1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ихлосни шакллантирадиган муҳим омиллар

05:00 / 01.03.2017 2750 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ихлос амалларнинг мағзидир. Қилинган амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ундаги ихлоснинг бор ёки йўқлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам ихлос мавзуси амалдан ҳам олдинроқ ўрганилиши лозим бўлган энг муҳим ва долзарб мавзулардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ

“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”, деган. (Баййина сураси, 5-оят).

Оятдан кўриниб турибдики, ихлос ибодатларда бошқани шерик қилмасдан, амални фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хослаш экан.

Агар банда озгина амални ихлос билан қилса, унга бериладиган савоб миқдори ихлоссиз қилинган кўп амалдан ортиқ ҳисобланади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Динингни (амалингни) Аллоҳ учун холис қилгин, шунда озгина амалинг ҳам сенга кифоя қилади”. Ибн Абу Дунё, Ҳоким, Байҳақий, Дайламий ривояти.

Қуйида ихлосни рўёбга чиқарадиган ва уни мустаҳкамлайдиган омиллардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

1. Банда амал қилаётганда махлуқларнинг кузатувига эмас, балки Холиқнинг кузатиб турганига эътиборини қаратиши лозим. Чунки, бандаларнинг кузатувининг унга ҳеч қандай фойдаси йўқ. Улуғ авлиёлардан бўлмиш Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Инсонларни деб бир амални бажариш ширк, инсонларни деб бир амални тарк этиш риёдир. Ихлос эа, Аллоҳ сени бу иккисидан асрамоғидир”.

2. Банда усти билан ичини, ошкораси билан яширинини бир хил қилиши, яъни ташқи кўриниши гўзал бўлиб, ичи хароб бўлмаслиги лозим. Сиррий Сақатий ҳазратлари: “Кимки инсонларнинг кўзи учун амалини чиройли қилса, Аллоҳ таолонинг назаридан у амал соқит бўлади”, деганлар.  

3.  Банданинг наздида одамларнинг уни мақташи ҳам, ёмонлаши ҳам бир хил даражада  бўлиши керак. Яъни кишиларнинг мақтов ва айбловларига эътибор қилмаслик лозим. Улуғлардан бирлари: “Агар сен Аллоҳнинг ҳузурида мақтовга сазовор инсон бўлсанг, кишилар сени ёмонлашининг сенга ҳеч бир зарари етмайди. Шунингдек, агар сен Аллоҳнинг ҳузурида мақтовга сазовор инсон бўлмасанг, у ҳолда кишилар сени мақташининг сенга ҳеч қандай фойдаси тегмайди”, деган экан.

4. Банда ўз амалида ихлос қилаётган бўлса, бу ҳолдан ўзи ажабланмаслиги, уни бировларга гапирмаслиги ёки эшиттирмаслиги керак. Акс ҳолда, қилган амали бутунлай бекор бўлади. Шунинг учун ҳам кўпчилик орифлар киши ўзининг қилаётган амалини, ихлосини ҳисоб китоб қилмаслиги лозимлигини кўп таъкидлаганлар. Бу борада хатто Абу Яъқуб Сусий: “Қачонки банда ўзининг ихлосини мукаммал ихлос дея ҳисобласа, шу ондан бошлаб унинг ихлоси ихлосга муҳтож бўлади”, деган. Абу Бакр Даққоқ шундай деган: “Ҳар бир мухлиснинг нуқсони ўз ихлосига эътибор бериб, уни камолга етди деб ўйлашидир”. Абу Усмон Мағрибий қуйидаги маънодаги гапни айтган: “Ҳақиқий мухлис бандалар бир амални бажараётганларида ўзларини ҳам, қилаётган амалларини ҳам, ўша амалларидаги ихлосни ҳам ўйламайдилар. Улар бу пайтда фақатгина ўзларига ихлос неъматини ато этган Аллоҳ азза ва жаллани ўйлаб, амални Унинг ўзига холис қиладилар”.

