1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (3-қисм)

13:52 / 13.03.2018 4419 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя. Бир аёл мадраса шайхининг ёнига келиб, «Мен бир масала сўраш учун келдим, лекин уялганимдан айта олмаяпман», деди. Шайх: «Уялма, айтавер», деди. Аёл: «Мен зино қилиб, ҳомиладор бўлиб қолдим. Болани туғиб, сўнг уни ўлдириб қўйдим», деди. Бу гапни эшитиб, ўтирганлар ажабланишди. Шайх шундай деди: «Эй одамлар! Сизлар бу гуноҳдан ажабланяпсизлар. Аммо билсангиз, ғийбатнинг гуноҳи бундан ҳам ёмон, чунки зинокор тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади, аммо ғийбат қилувчи киши тавба қилгани билан, то ғийбат қилинган одам уни кечирмагунича Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилмайди».[1]

Эслатма. Бу билан зинҳор зинонинг гуноҳи енгил экан деган хулоса келиб чиқмайди. Балки ғийбатнинг нақадар оғир гуноҳ экани англашилади, холос.

Насиҳат. Яҳё ибн Муоз Розий[2] раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муҳсинлардан бўлишинг учун бошқа мусулмон сенинг учта хислатингдан баҳраманд бўлмоғи лозим. Биринчиси – унга фойданг тегмаса ҳам, лекин зараринг етмасин. Иккинчиси – уни хурсанд қила олмасанг ҳам, лекин ғамгин қилма. Учинчиси – уни мақтай олмасанг ҳам, лекин ёмонлама».[3]

Демак, аввало ҳаммага манфаат етказишга ҳаракат қил. Лекин бу қўлингдан келмаса, лоақал зарар ҳам берма. Хизмат қилиш, сўзига бўйсуниш, эҳсон қилиш, силаи раҳм қилиш, юмшоқ муомала қилиш билан барчанинг қалбини шод этсанг, яхши бўлади. Лекин бу иш қўлингдан келмаса, ҳеч бўлмаганда уларни ғамга солиб, хафа қилма. Ҳамманинг яхши сифатларини баён қилишинг яхши, лекин бу иш қўлингдан келмаса, уларни ёмонлама, туҳмат қилма, одамлар олдида уларнинг айбини ошкор этма. Ўзингда сатторлик (ёмонликларни яширувчилик) сифатини пайдо қил. Одамларнинг бошқаларга маълум бўлмаган айбларини очма. Мана шу уч одат сенда топилса, муҳсинлардан, яъни эҳсон қилувчилардан бўласан. Аллоҳ таоло сенга муҳсинлар учун тайёрлаб қўйган савобини беради.

Агар аксинча иш тутиб, одамларга зулм қилсанг, уларни қийнасанг, ҳақларини поймол қилсанг, ғийбат қилсанг, сирларини очсанг, одамлар олдида айбларини ошкор қилсанг, уларни шарманда қилсанг, у ҳолда золимлардан бўласан. Аллоҳ таолонинг золимларга белгилаб қўйган жазоси сенга муштоқ бўлади. Жаннат эса сендан узоқ-узоқ масофаларга олислашиб кетади. Қиёмат куни ҳақдорлар этагингга осилади, ҳақиқий адолат соҳиби бўлмиш Аллоҳ ҳузурида ҳаққини ундириб, сени расво қилади. Қиёмат куни халойиқ олдида хор бўлгинг келса, дунёда одамларни ғийбат қил, уларни ҳақир сана. Ундай бўлмаса, ғийбат деб аталмиш ёмон одатдан қайт. Ҳаргиз одамларни ёмонлаб, яширин айбларини ошкор қилма.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон − (бошқа) мусулмонлар тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир».[4]

Тили билан ҳеч кимни сўкмайдиган, ёмонламайдиган, ғийбат қилмайдиган, бирор кишининг сирини очмайдиган, қўли билан ҳам бировга озор бермайдиган одам ҳақиқий мусулмондир. Одамларга тили ва қўли билан озор бериб, зулм қиладиган, бошқаларнинг қалби ундан безор бўладиган киши комил мусулмон эмас, яъни иймон унинг дилида мустаҳкам ўрнашмаган. Бундай одам жон бераётган пайтида шайтон унга ғолиб келиб, турли васвасалар қилиши, натижада иймон доирасидан чиқиб кетишининг кучли хавфи бор. Комил иймонли одам эса, иншааллоҳ, ундай бўлмайди. Дили иймон лаззатини татиган, ҳаёти иймонга хос амаллар ила безанган, зиммасида бандалар ҳаққи бўлмаган одамга ўлим вақтида шайтон васвасаси таъсир қилмайди. Аксинча, фаришталар иблисни қувиб, унинг васвасасини даф қилади. Шу боис унинг хотимаси хайрли бўлади. Шайтон эса қилган меҳнатлари барбод бўлганини кўриб, бошидан тупроқ сочиб, қичқирганича қолаверади.

Насиҳат. Каъбул Аҳбор[5] раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўтган пайғамбарларнинг китобларидан ўқиганманки, доимо ғийбат қилишга машғул бўлиб, сўнг тавбасиз вафот этган киши дўзахга биринчилардан бўлиб киради. Борди-ю, ғийбатдан тавба қилиб, вафот этса, у ҳолда жаннатга кирадиганларнинг охиргиси бўлади».[6]

Хуллас, ғийбат қилган одам ўзидан бошқа ҳеч кимга нуқсон етказмайди. Тавба қилиб ўлса, қиёмат куни ғийбат учун азобланмаган тақдирда ҳам, жаннатга ҳаммадан кейин кириши, яъни ҳамма жаннатга кирмагунча жаннатга киролмаслигининг ўзи ҳазилакам азоб эмас. Агар абадий оламга ғийбатдан тавба қилмай борса, қиёмат куни тўполон қилиб, чинқирса ҳам, ҳаммадан аввал жаҳаннамга киради. Ҳеч ким уни Аллоҳ таолонинг ғазабидан қутқара олмайди.

