1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (9-қисм)

14:19 / 20.03.2018 3273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадис. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада шундай дедилар: «Кишининг судхўрликдан топган бир дирҳами гуноҳ жиҳатидан Аллоҳнинг наздида ўттиз олти марта зино қилишдан ҳам каттароқдир. Судхўрликнинг энг ёмони эса мусулмон кишининг обрўси(ни тўкиш)дир», дедилар.[1]

Бошқа бир ривоятда: «Рибонинг ҳам рибоси – мусулмоннинг обрўсига ноҳақ тил теккизишдир», дейилган.[2]

Изоҳ. Рибо (судхўрлик) деб эвазсиз фойдага айтилади. Масалан, бировга қарз сифатида минг сўм бериб, кейин уни бир минг икки юз сўм қилиб қайтариб олсангиз, мана шу икки юз сўм рибо бўлади, чунки унинг муқобил эвази йўқ. Сиз шу икки юз сўмнинг эвазига қарздорга бирор нарса берганингиз йўқ. Худди шунингдек, бировни ноҳақ (у бунга лойиқ бўлмаган ҳолда) обрўсини тўкиб, ғийбат қилсангиз, ўша киши ҳақоратингиз эвазига бирор ёмон иш қилмагани, яъни сиздан ортиқча зулм кўргани сабабли рибонинг энг қабиҳ турини қилган ҳисобланасиз. Арзимас молни эвазсиз олиш (рибо деб аталмиш) улкан гуноҳ бўлса, инсон учун мол-мулкдан азизроқ турадиган обрўни эвазсиз (ноҳақ) тўкиш рибонинг энг қабиҳ тури бўлмайдими?[3]

Насиҳат. Эй ғийбат қилувчилар! Тафаккур қилинглар. Юқоридаги ҳадисдан судхўрлик йўли билан арзимас пул топиш ўттиз олти марта зино қилишдан ҳам оғирроқ гуноҳ экани, судхўрликнинг энг ёмон тури эса (ғийбат, маломат ва ҳақорат билан) мусулмоннинг обрўсига тажовуз қилиш экани маълум бўлди. Демак, ғийбат қилишнинг энг кам гуноҳи ўттиз олти марта зино қилишдан ҳам аянчлироқ экан. Одамларга ҳайронман, зинодан қаттиқ жирканишади, ҳатто баъзи ҳурматли кишилар зино қилишдан кўра ўлимни афзал санашади, лекин эртаю кеч тап тортмай одамларни ғийбат қилаверишади.

Ҳадис. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қачонки, Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси келса» ояти тушганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлдилар. Пайшанба куни ул зот бошларини боғич билан боғлаб олиб, одамларнинг олдига чиқдилар. Сўнгра минбарга чиқиб, ўтирдилар. Ранглари сарғайган, кўзлари ёшланиб турган эди. Кейин Билолни чақириб, Мадинада: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига тўпланинглар. Зеро, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сизларга охирги васиятлари» деб нидо қилишга буюрдилар. Билол розияллоҳу анҳу одамларни чақирди, каттаю кичик – ҳамма тўпланди. Уйларнинг эшиклари очиқлигича қолди, бозорлар ҳам ўз ҳолига ташлаб келинди. Ҳатто бокира қизлар ҳам парда ортидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини эшитиш учун чиқиб келдилар. Масжид йиғилганлар учун торлик қилиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Орқадагиларни ҳам сиғдиринглар», дедилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб: «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун», дедилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, пайғамбарларга, жумладан ўзларига ҳам салавот йўлладилар. Кейин узун хутба ўқидилар, жумладан шундай дедилар: «Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларни қиёматда катта бир тепаликка тўплайди. У кун оғир кундир. «У кунда молу-давлат ва бола-чақа фойда бермас».[4] Етказдимми? Эй одамлар! Тилларингизни сақланглар, кўзларингизни йиғлатинглар, қалбларингизни бўйсундиринглар, баданларингизни чарчатинглар, душманларингизга қарши курашинглар, масжидларингизни обод қилинглар, иймонингизда ихлосли бўлинглар. Биродарларингизга хайрихоҳ бўлинглар, ўзингиз учун охиратга яхши амал қилиб жўнатинглар, фаржларингизни сақланглар, молларингиздан садақа беринглар. Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, яхшиликларингиз кетиб қолади. Бир-бирингизни ғийбат қилманглар, ҳалок бўласизлар. Етказдимми?»[5]

ҲадисРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бир мўминнинг айбини яширса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг айбини яширади».[6]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким одамларнинг (бир ривоятда: мусулмонларнинг) обрўсидан тилини тийса, қиёмат куни Аллоҳ унинг тойилишини (хатосини) кечиради». Бир мусулмоннинг обрўсини тўкмай, яхшилик қилгани сабабидан Аллоҳ таоло ҳам уни кечирим деб аталмиш улкан яхшилик билан мукофотлайди


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

[2] «Сунани Абу Довуд», 4877-ҳадис.

[3] Изоҳ «Базлул мажҳуд», 13-жилд, 288-саҳифадан истифода қилинди. (Тарж.)

[4] Шуаро сураси, 88-оят.

[5] «Танбеҳул ғофилин».

[6] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаёнинг биринчи хили ndash инсон яратилганда унинг асл табиатига қўшиб яратилган, касб қилинмаган ахлоқдир. Бу ахлоқларнинг энг улуғидир. Уни бандага Аллоҳ давоми...

4368 18:31 / 24.10.2017
8. .У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, У сенга ҳамма нарсадан яқинроқ Зотку,Аллоҳ таоло бандасига ҳаммадан кўра яқин эканини У давоми...

3596 16:46 / 08.10.2017
Олдинги мақолаларимизда гуноҳи кабираларни ва улар учун тавба қилишнинг шартларини санаб ўтдик. Энди бу гуноҳлардан тавба қилмай вафот этган одамнинг қисмати давоми...

3875 20:10 / 02.04.2018
Модомики ушбу дунёда экансан, хираликлар воқе бўлишидан ҳайрон бўлма. Чунки улар фақатгина сифати ҳақ бўлган ва таърифи вожиб бўлган нарсанигина ошкор қилур.ndash давоми...

4180 06:54 / 28.11.2017
Аудиолар

120060 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41730 14:35 / 11.08.2021