1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мусталахул хадис (дарслар)

Икки «Саҳиҳ»нинг устидан чиқарилган «мустахраж» китоблар

16:19 / 18.04.2017 4034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Мустахражнинг мавзуъи:

Унда бир мусанниф ҳадис китобларидан бир китобни олади. Кейин ўзининг алоҳида санадлари ила ҳалиги олган китобдаги ҳадисларни китоб эгасининг йўлидан бошқа, ўзининг шахсий йўли билан чиқаради. Унда баъзи бир шайхларида жамъ бўлади ёки ундан устидагида жамъ бўлади. Фақат, ундаги шайхлардан узоққа ўтиб кетмаслиги керак.

Икки «Саҳиҳ»га қилинган мустахражлардан энг машҳурлари қуйидагилардир:

– Абу Бакр Исмоилийнинг имом Бухорийга қилган мустахражи.

– Абу Авона Исфаройинийнинг имом Муслимга қилган мустахражи.

– Абу Наъийм Асбаҳонийнинг имом Бухорий ва имом Муслимга қилган мустахражлари. 

2. Мустахраж китобларининг соҳиблари ўз китобларида икки «Саҳиҳ» китобга лафзлари мувофиқ бўлишини лозим тутганларми ёки йўқми? 

Кейин келган, «мустахраж» деб номланган китобларнинг мусаннифлари ўзлари чиқарган ҳадисларни имом Бухорий билан имом Муслимнинг лафзларига мувофиқ қилишни лозим тутмаганлар. Чунки, улар ўзлари ривоят қилган лафзларни шайхларидан эшитган йўл билан келтиришган. Шунинг учун, баъзи лафзларда фарқлар бор. Аввалги муаллифлар ана шундай ҳадис чиқарганларида, ўзларининг мустақил таснийфотларида ҳам бу гапни айтиб ўтишган. Мисол учун, Байҳақий, Бағавий ва уларга ўхшаган одамларнинг ҳадис китоблари бор. Улар ҳадис китобларида имом Бухорий ёки имом Муслим ривоят қилганини таъкидлашади, лекин эътибор берилса, лафзда ҳам, маънода ҳам тафовут бор. Демак, фарқ бўлатуриб, «Имом Бухорий ривоят қилган», «Имом Муслим ривоят қилган» дейишлари «шу маънонинг аслини ривоят қилишган» деган маънода, холос. Асло «Бу ҳадисни айнан шу кўринишда, сўзма-сўз худди шундоқ ривоят қилишган» деган маънода эмас. 

3. Мустахраж китобларидан ҳадис кўчирганимизда имом Бухорий ва имом Муслимга нисбат беришимиз мумкинми ёки йўқми?

Аввал айтган гапларга биноан, бир шахс мустахраж китоблардан ҳадис нақл қилиб туриб, «Имом Бухорий ривоят қилган» ёки «Имом Муслим ривоят қилган», дейиши мумкин эмас. Илло, икки ҳолатда мумкин. 

– Шу ҳадисни ўрганиб, имом Бухорий билан имом Муслимнинг ривоятига солиштириб чиқиб, мувофиқ келса, кейин уларнинг номидан ривоят қилишлари мумкин.

– Ёки мустахражнинг эгаси: «Мана шу лафз билан Бухорий ва Муслим ривоят қилган» деса, бўлади.

4. Мустахраж китобларнинг фойдалари:  

Икки «Саҳиҳ»га – имом Бухорий ва имом Муслимнинг саҳиҳ китобларига қилинган мустахраж китобларнинг фойдалари кўп бўлиб, улар ўнга яқиндир. Уларни имом Суютий «Тадрибур-ровий» номли китобида зикр қилган. Мазкур фойдалардан энг муҳимлари қуйидагилардан иборат: 

1. Ҳадиснинг санади олий бўлиши.

Чунки, мустахраж китобнинг мусаннифи бир ҳадисни имом Бухорийнинг йўли билан ривоят қилган бўлса, ана ўша ҳадисни ўз йўли билан ривоят қилганда, санадидаги ровийларнинг камайиш ҳолатлари учрайди. Мана шу билан ҳадиснинг санади олий бўлади. 

2. Саҳиҳ ҳадиснинг қадрини зиёда қилади.    

Баъзи ҳадисларга зиёда сўзларнинг қўшилиши туфайли, зиёда маъноларни ифода қилиш имкони ҳам бўлади. 

3. Ҳадис унинг ривоят қилинган йўлларини кўпайтириш билан қувватланади.

Бир ҳадис уч йўл билан ривоят қилинган эди. Мустахражда тўртинчи, бешинчи йўл келиб, бешта ҳадис бир хил маънони ифода қилгани учун ҳалиги ҳадиснинг қуввати зиёда бўлади. 

