосил яхши бўлмади. Кишилар келиб, бу ҳақда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар дунёвий ишларингизни яхшироқ билувчисизлар», – дедилар.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат ўзларига хос бўлган ишлар.
Бу турдаги амаллар эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган амаллардир. Бундоқ амалларни қилиш учун мусулмонларга рухсат йўқ бўлса ҳам, истисно тарийқасида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хоссатан рухсат бўлгандир.
Мисол учун, рўзани улаб тутиш, яъни саҳарлик қилмасдан тутиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улаб тутишдан наҳй қилдилар. Бас одамлар: «Сиз улаб тутасизку, ё Расулуллоҳ?» – дейишди.
«Сизларнинг қай бирингиз менга ўхшайсиз?! Мени тунда Роббим таомлантиради ва сероб қилади», – дедилар.
Бас, қачонки, улар улаб тутишдан тўхташдан бош тортган эдилар, улар билан бир кун улаб тутдилар, сўнг яна бир кун улаб тутдилар, кейин эса (Шаввол) ҳилолини кўриб қолдилар. Ўшанда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, худди уларга иқоб берувчидек бўлиб:
«Агар (ҳилол) кеч қолганида, сизларга яна зиёда қилар эдим», – дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Сизлар улаб тутишдан ҳазир бўлинглар», – деб икки марта айтдилар».
«Сиз ўзингиз улаб тутасиз-ку?» – дейилди.
«Мен Роббим ҳузурида тунайман. У мени таомлантирур ва сероб қилур. Амалдан ўзингиз тоқат қиладиганингизни такаллуф қилинглар», – дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Аёл киши маҳр олмай, ўз нафсини ҳиба қилиши мумкинлиги фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хос ҳукмдир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сен учун махсус ҳалол қилдик. Мўминларга эмас» («Аҳзоб» сураси, 50-оят).
Бу оятда валийсиз, маҳрсиз ва гувоҳсиз никоҳлаб олиш ҳақида гап кетмоқда. Агар бирор мўмина аёл ўз нафсини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя этса, у зот ўша аёлни никоҳлаб олишни хоҳласалар, валийсиз, маҳрсиз ва гувоҳсиз никоҳлаб олишлари мумкин. Лекин бундай никоҳ бошқа мўминларга мумкин эмас. Улар фақат валий, маҳр ва гувоҳ билан никоҳланишлари мумкин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпгина аёллар ўз нафсларини ҳадя этганлар. Умму Шарийк, Хавла бинти Ҳаким, Лайло бинти Хотийм розияллоҳу анҳунналар шулар жумласидандир. Лекин Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг биронтасига ҳам уйланмаганлар.
Шунингдек, тўрттадан ортиқ аёлга уйланиш каби ҳукмлар ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хосдир.
Бунга ўхшаш амалларни, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган эканлар, мен ҳам қиламан, дейиш дуруст эмас. Бу каби ишларда иқтидо қилинмайди, балки, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга хос амал, деб эътибор қилинади.
3. Иқтидо қилинувчи феллари.
Булар юқорида зикр қилинган икки турдагидан бошқа феъллари бўлиб, улардан шариат ҳукмларига амал қишлиш қасд қилингандир. Мана шу каби ишларга эргашмоқлигимиз бизлардан талаб қилинади.
Ушбу учинчи турдаги феъллар икки хил бўлади.
Биринчи хили Қуръони Каримдаги қисқача маълумотни кенг баён қилиш, мутлақини қайдлаш ёки умумийни хослашдан иборат бўлиб, бу каби суннатда келган нарсанинг ҳукми Қуръондаги каби бўлади. Яъни, мазкур нарсанинг Қуръони Каримдаги ҳукми вожиб бўлса, мазкур суннатдаги ҳукм ҳам вожиб, мандуб бўлса, мандуб бўлади ва ҳоказо.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари Қуръони Каримда келган нарсанинг баёни бўлиши учун албатта далил бўлиши керак. Бу борадаги далил гоҳида қавл(сўз) билан, гоҳида гапнинг боришида далиллигини кучлантирувчи омил борлиги билан бўлади.
Қавлий далил билан келган баёнга қуйидагилар мисол бўлади:
– Имом Бухорий Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек, намоз ўқинглар», деганлар.
Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари йўқ. Аммо қавллари бор. Ўша қавл у зотдан намоз ўқиганларида содир бўладиган феъллар Қуръони Каримнинг «Ва намозни қоим қилинглар» деган оятининг баёни экани далилидир.
Қуръони Каримнинг намозни қоим қилиш ҳақидаги амри фарз бўлгани учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига ўхшатиб намоз ўқиш ҳам фарз бўлади. Албатта, барча амаллари эмас, балки Қуръони Каримдан фарзлиги олинган амаллари иқтидо қилиш учун вожиб бўлади.
– Кўпчилик муҳаддислар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан маносик(ҳаж) амалларини олиб қолинглар», деганлар.
Бу ҳадиси шарифда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари йўқ. Аммо қавллари бор. Ўша қавл у зотдан ҳаж қилганларида содир бўладиган феъллар Қуръони Каримнинг «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» деган оятининг баёни экани далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳаж қилиш ҳақидаги амри фарз ва унинг бошқа аҳкомлари ҳам бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажларига ўхшатиб ҳаж қилишнинг ҳам фарз ва бошқа аҳкомлари бўлади. Албатта, барча амаллари эмас, Қуръони Каримдан фарзлиги олинган амалларигина иқтидо учун вожиб бўлади.
Гапнинг боришида далиллигини кучлантирувчи омил борлиги билан келган баёнга қуйидагилар мисол бўлади.

– Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини бўғинидан кесдилар».
Байҳақий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган феъллари Қуръони Каримнинг «Моида» сурасидаги: «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан иқобдир. Аллоҳ азийз ва ҳакиймдир» оятини баён қилмоқда.
Луғатда «қўл» бармоқнинг учидан елкагача бўлган аъзони ифода қилади. Қуръони Каримда келган буйруқдан мурод нима эканини аниқлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амаллари ишга тушади ва ўғрининг қўлини елкасидан эмас, бўғинидан кесиш ирода қилинганини баён қилиб беради.
Оятга биноан ўғрининг қўлини кесиш қандай ҳукм бўлса, ҳадиси шарифдаги қўлни бўғинидан кесишнинг ҳукми ҳам шундай бўлади.
– Имом Абу Довуд Ибн Умардан келтирган ривоятда:
«Бас, икки қўлларини деворга урдилар ва улар билан юзларига масҳ тортдилар. Сўнгра яна бир марта уриб, икки билакларига масҳ тортдилар. Кейин ҳалиги одамга саломга жавоб қайтара туриб: «Мени сенга салом қайтаришимдан фақатгина тоҳаратли бўлмаганим манъ қилди», – дедилар», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган феъллари Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасидаги: «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар. У ила юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар», деган оятни баён қилиб келмоқда.
Аввал айтиб ўтилганидек, луғатда «қўл» бармоқнинг учидан елкагача бўлган аъзони ифода қилади. Қуръони Каримнинг ушбу оятида келган буйруқдан мурод нима эканини аниқлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амаллари ишга тушади ва таяммумда қўлининг елкасигача эмас, билакларига масҳ тортиш ирода қилинганини баён қилиб беради.
Ояти кариманинг ҳукмига биноан, таяммумда қўлга масҳ тортиш фарз бўлгани учун, ҳадиси шарифдаги билакларга масҳ тортиш ҳам фарз бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш қасд қилинган феълларнинг иккинчи хили Қуръони Каримда келган ҳукмнинг баёнида бўлмай, балки янги алоҳида ҳукм бўлади. Бундай феълнинг шаръий сифати билиниб, вожиб, мандуб ёки мубоҳ экани аниқ бўлса, уммат ҳам бу ҳукмларда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кабидир. Ундай ҳукмларга амал қилиш, у зотга эргашиш лозим бўлади.
Чунки, Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнак, намуна эканлари ҳақида бундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» («Аҳзоб» сураси, 21-оят).
Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаъи уларнинг маҳбуб Набийлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.
Саҳобалар ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феълларини ҳужжат билиб, у зотга эргашардилар. Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул Асвадни ўпаётиб: «Биламан, сен зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмайдиган тошсан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, ўпмас эдим», деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш қасд қилинган феълларнинг сифати номаълум бўлса, яъни, вожиб, мандуб ёки мубоҳ экани аниқ бўлмаса, икки хил ҳолат юзага келади.
Биринчи ҳолат: ўша феълдан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш маълум бўлса, одатдагидан ташқари намоз каби, бу феъл мандублигига далолат қилади.
Агар мазкур феъл савдо, ижара ва зироат кабилардан иборат бўлиб, қурбат сифати зоҳир бўлмаса, кўпчилик уламолар фикрига кўра, бу каби амаллар мубоҳдир. Чунки, бу ишларнинг ишончли ўлчови мубоҳдир. Унинг мубоҳдан зиёда бўлиши учун қўшимча далил керак. Далил эса йўқ.
Агар феъл мандубга далолат қилса, у ҳолда қурбат сифати бўлиши лозим, чунки қурбат ҳосил қиладиган ишларнинг энг паст даражаси мандубдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган феъллар ҳақидаги баҳсимизнинг охирида хулоса қиладиган бўлсак, фақатгина инсонийликка оид феъллар, тажрибалар, тадбирлар ва дунёвий хусусиятлар шариат ҳам эмас, талаб қилинган суннат ҳам эмас.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан рисолат юзасидан содир бўлган барча амаллар шариатдир ва умматларига ана ўша амалларга эргашмоқлик вожибдир. Ибодатга оид, аммо доимий бўлмаган амаллари (мандубдир) суннатдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қуръон, сўзи луғатда .қироат, маъносидаги масдардир.Усулул фиқҳ уламолари унинг Мусҳаф, Танзил, Фурқон ва Зикр каби турли номлари бўлишига қарамасдан .Китоб, давоми...

12586 22:09 / 18.04.2017
.Маслаҳат, араб тилидаги сўз бўлиб луғатда .манфаат,, .фойда,, .наф, маъноларини англатади ва ҳар бир нарсанинг солиҳ, яъни тўғри бўлиши маъносини билдиради. Бизда давоми...

4878 22:04 / 18.04.2017
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш .Усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм давоми...

2975 11:52 / 18.04.2017
.Зароиъ, сўзи луғатда .зарийъа,нинг жамъи бўлиб, бир нарсага етиш учун васийла бўладиган нарсага айтилади.Усулул фиқҳ уламолари наздида эса, у бирор манъ қилинган давоми...

4673 22:00 / 18.04.2017
Аудиолар

120127 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41792 14:35 / 11.08.2021