450 14.04.2018

Тўртинчи зарар: яхшиликларнинг қабул бўлмаслиги.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Оловнинг қуруқ нарсага (уни ёқиб, йўқ қиладиган) таъсири банданинг яхшиликларига ғийбатнинг таъсиричалик тез эмас».[1]

Қуруқ хас-хашакка ўт қўйилса, унинг тезда куйиб битиши ҳаммага маълум. Яхшиликларни ўчириб юборишда эса ғийбат ундан ҳам тезроқ таъсир қилар экан. Ғийбат қилиш билан кишининг яхшиликларига путур етади, яъни ибодатлари қабул бўлиш мақомига етиб бормай, барбод бўлиб кетаверади.

Насиҳат. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Аллоҳга қасамки, ғийбат қилиш мўмин кишининг динига бадандаги жароҳатнинг (атрофдаги соғлом аъзоларга) таъсиридан ҳам тезроқ таъсир қилади».[2]

Бешинчи зарар: қиёматда ҳақ эгаларининг фарёди.

Ҳикоят. Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Касе гуфт: Ҳажжож хунхораист,

Дилаш ҳамчу санги сияҳ пораист.

Натарсад ҳаме з-оҳу фарёди халқ,

Худоё, биситон аз-у доди халқ.

Жаҳондидаи пири дерина зод,

Жавонро яке панди пирона дод.

К-азу доди мазлуми мискини у,

Бихоҳанду аз дегарон кийни у.

Назмий маъноси:

Бир йигит Ҳажжожни «кўп қонхўр» деди,

«Қалби қаттиқ қора тошдек бор», деди.

«Халқнинг оҳ-фарёдидан қўрқмас у зол,

Ё Худо, халқнинг ўчини ундан ол!»

Кекса бир зот – кўп жаҳон кўрганди мос,

Ёш йигитга сўз деди пирларга хос:

«Ҳақ олур мазлуму мискин ўчини,

Душманидан ҳам олур кин ўчини!»

Насрий баёни: Бир киши: «Ҳажжож қонхўр, бераҳм, золим одам, унинг қалби бир парча қора тошдек қора. У халқнинг оҳу фарёдидан қўрқмайди. Ё Худо, ундан халқнинг додини, яъни адолатли ҳаққини ва ўчини олиб бер!» деди. Жаҳон кўрган ёши улуғ бир мўйсафид у йигитга қарияларча насиҳат қилиб, шундай деди: «Ундан бечора мазлумнинг ҳаққини олиб берадилар. Аммо бошқалардан ҳам унинг (Ҳажжожнинг) гинасини олиб берадилар, яъни унга гина ва душманлик қилганлардан ҳам унинг ҳаққини олиб берадилар».

Ҳикоя. Бир зоҳид киши аёли учун пахта сотиб олиб келган эди, аёли унга: «Пахта сотувчилар ёмон одамлар, улар сизга хиёнат қилишибди», деди. Мана шу гапи учун зоҳид хотинини талоқ қилди. Зоҳиддан бунинг сабабини сўраганларида у: «Мен рашкчи одамман. Қиёмат кунида барча пахта сотувчилар бу аёлга хасм (қарши даъво қилувчи) бўлиб, одамлар бу фалончининг хотини деб, уни менга нисбат беришларидан қўрқаман», деди.[3]

Эслатма. Агар эътибор қилинса, ўша аёлнинг пахта сотувчилар айбини баён қилиши ғийбат эмас эди. Чунки айтилган гап ғийбат бўлиши учун унда муайян, аниқ шахснинг айби гапирилган бўлиши лозим. Номаълум ва ноаниқ кишини ёмонлаш ғийбат ҳисобланмайди. Аёл ғийбат қилган пахта сотувчилар ҳам ноаниқ кишилар эди, чунки у бирор кишининг номини тилга олмади. Лекин зоҳид киши камоли тақводорлигидан буни ғийбат деб қабул қилди ва аёлини тарк этди. Ёки бўлмаса, зоҳиднинг ўзи: «Фалончидан пахта сотиб олиб келдим», деб айтган бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда аёлнинг маълум пахта сотувчиларнинг айбини баён қилиши ғийбат бўлади. Зоҳид киши аёлини шунинг учун қўйиб юборган бўлиб чиқади.


«Ғийбат ўзи нима?»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

[2] «Иҳёу улумид-дин».

[3] «Танбеҳул ғофилин».