1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Ғуслнинг баёни ва жунубнинг ҳукми

05:00 / 09.01.2017 5106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим. Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар. Кейин чап қўлларига сув қуйиб туриб, жинсий аъзоларини ювдилар. Сўнгра қўлларини ерга суртдилар. Кейин оғизларини чайқадилар, бурунларига сув олдилар, юзлари ва икки билакларини ювдилар. Сўнгра жасадларига сув қўйдилар. Кейин бошқа жойга ўтиб, икки оёқларини ювдилар».


Бошқа бир ривоятда: 

«Сўнгра бошларини уч марта ювдилар», дейилган. 

Яна бошқа ривоятда: 

«Мен у кишига бир латта келтирган эдим, хоҳламадилар ва сувни қўллари билан сидира бошладилар», дейилган. 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Маймуна онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғуслларини батафсил васф қилиб бермоқдалар. Келинг, бу муҳим ишни батафсил ўрганиб чиқайлик.

1. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим».

Бунда аёл киши эрига ғусл учун сув тайёрлаб, шароит яратиб бериши исломий одобдан экани яққол кўриниб турибди.

2. «Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар».

ўусл қилишни бошлашда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи қилган ишлари икки қўлларини ювиш бўлди. У зот қўлларини икки марта ювдиларми, уч марта ювдиларми, Маймуна онамиз шак қилиб қолган эканлар. Аммо бошқа ҳадисларда уч марта ювилгани кўп келади. Демак, поклик учун ғусл қилишда сув ишлатадиган аъзо ҳисобланмиш қўлларни энг аввало, ювиб, поклаб олиш керак.

3. «Кейин чап қўлларига сув қуйиб туриб, жинсий аъзоларини ювдилар».

Чунки жунуб бўлган ёки таҳорат ушатган одамнинг ўша аъзоларида ювиб ташланиши лозим нарсалар бўлади. Агар ўша нарсалар баданнинг бошқа жойларига теккан бўлса, ўша жойларни ҳам ювиб, поклаб олинади.

4. «Сўнгра қўлларини ерга суртдилар».

Чунки жинсий аъзоларини ювганда улардаги нопок нарсалар, уларнинг ҳиди қўлга ўтиб қолади. Қўлни ерга суртганда эса, ўша нарсалардан асар ҳам қолмайди. Албатта, бугунги кунда бу мақсадни амалга ошириш учун бошқа воситалар бор.

5. «Кейин оғизларини чайқадилар».

Албатта, оғизни яхшилаб чайқаш ғуслнинг фарзларидан бири эканлиги ҳаммага маълум. Бусиз ғусл бўлиши мумкин эмас.

6. «Бурунларига сув олдилар». 

Бурунни яхшилаб, муболаға ила чайиш ҳам ғуслнинг фарзи ҳисобланади.

7. «Юзлари ва икки билакларини ювдилар». 

Яъни, шу ергача намозга қандоқ таҳорат қилсалар, шундай таҳорат қилдилар. Фақат оёқни ювиш қолди, холос.

8. «Сўнгра жасадларига сув қўйдилар». 

Бутун жасаднинг бирор туки остини ҳам қўймай, сув етказиб ювиш ҳам ғуслнинг фарзидир.

9. «Кейин бошқа жойга ўтиб, икки оёқларини ювдилар».

Чунки ғуслга ишлатилган сув оёқ остига тўпланиб қолган эди. Шунинг учун бошқа томонга ўтиб ювилди. Агар ишлатилган сув оёқ остига тўпланмаса, ўша жойда оёқни ювса бўлаверади.

Бошқа бир ривоятда: 

10. «Сўнгра бошларини уч марта ювдилар», дейилган. Соч орасига сувни яхшилаб етказиб олиш мақсадида шундоқ қилинади. Бу иш таҳорат қилиб бўлингач, баданга сув қуйишдан олдин қилинган. 

Яна бошқа ривоятда: 

11. «Мен у кишига бир латта келтирган эдим, хоҳламадилар ва сувни қўллари билан сидира бошладилар», дейилган. 

