1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг зарарлари (5-қисм)

21:14 / 18.04.2018 3343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олтинчи зарар: ҳисоб-китобнинг қаттиқ бўлиши.

Ривоят. Али розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ҳашр куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўн иккита манзил бўлади. Ҳар бир манзилда битта-битта нарсадан сўралади. Улардан тўртинчисида ғийбат борасида савол қилинади. Агар одамдан ғийбат содир бўлмаган бўлса, у кейинги манзилга ўтказилади. Акс ҳолда ўша манзилда минг йил туриб қолади».[1]

Ҳикоя. Авф айтади: «Ибн Сийриннинг ёнида Ҳажжожни ғийбат қилсам, у киши: «Аллоҳ адолатли ҳакам. Мазлум киши учун Ҳажжождан ўч олиб берганидек, ғийбат қилган кишидан ҳам Ҳажжож учун ўч олиб беради. Эртага Аллоҳга йўлиққанингда энг кичик гуноҳинг сен учун Ҳажжож қилган энг катта гуноҳдан ҳам оғирроқ бўлади», деди.[2] Қиёмат куни Ҳажжожнинг энг катта гуноҳи ҳам сенга зарар бермайди, аммо ўзингнинг энг кичик гуноҳинг ҳам сен учун улкан азобга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳикоя. Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳ бир жойдан ўтиб кетаётиб, ҳушдан кетиб йиқилди. Ўзига келгач, одамлар у кишидан: «Нима бўлди?» деб сўрашса, Довуд Тоий: «Мен шу жойда бир кишини ғийбат қилган эдим. Аллоҳ таоло ҳузурида берадиган ҳисобим хаёлимга келиб, беҳуш бўлдим», деб жавоб берди.[3]

Насиҳат. Аллоҳ таолонинг ҳисоб-китоби ўта шиддатлидир. Нима учун шиддатли бўлмасин?! Оддий подшоҳ ўз навкарини бир хатоси учун сўроққа тутса, у ниҳоятда мушкул аҳволда қолади. Ғайбларни билувчи Аллоҳ таоло алоҳида-алоҳида савол-жавоб қилганида ҳар қандай буюк мақом эгаси бўлган одам ҳам ларзага тушади. Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтганидек:

Ба жойики даҳшат хўрад анбиё,

Ту узри гунаҳро чи дори биё.

Назмий маъноси:

Ҳатто пайғамбарлар титраган жойда,

Баҳона излашинг ўта бефойда.

Насрий баёни: Ҳатто пайғамбарлар ҳам даҳшатга тушадиган жойда сенинг гуноҳга нима узринг бор, айт-чи?

Шунинг учун Аллоҳнинг улуғ бандалари Аллоҳнинг азобини эсласалар, қаттиқ қўрқувга тушадилар.

Ҳикоя. Бир куни ҳазрати Ато бир гуруҳ обидлар билан сафарга чиқдилар. Улар кўп ибодат қилганидан кўзлари қизариб, оёқлари шишиб кетар экан. Баданлари худди қовуннинг пўстига ўхшаб озиб кетган бўлиб, уларни кўрган киши бу одам ҳозир қабрдан чиқиб келяпти, деб ўйлар экан. Йўлда кетаётиб, улардан бири беҳуш бўлиб йиқилди. Кун ниҳоятда совуқ бўлишига қарамай, у кишининг бошидан даҳшат терлари оқа бошлади. Ҳушига келгач, одамлар ундан сабабини сўрашса, у киши: «Бир вақтлар шу ердан ўтиб кетаётганимда гуноҳ қилган эдим, ўша эсимга тушди. Шунинг учун дилимда ҳисоб-китобнинг қўрқинчи пайдо бўлиб, беҳуш бўлиб йиқилдим», деди.[4]

Ҳикоя. Бир куни имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ йўлда кетаётган эдилар, оёқлари бир боланинг оёғига тегиб кетди. У бола: «Эй одам, сен менга озор бердинг. Қиёмат ҳисобини ўйламайсанми? Аллоҳ таолонинг ўч олиб беришидан қўрқмайсанми?» деди. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу гапни эшитиб, ҳисобнинг қўрқинчидан беҳуш бўлиб йиқилдилар.[5]

Ҳақиқатда ҳам, Аллоҳнинг ҳисоб-китоби ва қасос олиб бериши ниҳоятда даҳшатли қўрқинч мақомидир. Оддий бир инсон ўзига ўхшаш бир кишининг қилган ёмон ишлари ҳақида суриштира бошласа, қанчалик қўрқувга тушади. Ҳатто баъзида ич-ичидан ўлишни орзу қилади. Маҳшар майдонидаги ҳисоб-китобнинг қай даражада қаттиқ ва оғир бўлиши эса ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига аён.

 

Дар он рўз к-аз феъл пурсанду қавл,

Улул-азмро тан биларзад зи ҳавл.

 

Назмий маъноси:

 

Феълдану қавлдан сўралгач у кун,

Улуғ пайғамбарлар титрагай бутун.

 

Насрий баёни: Ўша кунда ҳар бир кишининг амали ва сўзи ҳақида сўралганда, улул азм пайғамбарларнинг ҳам танаси ларзага тушади.

 

«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Абдулваҳҳоб Шаъроний, «Кашфул ғумма».

[2] «Иҳёу улумид-дин».

[3] «Нузҳатул мажолис».

[4] «Иҳёу улумид-дин».

[5] «Нузҳатул мажолис».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

3540 22:05 / 09.04.2018
Махлуқотларнинг сенинг хусусиятингни билмоғига орзуманд бўлишинг бандалигингда содиқ эмаслигингга далилдир.ndash Бандалик инсоннинг бутун борлиғини ва давоми...

3263 19:30 / 18.01.2018
У Зот Унга томон сайр қилувчиларни ва Унга етишганларни ўз амалларини кўришдан ва аҳволларига шоҳид бўлишдан кесди. Чунки сайр қилувчилар уларла ўз амаллари ва давоми...

3002 19:28 / 22.04.2018
Бу дунёда ажойиботлар кўп, лекин кўз кўриши мумкин бўлган энг ажойиб ва ҳайратланарли нарса одамлар орасида ўзларини Аллоҳнинг қўл остида ҳаёт кечираётганларига, давоми...

3724 18:47 / 27.02.2018
Аудиолар

120092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41761 14:35 / 11.08.2021