5. Банда бу дунёда қилаётган солиҳ амалим охиратда савобга эришишимга сабаб бўлади деган фикрни миясидан чиқариб ташлаши лозим. Чунки, баъзида унинг амалига ихлосга путур етказадиган бирор нарса қўшилиб қолиб, натижада амал Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлмай қолган бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  

إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ

“Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”. (Моида сураси, 27-оят).

Демак, Аллоҳ фақат тақводорларнинг амалини қабул қилар экан. Чунки, тақводор банда барча амалларини ихлос билан адо этади. Шу маънода ҳадиси шариф ҳам ворид бўлган.

Заҳҳок ибн Қайсдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амалларингизни Аллоҳ учун холис қилинглар. Чунки, Аллоҳ фақат Ўзига холис қилинган амалнигина қабул қилади”, дедилар. Дорақутний ривояти.

6. Банда қилаётган амаллари қанчалик катта бўлмасин,  Аллоҳнинг унга берган энг кичик неъматига ҳам тенг кела олмаслигини билиши лозим. Зеро, ўша амални қилиш учун унга куч-қувват, сабр, ихлос каби неъматларни берган Унинг ўзидир. Шунинг учун банда ўз амалларини савобни жалб қилувчи омил деб қарамаслиги, эришаётган савобларини Аллоҳнинг унга кўрсатаётган инъоми, эҳсони, фазли деб билиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ҳеч бирингизни қилган амали жаннатга киритмайди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Сизни  ҳамми эй Расулуллоҳ?” дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени ҳам. Аммо Аллоҳ мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (жаннатга кираман)”, дедилар.  Муттафақун алайҳ.

7. Банда ўзи сезмаган ҳолда қалбига риё ва ҳавойи нафснинг киришидан қўрқиши керак. Чунки, шайтоннинг қалбга кирадиган махфий йўллари бор. Гоҳида шайтон бандага зоҳирий маъсиятларни қилдиришдан умидини узиб, ботиний маъсиятларни қилдириш учун қалбга кириб олади. Қалбга кириб олган шайтон бир кун келиб ўз мақсадига эришади. Натижада банданинг Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилган ибодатларини, амалларини зое бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ихлос билан ибодат қилиш қийин, шу сабабли мухлис бандалар ҳам кам. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтувчилар (мусулмонлар) кўп, аммо уларнинг ичида ихлослилари кам”, деган эканлар.

Юқорида санаб ўтганимиз мукаммал ихлосни шакллантириб, уни кучайтирувчи омиллардир. Ҳар бир киши ўзида юқорида санаб ўтилганлардан қанчаси бор ёки йўқлигига қараб ихлосининг миқдорини, даражасини билиб олиши мумкин. Ихлоснинг бундан бошқа шакллантириб, ривожлантирадиган омиллари ҳам бор. Аммо биз бу ўринда энг асосийларини келтириб ўтдик. Аллоҳ барчамизнинг ихлосимизни зиёда қилиб, ҳар бир амални Ўзигагина холис қилишимизни насиб этсин! Ихлоссиз амал қилишдан ва уни зое бўлишидан асрасин, омин! 

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. Ва у Азийз ва Ҳакиймдир,, деган Ҳадид, 1.Тасбеҳ айтиш, улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз, деб ёд этиш каби давоми...

10957 05:00 / 28.02.2017
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

3732 13:45 / 01.02.2020
Бугунги кунимизда кенг тарқалган маънавий жиноятларидан яна бирилғон гувоҳлик беришдир. Албатта, бунинг бош сабабчиси ҳозирда маънавий қадриятларнинг давоми...

3362 05:00 / 28.02.2017
Зоҳидликка қизиққан бир киши балиқ овлаб ҳаёт кечирар экан. Бир куни у иккита балиқ овлабди. Бирини пишириб еб, иккинчисини келажак учун асраб қўйишга қарор давоми...

1527 19:00 / 22.04.2023
Аудиолар

118778 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40728 14:35 / 11.08.2021