Яъни, Маймуна онамиз томонидан сочиқ сифатида берилган матони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олмаганлар. Сувни қўллари билан сидирганлар. Бошқа ҳолларда сочиқни олганлар. Шунинг учун сочиқ масаласи ихтиёрий, хоҳлаган ишлатади, хоҳламаган ишлатмайди.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювар эдилар. Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар. Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар. Токи, сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар. Кейин қолган жасадларига сув қуяр ва охири оёқларини ювар эдилар». 

Иккала ҳадисни Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Оиша онамизнинг бу ҳадислари Маймуна онамизнинг юқоридаги ҳадисларини таъкидлаб, унда зикр қилинмай қолган баъзи нарсаларни баён қилиб келмоқда.

1. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар».

Бу маъно биринчи ҳадисда ҳам келган. Уламоларимиз олдин икки қўлни ювиб олишни суннат, деганлар. 

2. «Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювар эдилар». 

Бу маъно ҳам олдинги ҳадисда келган, лекин ўнг қўл билан чап қўлга сув қуйиб олиш айтилмаган. Аммо айтилмаса ҳам шундоқ тушуниш бор. Чунки бошқача бўлиши мумкин эмас. Нопок жойларни ушлаш учун ажратилган чап қўлни тўғридан-тўғри тоза сувли идишга солинмайди.

3. «Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар».

Бошқа нарсани тушуниш керак эмас. Чунки арабчада қўлини ювишга ҳам таҳорат қилди, дейилаверади.

Уламолар ғуслдан олдин таҳорат қилиб олиш суннат, деганлар. 

4. «Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар».

Чунки соч ўсган бўлганлигидан унинг остига сув етмай қолиш хавфи бор. Шунинг учун бу ишга алоҳида эътибор берилган.

Уламолар бу ишни вожиб, деганлар. 

5. «Токи, сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар». 

Бу худди бошни алоҳида ювиб олгандек эди.

6. «Кейин қолган жасадларига сув қуяр ва охири оёқларини ювар эдилар».

Бу маъно олдинги ҳадисда ҳам ўтди.

 Оиша онамизнинг «қилар эдилар», «қуяр эдилар» каби ибораларни ишлатишларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундоқ экани тушунилади. 

Маймуна онамизнинг ҳадисларида бир ғусл васфи келган. Оиша онамизнинг ҳадисларида эса доимий одат ҳақида сўз бормоқда.

Бу икки ҳадисдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғусллари сифатини ўрганиб олдик. Энди ҳар биримиз ғуслимизни ўша Ҳабиби Роббил оламийннинг ғуслларига ўхшатиб қилишимиз керак.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сочимни мустаҳкам қилиб ўрадиган аёлман. Жунублик ғусли учун уни ёймоғим керакми?» дедим. У зот:
«Йўқ, сен учун бошинг устидан уч ҳовуч сув қуймоғинг кифоя қилур. Сўнгра устингдан сув қуясан. Бас, пок бўлурсан», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда аёл кишининг ғуслига тегишли муҳим бир масала муолажа қилинмоқда. У ҳам бўлса ўрилган соч масаласи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Салама онамиз ораларида бўлиб ўтган савол-жавобдан сочи ўрилган аёл киши жунубликдан ғусл қилганда ўрилган сочларини ёймаса ҳам жоизлиги чиқмоқда. Фақат у сочининг остига яхшилаб сув етказиб туриб, ғусл қилаверади. Ҳар сафар сочни ёйиб, яна ўриш машаққатидан аёлларга енгиллик бериш учун шариатимизда шундоқ қилишга рухсат берилган. Бошга яхшилаб сув етказиш билан ғуслдан кўзланган мурод ҳосил бўлади. Ўстирилган сочнинг ҳамма қисмига сув тегиши шарт эмас.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва кавуш кийсалар, кавуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳадисда яхшилик, покликка доир ишларни ўнг тарафдан бошлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши кўрган, доимо қилиб юрган иш эканлигини айтиш билан сиз билан биз умматлар ҳам шу ишга эргашишимиз кераклиги тарғиб қилинмоқда. 

