1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг зарарлари (3-қисм)

14:44 / 14.04.2018 3694 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи зарар: амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда учта офат бор: унинг (ғийбатчининг) дуоси ижобат қилинмайди, яхшиликлари қабул бўлмайди, ёмонликлари кўпайиб кетади».[1]

Ривоят. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло аввалгию кейингиларни жамлайди. Сўнг: «Ким кимдан зулм кўрган бўлса, келиб ҳаққини олсин!» деб нидо қилади. (Бу нидони эшитган) киши отаси ёки фарзанди ёки аёли ёхуд ака-укасида ҳаққи бўлса ҳам (ўшани оламан деб) хурсанд бўлиб кетади ва озгина ҳаққи бўлса ҳам, уни олади. Аллоҳ таоло «Вақтики, сурга пуфланса, у кунда ораларида насаблар бўлмас. Улар бир-бирларидан ҳол-аҳвол ҳам сўрамайдилар»[2] оятида ҳам бу маънога ишора қилади. Бир банда олиб келиниб, «Бу Фалончининг ўғли Фалончи. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб олсин», деб нидо қилинади. Унга эса: «Буларнинг ҳақларини бер», дейилади. У: «Қаердан бераман? Дунё ўтиб кетди-ку?» дейди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла фаришталарига: «Бунинг солиҳ амалларини кўринглар, уларга (ҳақдорларга) ўшандан олиб беринглар», деб буюради. Унинг бир зарра миқдорича ҳасаноти қолганда фаришталар: «Роббимиз, бунинг яхшиликларидан бир зарра миқдорича қолди, холос», дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандам учун ўшани кўпайтиринглар ва уни раҳматимнинг фазли ила жаннатга киргизинглар», дейди. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг Китобидаги мана бу оятдир: «Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорича ҳам зулм қилмас. Агар битта ҳасана бўлса, уни бир неча бор кўпайтирур».[3] Агар у бадбахт банда бўлса, фаришталар: «Илоҳимиз, бунинг ҳасанотлари тугади, лекин ҳали ҳақдорлар қолди», дейишади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Уларнинг ёмонликларидан олиб, бунинг ёмонликларига қўшинглар ва бунга дўзах учун чек ёзиб беринглар», деб хитоб қилади.[4]

Насиҳат. Инсон ўзининг ибодатларига мағрур бўлмаслиги, уларнинг кўплигига ўта шодланмаслиги лозим. Чунки қиёмат куни бу ибодатларнинг барчаси бошқаларнинг амаллар китобига ўтиб кетиши, уларнинг ёмонликлари эса ўзининг номаи аъмолига ёзилиб қолиши мумкин. Инсон қанчалар ибодат қилмасин, бошқа одамларнинг бундан-да кўпроқ ҳақларини зиммасига олиб кетмоқда. Масалан, рўза тутган инсон шайтоннинг гапига кириб, бошқаларни ғийбат қилади, сўкади, хафа қилиб, дилига озор беради. Натижада қилган гуноҳлари туфайли рўзасининг савоби йўқолиб кетади. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар ўзингни ҳисоб-китоб қилиб кўрсанг, шуни аниқ биласанки, ҳар бир кунинг тугамасдан мусулмонларни ғийбат қилган бўласан (ҳолбуки, сен кундузлари рўза тутиб, кечалари ибодатда қоим бўласан). Бу (ғийбатнинг гуноҳи) эса барча яхшиликларингга баробар бўлиб қолади, яъни ғийбатнинг ўзи яхшиликларингни тугатиб ташлайди». Шунинг учун инсон (гарчи нафл ибодат ва яхшиликларни кам қилса ҳам) имкон қадар бандаларнинг ҳаққидан ўзини сақлаши лозим, чунки банданинг ҳаққига тегишли гуноҳ Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли гуноҳдан оғирроқдир. Демак, бандаларга озор бериш Аллоҳ таолога исён қилишдан ҳам ёмонроқ гуноҳ ҳисобланар экан. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сен билан бошқа банда ўртасидаги зулмлар кабирадир (катта гуноҳдир), сен билан Аллоҳ таоло ўртасидаги зулм эса сағирадир (кичик гуноҳдир). Чунки Аллоҳ каримдир, У Зот афв қилади».[5] Аллоҳ таоло кечиргач, катта гуноҳнинг катталиги қолмайди. Банда эса қиёмат куни савобга муҳтож бўлгани учун кичкинагина зулмни ҳам кечмайди. Охиратда энг кичик нарса ҳам ҳисоб-китоб қилинса, ғийбат ва чақимчилик каби катта гуноҳлар инсонни тўғри жаҳаннамга олиб кириши турган гап.