Насиҳат. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳнинг зикридан ажрама, чунки бу шифодир. Одамларни зикр қилма, чунки бу дарддир».[7]

Ҳадис. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дунёда биродарининг гўштини еган кишига қиёмат куни (ҳам унинг гўшти) яқинлаштирилади ва унга: «Буни тириклигида еганингдек, ўликлигида ҳам егин», дейилади. Бас, у юзи буришиб, қичқирган ҳолда уни ейди».[8]

Насиҳат. Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Киши биродарининг вафотидан сўнг унинг гўштини ейишдан ҳазар қилганидек, тириклигида ҳам уни ғийбат қилишдан ўзини тўхтатиши вожиб бўлади».[9]

Насиҳат. Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга айтилишича, қабр азоби уч сабабдан бўлар экан. Биринчиси чақимчилик, иккинчиси пешобдан сақланмаслик, учинчиси эса ғийбатчиликдир». [10]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмоннинг қони, обрўси ва у ҳақда ёмон гумон қилиш ҳаромдир».[11]

Насиҳат. Бу ҳадисдан ёмон гумоннинг ҳаромлиги маълум бўлмоқда. Бундан бошқа жуда кўп ҳадислар ҳам бунга гувоҳлик беради. Баъзи оятлар эса очиқ-ойдин шу ҳақда нозил бўлган. Афсуски, ҳозирги кунда бу иш жуда оммалашди. Ҳар ким бошқа одам ҳақида ёмон гумонда. Кимдир фалончи мени ғийбат қилса керак деб ўйлайди, яна кимдир фалончи мени сўкса ёки ёмон кўрса керак деб хаёл қилади. Кимдир фалончи намоз ўқимаса керак ёки рўза тутмаса керак деб гумон қилади, ваҳоланки, ўша одамнинг ҳолини бирор ишончли кишидан эшитмаган бўлади. Мана шу бадгумонликлар сабабидан фасодлар тарқамоқда, ўзаро жанжаллар пайдо бўлмоқда. Шайтон кишининг дилида бошқа одам ҳақида бадгумонлик пайдо бўлганини кўрса, унинг кўнглига яна қўшимча васвасаларни солади, оқибатда иш жанжалгача бориб етади.

Асар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Дўстингнинг айбларини гапирмоқчи бўлсанг, аввал ўз айбларингни эсла».[12]

Зеро, бошқаларнинг айбини гапириш ўрнига ўз гуноҳларини эслаб, улардан қутулиш йўлларини излашга ҳаракат қилган киши гуноҳлардан нажот топади. Гуноҳлардан нажот топиб, нафсини поклаган кишининг эса, иншааллоҳ, жаннатга кириши муқаррардир. Ўзининг тоғдек гуноҳларини назарга илмай, ўзгаларни заррадек хато учун айблаб, шарманда қилишга бел боғлаган «танқидчи»нинг дунёда ҳам, (агар дунёда бўлмаса) қиёмат куни ҳам бутун халойиқ олдида айблари очилиб, шарманда бўлиши аниқ.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов



[1] «Хизонатур-ривоёт».

[2] Яҳё ибн Муоз ибн Жаъфар Розий − воиз, зоҳид зот. Ўз замонасида назири ва ўхшаши бўлмаган. Рай (Теҳрон) аҳлидан. Балхда яшаб, Нишопурда ҳижрий 258 (милодий 872) йилда вафот этган (Зириклий, «Ал-Аълом»).

[3] «Танбеҳул ғофилин».

[4] «Саҳиҳи Бухорий».

[5] Каъбул Аҳбор Абу Исҳоқ − тобеъин. Жоҳилият даврида Ямандаги яҳудий олимларнинг катталаридан бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг замонларида мусулмон бўлиб, Умар розияллоҳу анҳунинг замонларида Мадинага келган. Саҳобалар ва бошқалар у кишидан ўтган умматларнинг хабарлари ҳақида маълумот олганлар. Ўзи эса саҳобалардан Китоб ва Суннатни ўрганган. Сўнг Шомга кетиб, Ҳимс шаҳрида яшаб, ўша ерда ҳижрий 32 (милодий 652) йили 104 ёшда вафот этган (Зириклий, «Ал-Аълом»).

[6] «Кимёи саодат».

[7] «Иҳёу улумид-дин».

[8] «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб», 4294-ҳадис.

[9] Сулаймон Жамал, «Ал-Футуҳотул илаҳийя».

[10] «Иҳёу улумид-дин».

[11] Сулаймон Жамал, «Ал-Футуҳотул илаҳийя».

[12] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зоҳидлар мадҳ қилинсалар, мақтов махлуқотлардан эканига шоҳид бўлганлари учун сиқиладилар. Орифлар мадҳ қилинсалар, унинг Ҳақ Подшоҳдан эканига шоҳид бўлганлари давоми...

3067 17:01 / 06.05.2018
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

3202 16:31 / 14.01.2018
Абу Нуъайм ўзининг .Ҳулятул авлиё,сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимдан ривоят қилади.Зуннун Мисрий ўз дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим.Аллоҳим давоми...

3146 20:32 / 16.07.2017
Насиҳат. Вуҳайб Маккий1 раҳимаҳуллоҳ айтади .Ғийбатни тарк этиш мен учун дунё ва ундаги нарсалар яратилганидан бошлаб йўқ бўлгунига қадар меники бўлиб, уларни давоми...

2722 15:03 / 27.03.2018
Аудиолар

120127 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41792 14:35 / 11.08.2021