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам покланишларида ҳам ўнг томондан бошлашни жуда яхши кўрганликлари ҳақида гап боргани учун уни ғусл бобида келтирилмоқда. 

Демак, ғуслда ҳамма аъзоларни ювишни ўнгдан бошлаш керак. 

Таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тарасалар ҳам бошларини ўнг томонини тарашдан бошлар эдилар. Оёқ кийими кийсалар, ўнг пойини кийишдан бошлар эдилар. 

Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган ривоятида:

«Барча ишларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар», дейилган. 

Чиндан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.

Умуман, Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган. Аҳли жаннатлар ўнг томон соҳиблари, дейилади. Бу дунёда яхши ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни ўнг томондан берилади. Ҳатто намоздаги сафда имомнинг ўнг томонида туриш афзал ҳисобланади. 

Қолаверса, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар бир шарафли, яхшилик, поклик ва зийнат ишларини ўнг қўл билан қилиб, ўнгдан бошлашга тарғиб этилади.

Аксинча, чап тараф нохуш, нопок ишларга хос қилинган. 

Аҳли дўзахилар чап томон соҳиблари, дейилади. 

Бу дунёда ёмон ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари у дунёда чап қўлларидан берилади. 

Нопоклик, тозалаш лозим бўлган, масалан, истинжо, аъзолардаги нопокликни тозалаш, бурунни қоқиш каби ишлар чап қўл билан қилинади.

Бу кўрсатмаларга риоя қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилишдир, Ислом маданиятининг рамзларидандир. Кўпчилигимиз бу нарсаларнинг фарқига бормаймиз. Ҳамма нарсани аралаш-қуралаш қилаверамиз. Бу билан аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига, исломий одобларга хилоф иш қиламиз. Қолаверса, Ислом маданиятидан хабардор кишилар ҳузурида ким эканимизни ошкор қилиб қўямиз.

Бу ҳадисни ўқиганимиздан кейин зудлик билан унга оғишмай амал қилишга ўтишимиз керак бўлади. Ўзимиз унга амал қилишимиз билан бирга фарзандларимиз, оила аъзоларимиз, яқин кишиларимизни ҳам шунга даъват қилишимиз керак.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир тук толаси остида жунублик бор. Бас, сочни ювинг ва жилдингизни покланг», дедилар
». 

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда икки муҳим масала кўрилмоқда:

1. «Ҳар бир тук толаси остида жунублик бор». 

Дарҳақиқат, инсондан шаҳват билан маний чиқиб жунуб бўлганида унинг барча жисми таъсирланади. Демак, шу сабабдан бутун вужуди, ҳатто ҳар бир тукининг ости ҳам жунубга айланади. Бинобарин, жунубликдан покланиш учун ҳар бир тукнинг остига сув етказиб ювиш керак бўлади. Агар бирорта тук остига сув етмай қолса, ғусл ғусл бўлмайди. Шунинг учун ғусл қилган одам жуда эътиборли ва эҳтиёт бўлиши керак. 

2. «Жилдингизни покланг».

Яъни, баданингиз, терингизни покланг. Жунуб бўлган одамнинг бадани нопок бўлиб қолади. Уни ғусл қилиш билан покланади. 

ўусл бўлмаса, покланиш йўқ. 

Покланиш бўлмаса, ибодат ҳам йўқ, сиҳат-саломатлик ҳам йўқ. 

ўуслнинг киши соғлик-саломатлигига фойдасини табиблардан сўранг. 

ўусл бўлмаса, кишида қандай хасталиклар пайдо бўлишини табиблардан сўранг. 

Аллоҳ таоло ўзимиз учун ўта фойдали нарсани бизга ибодат қилиб қўйгани учун У зотга шукрлар айтинг.


Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида:

«Ким жунубликдан бир тук ўрнини ювмай қолдирса, дўзахда ундоқ қилинади, бундоқ қилинади», дедилар».
Али:
«Шунинг учун бошимни душман тутдим», деб уч марта айтди. У сочини қирдириб юрар эди
», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоят, олдингисини тўлдириб келмоқда. Бунда жунуб одам бирорта туки остига бўлса ҳам сув етказмай қолдирса, қиёмат куни дўзах азобини тортиши айтилмоқда. Бу эса сиз билан биз мўмин-мусулмонларнинг ғусл ибодатига ўта эътиборли бўлишимиз зарурлигини яна бир бор таъкидлаяпти. Биз бир тукимиз остига сув тегмай қолса, жунубликдан пок бўла олмай, нопок ҳолимизда юрган бўлишимизни ҳеч унутмаслигимиз керак. Бунинг оқибатида гуноҳкори азим бўлишимиз, қиёмат азобига қолишимиз мумкинлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ана шундай ҳолга тушиб қолмаслигимиз учун барча чора-тадбирларни кўришимиз керак. 

Олдимизда тайёр ўрнак турибди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу маънони қанчалик чуқурлигини англаб етганлари ушбу ривоятда келмоқда.

«Али: 

«Шунинг учун бошимни душман тутдим», деб уч марта айтди. У сочини қирдириб юрар эди».

Демак, биз ҳам бу маънони ўзимизга сингдиришимиз лозим. ўуслни яхшилаб қилиб, бирор тукимиз остини ҳам қўймай сув етказиб, ювиш чорасини кўришимиз керак.

Мазкур чораларнинг энг муҳимларидан бири, ғусл қиладиган жой ва шароитни яхшилашдир. Токи, инсон иссиқ ёки совуқдан ва бошқа халал берувчи омиллардан ташвишланмай бемалол, хотиржам ғусл қилсин. Бу ибодатни кўнгилдагидек, шариат кўрсатмаларига мувофиқ қилсин.

Шу билан бирга, ғуслнинг ҳукмини, аҳамиятини, тутган ўрнини каттаю кичик барчага яхшилаб тушунтириш лозим. Токи, ҳамма бу иш Аллоҳнинг амри эканини, қилмаган ёки чала қилган одам гуноҳкори азим бўлишини англаб етсин.


Ибн Умар розияллоҳу анҳу: 

«Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги сийдикни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам токи, намоз беш вақт, жунубликдан ғусл қилиш бир марта ва кийимдаги сийдикни ювиш бир марта қилингунча сўрайверганлар», деди». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинаётган бу ривоятда Ислом динининг нақадар осон ва енгил дин экани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига қанчалик меҳрибон эканликлари, доимо уларга шариат ишларида осонлик туғдиришга уринганликлари ҳақида сўз бормоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло Ислом умматига кунига эллик вақт намоз ўқишни фарз қилгани, йўлда Мусо алайҳиссалом учраб қолиб, одамларнинг бунга тоқат қила олмасликларини айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўрашни маслаҳат берганлари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло билан Мусо алайҳиссалом ораларида бир неча бор бориб-келганларидан кейин намоз бир кунда беш маҳалга қисқартирилгани маълум ва машҳур.

Бу ҳадисдан эса жунубликдан ғусл қилиш ва кийимнинг сийдик теккан жойини ювиш масаласида ҳам юқорида намоз ҳақида зикр қилинган нарсага ўхшаш ҳодиса бўлиб ўтганини билиб олмоқдамиз.

Аллоҳ таоло дастлаб жунуб бўлган одам етти марта қайта-қайта ғусл қилмаса, пок бўла олмаслигини жорий қилган экан. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш умматларига оғирлик қилишини айтиб, Аллоҳдан енгиллик сўраган эканлар. Аллоҳ таоло бир оз енгиллатган. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ҳам енгиллатишни сўрай берганлар. Охири келиб, бир мартага тушган.

Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига мушфиқликлари исботидир. Аллоҳ таоло бандаларига жунубликда қилинадиган ғуслни етти эмас, етмиш ёки ундан ҳам кўп марта бўлишини фарз қилишга ҳаққи бор. Биров бир нарса дея олмайди. 