Насиҳат. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қиёмат куни бир одам иккинчи кишига осилиб: «Иккимизнинг ўртамизда Аллоҳ ҳукм қилади», дейди. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, мен сени танимайман», дейди. У: «Тўғри, (мени танимайсан,) лекин сен менинг деворимдан бир ғиштни, кўйлагимдан бир ипни олган эдинг», дейди.[6]

Ҳикоя. Каҳмас ибн Ҳасан ибн Бишр[7] раҳимаҳуллоҳ: «Мен бир гуноҳ қилганман. Ўша гуноҳим учун қирқ йилдан бери йиғлайман», деди. Одамлар: «Эй Абдуллоҳ, у қандай гуноҳ эди?» деб сўрашди. У: «Бир дўстим мени зиёрат қилгани келган эди, уни меҳмон қилиш учун балиқ сотиб олдим. Меҳмон ундан тановул қилди. Сўнгра мен бориб, қўшнимнинг деворидан тупроқ олиб, қўлимни ювдим», деди.[8]

Ҳар бир киши қиёмат куни расво ва шарманда бўлмаслик учун юқорида зикр этилган гапларни ўқиб, эшитиб, ўзи учун ибрат олиши лозим. Агар зиммасида одамларнинг ҳақлари бўлса, улардан кечирим сўраб, қиёмат кунига пок ва соф бўлиб борсин. Акс ҳолда маҳшар майдонида ҳақ эгаларининг дод-фарёдлари уни ҳар томондан ўраб олганда бутун умр қилган ибодат ва яхшиликлари ҳам унга фойда бермаслиги мумкин.

 

«Ғийбат ўзи нима?»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Хизонатур-ривоёт».

[2] Муъминун» сураси, 101-оят.

[3] Нисо сураси, 40-оят.

[4] Бағавий, «Маолимут-танзил», Нисо сурасидаги 40-оятнинг тафсири.

[5] Бағавий, «Маолимут-танзил».

[6] Имом Ғаззолий, «Китабул ғийбат».

[7] Каҳмас ибн Ҳасан Таймий – обид зот, ишончли ровийларнинг улуғларидан. Абдуллоҳ ибн Муборак, Вакиъ ва бошқалар у зотдан ҳадис ривоят қилишган. 149 йилда вафот этган («Сияру аъломин-нубало»).

[8] «Танбеҳул ғофилин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя. Бир неча киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг дарвозаси олдида у кишини кутиб ўтиришарди. Улар у кишига тегишли бир нарса ҳақида гапириб туришган эди, давоми...

2832 17:17 / 17.03.2018
ndash Исроф Аллоҳ таолонинг ғазабини жалб қилади.ndash Исроф иймоннинг мукаммаллигига хилофдир.ndash Исроф бузғунчиликда шайтонга ўхшашдир.ndash Исроф молу мулкни зое давоми...

2808 14:48 / 28.03.2018
Бешинчи сабаб ҳасад.Одатда, бировга ҳасад қиладиган киши ўзининг бор вақтини ўша кишини ғийбат қилиш билан ўтказади. Шундай қилиш билан дилидаги ҳасад оловини давоми...

2726 15:29 / 02.06.2018
Насиҳат. Эй дўстим Тафаккур қилинг. Ҳеч кимга зулм қилманг. Сизга ҳам чўчқа гўштини ейиш манзур бўлса, одамларни бемалол ғийбат қилаверинг. Агар ундай бўлмаса, давоми...

3213 15:00 / 27.03.2018
Аудиолар

118800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40750 14:35 / 11.08.2021