Бунинг фойдаси шундаки, баъзан бу билан бошқа ҳадислар орасида қарама-қаршилик бўлса, улардан бирини юқори қўйиш керак бўлиб қолса, «Бу ҳадис учта йўл билан ривоят қилинган», деб айтилса, мустахражни қўшиб, «Бу ҳадис бешта йўл билан ривоят қилинган», деб айтиш мумкин бўлади.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган нарсалар ичида «саҳиҳ» деб ҳукм қилингани қайси бири?

Ўрганиб ўтган нарсаларимиздан билдикки, Бухорий ва Муслим ўзларининг «Саҳиҳ» китобларига саҳиҳ ҳадисдан бошқа ҳадисларни киритмаганлар. 

Мусулмон уммати бу икки зотнинг ушбу китобларини жуда яхши қабул қилган. Энди мана шу «саҳиҳ» деб ҳукм қилинган ва мусулмон уммати очиқ кўнгил билан қабул қилиб олган ҳадислар қандай ривоятлар экан? 

Жавоб шуки, у икки зот муттасил санад билан ривоят қилган нарсаларнинг барчаси саҳиҳлигига ҳукм қилинган. 

Аммо санаднинг аввалидан битта ёки бир нечта ровий тушириб қолдирилган бўлса, уни «муаллақ» дейилади ва унинг ҳукми бошқача бўлади. «Муаллақ» сўзи араб тилида «аллақа» феълидан олинган бўлиб, «осиб қўйилган» маъносини билдиради. Одатда, деворга ёки шифтга осиб қўйилган нарсани «муаллақ» дейилади. Бундай ҳолатда ўша муаллақ нарса ердан узилиб қолган бўлади. Ривоятнинг санади аввалидан бир ёки бир неча ровийни тушириб қолдирилса, мазкур ривоят ҳам муаллақ бўлади, яъни, санади узилиб, осилиб қолган ҳолатга келади.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида «муаллақ» ҳадислар кўп учрайди. Баъзи уламоларнинг, хусусан, «Шарҳу ихтисори улумул ҳадис» китоби соҳибининг таъкидлашича, имом Бухорийнинг китобида бир минг уч юзта муаллақ ҳадис бор. Лекин улар бобларнинг изоҳи ва муқаддимасида келтирилган. Бобларнинг ичида муаллақ ҳадислар келмайди. 

Шу билан бирга, имом Бухорийнинг таълийқлари икки хил бўлади. Биринчи хилида у киши маълум ривоятни бир жойда муаллақ қилган бўлсалар ҳам, бошқа жойда улаштириб ривоят қилган бўладилар. Иккинчи хилида фақат муаллақ ҳолда келтирилган бўлади. Ана шундай ривоятлар бир юз олтмиштадир. Демак, бир минг бир юз қирқта ҳадис ҳам муаллақ, ҳам муттасил ҳолда ривоят қилинган. 

Муслимнинг китобига келадиган бўлсак, аслида, ўн олтита муаллақ бўлиб, улардан ўн бештаси бошқа ўринда муттасил равишда келган. Шундай қилиб, Муслимнинг китобида фақат таяммум бобида битта муаллақ бор, холос. Бошқа жойларда муаллақ учрамайди. 

Мазкур муаллақ ривоятларнинг ҳукмида уламоларимиз қуйидаги хулосаларни айтганлар:

1. Агар ривоят жазм сийғаси билан келса, мисол учун, قَالَ (айтди), أَمَرَ (амр қилди), ذَكَرَ (зикр қилди) деб жазм сийғаси билан келса, ривоят муаллақ бўлган чоғда ҳам, унга изофа қилинган нарса «саҳиҳ» деб ҳукм қилинади. 

2). Агар жазм сийғаси билан келмаган бўлса, يُرْوَى (ривоят қилинади), يُذْكَرُ (зикр қилинади), يُحْكَى (ҳикоя қилинади) каби лафзлар билан келса, унга изофа қилинган нарсани «саҳиҳ» деб ҳукм қилинмайди. 

Лекин шу билан бирга, уларни «заиф, кучсиз ҳадис экан» деб ҳукм қила олмаймиз. Чунки, улар «Саҳиҳ» деб номланган китобнинг ичида турибди. 

Саҳиҳнинг мартабалари:

Баъзи уламолар ўз наздларидаги энг саҳиҳ санадларни зикр қилганларини аввал айтиб ўтдик. Ана шунга биноан ва саҳиҳликнинг бошқа шартлари имконини эътиборга олган ҳолда айтиш мумкинки, санадидаги кишиларга нисбатан саҳиҳ ҳадиснинг уч даражаси бордир.

1. Энг олий мартабадаги ҳадис. 

Бундай ҳадис энг саҳиҳ санадлар ила ривоят қилинган бўлади. Мисол учун, Моликдан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан. Мана шу санад энг саҳиҳ санад бўлади ва бу санад билан келган ҳадис саҳиҳ бўлса, олий даражадаги ҳадис ҳисобланади. 

2. Олийдан пастроқ даражадаги ҳадис. 