Аллоҳ таоло Ислом умматига енгилликни жуда ҳам хоҳлашини амалда кўрсатиш учун олдин етти марта ғуслни амр қилиб туриб, кейин бир мартага туширди. Биз ушбу маънони яхши тушуниб, Аллоҳга шукр қилишимиз керак. 

Дарҳақиқат, ғусл учун оқар сувга тушиб кўмилиб, яна баъзи амалларни бажаришни жорий қилган динлар ҳам бор. Исломда эса энг тўғри ва энг осон ғусл жорий қилинган. Бунинг учун мусулмонлар шукр қилишлари керак. Ўша ўзларига амр қилинган ғуслни рисоладагидек қилиб адо этишлари ҳам шукрга киради.

Кийимнинг сийдик теккан жойини ювиш масаласи ҳам худди ғусл масаласига ўхшайди. Аллоҳ таоло буни поклаш учун етти марта ювишни амр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраб-сўраб бир мартага туширганлар. 

Баъзи динларда бундай кийимларни умуман, ташлаб юборишга ёки сийдик теккан жойини кесиб олиб ташлашга ҳукм қилинган. 

Бошқаларида эса бу билан ҳеч кимнинг умуман иши бўлмаган. 

Исломда эса бу масала энг тўғри ва энг осон йўл билан ҳал этилган. Бу ҳам мусулмонлардан шукр қилишни тақозо қилади. Шукрнинг бир тури эса кийимларини доимо шариатда айтилганидек тоза тутишларидир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан бирида йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, бекиниб олдим». 

Бошқа ривоятда: 

(Билдирмай четландим). Бориб ғусл қилиб келдим. У зот:
«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен:
«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим» дедим. У зот:
«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар
». 

Шарҳ: Ҳадисда жунубликнинг ҳукмини тўлиқ билмайдиган одамнинг ҳоли баён қилинмоқда. Жунублик ҳақидаги дастлабки маълумотларни эшитган одамда кўпгина ғалати фикрлар тўпланиб қолади. Жумладан, баъзилар жунуб одамни кўрган одам ҳам жунуб бўлиб қолар экан, фалон бўлар экан, пистон бўлар экан, деган эътиқодларни қилиб, ноўрин гапларни айтиб юрадилар. Аслида ундай эмаслигини бу ҳадисдан билмоқдамиз.

Мадинаи Мунавваранинг йўлларидан бирида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб қолган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш фикрни қилганлар. Яъни, жунуб ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўриниб, у киши билан ўтириб бўлмайди, деган фикрга бориб, бекиниб олган эдилар. У киши бориб ғусл қилиб келганидан кейин, бўлиб ўтган ишнинг мулоҳазасини қилиб турган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» деб сўрадилар. 

Бу юксак одоб намунасидир. Нима учун мени кўриб, бекиниб олдинг? Ёки ҳа, фалон ҳолатда эдингми, демай, қаерда эдинг, дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса тўғрисини айтдилар:

 «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», деди. 

Бу у кишининг ҳаққи эди. Ўз ҳолатини хоҳласа айтсин, хоҳласа, бекитсин эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўз ҳолатларини ва фикрларини очиқчасига айтишни раво кўрдилар ва айтдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг фикрлари нотўғри эканини баён қилиб: 

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар». 

«Субҳаналлоҳ»нинг луғавий маъноси «Аллоҳни поклаб, ёд этаман» бўлиб, гоҳида ажабланиш маъносида гап ўрнида ҳам ишлатилади. Мусулмон одам нажас бўлмас, у жунуб бўлади. Жунублик эса уни намоз ўқиш, Қуръон ушлаш каби баъзи нарсалардан четда туришини тақозо қиладиган ҳолат. Уни нажасга айлантириб қўймайди. Биров билан гаплашиш, сўрашиш ёки бирга ўтиришини ман қилмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. ўусл вожиб бўлгандан кейин кўчага чиқиб юриш жоизлиги.

2. Гарчи ғусл вожиб бўлиши билан уни қилиб олиш яхши бўлса ҳам, уни ортга суриш мумкинлиги. Лекин ортга суриш намоз вақтидан чиқиб кетиш даражасида бўлмаслиги керак.

3. Раҳбар, олим одам ўзига тобеъ кишиларда нотўғри иш содир бўлганини мулоҳаза қилса, ундан сўраб, тўғри йўлни кўрсатиб қўйиши лозимлиги.

4. Мўмин-мусулмон одам нажас бўлмаслиги.

5. Жунуб одам бошқалар билан кўришиши, бирга ўтириши мумкинлиги.

Шунингдек, оғзи ва бурнини яхшилаб чайиб олиб, ичимлик ва таом тановул қилиши ҳам мумкин. Бу ҳукмларни кейинги ҳадиси шарифлардан ўрганамиз.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалар-у, емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар».

Иккала ҳадисни Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундоқ эди. Бу дегани бир-икки марта эмас, балки одат тусига кирган ҳол эди. У зот аввало, ғусл вожиб бўлиши билан уни қилар эдилар. Лекин баъзи ҳолларда ғуслдан олдин ухлашлари ёки таом тановвул қилишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас эди. Ана ўша вақтларда, аввал намозга қиладиган таҳоратни амалга ошириб ухлар ёки таом тановвул қилар эдилар. Бу ҳам бўлса, Ислом дини осонлик йўлини тутишидан далолатдир.


Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан қандоқ ғусл қилар эдилар, ухлашдан олдин ғусл қилар эдиларми ёки ғусл қилишдан олдин ухлар эдиларми?» деб сўралди. Мен:
«Бунинг барчасини қилар эдилар. Гоҳида ғусл қилиб, сўнг ухлар эдилар. Гоҳида таҳорат қилиб ухлар эдилар. Ишда кенглик қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедим
».

Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Жунубликдан ғусл қилиш борасида Аллоҳ таоло мусулмонларга қанчалик кенглик бергани бу ҳадиси шарифда очиқ-ойдин кўриниб турибди. Агар Аллоҳ таоло жунуб бўлишинг билан дарҳол ғусл қилмасанг, фалон бўлади, деса ҳаққи бор эди. Жунуб бўлган одамга бир лаҳза ҳам ухлаши, еб-ичиши, бировга кўриниши ва бошқа нарсалар мумкин эмас, деса ҳаққи бор эди. Лекин ундоқ қилмади, осон қилди. Шунинг учун ҳаммамиз Оиша онамизга қўшилиб:

«Ишда кенглик қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дейишимиз лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечада аёлларини айланиб чиқар эдилар. Ўша кунларда у зотнинг тўққиз хотинлари бор эди».
Бошқа ривоятда:
«Аёлларини бир ғусл ила айланиб чиқар эдилар
», дейилган. 

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан бирин-кетин бир неча марта жунуб бўлган одам бир ғусл билан кифояланиши мумкинлиги чиқади. Бу кўп хотинли кишиларда ҳам бўлиши мумкин. Бир аёли билан бирдан ортиқ яқинлик қилган кишида бўлиши ҳам мумкин.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ўз аҳлига (яқин) келса-ю, сўнгра яна қайтишни ирода қилса, икковининг орасида бир таҳорат қилиб олсин», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан ҳам аёлига бир мартадан ортиқ яқинлик қилган одамга бир ғусл вожиб бўлиши билинади. Фақат биринчи ва иккинчи яқинлик орасида таҳорат қилиб олиш керак. Бу ҳам поклик учун, ҳам тетик бўлиш учун хизмат қилади. Шу билан бирга, Исломнинг осонлик дини эканига далолат қилади.


Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни хотинларини айланиб чиқдилар. Унисининг олдида ҳам, бунисининг олдида ҳам ғусл қилар эдилар. Мен У зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ғуслни битта қилсангиз бўлмайдими?» дедим. У киши:
«Мана шуниси фойдалироқ, хушҳолроқ ва покроқ», дедилар
». 