Уни ривоят қилган одамларнинг мартабалари аввалги санаддаги одамлардан кўра бироз паст бўлади. Мисол учун, Ҳаммод ибн Саламадан, у Собитдан, у Анасдан. 

3. Олдинги даражадан паст даражадаги ҳадис. 

Бундай ҳадис сиқа сифатининг энг оз даражасига эга бўлган одамлар тарафидан ривоят қилинган бўлади. Мисол учун, «Суҳайл ибн Абу Солиҳдан, у отасидан, у Абу Ҳурайрадан» деган санад учинчи даражадаги саҳиҳ санад ҳисобланади. 

Саҳиҳ ҳадиснинг келтирилган китобларга нисбатан мартабалари еттитадан иборатдир: 

1. Имом Бухорий ва Муслим иттифоқ қилган ҳадис олий мартабадаги ҳадис ҳисобланади.

2. Имом Бухорий ўзлари ёлғиз ривоят қилган ҳадис.

3. Имом Муслим ўзлари ёлғиз ривоят қилган ҳадис.

4. Имом Бухорий билан имом Муслимнинг шартини ўзида жамлаган-у, иккисининг китобида чиқарилмаган ҳадислар.

5. Имом Бухорийнинг шартига тўғри, аммо имом Бухорийдан бошқа одам чиқарган. 

6. Имом Муслимнинг шартига тўғри, лекин у киши ҳам ўзи чиқармаган ҳадис.

7. Имом Бухорий билан имом Муслимдан бошқа имомларнинг наздида саҳиҳ бўлган ҳадис. 

Мисол учун, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ёки уларнинг шартига биноан ёки иккисидан бирининг шартига биноан ҳадис чиқарадиган одамлар келтирган ҳадислар.

Имом Бухорий ва имом Муслимнинг шартлари 

Икки шайх ўз шартларини зикр қилишмаган ёки уламолар иттифоқ қилган саҳиҳ ҳадиснинг шартларига зиёда тарийқасида бирор нарсани тайин ҳам қилишмаган. Лекин уламолар ўзлари излаб, ахтариб, суриштиргандан кейин уларнинг услублари асосида баъзи бир хулосаларга келишган:

Бу борада айтилган гапларнинг энг яхшиси шуки, «икки шайхнинг шарти» ёки «бирларининг шарти» деганда ҳадисни икки китобнинг ёки бирининг йўли билан икки шайх лозим тутган кайфиятини ўрнига қўйган ҳолда ривоят қилиш тушунилади.

«Муттафақун алайҳи»нинг маъноси 

Ҳадис уламолари бирор ҳадис ҳақида «муттафақун алайҳи» деган бўлсалар, уларнинг бу гапдан муродлари имом Бухорий ва имом Муслимнинг ушбу матнга иттифоқ қилганидир. Бу иттифоқдан мурод, ҳадиснинг саҳиҳлигига мусулмон умматининг иттифоқи эмас, балки икки шайхнинг иттифоқидир. Лекин Ибн Салоҳ: «Муттафақун алайҳи» деган гапни умматнинг иттифоқи десак, бўлаверади», дейди. Чунки, имом Бухорий билан имом Муслимнинг иттифоқи умматнинг иттифоқига тенг келади. Уммат эса, иккисининг китобини энг саҳиҳ китоб деб қабул қилган.
Саҳиҳ ҳадис «азиз» бўлиши шартми? 

Бу саволнинг тўғри жавоби шуки, саҳиҳ ҳадиснинг «азиз» бўлиши шарт қилинмайди. Яъни, ўша ҳадиснинг иккита санади бўлиши шарт эмас. Чунки, икки «Саҳиҳ» китобда ва бошқа саҳиҳ китобларда «ғарийб» шаклида келган саҳиҳ ҳадислар ҳам бор. Баъзи уламолар: «Саҳиҳ ҳадис «азиз» бўлиши шарт», деганлар. Бу гапни айтган уламоларнинг ичида Абу Али Жуббаий Мўътазилий ва Ҳоким каби уламолар ҳам бор. Уларнинг бу сўзлари ислом уммати иттифоқ қилган нарсага хилофдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир илмда бўлгани каби .Мусталаҳул ҳадис, илмида ҳам ўзига хос атамалар, таърифлар ва тушунчалар бор. Мазкур нарсаларни яхшилаб тушуниб олиш бу илмнинг қоида давоми...

6321 16:13 / 18.04.2017
Оҳод хабар машҳур бўлсин, азиз бўлсин ёки ғарийб бўлсин, қуввати ва заифлигига қараб иккига бўлинади 1. Мақбул..Мақбул хабар, хабар берувчисининг содиқлиги устин давоми...

4130 16:17 / 18.04.2017
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсинОламларнинг сарвари, Набийларнинг афзали давоми...

4084 16:11 / 18.04.2017
Хабарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизгача етиб келиши ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало бу йўлда иштирок этувчиларнинг иккига давоми...

4250 16:14 / 18.04.2017
Аудиолар

119955 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41645 14:35 / 11.08.2021