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан хоҳлаган одам икки жинсий яқинлик орасида ғусл қилиб олиши ҳам мумкин экани билинади. Бу мажбурий эмас, хоҳишига боғлиқ нарса. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари зикр қилганларидек, фойдалироқ, хушҳолроқ ва покроқдир.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлмасалар, бизларга ҳар қандай ҳолда Қуръонни ўқитар эдилар», деган.

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан жунуб ҳолда Қуръон ўқитиш ва ўқиш мумкин эмаслиги келиб чиқади.

Кези келганда жунуб одамга ман қилинган нарсаларни тартиб билан эслаб ўтайлик:

1. Намоз ўқиш ва тиловат саждаси қилиш.

2. Каъбаи Муаззамани тавоф қилиш.

3. Қуръони каримни ушлаш.

4. Қуръони каримни тиловат қилиш. Аммо «Бисмиллоҳ»ни айтиш, Аллоҳни зикр қилиш мумкин.

5. Масжидга кириш ва у ерда қолиш.

Ушбу ишлардан бошқа ишларни қилиш мумкин. Лекин иложи борича тезроқ ғусл қилиб олган маъқул.

Бу бобда ўрганган ҳадисларимиз ғусл ва жунубнинг ҳукмлари ҳақида келган баъзи ҳадислар бўлиб, улардан динимиз озодаликка, покликка қанчалар аҳамият берганини бевосита ўргандик. Бу борадаги ўзимизга юклатилган масъулиятларни ҳам англаб олдик. Бу масалада бепарволик қилиш гуноҳ экани, Аллоҳга маъсият ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф эканини ва охиратда дўзах азоби борлигини билиб олдик.

Энди мазкур ҳукмларга нечоғли амал қилишимизни текшириб кўрайлик.

Мусулмонман, деб юрган ҳамма ҳам шариатимизнинг бу масаладаги ҳукмларига амал қиладими?

Қилса, қай даражада амал қиладилар? 

Кишиларнинг бу масалаларни тушуниб етиш савиялари ҳам, унга амал қилиш даражалари ҳам турлича. Уларнинг ичида яхши тушуниб, яхши амал қиладиганлари ҳам, қилмайдиганлари ҳам бор.

Баъзи диёрларимизда таҳоратхона ва ҳаммомлар қуриш яхши йўлга қўйилган. Аммо аксар жойларда кўпчиликнинг тузукроқ ғусл қиладиган жойи йўқ. Ноқулай жойда, иссиқ-совуқ шароитда қилинган ғусл рисоладагидек бўлмаслиги аниқ. Бунинг устига ўта ноқулай жойда, совуқда ғусл қилиб, бемор бўлганлар ҳам оз эмас. Бу ишнинг аҳамиятини тўлиқ тушуниб етмаганимиз боис, тозаликка унча аҳамият бермаймиз.

Кишилар беҳуда нарсаларга, кези келганда ҳаром-харишга қанчадан-қанча маблағларни сарф қиладилар. Аммо шаръий ишлар, ўзи, оиласи, болалари соғлиги учун зарур бўлган ювиниш жойини тузатиб қўйишмайди. Бу ишда ҳам аждодларимиздан ўрнак олишимиз, уларга ўхшаб бошқа халқлар ичида олдинги сафда бўлишимиз керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр давоми...

15674 05:00 / 31.12.2016
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида туриб, гапримасдан олдин ўн давоми...

52434 05:00 / 04.01.2017
Масжид шундай мўътабар маскандирки, эвазига жаннатда қасрлар бино бўладиган табаррук манзилдир. Шунинг учун динимизда масжидларга оид махсус одоблар, ҳуқуқ ва давоми...

8308 16:36 / 02.12.2017
Қози бир йигитни масжидда зуҳд ҳақида гапираётганини эшитиб, шогирдларига quotҚани бу йигитни олдига бориб сўрайликчи Агар бизга жавоб бера олса у билан бирга давоми...

4047 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41812 14:35 / 11.08.2021